2019 йилда 16 киши қийноққа солишда айбланиб қамалган, уларнинг аксари ИИВ ва ДХХ ходимларидир.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида айтган.
"Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757та (2019 йилда 208та, 2018 йилда 352та, 2017 йилда 197та) ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 33таси, яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган", деган Ортиқова.
Аммо, Ортиқова қийноққа солиш айби билан жазоланганлар айнан кимлар эканини очиқламаган.
БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси томонидан 2020 йил 14 январда билдирилган Ўзбекистоннинг бешинчи даврий ҳисоботи бўйича якуний эътирозларда қийноқнинг олдини олиш тизимини халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек қийноқнинг барвақт олдини олиш, қийноққа доир мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, қийноқдан жабрланганларни реабилитация қилиш бўйича самарали ҳуқуқий, институционал механизмларни жорий этиш бўйича қатор тавсиялар берилган.
"Ушбу тавсияларни ҳисобга олиш зарурати қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади, деган Светлана Ортиқова.
Брифингда Ўзбекистонда сўнгги уч йилда қийноқнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига 3 мингдан ортиқ аудио ҳамда видео ёзув ускуналари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида адвокатлар учун жиҳозланган 69та хона ташкил этилгани маълум қилинди.