Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2020, Тошкент вақти: 20:15

Поп Кон-металлургия ва сервис коллежи ўқитувчилари бир кунда ёппасига ишдан бўшатилди


Поп Кон-металлургия ва сервис коллежи

Наманган вилоят, Поп туманидаги Кон-металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежининг қарийб 50 нафар ўқитувчи ва техник ходимлари 10 июль куни коллежга чақиртирилиб, меҳнат дафтарчалари қўлларига тутқазилди.

Ўқитувчиларнинг айтишича, бу коллеж президентнинг ўтган йил 6 сентябрдаги ПФ-5812 фармони билан тугатилишга тушган, лекин ўқитувчи ва ота-оналарнинг шикоятларини эътиборга олиб Тошкентдан юборилган махсус комиссия коллежнинг минтақа учун зарур кадрлар етиштириб чиқараётганини назарда тутиб, “коллеж негизида кўп тармоқли кадрлар тайёрловчи идоравий коллеж фаолияти йўлга қўйилиши”ни қўллаб- қувватлаган.

Ўқитувчилар ишдан бўшатилиши ҳақида фақат оғзаки огоҳлантириш олгани, пандемия даврида ишсиз қолиб, тирикчилиги оғирлашишини айтдилар.

Наманган вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси вазирликдан махсус кўрсатма келмагани учун президент қарори асосида иш тутганини билдирди.

Коллеж ўқитувчилари шикояти
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00
Бевосита линк

Поп Кон-металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежининг ўқитувчилари 10 июль куни Озодликка мурожаат қилиб, улар асоссиз ишдан бўшатилганидан шикоят қилди.

Коллеж касаба уюшмаси раиси Акрамхон Аббосхоновнинг айтишича, ўқитувчиларнинг ёппасига ишдан бўшатилишида меҳнат қонунчилиги бузилган:

“Икки ой олдин ҳамма ишдан кетади, деб оғзаки айтишди. Огоҳлантириш берамиз деди. Бизга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан, Вазирлар Маҳкамасидан махсус комиссия келиб ўрганди, қолсин деган хулоса берди. Нега ҳали масала ҳал бўлмай туриб ишдан бўшатасизлар, десак индашмади. Ҳеч ким қўлига расмий огоҳлантиришни олмаган. Бугун эса меҳнат шартномасини бекор қилди”.

Коллеж ўқитувчиси Тоҳиржон Султонмуродовнинг айтишича, президентнинг қарори чиққандан сўнг улар ота-оналар билан Вазирлар Маҳкамасига бориб, коллежни қолдириш ҳақида илтимос қилган:

- Президент порталига бир неча марта мурожаат қилдик, бўлмади. Кейин, аҳоли вакиллари билан ўттизтача одам Вазирлар Маҳкамасига бордик. Олий ва ўрта махсус таълим ўринбосари қабул қилиб, жойига бориб ўрганишини айтди. Декабрь ойида вазир ўринбосари С. Бузрукхонов бошчилигида Тошкентдан 8 кишилик махсус комиссия келди. Кўрди, ўрганди ва бу коллеж керак экан деган хулоса чиқариб кетди. Аммо, бошқа хабар бўлмади. Бугун эса ҳаммамизни ёппасига ишдан бўшатди. Пандемия, карантин даврида нима иш қиламиз экан, қаердан иш топамиз экан деб гангиб қолдик. Ҳозир бўйнимда кредит бор, уни қандай ёпаман, учта болам бор, уларни қандай боқаман. Аёлларимиз туман бандлик бўлимига борса, сенларга пандемия даврида қаердан иш топаман дебди”.

Ўқитувчи Одилхон Комилов сўзларига кўра, бу коллеж Чодак кон бошқармаси ва Ўзбекистон темир йўллари учун зарур кадрлар етиштириб бераётган ўқув маскани эди:

- Асосан, очиқ кон, ёпиқ кон, автотранспорт, учта йўналиш бўйича кадр чиқарардик. 2018 йили темирйўлга ҳам ишчи ходимлар чиқариб бердик. Тошкентга вазирликка борганда ҳам айтдим. Ўзбекистон бўйича коллежларни олиб мониторинг ўтказинглар, қани қанчаси коллеждан кейин мутахассислиги бўйича ишлаяпти экан. Биз мингдан ортиқ кон ишчилари киргизганмиз ишга. Олмалиқ, Ангрен, Оҳангарондаги конларда бизнинг кадрлар ишлаяпти. Текшириб кўринглар, дедим. Бизнинг коллеждаги моддий база ҳеч қаерда йўқ, ўқувчи иш ўрганиб, мутахассис бўлиб чиқади. Ўзим ҳам узоқ йил конда ишлаганман, ўргатадиган нарсам бор.

Ўқитувчиларнинг айтишларича Президентнинг ПФ-5812-сон фармонида коллеж ходимларини ишдан бўшатиш тугул, бунга заррача ишора берадиган бирор-бир норма йўқ.

Озодлик бу фармонга илова қилинган, тугатилиши керак бўлган коллежлар рўйхатини кўриб чиқди ва у ердан Поп туманидаги Кон-металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежини топа олмади.

Президентнинг ПФ-5812 қарорига илова
Президентнинг ПФ-5812 қарорига илова

Коллеж директори Ўткиржон Ботировнинг айтишича, уларнинг махсус комиссия хулосасидан умиди катта бўлган:

- Махсус комиссия сизлар фаолиятингизни давом эттиришингиз мумкин деган хулоса берган эди. Энди “Олмалиқ саноат коллежи” деб ном қўйилади, дейишганди. Лекин Олмалиқ кон комбинати биз олмаймиз, деб рад жавоби берган. Вазирлик эса энди техникумга айлантирамиз деб айтган экан. Бошқармамиз ҳам ҳали қарор чиққан йўқ, деяпти. Ё коллеж фаолияти умуман тугтилди, демаяпти, ёки бу ҳолатда қолди демаяпти. Бугун бирдан ҳаммани ишдан бўшатиш ҳақидаги топшириқ ҳам мени ҳайрон қолдирди. Ўқитувчиларнинг “ишчи гуруҳ ўрганиб кетдику, қолади дедику”, деган саволларига мен жавоб беролмаяпман.

Наманган вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиматов вазирликдан бошқа хабар бўлмаганидан сўнг, президентнинг ўтган йил 6 сентябрдаги ПФ-5812 фармони билан коллеж тугатилганини билдирди:

- Коллежни тугатиш ваколати бизда эмас. Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи ўрганиб кетган эди, ўшани жавоби келмади. Бир нарса дейишга қўлимизда ҳеч қандай асос йўқ. Қўлимизда фақат президентнинг фармони бор. Шу асосда иш юритяпмиз. Коллеж сифатида фаолиятини тугатди. Коллеж биноси мактабга берилган. Молиялаштириш тугатилган. Икки ой олдин огоҳлантириш берилган, компенсация пуллари берилган. Бизнинг қўлимизда ҳозирча бошқа кўрсатма йўқ.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев Озодлик саволларини ёзиб олиб, бу ҳақда вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхоновдан жавоб олиб, ўзи қўнғироқ қилишга ваъда берди. Аммо кун давомида Озодликка вазирликдан қўнғироқ бўлмади.

Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи хулосаси
Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи хулосаси

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов бошчилигида ишчи гуруҳ Чодак қишлоғи бир гуруҳ фуқароларини мурожаатини ўрганиб чиқиб бу коллеж ҳақида шундай хулоса берган:

“Поп кон металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежи базасида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб “Олмалиқ КМК АЖ” қошида Саноат ва сервис коллежини ташкил этиш [таклиф қилинсин]”

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов бошчилигидаги бу ишчи гуруҳга, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, "Олмалиқ КМК" АЖ, Наманган вилояти ҳокимлигидан вакиллар кирган.

XS
SM
MD
LG