Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Хитойдаги ўзбек талабалар Ўзбекистон ҳукуматидан уйга қайтишга ёрдам сўради


Хитойнинг турли ҳудудларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар президент Мирзиёевдан ёрдам сўради.
Хитойнинг турли ҳудудларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар президент Мирзиёевдан ёрдам сўради.

Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар видеомурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматидан уйга қайтишлари учун ёрдам сўради.

Қарийб етти ойдан буён Хитой олийгоҳларида карантинда қолаётган талабаларнинг аксари моддий жиҳатдан қийналаётганидан шикоят қилган.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, талабалар билан боғлиқ вазият назоратга олинган, ҳозирда чартер рейсини уюштиришга оид музокаралар олиб борилмоқда.

Озодликка Хитойдаги ўзбекистонлик талабалар томонидан жўнатилган 17 дақиқалик видеода талабалар ўз муаммоларини бирма-бир санаб, Ўзбекистон ҳукуматидан ватанга қайтишда ёрдам сўрайди.

Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Махсус комиссияга мурожаат қилган ёшлар тезроқ чартер рейси қўйилишини сўраган.

- Ҳурматли президентимиз, вазирларимиздан биз шуни илтимос қиламизки, бизга биттагина чартер рейс қўйиб берсин. Нима учун паспортимизга Ўзбекистон Республикаси ёзилгану Ўзбекистон бизни ҳимоя қилолмаса, ўз ватанимизга олиб кета олмаса? Бизга ким ёрдам беради?

Хитойдаги ўзбек талабалари мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:00 0:00

Ушбу мурожаат акс этган видео Озодликка 30 июль куни келди. Уни йўллаган талабаларга кўра, улар видеони 22 июль куни суратга олиб, турли ташкилотларга йўллашган, бироқ бир ҳафта давомида ҳеч қандай кўринишда жавоб бўлмагач, президентга Озодлик орқали йўллашга қарор қилишган:

- Бу ерда ҳаммамизнинг ҳар томондан моддий қийинчиликларимиз юзага келган. Баъзиларимизнинг институт томонидан берилаётган стипендияларимиз тўхтатилган. Баъзиларимиз умуман стипендия олмаймиз. Ўқитувчиларимиз бизни қарийб етти ойдан бери шаҳар ташқарисига чиқармайди. Бу ерда ҳозир ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан, қолаверса, соғлиқ ва руҳий жиҳатдан бизларни сиқувга олишган... Нима сабабдан Ўзбекистон фуқароси бўлсак ҳам бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишмаяпти? Бир неча бор ташкилотларга мурожаатномалар йўлладик. Аммо бу мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда.

Талабаларнинг айримлари Ўзбекистонда карантин сабаб ишсиз ўтирган ота-оналаридан моддий ёрдам ололмаётгани учун Хитойдаги ўқишини ташлаб, уйига қайтишга мажбур бўлаётганини айтган видео мурожаатда.

Шулардан бири Пекин шаҳрида ўқиётган 23 яшар Ҳайитбек Балкибоевдир:

- Пандемия даврида уйдан моддий ёрдам ололмаётганим сабаб ўқишимни давом эттира олмаяпман. Шунинг учун Ўзбекистонга қайтмоқчиман... Бу ерда юриб уйимдагиларни оғир аҳволга солиб қўйиш ниятим йўқ.

Хитойнинг Хэбэй вилоятида ўқиётган 25 яшар Нурсултон Ўлжабоев видео мурожаатда айтишича, айрим талабалар ётоқхоналардан ҳайдалаётгани боис кўчада қолиш хавфига дуч келган:

- Бу ерда турар -жой муаммоси ва моддий таъминот тарафидан муаммоларга дуч келяпман. Университет раҳбарияти август ойида университетни тарк этмасам, турар -жой учун қўшимча тўлов тўлашимни талаб қилишмоқда. Бизда эса ҳозирги кунда стипендия таъминоти тўхтаган. Ўзбекистонда эса оилавий шароит қандайлиги ҳаммага маълум.

Самарқандлик Саид Ихтиёрбек Анхой вилоятидаги олийгоҳлардан бирида шартнома асосида ўқийди. У ҳам уйидан моддий ёрдам олмаётгани сабаб мушкул вазиятда қолганини айтади:

- Самарқанднинг Нарпай туманида карантин чўзилаётгани сабаб уйдагилар менга маблағ етказиб беришга қийналяпти. Контрактга ўқийман ҳозир, бундан ташқари университетда ойма- ой тўлайдиган коммунал тўловларимиз бор. Шуларни тўлашга қийналяпмиз. Биз ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилдик. Бирор натижа бўлмагач, видеомурожаат қилишга мажбур бўлдик.

Талабалар видеомурожаатда айрим ўзбекистонлик ёшлар виза муаммосига ҳам дуч келаётганини таъкидлашган.

Жиангхи вилояти Нанчанг университети талабаси 24 яшар Дилафрўз Очилова Озодлик билан суҳбатда видеомурожаат билан чиқишларига асосий сабаб моддий муаммо бўлганини айтади.

- 20та боланинг қўлида бир сўм пул қолмаган. Ўзим фақат қарзга пул олиб, еб-ичяпман. Иложсизликдан шу мурожаатни чиқардик.

Видеомурожаат билан чиққан тенгдошларини қўллашини айтган Анхой вилоятида ўқиётган сурхондараёлик Ўрол Озодлик билан суҳбатда моддий муаммоси йўқлигини айтди, бироқ у ҳам Ўзбекистонга қайтмоқчи:

- Янги ўқув йили Хитойда онлайн бўларкан. Бу ерда 1 йил ётишимиз керак. Шунинг учун уйга қайтсак яхши бўларди. Чунки онлайн ўқишда уйдан ҳам қатнашиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси консули Бобур Яҳёевга кўра, видеомурожаат билан чиққан талабалар вазияти назоратга олинган:

“Таъкидлаш жоизки, ваколатхона томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли тарғибот ишларига қарамасдан, Хитойдаги ватандошлардан ҳамда уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари томонидан юртдошларни Ватанга қайтаришга оид мурожаатлар сони кескин ортиб бормоқда.

Мурожаатлар ҳақида тизимли равишда вазирликка хабар бериб борилмоқда ва кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига киритилмоқда.

Шунингдек, Хитой томони билан ХХРдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ватанга қайтариш мақсадида навбатдаги чартер рейси ташкил этиш билан бир қаторда мунтазам рейсларни йўлга қўйиш борасидаги музокаралар ҳам давом эттириляти”.

Элчихонадан олинган маълумотга кўра, Хитойдан ватандошларни олиб келиш учун чартер рейс охирги марта февралда ташкил қилинган. Ҳозирда элчихона Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган 282 нафар ватандошни рўйхатга олган, улар орасида мурожаат билан чиққан талабалар ҳам бор.

P.S. Мақола эълон қилиниши арафасида Пекиндаги элчихонадан келган хабарга кўра, Тошкент-Пекин-Тошкент чартер рейсини амалга оширишга рухсат олинган. Парвознинг қачон амалга оширилиши ҳозирча номаълум.

XS
SM
MD
LG