Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Президентнинг доимий прописка ҳақидаги фармони ижросини Тошкент вилоят ҳокимлиги тўхтатиб қўйди


Тўйтепа Нурафшон бўлиб¸ Тошкент вилояти маъмурий марказига айланиши ортидан шаҳарда кенг кўламли бузилишлар бошланиб кетди ва бу тўйтепаликларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди.
Тўйтепа Нурафшон бўлиб¸ Тошкент вилояти маъмурий марказига айланиши ортидан шаҳарда кенг кўламли бузилишлар бошланиб кетди ва бу тўйтепаликларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг доимий пропискага қўйиш тартибига оид жорий йил, 22 апрелдаги фармони Тошкент вилояти марказига айланган Нурафшон шаҳрида ижро этилмаяпти.

Вилоят ҳокимлиги Бош вазир икки йил олдин ўтказган сайëр мажлис протоколини рўкач қилиб¸ шаҳарда уй сотиб олган фуқароларнинг ўз уйида доимий пропискага қўйилишини тақиқлаб қўйган.

Озодлик гаплашган шаҳар ИИБ мулозими¸ бундай тақиқнинг “вақтинчалик экани”ни билдирган ҳолда¸ президент бу йилги фармони ижросининг икки йил олдинги мажлис баëни асосида тўхтатилишини”мантиқсизлик” деб атади ва бунинг жиддий эътирозга сабаб бўлаëтганини тан олди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги мулозими¸ бундай “вақтинчалик тақиқ”қа изоҳ бериш¸ хусусан¸ президент фармони ижросининг вилоят ҳокимлиги томонидан тўхтатиб қўйилишининг нақадар қонунийлиги ҳақидаги саволлар ўрганилиб¸ сўнгра жавоб берилишини билдирди. 29 июнь куни Озодликка бундай жавоб келмади.

Озодлик боғланган тошкентлик ҳуқуқшунос¸ ижро ҳокимияти бўлган Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларида президент фармони ижросини тўхтатиш ваколати йўқлиги ва бундай “тақиқнинг қонунчиликка зид” эканини билдирди.

Мурожаат

Асли самарқандлик Умида 2016 йили Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳридан (ҳозир Нурафшон) уй сотиб олган. Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий пропискаси йўқларнинг бу ҳудуддан кўчмас мулк сотиб олиши тақиқлангани боис¸ Умида ва турмуш ўртоғи 2016 йилда уйини ўз номига расмийлаштира олмай¸ холаси номига олган.

Шавкат Мирзиëев ўзбекистонликларни йиллардан бери қийнаб келаëтган прописка масаласида жорий йилнинг 22 апрель куни чиқарган фармон Умида каби минглаб ўзбекистонликларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида сотиб олган ўз уйида доимий пропискадан ўтишига ҳуқуқий асос берди.

Бу фармон билан “фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш”га рухсат берилди.

Умиданинг 29 июнь куни Озодликка айтишича¸ президент фармонидан сўнг уйини ўз номига расмийлаштириб олган. Бироқ Нурафшон шаҳар ИИБ ўз номига расмийлаштирилган ҳовлида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳақидаги мурожаатига рад жавоби берган.

Президент қароридан кейин ҳамма ҳужжатларни тайëрлаб¸ паспорт столига борсак¸ Бош вазирнинг 2018 йилги йиғилиши қарорини кўрсатиб¸ рухсат бермаяпти¸ дейишди. Президент чиқарган фармонни Бош вазир бекор қила оладими? Ногирон болам бор¸ шунга нафақа тўғрилаймиз¸ десак¸ доимий прописка сўраяпти. Ҳозир ўзим ҳам¸ хўжайиним ҳам ишсизмиз¸ қаерга борсак¸ прописка сўраяпти. Агар пропискага қўйиб бўлмаса¸ унда нега кадастр ва нотариус уйни бизнинг номимизга расмийлаштириб берди? Президент фармонини битта идора бажариб¸ иккинчиси бажармасликка ҳақлими?

Умиданинг айтишича¸ у ва турмуш ўртоғи бу саволга жавоб излаб¸ президент порталига мурожаат қилган.

18 июнь куни президент ишонч телефони орқали қилинган бу мурожаатга 25 июнь куни Нурафшон шаҳар ИИБ бошлиғи¸ майор Нўъмонжон Аманбаев номидан ëзма жавоб берилган.

Камолжон Султоновнинг президент порталига қилган шикоятига ИИБ бошлиғидан келган жавоб.
Камолжон Султоновнинг президент порталига қилган шикоятига ИИБ бошлиғидан келган жавоб.

Нусхаси Озодликка тақдим этилган бу жавобида ИИБ бошлиғи¸ Султоновларнинг Нурафшон шаҳридаги ўз уйига доимий пропискадан ўтказиш ҳақидаги мурожаатининг Бош вазир 2018 йил 12 август куни ўтказган сайëр йиғилиш баëнининг 29-бандига асосан рад этилганини маълум қилган.

Жавоб хатида “Нурафшон шаҳрида олиб борилаëтган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари муносабати билан доимий пропискага қўйиш тўхтатилгани боис¸ Султоновларнинг “кўрсатилган манзилга доимий пропискага қўйишнинг вақтинча имконияти йўқлиги” расман маълум қилинган.

2020 йилнинг 25 июнида берилган бу хатда президентнинг 2020 йил 22 апрель кунги фармони¸ гўë у йўқ каби¸ умуман тилга олинмаган.

ИИБ изоҳи

Озодлик Камолжон Султоновга берилган раддияда келтирилган асосга изоҳ олиш мақсадида Нурафшон шаҳар ИИБ билан боғланди. Айнан прописка масалалари учун масъул бўлган мулозим¸ Султоновларнинг президент порталига қилган шикоятидан хабардорлигини эътироф қилди.

Унга кўра¸ ўз номига расмийлаштирилган уй ва квартирага доимий пропискага кира олмаëтган нурафшонликлар фақат Султоновлар эмас.

Нурафшон шаҳри ҳозир вилоят марказига айлангани сабабли¸ қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Шунинг учун прописка вақтинча тўхтатиб турилипти. Бош вазир ўтказган мажлис протоколининг 29-бандида "доимий прописка вилоят ҳокимининг тавсияномасига асосан амалга оширилади"¸ деб ëзилган. Снос деган нарса бор. Агар мулк сносга тушмаган бўлса ва ҳокимият тарафидан “эътирозимиз йўқ” деб ëзиб берилса¸ биз доимийга қўйиб беришимиз мумкин. Вилоят ҳокимлиги Нурафшон шаҳар ҳудудида вақтинчалик тўхтатилсин¸ деган хат берган. Бу бизнинг ИИВ ҳам¸ ўзимизнинг вилоят бошқармамиз томонидан ҳам кўрсатиб ўтилган”.

"2018 йилги мажлис баëни асосида президентнинг 2020 йил 22 апрель кунги фармони ижросини тўхтатиш қонунийми"¸ деган саволга жавоб беришга қийналган ИИБ мулозими суҳбат давомида бундай тақиқнинг “мантиқсиз” эканини эътироф қилди.

Бу нарса гербовий печать ва имзо билан тақиқлагандан кейин ¸ уни юристлар текшириб¸ тасдиқлагандан кейин биз ижро қилишга мажбурмиз. Биз бу бўйича тегишли хизматларга чиққанмиз. Фуқароларнинг норозилиги ошиб боряпти¸ илтимос деб¸ мутасадди раҳбарларгаям чиққанмиз. Қўлимизда буни тасдиқлайдиган асосларимиз ҳам бор. Улар ҳам имкон қадар ëрдам қиламиз¸ дейишган. Чиқилган кераклича. Бу мантиққа тўғри келмайди¸ президентнинг қарори турган жойда вилоят ҳокимининг 2 йил олдинги баëнномаси асосида иш тутиш”¸ деди Озодлик гаплашган Нурафшон шаҳар ИИБ мулозими.

Бу изоҳ ортидан Озодлик қайта боғланган Султоновлар¸ ИИБ масъуллари ўзларига ҳокимликдан "эътирозимиз йўқ" деган тавсиянома олиб келишни сўрамаганини билдирди.

"Бизнинг уйимиз снослар ҳудудидан анча ичкарида. Кейин бизга ҳеч ким бу ҳудудда снос бўлиши ҳақида ҳозиргача билдирув берган эмас"¸ деди Умида Султонова.

Тошкент вилояти ҳокимлиги “ўрганиб¸ жавоб беради”...

Озодлик 29 июнь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий сайтида берилган ўнлаб телефон рақамларига телефон қилди. Президентнинг 2020 йилги фармонини Бош вазир 2018 йил ўтказган мажлис протоколи билан тақиқлашнинг нақадар қонунийлиги ҳақидаги саволга жавоб бериши кутилган ҳокимлик юридик бўлими билан боғланишнинг умуман имкони бўлмади.

Ҳокимлик ишонч телефонига жавоб берган мулозим¸ Озодлик саволларини эшитди ва уларнинг “тегишли мутасаддилар томонидан ўрганилиб¸ сўнгра Телеграм канали орқали жавоб берилиши”ни билдирди. Кун давомида бундай жавоб келмади. (Жавоб берилса¸ у эълон қилинади - таҳр.)

Озодлик Тошкент шаҳри ва вилоятида уй-жой сотиб олганларнинг ўз мулкида доимий пропискага қўйилиши ҳақида апрель ойида чиқарилган президент фармони ижросининг икки йил олдинги протокол асосида тақиқланиши қонунийми¸ деган савол билан тошкентлик ҳуқуқшуносга мурожаат қилди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган адвокат¸ “бундай асоснинг бутунлай қонунсизлиги”ни таъкидлади.

Президент қарор ва фармони ижро ҳокимияти учун бажарилиши шарт бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бош вазир ëки вилоят ҳокимининг бу қарор ижросини тақиқлашга ваколати йўқ. Хусусан¸ 2020 йилги фармонни 2018 йилги мажлис протоколи билан тақиқлаш бориб турган қонунсизлик. Истаган ҳоким¸ ëки вазир тўртта одамни тўплаб¸ мажлис қилиши ва унинг протоколига ўзи истаган қарорни ëздириши мумкин. Нурафшонда фуқароларнинг доимий пропискага қўйилишини тақиқлаш ҳаракати ортида нафақат қонунга зидлик¸ балки коррупция аломати кўряпман. Қолаверса¸ мамлакатда бир нечта ҳокимиятчилик пайдо бўляпти. Президент фармонини ҳокимлик тан олмайди¸ ëки ИИВ бажармайди. Бу жараëнларга ҳам ҳуқуқий¸ ҳам сиëсий баҳо берилиши лозим. Акс ҳолда¸ фуқароларнинг президент ваколати ва ижро ҳокимиятига нисбатан ишончи кундан кунга камайиб¸ мамлакатда ҳуқуқий нигилизм ҳукм суришга ўтади”¸ деди тошкентлик адвокат.

2017 йил 25 августида Олий Мажлис Сенати президент Мирзиëевнинг Тўйтепа номини Нурафшон деб ўзгартириш таклифини бир овоздан маъқуллади ва кўп ўтмай шаҳар Тошкент вилояти маъмурий марказига айлантирилди.

Президент ташаббуси билан Нурафшонда Ўзбекистондаги биринчи «ақлли» шаҳар “Smart City”¸ қолаверса¸ янги маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли касалхона қуриладиган бўлди. Шундан сўнг шаҳар катта қурилишлар¸ аниқроғи¸ бузилишлар ҳудудига айланди.

Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Очилбой Раматов жорий йил февралида Тошкентни Нурафшон билан боғловчи метро қатнови йўлга қўйилишини маълум қилди.

Ҳозирча бу лойиҳанинг қиймати ва унинг қачон амалга оширилиши ҳақида маълумот берилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG