Линклар

Шошилинч хабар
08 август 2020, Тошкент вақти: 10:40

Ўликларга тўла морг: Тошкентдаги ўликхона раҳбари тармоқда тарқалган видео юзасидан Озодликка изоҳ берди (ВИДЕО)


Тошкентдаги Республика патология анатомия маркази ичидан олинган видеода йўлакда елим қопларга солинган ўликлар ётганини кўриш мумкин.

27 июль куни ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Республика патологик анатомия маркази ичида олинган видео тарқалди.

Унда мурдаларни вақтинча сақлаш хонасида (эшикда шундай ёзув бор) ва йўлакда 13 қора елим қоп кўринади. Қоплар бўш эмаслигидан уларда жасадлар борлиги тушунилади. Бошқа бир неча жасад целлофан пакетларга солинмаган. Улар мурдаларни вақтинча сақлаш хонасига киритилмаган.

Видеони олаётган шахс кадрдаги ўликлар шу куни олиб келинган ўликларнинг тўртдан бири эканини айтади.

Тошкентдаги Республика патологик анатомия маркази раҳбари Ражаббой Исроилов 28 июль куни Озодлик билан суҳбатда видео ўзи раҳбарлик қиладиган марказда олинганини тасдиқлади.

Исроилов видео бир ой олдин Россиядан чартер рейсда 16 жасад марказга олиб келинган пайтда олинган бўлиши мумкинлигини айтди.

Республика патологик анатомия маркази раҳбарига кўра, муассасага Covid-19 эпидемияси бошлангунга қадар бўлган кўрсаткичдан икки баравар кўп жасад келтирилмоқда.

Ўликларга тўла морг: Тошкентдаги ўликхона раҳбари тармоқда тарқалган видео юзасидан Озодликка изоҳ берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00

Видеони олаётган эркак "бугун ўлик кўп, Республика патологоанатомия марказида, бу одамларнинг жойи жаннатда бўлсин", дея телефони объективини марказ биноси коридоридаги қора елим қопга ўралган жасадларга қаратади.

"Нима бало бӯляпти?" деб сўраганида қаршисидан келаётган ҳамкасби "учинчи жанг", деб жавоб берди.

Видеода қора плёнкаларга ўралган ёки очиқ ҳолда ётқизиб қўйилган камида 13 та жасад кўринади.

Видеони олаётган шахс кадрдаги ўликлар ҳаммаси эмаслигини айтади.

"Бу бугун келган ӯликларнинг тӯртдан бир қисмини ташкил этади. Кун бўйи йигирмата ўлик бериб юбордик", дейди.

Видеода устма-уст тахлаб қўйилган йигирматача ёғоч тобутларни ҳам кўриш мумкин.

Республика патологик анатомия маркази раҳбари Ражаббой Исроилов 28 июль куни Озодлик билан суҳбатда видеодаги манзара ўзи раҳбарлик қиладиган ўликхонадан эканини тасдиқлади:

"Ҳа, бу бизнинг марказдан олинган. Йигитларимиз ёшлик қилиб видеога олиб қўйишган, ўзлари учун олишган экан, Интернетга тарқатиш учун эмас. Кейин, Хоразмдаги қариндошига юборган, у бошқасига юборган, шундай қилиб через-через тарқалиб кетган. Бу 28 июнь куни олинган. Бир ой олдин бўлган бу. Ўша куни Россиядан чартер рейс келганди, коронавирусдан ўлган 16 та ўлик бизнинг марказга олиб келинганди".

Ражаббой Исроилов Республика патологик анатомия марказида ўликлар кунлик оқими йигирматачани ташкил этаётганини, бу одатдагидан, яъни Covid-19 эпидемияси бошлангунга қадар бўлган кўрсаткичдан икки баравар кўплигини қўшимча қилди.

"Улгурмаётгандик, шунга ярмини судмедэкспертиза олди. Ҳозир кунига 20 тача ўлик обработка қилинади, дезинфекцияланади. Олдин кунига қирқтача эди, ярмини судмедэкспертизага беришди. Булар асосан пневмониядан ўлган деб, бизга айтиляпти, - деди Исроилов.

Лекин, Республика патологик анатомия маркази раҳбари коронавирус пандемияси бошланганидан буён қанча ўлик олиб келингани ҳақида маълумот беролмаслигини айтди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги Республика патологик анатомия маркази олдида одамлар коронавирусдан ўлган яқинлари жасадларни олиш учун кунлаб навбат кутаётганликларини Озодликка айтишганди.

Озодликка юборилган суратларда коронавирус карантинига қарамай, марҳум яқинларининг жасадларини олишга уринаётган ўнлаб кишининг ўликхона олдида навбатда турганини кўриш мумкин.

Республика патологик анотомия маркази раҳбари Ражаббой Исроилов ўликхона олдида одамлар тўпланишини инкор этмади.

"Чунки ҳозир дарров берилмаяпти. Дезинфекциялаб, ювиб, махсус плёнкага ўраб, тўғри қабристонга олиб бориб кўмиладиган қилиб бериляпти. Бу эса вақт оляпти, шунинг учун кутиб қолишяпти", - деди Ражаббой Исроилов.

Расмий статистикага қаралса, Ўзбекистонда 28 июлга келиб, қоронавирусдан ўлганлар сони 122 нафарни ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июль куни коронавирусга чалинганлар сони 297 нафарга кўпайиб, жами касалланиш ҳолатлари сони 21 506 тага етганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG