Линклар

Шошилинч хабар
08 август 2020, Тошкент вақти: 11:38

Санитария бош назоратчиси вирус юқтириб олди, молия вазири муовини эса COVID-19 дан вафот этди


Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков.

Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган. Бу ҳақда унинг ўзи маҳаллий нашрларга маълум қилган.

“Тест натижасига кўра, менда коронавирус аниқлангани рост. Айни пайтда даволаняпман”, деган жумладан Н. Отабеков “Дарё” нашрига.

Ўзбекистонликларни COVID-19 инфекциясидан эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида энг кўп огоҳлантирган мулозимлардан бири Нурмат Отабековнинг хасталикни коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлгани ортидан юқтириб олгани тахмин қилинмоқда.

Мулозим ўзида касалликнинг жиддий клиник белгилари намоён бўлмаётгани ва айни пайтда касалхонада даволанаётганини қайд этган.

Н. Отабеков сўнгги бор 27 июль куни АОКА штабида ташкил қилинган брифингда иштирок этиб, қатор саволларга жавоб берган. Мазкур тадбирдан 4 кун муқаддам эса (23 июль куни) у COVID-19 тарқалишига қарши қўшган муносиб ҳиссаси учун мамлакат президенти томонидан имзолаган фармон асосида “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганди.

Бу орада Ўзбекистон Молия вазирлиги матбуот хизмати 29 июль куни коронавирус юқтириб олган вазир ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этгани ҳақида маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, 20 июль куни 55 ёшли мулозимнинг тана ҳарорати кўтарилиб кетган. У хусусий тиббиёт муассасаси шифокорларининг тавсиясига кўра уй шароитида ва хусусий шифохонада даволанган.

27 июль куни эса Ё. Турсунов ўта оғир аҳволда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Ёрқин Турсунов 2019 йил март ойидан бери молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG