Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 14:13

Мирзиёев постсовет давлатлар ерига кўз тикаётган Путин билан Ғалаба парадини қабул қилади


Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев ва Россия президенти В.Путин - сурат 2017 йил 5 апрелида Кремлда олинган.

Ўзбекистон Республикаси президенти фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 24 июнда Москвада ўтказиладиган тадбирларда иштирок этади.

Шавкат Мирзиёевнинг Россия пойтахтига сафари Владимир Путиннинг собиқ совет республикалари Россия ерларини ўзлаштириб олгани тўғрисидаги баёноти фонида кечмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Россия билан муносабатларда Москвадан масофаланишга ҳаракат қилиб келган Ислом Каримовдан фарқли сиёсат юритаётганини баъзи таҳлилчилар унинг “советпарастлиги” билан изоҳласа, бошқалар Мирзиёев геосиёсат билан эмас, геоиқтисодиёт билан шуғулланаётгани билан тушунтиришга уринди.

Россия президенти Владимир Путин "Россия 1" телеканалида 21 июнда ўтган навбатдаги "Москва. Путин. Кремль" кўрсатувида собиқ совет республикаларини Россия ерларини ўзлаштириб олганликда айблади.

Путиннинг ҳудудий даъволари

Путинга кўра, Совет Иттифоқи тузилаётган пайтда унинг таркибига қўшилган республикалар “Россияга тегишли катта ерларни” ва “анъанавий тарзда Россия ҳудуди ҳисобланган жойларни олган”.

Путиннинг таъкидлашича, шундан келиб чиққан ҳолда Совет Иттифоқи парчалангач, уни тарк этган республикалар “нима билан келган бўлса, ўша нарса билан чиқиши” ва “рус ҳалқидан олинган ҳадяни қайтариши лозим” эди.

Россия президенти ўз сўзида муайян бир давлат номини тилга олмади.

Россия раҳбарининг иддаолари янграган куннинг эртасигаёқ унинг матбуот котиби Дмитрий Песков: “Россиянинг қўшни давлатларга ҳудудий эътирозлари мавжуд эмас, деб баёнот берди.

Путиннинг даъволари қозоғистонликлар ташвишини уйғотди

Кремль матбуот котиби ўз шефи баёноти заҳрини қанчалик кесишга уринмасин, Путиннинг гаплари собиқ совет мамлакатлари, айниқса, Россия билан чегарадош Қозоғистонда ўта негатив реакция уйғотди. Ижтимоий тармоқларда “Путиннинг баёнотидан кейин Тоқаев Москвага, ҳарбий парадга бормаслиги керак”, “Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиши керак” деган талаблар янграй бошлади.

Россия Қримни босиб олгани каби Қозоғистоннинг шимолий қисмини босиб олади, деган хавфсираш бор.

Қозоғистонлик таҳлилчи Шалкар Нурсеитов пайдо бўлган вазият юзасидан Озодлик радиоси қозоқ хизматига бундай деди:

“Россия Қримни босиб олгани каби Қозоғистоннинг шимолий қисмини босиб олади, деган хавфсираш бор. Биз қачонлардир мустамлака бўлганимиз учун , афтидан, бундай реакция генларимизда сақланиб қолганга ўхшайди. Боз устига жамиятнинг ҳокимиятга ишончи оз”.

Путиннинг ҳудудий даъволарига рус тарихчиси Сергей Абашин ўзининг Facebookида бундай муносабат билдирди:

“Аслида бизнинг ерлар” деган нарса бўлмаслигини унга (Путинга) биров тушунтириб қўйсайди.

“Аслида бизнинг ерлар” деган нарса бўлмаслигини унга (Путинга) биров тушунтириб қўйсайди. Турли элат ва халқлар, бир жойдан иккинчи жойга кўчаркан, бирининг ўрнини иккинчиси эгаллаб, ерларга қачонлардир эгалик қилган. У “аслида бизнинг ерлар” деб атаётган ерларни Московия ва кейин Россия империяси ҳам қачонлардир босиб олган, мустамлакага айлантирган, маҳаллий халқларни супуриб ташлаган, бўйсундирган ёки руслаштирган. Россия империяси ерлари “рус халқига” эмас, рус чорлари сулоласи – 18 асрдан бошлаб, келиб чиқиши немис бўлган Романовларга тегишли бўлганини, ниманидир эгаси деб билинган ”рус халқи” ғояси 19-асрда пайдо бўлганини ва империянинг парчаланишига сабаб бўлган омиллардан бири эканлигини унга биров тушунтириб қўйсайди”.

Путин тилидагини айтдими, дилидагиними?

Озод Европа/Озодлик радиоси журналисти, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис Брюс Панниер Путиннинг баёнотини ички истеъмол учун, шу ой охирида бўлиб ўтадиган Конституцияга ўзгартишлар киритишга доир умумхалқ овоз бериши арафасида қилинган баёнот, деб билишини айтди.

“Путин бундан олдин ҳам шунга ўхшаш баёнотлар қилган. Руслар қаерда яшамасин, биз уларга ғамхўрлик қиламиз, биз уларни ҳимоя қиламиз деган. Референдум арафасида у патриотик ҳисларни уйғотиш орқали халқни овоз беришга қатнашишга ундамоқчи”.

1 июлда ўтказиладиган Бутунроссия умумхалқ овоз бериш жараёнида маъқулланиши кутилаётган Конституцияга киритилган ўнлаб ўзгартишлар орасида Путиннинг шу пайтгача бўлган президентлик муддатлари “нол”га тенглаштириш¸ яъни у яна икки муддатда сайланишига йўл очадиган таклифлар ҳам бор.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Брюс Панниердан фарқли ўлароқ, Путиннинг баёнотида Марказий Осиё уучун реал хавф кўрмоқда:

“Путиннинг бу баёнотини яқин йилларда Россиянинг Марказий Осиёга, жумладан Қозоғистонга мўлжаллаган катта режасининг дебочасидир, бу мамлакатларга ишорадир, деб биламан. Шу пайтгача Путин Беларусь билан иттифоқ тузишга уринди ва бу лойиҳадан иш чиқмади. Эндиликда у Марказий Осиёга кўз тикмоқда”.

Тошкентлик тарихчи Анвар Назирнинг фикрича, Путиннинг ҳудудий даъволари замирида унинг неоимпериалистик режалари ётибди.

Путинни бугун кўриб турганимиз йўқ. Бир пайтлар у Украинанинг ҳудудий дахлсизлиги ҳақида гапирган эди, лекин кейин Қримни босиб олди.

“Путинни бугун кўриб турганимиз йўқ. Бир пайтлар у Украинанинг ҳудудий дахлсизлиги ҳақида гапирган эди, лекин кейин Қримни босиб олди. Путин ўзича янги бир ҳудуд пайдо қилиб, уни ўзи бошқармоқчи, нималигини тушуниб бўлмайдиган ярим чор, ярим советча идеология – неоимпериалистик мафкурани илгари сурмоқчи бўляпти. Айни пайтда, бу албатта, ички истеъмол учун ҳам қилинган баёнотдир. Чунки Россия жамиятида империалистик, шовинистик ғоялар кучли бўлган қалин қатлам бор”.

Кимгадир "советпараст", кимгадир "доно дипломат" Мирзиёев

Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус туфайли 9 майдан 24 июнга кўчирилган ҳарбий парадда иштирок этиш учун Россия пойтахтига сафари Владимир Путиннинг собиқ совет республикалари Россия ерларини ўзлаштириб олгани” тўғрисидаги баёноти фонида кечмоқда.

Юзага келган вазиятни шарҳлар экан, баъзи таҳлилчилар буни Мирзиёевнинг “советпарастлиги” билан изоҳласа, бошқалар Мирзиёев геосиёсат билан эмас, геоиқтисодиёт билан шуғулланяпти, деган фикрни билдирди.

“Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатдаги эпидемологик вазият оғир бўлиб турган бир пайтда Москвага сафар қилиши унинг мутлақ советпараст, россияпарастлиги белгисидир”.

Тарихчи Анвар Назирнинг бу фикридан фарқли фикрни Озод Европа/Озодлик радиоси журналисти, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис Брюс Панниер билдирди:

Шавкат Мирзиёвга Россия¸ биринчи навбатда¸ иқтисодий ҳамкор сифатида керак.

“Шавкат Мирзиёвга Россия¸ биринчи навбатда¸ иқтисодий ҳамкор сифатида керак. Ахир Москва Тошкентнинг энг асосий савдо ҳамкори. Қолаверса, Россиянинг Ўзбекистон ички ишларига аралашишининг олдини олиш лозим. Чунки агар Москва Ўзбекистон ичида муаммо яратгиси келиб қолса, буни қилиши мумкин. Шунинг учун Мирзиёевнинг сафарини дипломатик қадам, президентнинг доно қадами деб баҳолаган бўлардим. Бутун дунё иқтисодиёти абгор аҳволга тушиб турган бир пайтда, эртага нима бўлишни ҳеч ким билмаётган бир пайтда душман орттиришнинг нима кераги бор?

Шунга ўхшаш фикрни Камолиддин Раббимов ҳам билдирди:

“Мирзиёевнинг кун тартибидаги бугунги масала геоиқтисоддир, геосиёсат эмас. Бирор бир давлатга қарши гапириш, унинг ички ишларига оид фикр билдириш Мирзиёевнинг дипломатиясига хос унсур эмас. Мирзиёевнинг дипломатияси марказида Ўзбекистонга кимдан нима фойда бор, деган савол туради”.

Рус тарихчиси Сергей Абашин Путиннинг 21 июнь кунги баёнотига жавобан Facebookида қолдирган пости давомида мана бундай деган:

Ва ниҳоят тарихни, мамлакатни ва маданиятни шарманда қилишини, зўрлашини тўхтатиши учун унинг (Путиннинг) овозини биров ўчириб қўйсайди.

Империянинг миллий республикалар ва автономияларга бўлиниб кетиши “туҳфа” эмас, балки мураккаб музокаралар ва ўзаро ёнбосишлар, манфаатлар мувозанатини излаш бўлганини, бу жараёнда ўзини “рус” деб мутлақо билмаган марказ жойлардаги кайфиятни ҳисобга олишга мажбур бўлганини ва бунинг эвазига ўз улушини олганини унга (Путинга) биров тушунтириб қўйсайди.

Ҳозирги Россия Федерациясининг Россия империяси ерларига ҳеч қандай тарихий, боз устига юридик ҳуқуқи йўқлигини, Россия Федерацияси бошқа давлат эканлигини, унинг мафкураси бошқа, сиёсий тизими бошқа, ҳуқуқий легитимлиги бошқа эканлигини унга (Путинга) биров тушунтириб қўйсайди.

Ва ниҳоят тарихни, мамлакатни ва маданиятни шарманда қилишини, зўрлашини тўхтатиши учун унинг (Путиннинг) овозини биров ўчириб қўйсайди.

Москвада бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда Ўзбекистон президентидан ташқари Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон президентлари, шунингдек, ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия президентлари иштирок этади.

Арманистон, Озарбайжон ва Туркманистон президентлари ўз мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Москвадаги тадбирларда қатнашмаслигини билдирган.

XS
SM
MD
LG