Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2020, Тошкент вақти: 20:09

Миллий мақом ва халқ ашулалари бўйича видеодарслар бошлаган халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоев тўсатдан вафот этди (ВИДЕО)


Ўзбекистон халқ ҳофизи, ўзбек миллий мақом санъати маркази илмий ходими Маҳмуджон Тожибоев 63 ёшида оламдан ўтди.

Кенг диапазондаги овоз соҳиби сифатида танилган хонанда ва созанда М. Тожибоев Ўзбекистон халқ ҳофизи, Ю.Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли яккахони, Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти бўлган.

Телеграм тармоғида ҳофиз номи билан очилган каналда Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг марҳум вафоти муносабати билан таъзияси эълон қилинди.

Таъзияда айтилишича, ҳофиз тўсатдан юрак хуружидан вафот этган:

"Ўзбекистон санъати ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон миллий қўшиқчилик, мақом санъати йўналишидаги баракали ижоди, нозик диди, дардли, кенг диапазонли овози, бетакрор ижро маҳорати билан ҳамкасблари, шогирдлари, мухлислари меҳри, эътиборини қозонган Ўзбекистон халқ ҳофизи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, устоз санъаткор Маҳмуджон Ғозиевич Тожибоев тўсатдан, юрак хуружидан вафот этди", дейилади таъзияда.

Хонанда ва созанда М. Тожибоев репертуаридан:

- Шашмақом (“Сарахбори Наво”, “Сарахбори Дугоҳ”, “Мўғулчаи Сегоҳ”, “Наврўзи Сабо”, “Нимчўпоний” ва б.);

- Фарғона—Тошкент мақом йўллари (“Дугоҳ”, “Чоргоҳ”, “Ушшоқ”, “Шаҳнози Гулёр”, “Баёт» ва б.);

- катта ашула (“Ёввойи Чоргоҳ”, “Ёлғиз”, “Эй дилбари жононим” каби), мумтоз (“Топмадим”, “Асирий” ва “Лдоий”, “Чорзарб”, “Бозургоний”)

- 20-аср бастакорлари (“Келдик”, “Наззора қил”, К. Жабборов; “Кезарман”, F. Тошматов; “Жоним эрурсан”, М. Муртазоев; “Дилраболар”, О. Нуриддинов; “Бу оқшом”, О. Ҳотамов ва б.) асарлари ўрин олган.

Ҳофиз 1957 йил 25 ноябрда Қува туманида деҳқон оиласида туғилган.

1984 йилда мақом ижрочилиги бўйича Тошкент консерваториясини тугатган.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон радиоси қошидаги Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамблида иш бошлаган.

Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев каби халқ севган санъаткорлар изидан бориб, халқ эътиборига тушган.

Ўзбекистонда коронавирус ёйила бошлаган кезда, олий ўқув юртлари масофавий таълимга ўтиши билан, ҳофиз ижтимоий тармоқларда ўзбек миллий мақом ижрочилиги ва халқ ашулалари йўналишида видеодарсларни йўлга қўйган оз сонли санъаткорлардан бири бўлиб қолаётган эди.

XS
SM
MD
LG