Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:02

Туркман шифокорлари: Коронавирус назоратдан чиқиб кетяпти


Деярли бутун дунё карантинда ўтирган пайти Туркманистонда байрамлар чекловсиз нишонланмоқда. Сурат Болаларни ҳимоя қилиш куни олинган. 2020 йил, 1 июнь.
Деярли бутун дунё карантинда ўтирган пайти Туркманистонда байрамлар чекловсиз нишонланмоқда. Сурат Болаларни ҳимоя қилиш куни олинган. 2020 йил, 1 июнь.

Туркманистон расмийлари коронавирус эпидемияси бошланганини сир тутишга курашар экан, мамлакатда вирусга чалинганлар сони тез суратда ошиб бормоқда. Бу ҳақда Озодликка туркманистонлик шифокорлар маълум қилди.


Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, ўтган ҳафтада пойтахт Ашхобод четида жойлашган Чоғанли юқумли касалликлар шифохонасининг икки ходими нобуд бўлган. Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбири билан суҳбатда расмийлар шифокорлар вирусни шифохонада юқтириб олганини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, вирусга чалинган шифокорлар 15 ва 16 июнь кунлари қазо қилган.

Туркманистон Шимолий Корея ва Тинч океанидаги саноқли мамлакат қаторида ўз ҳудудида бирорта ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини иддао қилиб келади. Мамлакатда аҳолига коронавирус ҳақида гапириш, врачларга эса хасталикни диагностика қилиш тақиқланган.

Озодлик билан суҳбатлашган шифокорлар Туркманистонда эпидемия «назоратдан чиқиб кетаётганини», ҳар бир вилоятда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилаётганини айтишди.

Лебап вилояти соғлиқни сақлаш расмийси 18-19 июнь кунлари бир неча одам COVID-19 симптомлари билан шифохонага ётқизилганини айтди.

- Уларнинг барчасида коронавирус аниқланди. Сафларида маҳаллий шифокор ҳам бор, - деди манба.

Лебапдаги бошқа бир манба 8 июнь куни ҳамширада коронавирус аниқланиши ортидан у ишлаган шифохона карантинга олинганини айтди.

- Шифохона ишчилари [коронавирусга] мунтазам равишда тест топширишга мажбур, аммо расмийлар тест натижаларини уларга айтишмаяпти, - деди Озодлик манбаси.

Бу гапларни мустақил равишда тасдиқлашнинг иложи бўлмади.
Туркманистонда ишончли маълумот тўплаш жуда мушкул, чунки мамлакатда мустақил матбуот ва маълумот эркинлиги мавжуд эмас.

18 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирилиги расмийси Озодликка:

- Расман, бизда коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқ. Бундан бошқа маълумот бера олмаймиз, - дейиш билан чекланди.

Қароргоҳи Европада бўлган Turkmen.news нашри яқинда Ашхободдаги 9-сонли поликлиникада бир неча шахс, жумладан, шифокорлар ва ҳамшираларда коронавирус аниқланганини хабар қилди. Бу хабарни мустақил тасдиқлаб бўлмади.

19 июнь куни Озодлик мухбири пойтахтда бир неча тиббий муассаса карантинга олинганини хабар қилди.

Дашогуз вилоятининг Сапармурат туркманбоши туманидаги Озодлик мухбирига соғлиқни сақлаш расмийлари саккиз нафар бемор коронавирус туфайли нобуд бўлганини маълум қилишди.

Мари вилоятида эса барча давлат ишчиларига тиббий кўрикдан ўтиш буюрилган. Бунга расмий изоҳ берилмаган, ишчилар тестлар учун ўз ҳамёнларидан тўлашлари кераклиги айтилган.

Мари вилоятида ва Туркманистоннинг бошқа ҳудудларида кейинги пайтда индивидуал ҳимоя воситаларини кийиб олган тиббиёт ходимларини тез-тез учратиш мумкин.

Байрамали шаҳридаги Озодлик мухбири маҳаллий шифокорларга таянган ҳолда шифохона ишчиларига 45 долларга индивидуал ҳимоя воситаларини харид қилиш буюрилгани хабар қилди. Бу сумма Туркманистондаги ўртача ойлик маошнинг 10 фоизига тенгдир.

Чоғанли юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг айтишича, илк коронавирус ҳолатлари февраль ойининг якунида қайд этилган. Ўшанда шифохона ходимлари икки нафар бемор ҳақида Озодликка сўзлаб берган эди.

Март ойида Туркманистон ҳукумати мамлакат чегараларини ёпди, номаълум нафас олиш йўли касаллиги ҳақида брошюра тарқатди, автобус бекатлари ҳамда айрим иморатларни дезинфекция қила бошлади.

Аммо 3 апрелгача «коронавирус» сўзи тилга олинмади. Ўша куни президент Гурбангули Бердимуҳамедов бу сўзни илк маротаба омма олдида тилга олди.
Нутқи давомида президент коронавирус дунё бўйлаб тарқалаётганини, бу ҳолат Туркманистон иқтисодида салбий кўрсатишини айтди.

Ҳукумат ҳануз кўп одам иштирокида оммавий тадбирларни ва байрамларни ўтказмоқда. Хусусан, 26 апрель куни Туркамни оти куни, 1 июнь куни Болалар куни нишонланди.

XS
SM
MD
LG