Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли ҳали-бери қуриладиганга ўхшамайди


Ўзбекистон - Хитой темир йўли Қирғизистон ҳудудида узилиб қолади.
Ўзбекистон - Хитой темир йўли Қирғизистон ҳудудида узилиб қолади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси 1990- йиллардан бери муҳокама қилиб келинади, лекин шу кунгача бу лойиҳа амалга ошмай қолмоқда. Хусусан, темир йўлнинг Қирғизистондаги қисмини қуриш ҳатто бошлангани йўқ. Шунга қарамасдан, 5 июнь куни Хитойнинг Гансу вилоятидаги Ланчжоу шаҳридан илк юк поезди Тошкентга йўл олди.

Қирғизистон ҳудудида темир йўл ҳали ётқизилмагани учун 2,6 миллион долларлик қийматга эга юклар Хитойнинг Шинжон Уйғур районидаги Қошғар шаҳрида поезддан туширилиб, юк машиналарига ортилди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида эса юклар Тошкентга борувчи поездга ортилди. Тошкентга юборилган юклар Хитой ёрдами билан 2016 йилда қуриб битирилган Поп-Ангрен темир йўл линияси орқали юрди.

Тошкентда поездга 1 миллион доллар қийматга эга 525 тонна ўзбек пахтаси ортилади. Бу юк ҳам Ўшда поезддан туширилиб, юк машиналарига, сўнгра Қошғарда қайтадан поездга ортилади.

17 июнь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов ҳамда «Қирғиз темир йўллари» давлат ширкати раҳбари Василий Дашковлар билан учрашиб, темир йўл масалаларини, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли лойиҳасини муҳокама қилди.

Хабарларга кўра, Жээнбеков лойиҳани Қирғизистон учун энг йирик ва энг муҳим лойиҳалардан бири, деб атаган.

18 июнь куни «Қирғиз темир йўллари» ширкати бир ой ичида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланишини маълум қилди.

Ширкат сайтида эълон қилинган билдирувга кўра, бош директор Дашков:

- Томонлар билан барча масалаларда келишувга эришилган. Қурилишни бошлашга ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпмиз, фақат яна бир нечта музокараларни ўтказиш керак бўлади. Шундан сўнг қурилишни бошлаймиз. Молиявий масалага келсак, Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам кўмак кўрсатишга тайёр, - деган.

Аммо ушбу билдирув 19 июнь куни «Қирғиз темир йўллари» сайтидан ғойиб бўлди.

Ширкатнинг қурилиш ва дизайн бўлими раҳбари Жамшитбек Қалилов 18 июнь куни бир кун олдин англашилмовчилик бўлганини, июль ойида қурилиш ишлари бошланиши ҳақиқатдан йироқ эканлигини айтди.

Қалилов Хитой ва Ўзбекистон расмийлари билан коронавирус пандемияси туфайли асосан видеоконференция орқали музокаралар давом этаётганини, лойиҳани молиялаштириш ҳамда темир йўл кенглиги бўйича ҳал қилинмаган муаммолар борлигини билдирди.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли лойиҳаси 1990 йиллардан бери муҳокама қилиниб келади.

Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон бош вазирлари 1997 йилнинг 21 июлида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги «Эргаштом» чегара пунктини очиш маросимида қатнашган эди.

Ўшанда бу уч давлат расмийлари яқин орада Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли очилишини эълон қилнан, аммо бу йўл 2018 йилга келибгина очилди. Ўшанда бери расмийлар темир йўл «яқинда» очилишини ваъда қилиб келмоқда.

2001 йилнинг июнида Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири Қубаничбек Жумалиев Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлини қуриш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. 2008 йилнинг январига келиб Хитойнинг Xinhua хабар агентлиги темирйўлни қуриш бошланганини ва лойиҳа 2010 йилда якунланишини хабар қилди.

Ўшандан бери ўзбек ва қирғиз расмийлари Хитой расмийлари билан ўтказилган учрашувлар давомида темир йўл масаласини кўп ва хўп муҳокама қилишди, аммо уни якунлаш йўлида сезиларли силжиш бўлмади.

2017 йили Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев темир йўл лойиҳаси ҳақида сўзлаб, поездлар Қирғизистонда тўхтаб ўтмаслигига эътироз билдирди.

Атамбаев линияни режалаштирилгандан бошқача қилиб ётқизишни таклиф қилди. Хусусан, президент линияни Отбоши ва Қазарман шаҳарлари орқали ўтказишни таклиф қилди. Атамбаев бундай ўзгартириш лойиҳа нархини 1,5 миллиард долларга оширишини тан олди.

Қалилов эса линия ҳақида ҳануз бирор келишувга эришилмаганини, 2018 йилнинг мартида Қалилов Хитой йўлнинг Қирғизистондан ўтувчи қисмини максимал даражада қисқа қилишни талаб қилаётганини айтди.

Бу эса линияни «Эртгаштом» чегара пункти орқали ўтказишни талаб қилади. Айни дамда юк машиналари айнан шу пункт орқали юради.

Аммо Қалилов Қирғизистон тарафи линияни «Торуғарт» орқали ўтказиш учун курашаётганини айтди. Бу эса линияни Кошғардан шимолга қараб 165 км буришни талаб қилади.

Қирғизистонда темир йўлни узайтириш учун керак бўладиган қўшимча 1,5 миллиард доллар маблағ йўқ. Жорий йилнинг 18 июнида «Қирғиз темир йўллари» сайтида қисқа муддатга эълон қилинган билдирувда Дашков лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 миллиард доллар бўлишини айтгани эътироф этилди.

Қирғизистон орқали ўтадиган линия узун эмас – бор-йўғи 450-500 км масофага чўзилади. Аммо йўл айрим жойларда денгиз сатҳидан 2-3,5 минг метр баландда жойлашган тоғлар орқали ўтади.

Бу эса 50 ка яқин туннель қазишни ва 90 дан ошиқ кўприк қуришни талаб қилади. Бундай лойиҳа ҳар қандай давлат, айниқса, нақд пулга бой бўлмаган Қирғизистон учун жуда қимматга тушади.

Дашков молия масаласида Россия ва Ўзбекистон ёрдам беришга тайёр эканлигини айтди. Бу жуда қизиқ шарҳ, чунки айни дамда на Ўзбекистон, на Россия Қирғизистонда темир йўл ётқизишга маблағ сарфлашга қодир эмас. Россия эса ўз ҳудудидан ўтмайдиган, Осиёни Европа билан боғлайдиган лойиҳани умуман қўлламаслигини кутиш мумкин.

Шунга қарамасдан, 2019 йилнинг ноябрида Жээнбеков Россия лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун Қирғизистонга 200 миллион рубль ажратажагини айтди. 2020 йилнинг апрелида эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Хитой расмийлари билан лойиҳага Россияни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинганини айтди.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қуриб битирилганидан кейин, у Хитойни Европа ва Яқин Шарқ билан боғловчи энг қисқа йўл бўлиши айтилмоқда.

Айни дамда Хитойни Европа билан боғлаб турувчи йўл Қозоғистоннинг «Хоргос» чегара пунктидан ўтади. Айрим манбаларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли «Хоргос» орқали ўтувчи йўлдан 295 кмга қисқароқ бўлади.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлининг якунланиши Қозоғистон манфаатларига мос келмаслиги мумкин, аммо лойиҳанинг якунланиши бошқа бир неча давлат учун фойда келтириши кутилмоқда.

Айрим ҳисоботларга кўра, линия кейинчалик Афғонистон, Эрон, Туркия орқали Европага етиб боради. Бошқа манбаларда эса йўл Туркманистонга бориши, Каспий денгизида юк кемаларига ортилиб, ундан нари Истанбул орқали Европага етиб бориши эътироф этилди. Линия иккига бўлиниши ва иккала йўналиш ҳам ишга тушиши мумкин.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитой учун Ўзбекистондаги Мингбулоқ нефть конига йўл очиб беради. 1992 йил мазкур конда авария содир бўлиб, 285 минг тоннадан ортиқ нефть оқиб кетган эди.

2008 йил Хитойнинг China National Petroleum Corp (CNPC) ширкати 2035 йил якунигача конни қайта очиш ва ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаган. 2015 йилда нефть нархи тушиб кетгани учун кондаги ишлар тўхтаб қолди, аммо 2017 йилда яна тикланди. Хитой ширкати Мингбулоқда 30 миллион тоннадан ошиқ нефть борлигига, бир кун келиб кунига 4000 баррель нефть қазиб олишига ишонади. Бу жуда оз, аммо кон Хитой чегарасидан атиги 500 км масофададир.

Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитойни Марказий Осиёга боғловчи тугалланмаган икки лойиҳанинг бири. Иккинчиси Туркманистон-Хитой табиий газ қувури лойиҳасининг D линиясидир.

XS
SM
MD
LG