Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2020, Тошкент вақти: 10:58

Ўзбекистон хабарлари

Қашқадарёда коронавирусдан биринчи одам ўлди. Ўзбекистон бўйича 27-бемор вафот этди

Бемор узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 27-бемор бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, С.Ҳ., шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар поездида уйига қайтган. 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

“Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган”, -дейилади расмий билдирувда.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

“Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -деб билдирди вазирлик.

Кун янгиликлари

Тошкентда 20 ёшли йигит банкоматдан 10,5 миллион сўм ўғирлади

Ўғри Қўйлиқ бозорига ўрнатилган банкомат олдида "фаолият юритган".

Тошкентда 10 кун ичида 7 одамнинг пластик картасидан ўн миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудиддаги банкомат олдида 29 май кунидан 09 июнгача пулни нақдлаштириш мақсадида келган одамларга пулни ечиб олишда ёрдам таклиф қилган.

У мижозларнинг пластик карталарини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатган. Шунингдек, у пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олган.

Шундан сўнг у жами 7 нафар фуқаронинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10 миллион 497 минг 410 сўм пулни банкоматдан ечиб олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, И.М., айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва лозим бўлган эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган”, -дейилади хабарда.

Зангиотада коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 августда билдиришича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли бемор О.А.,ва Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т., Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди.

Ҳар иккала беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бунга коронавирусдан ўлганлар рўйхатига пневмониядан ўлганлар киритилмаётгани сабаб бўлмоқда.

Коронавирусга чалинган беморларнинг 1151 нафари оғир аҳволда қолмоқда

Янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилоятида аниқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 4 август соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 249 кишига кўпайди ва 26 550 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилояти, 79 нафари Тошкент шаҳрида, 14 нафари Хоразм вилоятида, яна 14 нафари Навоий вилоятида, 11 нафари Қашқадарё вилоятида, 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда коронавирусдан соғайганлар сони 17 262 нафарга етди.

Ҳозирда 9 127 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 927 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан ўлганлар сони расмий статистикадан кўпроқ экани тан олинди

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан олинди.

“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор”, - деб билдирди 3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов.

Унга кўра, коронавирусга чалингани таҳлил натижаси билан тасдиқланган беморлар вафот этса ўлим статистикасига киритилади. Қолган ҳолатларда эса беморлар ўлимига пневмония сабаб бўлган, деб ҳисобланади.

“Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, -деди Ҳабибулло Оқилов.

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

Айни пайтда қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Муфтият коронавирусдан ўлганларни дафн этиш тартибини тушунтирди (ВИДЕО)

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши зарур.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш тартиби ҳақида тушунтириш берди.

Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимовнинг 3 августда билдиришича, дафн маросимларида кўпчиликнинг иштирок этиши вирус тарқалишига қулай шароит яратиб беради. Шунинг учун мусулмонлар идораси жанозага кўпчилик йиғилмаслигини тавсия қилади.

Бундан ташқари жанозага йиғилганлар ўзаро кўришишдан ҳам тийилишлари ва 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари шарт.

“Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқоб ва қўлқопда бўлиши керак. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши, челак ва бошқа асбоблар хлор каби воситалар билан дезинфекция қилиниши ҳамда 5-6 соатга қуёш остида қуритилиши керак”, - деб билдирди Мирзамақсуд Алимов.

Уламонинг таъкидлашича, жасад тиббиёт ходимлари томонидан махсус матога ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиш мумкин эмас. Бунда маййитни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши, унда саломатлиги заиф бўлганлар, кексалар ва ёш болалар иштирок этмаслиги зарур.

“Тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак”, - деб қўшимча қилди Мирзамақсуд Алимов.

Ўзбекистон Қирғизистонга 560 минг долларлик ёрдам кўрсатди

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан то шу кунгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистонга 2 минг тонна буғдой уни, 9500 дона комбинезон, 12 минг дона ниқоб, 25 минг дона қўлқоп, 500 дона кўзойнак, 200 дона пирометр ва 45 тонна дезинфекцияловчи воситалрни юборган.

