Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 14:12

Халқаро хабарлар

Россияда 24 тожикистонлик очлик эълон қилди

Очлик эълон қилганлар апрель ойидан бери изоляторда сақланмоқда.

Россиянинг Мордовия минтақасида жазони ўтаб бўлгани муносабати билан озодликка чиқарилиб, кейин яна изоляторга ҳибс қилинган Тожикистоннинг 24 фуқароси очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати- Озоди хабар берди.

Хабарда айтилишича, тожикистонликлар жазо муддатини апрель ойида ўтаб бўлган. Лекин чегаралар ёпиқлиги учун улар шу кунгача ватанларига қайта олмаяпти. Уларни Россия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари изоляторда ушлаб туришибди.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси вазиятдан хабардор эканини, имконият пайдо бўлиши биланоқ изоляторда сақланаётган тожикистонликлар ватанига жўнатилишини билдирди.

Очлик эълон қилганлардан бирининг айтишича, 24 киши очлик акциясини икки кун олдин бошлаган. Улар овқат ейишдан бош тортиб, фақат сув ичмоқда.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси очлик эълон қилганларни сабр-тоқатли бўлишга ва очликни тўхтатишга чақирмоқда.

Кун янгиликлари

"Ростов" футбол клуби ўзбекистонлик Элдор Шомуродовни Бельгия жамоасига сотишдан бош тортди

Элдор Шомуродов Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ўйинчиси.

Россиянинг “Ростов” футбол жамоаси ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродовни Бельгиянинг “Гент” жамоасига сотишдан бош тортди.

Sport24 нашрининг билдиришича, “Гент” “Ростов”га Элдор Шомуродов учун 5 миллион евро таклиф қилган. Шомуродов учун дастлаб 2 миллион евро ва икки йил давомида ҳар йили яна 1,5 миллион евродан пул тўланиши режалаштирилган эди. Бироқ “Ростов” жамоаси бу таклифни рад этди.

Тошкентнинг “Бунёдкор” командаси ўйинчиси бўлган Элдор Шомуродов “Ростов” жамоасига 2017 йилда 300 минг евро эвазига ўтган эди. Унинг мазкур жамоа билан шартномаси 2024 йилда якунланади.

Жарқўрғонлик 25 яшар Элдор Шомуродов футболчилар оиласида улғайган. 6 ёшидан футбол ўйнаб келаётган бу спортчи Муборакнинг “Машъал”, Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаларида тўп сурган.

2015 йилда “Осиёнинг энг яхши футболчиси” унвонига сазовор бўлган. 2019 йилнинг августида Элдор Шомуродов Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ўйинчиси деб тан олинди.

ЖССТ: Коронавируснинг ҳаво орқали одамга юқиши "эҳтимолдан соқит қилинмайди"

COVID-19 шу кунгача жаҳон бўйича 12 миллион 100 минг одамга юқди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТ 9 июль куни эълон қилинган сўнгги маълумотномасида муайян шароитларда коронавирус одамдан одамга ҳаво орқали юқишини “эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди", деб билдирди.

ЖССТ маълумотномасида айтилишича, айни пайтда коронавирус аэрозоллар орқали, айниқса, “вентиляцияси ёмон бўлган биноларда” қандай тарқалиши мумкинлиги ўрганилмоқда.

Ташкилот касаллик ресторан ва фитнес марказлари каби жойларда ҳаво орқали юқиши мумкинлиги тўғрисида таҳминлар мавжудлигини таъкидлади.

Аввалроқ тиббиёт соҳаси мутахассислари ЖССТга респираторли касаллиликларнинг, жумладан аэрозолларнинг тарқалиши тўғрисидаги қўлланмасини янгилашни таклиф қилиб очиқ хат йўллаган эди.

Ҳозиргача коронавируснинг аэрозоллар орқали тарқалиши ёки тарқалмаслиги ноаниқ бўлиб турибди.

COVID-19 шу кунгача жаҳон бўйича 12 миллион 100 минг одамга юқди. Вирусдан 551 минг киши вафот этди.

АҚШ Эрон генерали асоссиз ўлдирилгани ҳақида хулоса берган БМТ экспертини танқид қилди

Эронда генерал Қосим Сулаймонийга қўйилган ёдгорлик.

Қўшма Штатлар Ироқда АҚШ томонидан Эрон генералининг ўлдирилиши ноқонуний бўлгани тўғрисида хулоса берган БМТ экспертини “террорчиларга йўл очиб берганлик”да айблади.

БМТнинг махсус ҳисоботчиси Агнес Калламар ўз хулосасини 9 июлда Женевада ўтган Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида эълон қилди.

Хулосада қайд этилишича, Вашингтон ўлдирилган Эрон генерали Қосим Сулаймоний Ироқдан туриб АҚШ хавфсизлигига таҳдид солгани тўғрисида бирорта далил-исботни тақдим эта олмаган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортагус Вашингтоннинг хулосага муносабатини эълон қилар экан: “АҚШни ўзини мудофаа қилиш мақсадида амалга оширган ҳаракатини қоралаш ва жаҳондаги энг қонхўр террорчилардан бири бўлган генерал Сулаймонийнинг қора ўтмишини оқлаш интеллектуал ноҳалолликдир”, -деб баёнот берди.

Ҳисоботни “зерикарли ва узундан-узоқ” деб таърифлаган Ортагус, АҚШ 2018 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашини тарк этгани тўғри қарор бўлганини билдирди.

Июнь ойининг охирларида Теҳрон 2020 йил бошида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампни ҳибсга олишга ордер бергани хабар қилинган эди.

Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний жорий йил 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Теҳрон бунга АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета отиш билан жавоб берган. Ўшанда америкалик ўнлаб ҳарбий яраланганди.

АҚШ мусулмонлар ҳуқуқини бузаётган Хитой ҳукумати амалдорларига санкция жорий қилди

Шинжон-Уйғур мухторияти. Қашқар шаҳри манзараси.

Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматининг тўрт нафар юқори лавозимли мансабдорига Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ҳуқуқларини “қўпол тарзда бузаётгани” учун санкциялар жорий этди. Бу борадаги маълумот 9 июль куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Санкцияга мувофиқ Хитой Коммунистик партиясининг Шинжон-Уйғур мухторияти қўмитаси раиси Чэн Цюаньго, сиёсий ва адлия масалалари қзмитасининг собиқ бошлиғи Зу Хайлун, хавфсизлик хизмати раҳбари Ван Мингшэн ва хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Хуо Лучюнга АҚШга киришга виза берилмайди. Уларнинг АҚШдаги барча мол-мулки ва банк ҳисоблари ҳибс қилинади.

“Қўшма Штатлар бефарқ қараб турмайди, чунки Хитой Коммунистик партияси Шинжонда уйғурлар, этник қозоқлар ва бошқа этник озчиликлар ҳуқуқларини бузмоқда. Жумладан, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда, ўзбошимча равишда оммавий равишда қамоқларга олинмоқда. Шунингдек, уларнинг маданияти ва ислом динини йўқ қилишга ҳаракат қилинмоқда”,- деди 9 июль куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ президенти Дональд Трамп 17 июнда Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурларни ва бошқа мусулмон миллатларни таъқиб этишда иштирок этган ва этаётган Хитой амалдорларига санкциялар жорий этиш имкониятини берувчи қонунни имзолаган эди.

Халқаро ҳамжамият 2017 йилдан бери Хитойни Шинжондаги мусулмон миллатларни “террорчилик ва экстремистликка қарши кураш” баҳонаси билан сиёсий лагерларда сақлаб келаётганини танқид қилади.

Хитойда сув тошқинлари. Президент Мирзиёев Хитойга ҳамдардлик билдирди

Сув тошқинидан 9 миллион одам жабрланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг жанубий ва шарқий музофотларида рўй берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва вайронагарчиликлар юзага келгани муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик мактуби йўллади.

“Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларга саломатлик тилади”, -дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ахборот агентликларининг хабар беришича, Хитойда кучли ёмғир оқибатида 28 июнда бошланган сув тошқинлари ҳалигача давом этмоқда.

Сўнгги кунларда биргина Хунань вилоятида 1 миллионга яқин одам сув тошқинидан жабрланди.

Билдирилишича, Хитойнинг 44 музофотида юз берган сув тошқинларида жами 9 миллион одам жабрланган, Шу кунгача расман 14 кишининг ўлгани ва 5 кишининг бедарак кетгани хабар қилинди.

Тожикистон: Бош врач вафоти ортидан Сўғд вилоят туғруқхонаси карантинга олинди

Шоира Бузурукова.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида жойлашган Сўғд вилояти туғруқхонаси бош врач вафотидан кейин карантинга ёпилди. Туғруқхона бош врачи Шоира Бузурукова 5 июль куни коронавирусга чалинмиш беморлар даволанаётган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида оламдан ўтган.

Вилоят туғруқхонаси 8 июль куни беморларни қабул қилмаган, аммо касал кўриш тақиқланган эмас.

Туғруқхона ходимлари Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда карантин камида икки ҳафта давом этиши, бу вақт ичида муассасада дезинфекциялаш ишлари ўтказилишини билдирганлар. Айни пайтда, санитария-эпидемиология назорати маркази кўрсатмасига мувофиқ, врачлар ва бошқа тиббиёт ходимларининг барчаси коронавирусга тест топширишлари лозим.

Вилоят туғруқхонаси карантинга олинганига қарамай, шу пайтгача мазкур муассаса бош врачининг ўлими сабаби очиқлангани йўқ.

Шоира Бузурукова таниқли тожик ёзувчиси Муҳиддин Хўжазоданинг келини бўлган. Апрель ойида Хўжазода ва унинг ўғли Хўжанддаги 2-шифохонага “ўпка пневмонияси” ташхиси билан ётқизилгани хабар қилинганди.

Вилоят туғруқхонаси ёпилиши ортидан Хўжанд шаҳар туғруқхонаси олдида одам кўпайган. Бироқ бу туғруқхонага бемор ва ҳомиладор аёллардан бошқа ҳеч ким қўйилмаяпти.

Роспотребнадзор 13 та мамлакатга парвозларни тиклашни таклиф қилди, рўйхатда Ўзбекистон йўқ

Роспотребнадзор Россия Транспорт вазирлиги ва Росавиацияга 13 та мамлакат билан ҳаво алоқасини тиклашни таклиф қилди. Бу ҳақда The Bell ва РБК нашрлари хабар қилди. Тасарруфида Роспотребнадзор хати нусхаси мавжудлигини билдирган нашрлар ҳужжат 8 июль куни ташкилот раҳбари Михаил Орлов томонидан имзоланганини қайд этишган.

Хатда илк босқичда Британия, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Ҳолландия, Норвегия, Польша ва Финляндия билан авиаалоқани тиклаш, шунингдек, Вьетнам, Мўғулистон, Хитой ва Шри-Ланкага парвозларга рухсат бериш таклиф қилинади.

РБК қайдича, рўйхат саволлар туғдиради: унда одамлар кўп қатнайдиган мамлакатлар – Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Ўзбекистон ва Тожикистон, шунингдек, россияликларни қабул қилиш истагини билдирган Туркия ва Миср йўқ. Транспорт вазирлиги ва Росавиация муассасалараро хизмат ёзишмаси юзасидан изоҳ берган. “Халқаро ҳаво алоқасини тиклашга оид қарор қабул қилинган тақдирда, манфаатдор ташкилот ва ширкатлар тегишли тартибда огоҳлантирилади”, дея маълум қилган Росавиация.

Аввалроқ РБК ва ТАСС июль ойи бошида ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда Росавиация 15 июлдан 15 мамлакат билан мунтазам авиаалоқани тиклашга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар қилганлар. Кейинроқ ТАСС парвозларни икки босқичда тиклашни коронавирус ёйилишига қарши кураш бўйича федерал тезкор штаб 6 июлдаги мажлисда таклиф қилганини ёзиб чиққан. Биринчи босқичда ўзаро парвозларни бошлаш мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини Роспотребнадзор, ТИВ ва Росавиация 8 июлгача мувофиқлаштириши лозим эди.

Ҳозирда Россиядан рўйхатдаги мамлакатларнинг бир қисми дохил ўлкаларга фақат хусусий учоқлар ёки чартер рейслари билан парвоз қилиш мумкин – мазкур рейслар хорижга россиялик туристларни олиб келиш учун йўлланмоқда ва у ёққа бўш учиб кетмаслик учун йўловчиларни олиб кетмоқда. Бу каби рейсларга чипталар очиқ сотилмоқда, масалан, чипталарни бу каби рейсларнинг катта қисмини амалга ошираётган “Аэрофлот” авиаширкати сайти орқали сотиб олиш мумкин.

АҚШ Молия вазирлиги Қримга мол етказиб берган Amazon ширкатини жаримага тортди

АҚШ Молия вазирлиги Россия томонидан аннексия қилинган Қрим, Эрон ва Сурия билан боғлиқ санкцияларни бузгани учун Amazon ширкатини жаримага тортди.

Вазирлик сайтида билдирилишича, ширкатга Хорижий активлар устидан назорат бошқармаси (OFAC) қарорида кўзда тутилган турли санкциялар талабларини бузгани учун 134,5 минг доллар жарима солинган. Бу ерда гап санкция рўйхатидаги шахсларга ҳамда хизмат кўрсатилган пайтда Қрим, Сурия ва Эронда бўлган кишиларга товар етказиб берилгани ҳақида кетмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги 2011 йил ноябридан 2018 йил октябригача Қрим, Сурия ва Эронда бўлган фойдаланувчилар Amazon сайтлари орқали буюртма берган ёки бу минтақалардаги шахсларга хизмат кўрсатиш ёки товар етказиб бериш бўйича бизнес юритган.

OFAC маълумотларига кўра, Amazon ширкати санкциялар билан боғлиқ ҳолда мижозлар манзили ва исмларини синчиклаб текширмаган. Эронга келсак, бу Amazon ширкатининг хатоси бу мамлакатнинг бошқа давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига юк жўнатган.

Amazon ўз айбини тан олиб, солинган жаримани тўлашга розилик берган.

2014 йил декабрида АҚШ Молия вазирлигига Россия томонидан аннексия қилинган Қримда ишлайдиган шахслар ва ширкатларга нисбатан чекловлар жорий қилишга имкон берган санкциялар кучга кирганди. Бундан ташқари, яриморолга товар, хизмат ёки технология сотиш, реэкспорт қилиш, етказиб бериш ёки олиб чиқиш тақиқланган.

Россия Қримни 2014 йили аннексия қилган. Киев ва Ғарб мамлакатлари буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши, деб ҳисоблаб, Россияга нисбатан санкциялар жорий қилганлар ва бу жазо чоралари муддати ўшандан бери бир неча марта узайтирилган. Москва яриморолнинг ўз ҳудудига қўшиб олинишини “тарихий адолатнинг тикланиши”, деб атайди.

Ашхободда туркиялик дипломат пневмониядан вафот этди

Кемал Учқун.

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги кардиология касалхонасида 8 июлга ўтар кечаси Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси дин ишлари бўйича бўйича маслаҳатчиси Кемал Учқун оламдан ўтди. Бу ҳақда Turkmen.news сайти хабар қилди. Нашр мазкур маълумот Туркия элчихонаси томонидан тасдиқланганини қайд этади.

Кемал Учқун касалхонага 27 июнь куни ётқизилган. Унда ҳароратнинг кўтарилиши, нафас сиқилиши ва йўтал каби ҳолатлар кузатилган. Унга “пневмония” ташхиси қўйилган. Дипломатдан коронавирусдан тест олинганми, олинган бўлса, натижаси қандай бўлган – буни аниқлашнинг имкони бўлмади, деб ёзади Turkmen.news.

Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси маслаҳатчиси вафот этгани ҳақида турк матбуоти ҳам хабар қилган.

TRT Avaz сайти хабарига кўра, Кемал Учқун элчихонада дин ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимида 2018 йил январидан бери ишлаб келарди. Пневмония ташхиси билан касалхонада даволанган турк дипломати нафас етишмовчилиги туфайли бир муддат реанимацияда ҳам тутиб турилган. Нашрга кўра, К. Учқуннинг икки фарзанди бор.

Айни пайтда Туркманистонда коронавирус белгиларига эга бўлган пневмония ёйилиши давом этмоқда. Касаллик тез тарқалаётгани важидан касалхоналар тўлиб кетган, тиббиёт ходимлари орасида ҳам ўлим ҳолатлари кузатилмоқда. Мамлакатда карантин ҳудудлари барпо этиляпти, корхоналар ёпиляпти. Шунга қарамай, туркман расмийлари мамлакат ҳудудида COVID-19 мавжудлигини тан олаётганлари йўқ.

Қирғизистонда соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосари пневмонияга чалинди

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов пневмонияга чалинди. Коронавирус инфекциясига хос бўлган белгилар унинг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевда ҳам кузатилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон маҳаллий нашрлари вазирликдаги манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишди.

С. Абдикаримов ва Н. Усенбаев шу кунларда вазирлик биносига келаётганлари йўқ. Вазирнинг бошқа бир ўринбосари Мадамин Қаратаевда, манбаларга кўра, нафас сиқилиши пайдо бўлган.

Аввалроқ коронавирус инфекцияси парламент ходимлари ва бир неча депутатда аниқланган. Икки томонлама пневмониядан парламентнинг собиқ спикери Чинибай Турсунбеков вафот этган. 29 июнь куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев икки томонлама пневмония ташхиси билан МХДҚ тергов ҳибсхонасидан касалхонага кўчирилган. Бироқ 9 июль куни у яна ҳибсхонага қайтарилган, собиқ президентнинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Қирғизистонда сўнгги кеча-кундузда коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар орасида 13 та, пневмонияга чалинганлар орасида эса 44 та ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакатда COVID-19 инфекциясига чалинганлар сони 8486 нафарга етган. 8 июль куни Қирғизистонда коронавирус билан пневмония статистикаси бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқаган эди.

Хабаровск губернатори буюртма қотилликларни уюштиришда айбланиб қўлга олинди

Сергей Фургал Хабаровск ўлкасига 2018 йилда губернатор этиб сайланган.

Россия Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати 9 июль куни эрталаб Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургални қўлга олди. Тергов қўмитаси яқин соатларда унга Хабаровск ўлкаси ва Амурск вилоятида 2004-2005 йилларда бир қатор буюртма қотилликларни уюштирганлик айблови билдирилишини маълум қилди.

Терговнинг билдиришича, жиноят иши уюшган жиноий гуруҳга нисбатан очилган. Фургал жиноят иши доирасида бир неча тадбиркорларни ўлдириш ва ўлдиришга ҳаракат қилиш ташкилотчиси бўлганликда гумонланмоқда.

Губернатор эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниши кутилмоқда. Бунинг учун уни Москвага жўнатишади. Фургалга эхтиёт чорасини белгилаш масаласи Москва шаҳар Басманний туман судида кўриб чиқилади.

Жиноят иши доирасида Фургалдан ташқари яна 4 киши қамоққа олинган. Улар Фургалга қарши кўрсатма беришган.

2019 йилда Фургалнинг собиқ ҳамкори Николай Мистрюков Москвада қамоққа олинганди. У 2004-2005 йилларда тадбиркорлар Евгений Зори ва Олег Булатовга уюштирилган суиқасдга ҳамда Александр Смольскийни ўлдиришга ҳаракат қилганликда алоқадор деб айбланмоқда.

Сергей Фургал Хабаровск ўлкасига 2018 йилда губернатор этиб сайланган. У ЛДПР партиясидан ўз номзодини кўрсатган ва сайловчиларнинг 70 фоиз овозини олганди.

1990 йилларда Фургал врачлик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. 2005 йилда Хабаровск ўлкаси Думасининг депутати, кейинроқ Россия Давлат Думаси депутати бўлган.

Қўшма Штатларда коронавирус юққанлар сони 3 миллиондан ошди

Бир кунда бу мамлакатда 60 минг одамда коронавирус аниқланди.

Қўшма Штатларда коронавирус юққанлар сони 3 миллион 16 минг 515 кишига етди. Беморлардан 131 минг 594 нафари вафот этди. АҚШдаги Жон Хопикнс университети бу ҳақда 8 июль куни хабар берди.

АҚШда бир кунда коронавирусга чалинганлар сони бўйича янги антирекорд қайд этилди. Бир кунда бу мамлакатда 60 минг одамда коронавирус аниқланди ва 1114 киши вафот этди.

АҚШ коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгалламоқда. Бироқ шунга қарамай, президент Дональд Трамп мактаблар тўлақонли тарзда қайта фаолият бошлаши керак, деб ҳисобламоқда. Трамп фикрича, коронавирусга чалинганлар сонининг ортиши, бу касалликка тест топширувчилар сони кўпайгани билан изоҳланади. Лекин мутахассилар АҚШда ҳар куни коронавирусга чалинган янги беморлар аниқланаётганини билдирмоқда.

Айни пайтда Британия ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатларини иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 37 миллиард доллар ажратди.

Европанинг айрим давлатларида, жумладан, Болқонда, Руминия ва Молдовада коронавирус билан касалланганлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Хитойни агрессияда айблади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 8 июль куни берган баёнотида Хитой Ҳиндистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудда “мисли кўрилмаган агрессив ҳаракатларни амалга оширди”, деб айтди.

15 июнь куни сўнгги 45 йилда Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги биринчи отишма содир этилган эди. Галван водийсида Хитой аскарлари билан тўқнашув пайтида Ҳиндистоннинг камида 20 ҳарбийси ҳалок бўлди. Отишмада томонлар бир-бирларини айблаган.

Помпео бу воқеани эслар экан: “Хитой мисли кўрилмаган агрессив ҳаракатларни амалга оширди. Ҳиндистон бунга жавоб ўлароқ барча имкониятларни ишга солди”,-деб билдирди Давлат департаментида ўтган матбуот анжуманида.

Помпеонинг бу баёноти Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тобора таранглашиб бораётганига яна бир далил сифатида баҳоланмоқда.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида баҳсли Галван водийси учун 1962 йилда уруш бўлган эди. Бу урушда Ҳиндистон мағлуб бўлган. Ҳиндистон Хитойни 38 минг квадрат метр майдонни босиб олганликда айблаб келади.

Ўтган 30 йил давомида бу масалада ўтказилган музокаралар чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини ҳал қила олмади.

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди

Россияда беморлардан 10 мингдан кўпроғи вафот этди.

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди. Расмий маълумотда таъкидланишича, сўнгги бир суткада яна 6562 кишида вирус аниқланган. Бу ўтган кунги кўрсаткичдан анча кўпроқдир.

Расмийларга кўра, бир суткада коронавирусдан 173 киши ўлди ва вафот этган беморлар сони 10 667 кишини ташкил қилди.

Социологларнинг билдиришларича, Россия врачларининг 60 фоизи коронавирусдан ўлганлар сони бўйича ҳукумат эълон қилаётган расмий рақамларга ишонмайди. Врачларнинг 50 фоизи эса ўлганлар тўғрисидаги статистика озайтириб кўрсатилаётганига ишонадилар.

Сербия пойтахтида икки кундан бери карантинга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда

Намойишлар пайтида 20 норози ва 40 полициячи жабрланган.

Сербия пойтахти Белградда икки кундан бери ҳукумат томонидан коронавирусга қарши қайта карантин ва комендантлик соати жорий этилганига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. 8 июль куни полиция парламент биноси олдида йиғилган норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Сербиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Нови Садда ҳам норозлик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Норозилар маҳаллий телеканаллардан бирининг биносига ҳужум қилиб, уни эгаллаб олмоқчи бўлди. Полиция қаршилигидан сўнг, улар ҳужумни тўхтатиб, мэрия сари йўл олди.

Серб полицияси бошлиғи Владимир Ребич намойишларнинг биринчи куни 20 норози ва 40 полициячи жароҳатланганини, полициянинг беш автомашинаси ёндирилиб борилганини айтди.

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Сербия полицияси норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатганидан ташвиш билдирди. Сербия президенти Александр Вучич ҳаддан ташқари куч қўлланилгани тасдиқланса, полициячилар жазога тортилишини ваъда қилди.

Вучич сербияликларни намойишлардан тийилишга ва коронавирус вазиятини мураккаблаштирмасликка чақирди. Сербияда шу кунгача 17 минг кишига коронавирус юқди ва 340 бемор вафот этди.

Қозоғистон президенти 13 июлни коронавирусдан ўлганлар бўйича мотам куни деб эълон қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаати чоғида 13 июлни коронавирус эпидемиясида қурбон бўлган қозоғистонликлар бўйича миллий мотам куни, деб эълон қилди.

Тоқаев яқинларини йўқотган ватандошларга таъзия изҳор қилди ва қозоғистонликларни халқ бошига тушган синов олдида собит туришга, хотиржам ва масъулиятли бўлишга чақирди.

Унга кўра, ватандошлар ҳафсаласи пир бўлиб, тушкунликка тушмасликлари керак. “Биз ҳеч кимни кулфатга ташлаб қўймаймиз ҳамда ҳар бир қозоғистонликнинг ҳаёти ва соғлиғи учун курашамиз”, деди у.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда эпидемия бошидан бери 51 мингдан зиёд одам инфекцияга чалинган, 264 киши ҳаётдан кўз юмган. Эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани сабабли 5 июлдан мамлакатда карантин чоралари кучайтирилган.

Қозоғистон президенти ўз нутқида коронавируснинг иккинчи тўлқини ва зотилжам хасталигининг кескин кучайиб кетгани гўё Соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ раҳбариятининг “тизимли хатолари” ҳамда мамлакат аҳолиси томонидан карантин чораларига оммавий равишда риоя қилинмагани ва вилоят ҳокимларининг нўноқлиги натижаси бўлганини қайд этди.

Унга кўра, карантин чоралари қайта кучайтирилганидан кейин вазият барқарорлашганининг илк белгилари кўрина бошлаган. Аммо “хотиржам бўлишга ҳали эрта, албатта”, чунки “коронавирус хавфига нисбатан беписандлик қилиб бўлмайди”, “буни оддий тумов деб ўйлашда давом этиш эса хатодир”, дея таъкидлади у.

Тоқаев дори-дармон етишмаслиги билан боғлиқ муаммо яқин кунларда ҳал қилинишига ваъда берди. У ватандошлардан ваҳимага берилмаслик ва керагидан ортиқ дори-дармон ғамлаб олмасликни илтимос қилди. Унга кўра, дори-дармон, сунъий нафас бериш аппаратлари ҳамда тиббиётчиларни рағбатлантириш ва бошқа чоралар учун камида 150 миллиард танга (тақрибан 366,5 миллион доллар) маблағ йўналтирилмоқда, маблағлар сарфи эса алоҳида назорат остида бўлади.

“Айрим виждонсиз ишбилармонлар бу оғир вазиятдан фойдаланиб, пул ишлаб қолмоқчи. Улар сунъий ваҳима кайфиятини яратиб, жуда зарур бўлган тиббий препаратлар нархини атайлаб ошириб юборяптилар. Менинг топшириғим билан ҳуқуқ-тартибот идоралари дори-дармон чайқовчилиги билан шуғулланаётган шахсларни жавобгарликка тортишни бошлаб юборди”, деди Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев айримлар сиёсий ўйинлар ташкил қилиб, мишмиш тарқатаётгани, турли тахмин ва чақириқлар билан вазиятни оловлантираётгани, жамият ичига нифоқ уруғларини сочишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди. Тоқаев кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмади, бироқ бу каби ҳийла-найранглар ўта хавфли экани, шунинг учун ҳам уларга ҳуқуқий баҳо берилишини урғулади.

Пекин Ҳонконгда разведка хизматининг янги идорасини очди

Миллий хавфсизликни таъминлаш бошқармаси биносининг очилиш маросими, Ҳонконг, 2020 йил 8 июли.

Хитой расмийлари Ҳонконгда ўз разведкачилари учун янги идора биносини очишди. Миллий хавфсизликка оид янги қонунга мувофиқ, хитойлик разведкачилар бу шаҳарда биринчи марта очиқ ишлай бошлайдилар.

Пекин томонидан назорат қилинадиган Миллий хавфсизликни таъминлаш бошқармаси биносининг очилиш маросими 8 июль куни Ҳонконгдаги меҳмонхоналардан бирида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтди. Янги бинонинг муваққат манзили Ҳонконгда узоқ вақт норозилик намойишлари маркази бўлган Виктория боғи яқинидаги тижорат мавзеида жойлашган.

Миллий хавфсизлик тўғрисидаги баҳсли қонун ўтган ҳафтадан кучга кирган. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қонун Британия томонидан шаҳар 1997 йилда Хитойга берилганидан кейин сақланиб қолган ҳуқуқ ва эркинликларга путур етказишига оид хавотирлар қабатида халқаро ҳамжамиятнинг ташвишланишига сабаб бўлган.

Хитойлик амалдорлар мазкур қонун Ҳонконгда ўтган йили бошлаган ва айримлари зўравонликка айланиб кетган норозилик чиқишларидан сўнг барқарорликни тиклашини айтмоқдалар.

Пекин расмийлари хавфсизлик хизмати ходимлари янги бинода янги қонун асосида жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқига эга бўлишларини маълум қилганлар.

Қирғизистон МСК: Парламент сайловида қатнашиш учун 42 та сиёсий партия ҳужжат топширди

Қирғизистонда 2017 йили бўлиб ўтган президент сайловидаги сайлов участкаларидан бири.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси шу йил кузда бўлиб ўтиши керак бўлган парламент сайловида иштирок этишни истаган партиялардан ҳужжат қабул қилишни якунлади.

МСК раис ўринбосари Абдижапар Бекматовнинг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, 8 июль оқшомига бориб 42 партия комиссияга билдирув хати йўллаган.

“Аввалроқ биз 21 партия вакилларини рўйхатга олган эдик. Бошқа партияларнинг ҳужжатлари ҳали ҳам ўрганиляпти”, деган Бекматов.

Жорий йил 20 августигача сиёсий бирлашмалар қурултойлар ўтказиб, номзодлар рўйхатини шакллантиришлари керак бўлади. Коронавирус пандемияси туфайли тадбирларни онлайн шаклда ўтказишга рухсат берилган.

Қирғизистон президентининг фармони билан галдаги парламент сайлови 2020 йил 4 октябрига белгиланган.

2010 йилги парламент сайловида 29 та, 2015 йилги сайловда эса 14 та сиёсий партия иштирок этган.

АҚШ Россия ва Хитойни БМТнинг Сурия бўйича резолюциясига вето қўйгани учун танқид қилди

Туркия-Cурия чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири.

Россия ва Хитой Суриядаги Башар Асаднинг қонхўр режимини дастаклаш учун ҳар қандай имкониятни ишга солмоқда. Бу баёнот АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт тилидан янгради.

Куни кеча Москва ва Пекин Туркиядаги икки ўтказиш маскани орқали Сурияга инсонпарварлик ёрдам етказиб бериш муддатини узайтириш бўйича БМТ резолюциясини блоклаб қўйган. Ҳужжат Германия ва Бельгия вакиллари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар муддатни бир йилга чўзишни таклиф қилаётган эдилар. Москва бу муддатни олти ойга узайтириш кифоя эканини, назорат-ўтказиш масканлари сонини эса биттага тушириш лозимлигини таъкидламоқда.

Берлин ва Брюссель мазкур қарордан ҳафсалалари пир бўлганини яширмаган. Айни пайтда резолюция муаллифлари янги ҳужжат устида иш бошлашга тайёр эканларини билдирганлар.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Суриядаги кўплаб ҳудудлар ҳозирда Дамашқ назорати остида экани ва у ерларга инсонпарварлик ёрдамини Асад ҳукумати етказиб бериши мумкинлигини билдирди.

Россия ва Хитой хатти-ҳаракатларини Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам танқид қилди. Ҳуқуқ фаоллари ўз баёнотида миллионлаб сурияликлар учун ёрдам олиш ўта муҳимлигини урғулаганлар.

Аввалроқ БМТ экспертлари Сурия ва Россия ҳарбийларини Идлиб вилоятидаги фуқаролик объектларига зарба берганликда айблаганлар. Бу ҳаракатларни ҳарбий жиноят ўлароқ баҳолаш мумкин.

Россия пала-партиш бомбардимонлар ва тинч аҳоли вакилларига ҳужумларга алоқаси йўқлигини аввал бир неча бор қайд этган. Март ойида Москва ва Дамашқ Вашингтонни гуманитар ёрдам баҳонасида жиҳодчиларни дастаклаганликда айблаб чиққан эди.

Бишкекда бир кунда зотилжамдан 30, коронавирусдан 5 одам вафот этди

Бишкекдаги касалхоналардан бирида коронавирусдан вафот этган беморнинг жасадини олиб чиқаётган тиббиёт ходимлари.

Сўнгги бир сутка ичида Қирғизистонда COVID-19дан 13 одам вафот этди. Улардан икки нафари тиббиёт ходимидир. Бу ҳақда 8 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, вафот этганларнинг 5 нафари Бишкекда. Бундан ташқари Ўш ва Жалолободда бир нафардан, Норинда икки нафар, Чуй вилоятида 4 нафар бемор жон берган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 112 кишига етди.

Бир кеча-кундузда зотилжамга чалинган 44 бемор ҳам вафот этди, уларнинг 30 нафари Бишкекда. Март ойидан бери зотилжамдан ўлганлар сони 268 киши. Уларнинг барчаси COVID-19га анализ топширган, бироқ уларда вирус аниқланмаган эди.

Қирғизистонлик шифокорлар зотилжам коронавирус туфайли авж олганини билдирмоқдалар.

Қирғизистонда шу кунгача 8486 одамда коронавирус аниқланди. Беморларнинг 2983 нафари соғайди.

Бишкекда 1936 киши зотилжам ташҳиси билан касалхоналарда даволанмоқда. Улардан 604 нафарининг аҳволи оғир экани билдирилди.

АҚШ БМТни ЖССТдан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини "Хитойнинг қўғирчоғи" сифатида танқид қилиб келади.

Қўшма Штатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди.

АҚШ 6 июль куни БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга топширган баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини 2021 йилда тарк этиши билдирилган.

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бюджетининг 15 фоизини молиялаштиради. У ташкилотнинг энг йирик донори ҳисобланади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ташкилотни коронавирус пандемияси олдини ололмаганликда ва бу ҳақда мамлакатлар ҳукуматларини ўз вақтида огоҳлантирмаганликда айблаб келади.

Дональд Трамп 19 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 30 кун ичида ўз фаолиятини яхшилаш мжбуриятини олмаса, АҚШ бу ташкилотни молиялаштиришни бутунлай тўхтатиши ҳақида билдирганди.

Вашингтон Хитой коронавируснинг тарқалиши юзасидан ҳақиқий маълумотларни халқаро жамоатчиликдан яширган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса Хитойнинг бу ёлғонларига ишонган, деб ҳисоблайди.

Вашингтонга кўра, бунинг ортидан пандемия ҳолати фақат мартга келиб эълон қилинди, бу даврга келиб эса минглаб одамлар коронавирусдан ўлган эди.

БМТ: Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбаларини ҳарбий жиноят деб ҳисоблаш мумкин

Суриянинг Идлиб вилоятидаги манзара.

Россия ва Сурия ҳарбий самолётлари Идлиб вилоятида мактабларни, касалхоналарни ва бозорларни бомбардимон қилган. Бу зарбаларни ҳарбий жиноят сифатида баҳолаш мумкин. 7 июль куни БМТ халқаро комиссияси мана шундай хулосани эълон қилди.

Суриядаги урушни тергов қилган БМТ махсус комиссияси ҳисоботида таъкидланишича, бомбардимонлар оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган, миллионга яқин суриялик ўз уйини ташлаб кетган. Бу эса инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.

Ҳисобот 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг июнигача бўлган даврни қамраб олган. Ҳисобот ҳарбий самолётлар парвози тўғрисидаги маълумотлар ва гувоҳлар кўрсатмасидан иборат.

Комиссия раҳбари Пауло Пиньейрунинг фикрича, БМТ томонидан террорчи гуруҳ сифатида тан олинган Сурия ҳукуматига мойил жангари гуруҳлар уруш қонун-қоидаларига амал қилмаган ҳолда Сурия тинч аҳолисининг қатор фундаментал ҳуқуқларини бузган.

Сурия шимоли-ғарбига уюштирилган 52та ҳаво ҳужумидан 47таси Россия қўлловида амалга оширилган.

Бразилия президенти Болсонару коронавирусга чалинди

Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслигини айтганди.

Бразилия президенти Жаир Болсонару 7 июль куни берган телеинтервьюсида ўзининг коронавирусга чалинганини маълум қилди. Бир кун олдин президент иситмаси кўтарилиб кетгани ва коронавирус симптомлари аниқ намоён бўла бошлагани ортидан тўртинчи марта тест топширган эди.

Болсонаруга кўра, у 5 июлдан бошлаб ўзида иситма сеза бошлаган, йўтали кучайиб, саломатлиги ёмонлашган. Бундан аввал Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслиги ва уни “арзимас шамоллаш” сифатида қабул қилишини билдирганди.

У апрель ойида “Агар коронавирусга чалинсам, уни енгил тарздаги тумов сифатида қабул қиламан”, деган тарздаги баёнотни ҳам берган.

Президент бу баёнотини берган пайтда мамлакатда коронавирусдан уч минг одам ўлган ва 40 минг одам коронавирусга чалинган эди.

Айни пайтда Бразилияда 65 мингдан кўпроқ одам коронавирусдан ҳалок бўлди, 1 миллион 600 мингдан қўпроқ одамга вирус юқди.

Россияда “давлатга ҳиёнат”да айбланган собиқ журналист эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди

Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Москва шаҳар Лефортово туман суди “давлатга ҳиёнат”да айбланган “Коммерсант” ва “Ведомости” газетаси собиқ мухбири Иван Сафроновни эҳтиёт чораси сифатида икки ойга ҳибс қилди.

Тергов версиясига кўра, Сафронов Чехия махсус хизматларига Россиянинг Яқин шарқдаги Африка давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги махфий маълумотларни етказиб турган.

Тергов Сафронов 2012 йилда Чехия махсус хизматларига ёлланганини ва маълумотларни 2017 йилда берганини иддао қилмоқда. Бу айблов асосида Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб 7 июлда қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас. Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.

Қозоғистонда COVID-19га чалинганлар сони 50 мингга яқинлашди

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган.

Қозоғистонда сўнгги бир суткада яна 1109 кишидан вирус топилди ва коронавирус юққанлар сони жами 49 683 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой коронавирусга чалинганлар сони расмий статистикадан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тан олди.

Вазир коронавирусдан ўлганлар сони 264 кишига етганини, улардан 76 нафари сўнгги бир ҳафтада вафот этганини маълум қилди. Унга кўра, яна 110 беморнинг ўлими юзасидан комиссия текширув олиб бормоқда. Комиссия улар коронавирус ёки бошқа касалликдан ўлганини аниқлаши керак.

Расмийнинг маълум қилишича, Қозоғистонда зотилжамга чалинган 28 минг бемор даволанмоқда. Улардан 300га яқинининг аҳволи оғир. Зотилжамдан бу мамлакатда 600дан кўроқ одам кўз юмди.

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган. Улардан 32 мингига касаллик июнь ойида юққан.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG