Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 05:40

14 яшар қиз билан жинсий алоқа қилган йигитни суд айбдор деб топиб, жавобгарликдан озод қилди


Қашқадарё вилоят, Косон туманлик 17 яшар Н.Б. 1 июль куни Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг қароридан норози бўлиб, Жиноят ишлари бўйича вилоят ишлари судига кассация шикояти ёзди.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди 9 июнь куни 22 яшар Боймурод Бердиёровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 128-моддасининг (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) биринчи қисми билан айбли деб топган, аммо шу кодекснинг 64-моддаси (Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш) биринчи қисмининг “а” банди га асосан озод қилган эди.

Ҳукмни шарҳлаган ўзбекистонлик адвокатнинг фикрича, 64-модда Боймурод Бердиёровга нисбатан нотўғри қўлланилган.

Косон туманидаги 6-мактабнинг ўқувчиси бўлган Н.Б. Озодликка ўтган йилнинг октябрида мурожаат қилиб, уни қўшниси Боймурод Бердиёров зўрлагани, аммо тергов у танимаган бошқа шахсни жавобгарликка тортгани ҳақида айтган эди.

Озодлик бу воқеа юзасидан суриштирув ўтказиб тўртта мақола эълон қилди. Қайта ўтказилган тергов давомида Боймурод Бердиёров вояга етмаган Н.Б. билан жинсий алоқа қилганини бўйнига олган ва иш судга оширилган эди.

Лекин Н.Б. Бердиёров жазосиз қолганидан норози эканлигини айтар экан, бу ишга алоқаси умуман бўлмаган бошқа шахсни айблаб, тергов муддатини атайин чўзган терговчиларга нисбатан ҳеч қандай жазо кўрилмагани, унинг туғилган фарзанди ноқонуний йўл билан бошқа бировга бериб юборилганидан арз қилди.

Иккинчи бор тергов ўтказган Қашқадарё вилоят ИИБ терговчиси тергов ҳаракатлари қонуний олиб борилганини айтди.

Косон туманидаги 6-мактаб ўқувчиси Н.Б. 2017 йилда 14 ёшда, 9- синф ўқувчиси бўлган. Ўқувчи қиз ўша пайтда 20 ёшда бўлган ён қўшниси Боймурод Бердиёров уни зўрлаганини ва оқибатда қиз фарзанд кўрганини айтган эди.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди ҳукмидан норози бўлган Н.Б.нинг айтишича, суд унинг таклифларини инобатга олмаган:

Туққан боламни бошқатдан ДНК қилинглар, отаси кимлиги аниқ бўлади, дедим.

- Биринчи суд бошланганда менинг таклифларим бор, деб айтдим. Биринчиси, терговчиларни чақиртиринг, чунки улар бирор марта ҳам айбланувчилар билан мени юзлаштирмаган. Иккинчиси, менинг номимдан ёзилган битта тилхат бор. Бу тилхатда мен гўёки учта бола билан жинсий алоқа қилганлигим ёзилган. Лекин ҳуснихат ҳам, имзо ҳам меники эмас. Меники эмаслигини имзодан ҳам билса бўлади, Имзонинг биринчи “В” ҳарфи лотинча ёзилган, мен эса кирилча “Б” билан имзо қўяман. Бу хатни Тошкентга, қайта хатшунослик экспертизасига беринглар, дедим. Тўртинчи таклифим, туққан боламни бошқатдан ДНК қилинглар, отаси кимлиги аниқ бўлади, дедим. Бешинчидан, мени туғдирган аёл гувоҳ сифатида ўтяпти. У қанақасига гувоҳ бўлади? У касаллик варақаси очмаган, наркоз таъсирида эканлигимда боламни олиб қолиб мени роддомдан чиқариб юборган. Менга наркоз берган врач ҳам терговда умуман йўқ. Суд бу таклифларимни ҳаммасини рад қилди.

Н.Б.нинг иддао қилишича, терговчилар Боймурод Бердиёровни жавобгарликдан қутқариш учун терговни атайлаб чўзган:

Боймуроднинг қариндошлари ҳокимликда ишлагани учун у жавобгарликка тортилмади.

- Косон тумани ИИБ терговчиси Нодир Муродовга мени Боймурод зўрлаган эди, деб айтиб турсам ҳам, ҳамма қариндошларимни, маҳалладош болаларни ДНК қилдириб вақтни атайин чўзди. Ахийри мижози заифлиги сабабли янги уйланган хотинидан ажрашган бир йигитни топиб, ҳамма айбни ўшанинг бўйнига қўйди. Боймуроднинг қариндошлари ҳокимликда ишлагани учун у жавобгарликка тортилмади. Онам ҳақсизликка чидолмай икки марта ўз жонига қасд қилганидан ва бу ҳолатлар Озодликда ёритилганидан кейин, вилоят ИИБ терговчилари ишни қайтадан тергов қилганда Боймурод айбини бўйнига олди. Лекин суд воқеа муддати ўтган деб, уни озод қилди.

Ўтган уч йил давомида жиноят иши сохталаштирилганига норозилик билдириб, Н.Б.нинг онаси икки марта, қизнинг ўзи эса бир марта жонига қасд қилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўқувчи қизнинг иддао қилишича, туққан чақалоғини унга бермай бошқага сотиб юборган, воқеани ҳуқуқ идораларидан қарийб икки йил давомида яшириб келган доя, туғруқхона бош шифокори, "бу ишга бош қўшган мактаб директори" тегишли жазо олмаган.

Аммо Қашқадарё вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими теров гуруҳи раҳбари А.Т.Ниёзов имзоси билан ёзилган айблов қарорида Косон тумани туғруқ мажмуаси бош шифокори лавозимида ишлаб келган Наргиза Бегимова айнан шу иш бўйича Ўзбекистон ЖК 205- моддаси, 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209- моддаси 1-қисми(мансаб сохтакорлиги), 241- моддаси 2-қисми(жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) моддалари билан айбланган.

Косон туғруқхонаси Наргиза Бегимова эълон қилинган айблов нусхаси
Косон туғруқхонаси Наргиза Бегимова эълон қилинган айблов нусхаси

Айни кунларда Косон туман Жиноят ишлари судида бош шифокор устидан бошланган суд давом этмоқда.

Ўқувчи қизнинг айтишича, суд давом этаётган бўлса-да, у бирор марта бу жараёнга на гувоҳ, на жабрланувчи сифатида чақирилди.

Косон туман ИИБ терговчиси Нодир Муродов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Н.Б. ишини қайта тергов қилган Қашқадарё вилоят ИИБ терговчиси Олим Анваровнинг Озодликка айтишича, қайта тергов холис ўтган:

- Биз Н.Б.ни қўшниси Бердиёров Боймурод зўрлаган деб айблов эълон қилиб бердик.

- Биз Н.Б.ни қўшниси Бердиёров Боймурод зўрлаган деб айблов эълон қилиб бердик. Ундан олдин ҳеч ким айбланмаган бу иш бўйича. Н.Б. болани ДНК экспертиза қилишга рухсат бермаган. Бошқа болалар билан бўлганман деб тилхат ҳам ёзиб берган.(бу тилхат ҳақида юқорида эслатдик – таҳририят). Тилхат экспертизадан ўтказилган. Ҳуснихат уники эканлиги тасдиқланган. Агар у тан олмаса буни бу унинг муаммоси. Тергов холис ўтказилган.

Бу иш юзасидан биринчи тергов ўтказган Косон туман ИИБ терговчиси Нодир Муродов 2019 йилнинг 5 ноябрида Дарё.уз журналистига берган интервьюсида чақалоқнинг отаси Боймурод Бердиёров эмас, балки унинг маҳалладоши А.Ж. эканлигини айтган эди.

Озодлик билан суҳбатда А.Ж. унинг мижозлиги заифлиги сабабли ўқувчи қиз билан жинсий алоқада айбланиши унга нисбатан туҳмат бўлганини Озодликка айтган:

“Йўқ, йўқ, йўқ! Бу менга нисбатан ғирт туҳмат бўлди. Мен тўғрисини айтаман, менинг эркаклигимда проблема бор. Агар мен шу ишни қила олганимда эди, янги уйланган гулдай хотиним қиз ҳолида уйдан чиқиб кетмасди. Соғлиғим бу ишга бўлмагани учун кетди. Нега булар мени бунча қийнайди, экспертизасига ҳам бордим, бошқасига ҳам бордим. Ўшанда айтганман ҳамма нарсани, мен қилмаганман бу ишни, деб. ДНК ҳам олди, бошқа анализ ҳам олди, кимлардир бу ишни қилиб, пул билан ёпиб, бир камбағалнинг бўйнига иламан дейди. Етимни қовурғасини синдирмаслик керак туҳмат билан, деган эди 2019 йилнинг 1 ноябрь куни А.Ж.

Лицензиясидан айрилишдан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик адвокатлардан бирининг айтишича, суд бу ҳолатда Боймурод Бердиёровга нисбатан жазо қўллаши керак эди:

Кўрсатилган муддатдан олдин ариза билан мурожаат қилган бўлса ва жиноят иши қўзғатилган бўлса унда айбланувчи жазога тортилиши керак.

“Аслида жиноят содир қилинган пайтдан бошлаб муддат кетади. Лекин аризачи 64-моддада кўрсатилган муддат ўтиб бўлганидан кейин ариза берганида у ҳолатда бу моддани тадбиқ қилса бўларди. Лекин ўша кўрсатилган муддатдан олдин ариза билан мурожаат қилган бўлса ва жиноят иши қўзғатилган бўлса унда айбланувчи жазога тортилиши керак. Бу ҳолат юзасидан жиноят иши эса 2019 йилнинг 1 майида қўзғатилганини ҳисобга олсак судья нотўғри ҳукм чиқаргани англашилади”.

Косон туман Жиноят ишлар суди котиби Умид Отабоев ҳукмдан норози томон кассация шикояти бериши мумкинлиги айтди.

Н.Б.нинг айтишича, судда прокурор Б.Б.га ўн йил қамоқ жазоси сўради, лекин суд раиси уни озод қилди:

Уч йилдан буён менинг ҳаётим дўзахга айланган.

“Уч йилдан буён менинг ҳаётим дўзахга айланган. Ўқитувчи онам бу туҳматларга чидолмай икки марта ўз жонига қасд қилди. Ўзим ҳам ҳаётдан тўйиб кетиб, жонимга қасд қилдим, лекин ўлмай қолдим. Одам жиноят қилиб уч йил яшириниб юрса, кейин жиноятни суриштириш вақти ўтди деб уни озод қилиб юборишаверар эканда. Мендан зўрлик билан тортиб олган қизимни қайтаришларини талаб қиламан. Бу ишга аралашган барча терговчи, дўхтир, мактаб директорлари жазоланишини талаб қиламан”.

XS
SM
MD
LG