Ўзбекистон Қирғизистонга жорий йилда уч марта -апрель, май, июль ойларида инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Бундан ташқари Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен вилоятига, Андижон вилояти эса Ўш шаҳрига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.

Айни пайтда Ўзбекистон пандемия бошланганидан бери АҚШ, Туркия, Германия, Сингапур. Қирғизистон, Қозоғистон ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилган.

Хорижликлар учун виза муддати 1 ноябргача узайтирилди

Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати жорий йил 1 ноябрига қадар автоматик тарзда узайтирилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан шу йил 30 июлида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, виза муддатини чўздирмаган хорижликларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди, жарима ундирилмайди.

Аввалроқ Республика махсус комиссия қарори билан хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилганди.

Жалолиддин Мангуберди роли турк актёрига берилди

Жалолиддин Мангуберди ролини ўйнаётган турк актёри Эмре Кивилжим.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги буюртмасига кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалини суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбеккино" Миллий агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркиянинг "Bo‘zdag‘ film" студияси томонидан суратга олинаётган кўп қисмли фильм режиссёри Меҳмет Бўздағ бўлиб, сериал сценарийсини ёзувчи Назар Эшонқул ёзган.

Айни пайтда Туркиянинг Ақсарай вилояти ҳудудида суратга олинаётган сериал учун махсус тарихий декорациядан иборат павильон қурилган.

Фильмда бош қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим (Emre Kıvılcım) ижро этади. Шунингдек, сериалда Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Акбархўжа Расулов, Саида Раметова, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Феруза Норматова, Юлдуз Ражабова каби ўзбекистонлик актёр ва актрисаларнинг ҳам роль ижро этиши кутилмоқда.

“Ўзбеккино” маълумотига кўра, сериалнинг илк мавсуми 13 қисмдан иборат бўлади.

Андижонда қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институт ташкил этилади

Андижондаги Бобур майдони.

Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 30 июль куни имзоланган “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қарорда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар жорий этилиши қайд этилган:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ОТМларга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
  • хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш;
  • бакалавриат йўналишида касбий таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.

Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” ДУК ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ҳам ташкил этилган.

“Шайтанат” ва “Темир хотин” сценаристи оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр ва сценарист Маҳмуд Тўйчиев 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Агентлик унинг вафотига нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган.

М. Тўйчиев ўзбекистонлик киномухлисларга “Темир хотин”, “Шайтанат”, “Катта ойи”, “Аёллар салтанати” каби фильмларнинг сценарий муаллифи сифатида яхши таниш бўлган.

Маҳмуд Тўйчиев.
Маҳмуд Тўйчиев.

Маҳмуд Тўйчиев 1951 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1980 йил Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) сценарий бўлимини тугатган.

Давстатқўм: Июль ойида нархлар 0,3 фоизга пасайди

Жорий йилнинг июль ойда истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,3 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг куни кеча ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, нархлар пасайишига бозорларнинг мева-сабзавот ҳосили билан тўйингани сабаб бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,3 фоизга арзонлаган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Хизматлар ҳам 0,4 фоизга қимматлаган, айниқса транспорт ва тиббий хизматлар учун тўланадиган ҳақ ошгани айтилмоқда.

Йил бошидан буён нархлар ва тарифлар ўртача 4,3 фоизга (озиқ-овқат маҳсулотлари 4,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 4,1 фоизга, хизматлари эса 3,6 фоизга) ошган.

Ўтган бир йил ичида эса ўртача нарх ошиши 14,4 фоизни ташкил қилган.

Умумий овқатланиш соҳасида нархлар ўтган бир ой ичида деярли ўзгарган эмас. Йил бошидан бери эса бу соҳада нархлар 6,2 фоизга ошганди.

Евронинг расмий курси 12 минг сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 4 августидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 2 сўм 17 тийинга қимматлаб, 10 минг 209 сўм 86 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 2 сўм 70 тийинга арзонлаб, 10 минг 207 сўм 69 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 125 сўм 5 тийинга ошиб, 12 минг 21 сўм 9 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 229 сўм 65 тийинга ошиб, 11 минг 896 сўм 4 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Наманганда ишсизларга ажратилган бюджет пулларини мансабдорлар ўзлаштиргани аниқланди

Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Наманганда ишсизларга берилиши лозим бўлган 216,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 204 фуқаронинг жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Ҳужжатларда исмлари акс этган шахслар марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатида ҳам бўлмаган. Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

“Мазкур ҳолат юзасидан марказ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ маҳаллий матбуот 7 июлда Тошкентнинг Сергели туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун хайрия ҳисобига келиб тушган 95,8 миллион сўм “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.

Озодлик мақоласи ортидан Фарғона ИИБ ўқитувчини қийноққа солганлар устидан текширув бошлади

Шуҳрат Жўраев Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосининг Фурқат туманида мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев қийноққа солингани юзасидан мақоласига муносабат билдирди. Расмий билдирувда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва хизмат текшируви бошланган.

“ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади”, - дейилади хабарда.

31 июль куни Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтиб берган эди.

Ўшанда Фурқат туман ИИБ навбатчиси Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамаган.

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчисининг туман ИИБ ида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётганини Озодликка тасдиқлаганди.

Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 275 нафарга кўпайди

16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 3 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 25 828 нафарга етди. Бу 2 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 275 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 122 нафари Тошкент вилояти, 56 нафари Тошкент шаҳрида, 26 нафари Самарқанд вилоятида, 16 нафари Қашқадарё вилоятида, 13 нафари Қорақалпоғистон Республикасида, 12 нафари Сурхондарё вилоятида, 11 нафари Хоразм вилоятида, 10 нафари Сирдарё вилоятида ҳамда 9 нафари Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Касалхоналарда 9 166 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан яна 6 киши вафот этди. Беморлардан 215 нафари ўта оғир аҳволда

2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда 2 август куни коронавирусга чалинган 6 киши вафот этди. Уларнинг 5 нафари Тошкентда, 1 нафари Андижонда даволанган бемордир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони расман 153 кишига етди. Бироқ норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда. Жумладан, “Дарё” нашри 2 август куни ўз ҳисобича, коронавирусдан вафот этганлар сони камида 161 нафарга етганини хабар қилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 2 август 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 770 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 99 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 671 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

"2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 25 553 нафар бемордан 16 507 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда",- деб билдирди вазирлик.

Расмий хабарда айтилишича, айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 893 нафар бемордан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда уй карантинида 72 700 нафар, стационар карантинда эса 20 536 нафар киши тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Андижонда 63 ёшли эркак, Тошкентда 56 ёшли аёл коронавирус асоратлари сабаб вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, андижонлик эркак “COVID-19” тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 56 ёшли аёлда “COVID-19” тасдиқлангач, тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабаб Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

ССВ ҳисоб-китобига кўра, коронавирус қурбонлари сони 151 нафарга етган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 296 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, жами коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 336 нафарга етган.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 833 нафар бемор соғайган.

Расман: Карантиндан сўнг болаларнинг масжидларда намоз ўқишига қаршилик қилинмайди (ВИДЕО)

Каримов даврида масжидларга борган болаларнинг ота-оналарига жарима солинганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 август куни эълон қилган расмий баёнотда карантин тугаганидан кейин болаларнинг ҳам мажсидларда намоз ўқишларига ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаслиги таъкидланган:

“Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди”.

ИИВнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида видео тарзида эълон қилинган баёнотда ҳозирда пандемия сабаб бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам масжидларда жамоа билан намоз ўқишга чеклов ўрнатилгани ва бу чеклов карантин тугаши билан босқичма-босқич олиб ташланиши айтилган:

“Карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади”.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида болаларнинг масжидда намоз ўқиши қаътий тақиқланган эди. Бу чеклов Мирзиёев даврида бироз юмшагани кузатилди, бироқ айрим жойларда болаларни масжидларга киритмаслик ҳолатлари ҳамон давом этаётганди

Covid-19: Беморлар сони расман 25 мингдан ошди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мамлакатда яна 257 кишида коронавирус аниқлангани ва жами беморлар сони 25 мингдан ошгани ҳақида хабар берди:

«2020 йил 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 040 нафарни ташкил этмоқда».

Расмий маълумотга кўра, 1 август куни 774 кишида вирус аниқланган бўлиб, бу пандемия бошланганидан буён Ўзбекистондаги энг юқори кунлик кўрсаткичдир.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 299 нафар бемор соғайган, 148 бемор оламдан ўтган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Коронавирусдан вафот этган Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов Нукусда дафн этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

Коронавирусга чалингач 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги "Шорша баба" қабристонига дафн этилди.

Минглаб қорақалпоғистонлик, ҳукумат вакиллари, марҳум яқинлари, Ерниязовни сўнгги йўлга кузатган.

1 август куни Нукусга борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

"Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади", деган Мирзиёев.

Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Мирзиёев Қорақалпоғистон раҳбарининг ўлими ортидан Нукусга йўл олди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрига йўл олди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақда хабар қилинганидан бир кун ўтиб амалга ошмоқда.

31 июль куни Ерниязов вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни Covid-19 инфекциясини юқтиргани, бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси хотирасисга таъзия маросимида қатнашиши кутиляпти.

Муса Ерниязов 2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Қорақалпоғистон раҳбарининг ўрнига ким вақтинча тайинлангани ҳозирча эълон қилингани йўқ.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" келаси икки ҳафтада 24та чартер рейсни амалга оширади

Охирги бир ойда ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошларини олиб келиш учун 2- 16 август кунлари 24та чартер рейс ташкиллаштирган.

Бу давр ичида Россия, Жанубий Корея, Туркия, Миср, БАА, АҚШ, Япония, Хитой, Ҳиндистонга ҳаво қатновлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди. Парвозларнинг тўлиқ рўйхати, санаси ва вақти вазирлик расмий сайтида эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хориж давлатларида қолиб кетган 10 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилиши, 100 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётгани ҳақида маълум қилганди.

Охирги бир ойда ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Уларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

"Straus House"дан кўрилган зарар миқдори очиқланди

"Straus House" туяқуш ширкати билан боғлиқ жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарларни қоплаш учун ширкатнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ мулки хатланган.

Бу ҳақдаги маълумотларни Кун.уз нашри ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб эълон қилди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги суд Straus House МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жиноят иши доирасида ширкатнинг яна уч ходими 5 йилдан 8 йилгача муддатларга қамалди.

"Straus House" ширкатига туяқуш олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, жўжаларни ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар пулини ундириб беришни талаб қилиб чиқишганди.

Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов вафот этди

Муса Ерниязов

Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда 31 июль куни ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалингани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Озодлик 19 июлда хабар қилган эди.

Ўшанда бу икки мулозимнинг аҳволини Ўзбекистонга борган германиялик мутахассислар таҳлил қилган ва ҳолатини барқарор, деб топган.

Маълумотга кўра, Муса Ерниязов Нукус, Тўра Боболов эса Тошкентда даволанаётган эди.

27 июлда маҳаллий нашрлар Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақида хабар эълон қилгани учун Қорақалпоғистондаги учта ОАВ: Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари кечаси прокуратурага чақирилган. Makan.uz раҳбари Лолагул Қаллихановани уйидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олиб кетишган. Икки журналистнинг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Gazeta.uz нашрининг 28 июлда хабар қилишича, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурорига тунда прокуратурага чақирилган ҳамда телефонлари ва ноутбуклари тортиб олинган журналистлар билан бўлган воқеа юзасидан танбеҳ берган.

Навоий вилояти ҳокими Тошкентда муолажа олмоқда

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов.

Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов 2020 йилнинг 27 июлидан буён Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳокимнинг қандай хасталикка чалинганини очиқламаган.

Маълумотларга кўра, К. Турсунов ўтган 4 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда.

“Навоий вилояти ҳокими тўлиқ даволаниб, яқин кунларда иш фаолиятини давом эттиради”, дейилади хабарномада.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам Тошкентда коронавирусдан даволанаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Шунингдек, 30 июль куни АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев ва Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов муолажа олаётгани айтилган. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовга кўра, М. Ерниязовнинг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG