Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2020, Тошкент вақти: 16:22

OzodMikrofon: Мени калтаклаб, қулоғимни кар қилган ИИБ ходимлари жазосиз қолмоқда


Мусурмон Қаршиев ИИБ ходимлари уни калтаклаганини иддао қилади.

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидан OzodMikrofonга қўнғироқ қилган 36 яшар Мусурмон Қаршиев 2019 йил, ноябрь ойида туман Ички ишлар бўлимининг икки ходими уни калтаклагани, оқибатда кар бўлиб қолганини иддао қилиб, унинг шикоятларини ҳеч ким текширмаётганини айтди.

Қаршиевнинг иддаосича, пулини олиб қайтариб бермаётган фирибгар устидан арз қилиб туман Ички ишлар бўлимига 2019 йил 15 ноябрь куни борганида подполковник ва лейтенант унвонидаги икки ходим унга қўполлик қилиб, калтаклаган.

- Оқибатда чап қулоқ пардаси йиртилиб, ҳозир кар бўлиб қолганман. Шикоят қилмаган жойим қолмади. Прокуратура жиноят аломати йўқ, деб терговни тўхтатди. Мени калтаклаган ИИБ ходимлари жазосиз қолмоқда. Президент қабулхонасига ҳам шикоят қилдим, бош прокуратурага ҳам, ҳеч ким шикоятларимни текширмаяпти, - деб иддао қилади Қаршиев.

Нарпай туман прокуратураси ходими Соҳибжон Гаппаров Озодликка 2019 йил 31 декабрь куни Қаршиев даъвоси юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 109 моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича иш қўзғатганини, бироқ шу йилнинг 30 март куни ИИБ ходимларининг ҳаракатларида жиноят иши аломатлари йўқлиги сабабли иш тўхтатилганини айтди.

- Бу бўйича қарор чиққан ва Қаршиевга бу ҳақда маълум қилинган, - деди Нарпай тумани прокуратураси ходими.

Мусурмон Қаршиев эса туман прокуратурасининг қароридан норози бўлиб, Самарқанд вилоят прокуратураси, Ўзбекистон бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Президент қабулхонаси ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари марказига арз қилгани, лекин ҳеч қандай жавоб бўлмаганини айтади.

- Булар ИИБдаги шерикларини ёнини олиб қарор чиқарган ва мен бундан норозиман. Иш қайта тергов қилинишини ва мени калтаклаган ИИБ ходимлари жазога тортилишини истайман, - дейди Мусурмон Қаршиев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG