Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 00:33

OzodMikrofon: "Ниқобинг йўқ деб Миллий гвардия ҳарбийлари мени бўғди, хушимдан кетдим"


Миллий гвардия ходимлари томонидан калтаклангани, буғилганини даъво қилган сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақулов

Сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақуловнинг Озодликка даъво қилишича, карантин қоидаларини назорат қилиб юрган Миллий гвардия ҳарбийлари уни бўғиб, хушидан кеткизишган.

Айтишича, ҳарбийлар уни ниқобсиз юрибди, деб уйи олдида тўхтатишган ва эътироз қилмоқчи бўлганида, бири унга нисбатан куч қўллаган.

Доварнинг отаси - 49 яшар Муҳаммаджон Ражабов 13 июнь куни содир бўлган ҳодиса гувоҳларида биридир. Унинг айтишича, атрофдагилар вақтида аралашмаганда, Довар ўлиб қолиши мумкин эди.

Доварнинг отаси шу кунга қадар ИИВ ёки прокуратура бу ҳодиса ортидан суриштириб келмаганини айтмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Янги турмуш қишлоғида яшайдиган 24 яшар тадбиркор Довар Жўрақуловнинг OzodMikrofon рукнига айтишича, ҳодиса 13 июнь куни унинг уйи олдида содир бўлган:

- Мен уйдан энди чиққан эдим. Отамга нимадир айтгандим, у мени эшитмади. Шунинг учун ниқобни бироз тушириб, унга гапириб турган пайтимда бирдан Миллий гвардия ҳарбийлари келишди. Ниқобсизсиз, сизни суратга олдик, дейишди. Қани суратни менга кўрсатинг, деган эдим, мени судраб кўчанинг нариги тарафидаги автобусни олдига олиб ўтишди. Ўша пайтда, автобусдан ичидан биттаси мени бўғиб, автобусни ичига тортди. Ердан оёғим узилиши билан ҳушимдан кетдим.

Унинг иддао қилишича, туйқусдан унга куч қўллаган ҳарбий, Довар ҳушидан кетганидан кейин қўйиб юборган.

У автобус ёнига йиқилиб тушган:

- Отам уларга нима қиляпсизлар, деб келаётганди орқамдан, мен орқага бурилган пайтида бўғди биттаси, кейин ҳушимдан кетдим. Кейин отам-онам мени касалхонага олиб боришган. Умуртқада қон томир қисилганми, шунақа дейишган, аниғини билмайман. Бир кун шифохонада ётдим, кейин ўзим уйга кетаман, дедим. Ҳозир уйдаман, ўрнимдан турсам, кўз олдим қоронғулашиб, яна ётиб қоляпман.

Қуйида тадбиркор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00
Бевосита линк


Тадбиркорнинг отаси 49 яшар Муҳаммаджон Ражабовнинг Озодликка даъво қилишича, ўша куни воқеа гувоҳлари аралашиб, ўғлини ўлимдан сақлаб қолган:

- Бўғиб, шундай бир нарса қилдики, буни қандай айтишга ҳам одам ўйланади. Мени кўз ўнгимда бўлди, дарвозамизни олдида. Оғзида маскаси бор эди, маскасини сал пастроққа тушириб, мен билан гаплашаётган эди. Ёнимизда усталар бор эди, улар аралашган эди, уларга ҳам ташланиб қолишди. Ҳалиям қутқариб қолдик, қутқармаганимизда, Худо билади нима бўлишини. Ўзлари кетиб қолишди, на ёрдам берди, на дўхтир чақирди. Ҳаммаси қочиб қолди кейин. Ҳозир ўғлим уйда оғир ётибди, тузукроқ еб-ичолмайди.

Тадбиркорнинг оиласи 13 июнь куни шифохонада уларга тақдим қилинган тиббий маълумотнома нусхаларини ҳам Озодликка тақдим қилди:

Довар Жўрақулов унга 13 июнь куни шфиохонада берилганини айтган тиббий маълумотнома, 2020
Довар Жўрақулов унга 13 июнь куни шфиохонада берилганини айтган тиббий маълумотнома, 2020

Довар Жўрақулов унга 13 июнь куни шифохонада берилганини айтган тиббий маълумотнома, 2020
Довар Жўрақулов унга 13 июнь куни шифохонада берилганини айтган тиббий маълумотнома, 2020

Довар Жўрақуловга 13 июнь куни етказилган тан жароҳати акс этган суратлар, 2020
Довар Жўрақуловга 13 июнь куни етказилган тан жароҳати акс этган суратлар, 2020

М. Ражабовнинг айтишича, шифохонада шифокорлар ҳодиса тафсилотларини сўрашган ва ИИВга дархол хабар берилишини билдиришган:

- Ўша куни касалхонадаги докторлар ИИВга хабар қилган бўлишлари керак. Ҳаммасини сўрашди, айтиб бердик. Хабар боргандан кейин буни ўзлари суриштиришлари керак эмасми?! Мен ҳозир бола билан овора бўлиб қолдим. Ҳеч қаерга мурожаат қилмадим ҳали. Кутиб турибман, қани чора кўришармикин, унга қараб ҳаракат қиламанда.

Яъни, тадбиркорнинг отаси бу ҳодиса бўйича ИИВ ва прокуратурага ҳануз мурожаат қилмаганини айтмоқда.

13 июнь куни содир бўлган ҳодиса гувоҳларидан бирининг Озодликка иддао қилишича, ўша куни Янги турмуш қишлоғида рейд уюштирган ҳарбийлар маҳаллий аҳолига жуда қўпол муносабатда бўлган, бошқаларга ҳам куч қўллаган.

- Доварни ниқоби бор эди. Ниқобинг йўқ, деб бўғишди. Мен бориб ажратмоқчи эдим, сен кимсан, деб менга ҳам наезд (зуғум) қилиб кетишди. Зўрға ажратиб олдик, бўлмаса бўғиб қўйишарди уни. Ўша ердан велосипедда келаётган 7-8 синф ўқувчиси Шоҳрух, деган боланиям тўхтатишиб, худди қўйни юклагандай автобусга отишди. Мени қутқаринглар, деб бақирди. Катта ёшдагилар сизларни ишингизни кўрадиганлар ҳам бордир, деб гапиришдиям, парво қилишмади, дейди ҳодисанинг исмини сир сақлаётганимиз гувоҳи.

Озодлик бу ҳодиса юзасидан Сариосиё кучишлатар тузилмалари ёки Сурхондарё ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирор расмий изоҳ ололмади.

Сариосиёлик тадбиркорнинг отаси, шу кунда ижтимоий тармоқларда катта баҳсларга сабаб бўлган Андижондаги ҳодиса - бир фуқаронинг ИИВ ходимлари томонидан қийноққа солиниши ортидан вафот этганидан хабардорлигини билдирди.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида чиқарилган 32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эди.

М. Ражабов куч ишлатар тузилмалари ходимларининг бу каби зўравонлигига чек қўйилиши шарт, деб таъкидлади:

- Интернетда Андижондаги воқеани ҳам ўқидим. Бундайларга қонун доирасида чора кўришсин, тергов қилишсин! Бунга бугун чора кўришмаса, эртага булар бирортасининг боласини ўлдириб қўйиши мумкин!

-----------------------------------------------------------------------------------------------

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

XS
SM
MD
LG