Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 16:35

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев Андижонда қурилаётган кўп қаватли уйлар сифатини танқид қилди

Ш.Мирзиёев Андижон вилоятининг Хўжобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилаётган майдонда, 2020 йил 22 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди ва қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш. Мирзиёев бундай жойларда уйлар бунёд этиш Ўзбекистонда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлаган.

Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида 35 та уй қурилмоқда. Улар Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши кўзда тутилган.

Президент лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

Шу куни Ш. Мирзиёев Андижон вилоятига сафарини якунлаб, Тошкентга қайтган.

Кун янгиликлари

Cўхлик ёшлар ОТМга киришда ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топширади

Сўх туман ҳокимлигида ўтказилган мажлисдан лавҳа, 2020 йил 3 июни.

Сўхлик ёшлар эндиликда олий ўқув юртларига қабул қилинаётганида ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда 3 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида Сўх тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда билдирилган.

Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, кечаги йиғилишда эксклавда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги ҳақида ҳам сўз юритилган ва Тошкентдан келган расмийлар томонидан Республика раҳбари сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратажаги билдирилган.

Шунингдек, туманда яқин келажакда таълим соҳасидаги бошқа муаммолар ҳам тўлиқ бартараф этилиб, янги мактаб ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилган.

Абитуриентлардан ОТМга кириш учун ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш учун абитуриентлар 15 июндан 15 июлгача ҳужжат топшириши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида 4 июнь куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, абитуриентлардан ҳужжатлар кечаю кундуз 24 соат давомида фақат 2 усулда - ДТМ сайти ҳамда my.gov.uz портали орқали онлайн қабул қилинади:

Бунда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Маълумотларга кўра, олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида ДТМ ҳамда муайян олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз (она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика), 2 та мутахассислик фанидан ўтказилиши ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Бугунги брифингда билдирилишича, кириш имтиҳонлари (тест) 25 июлдан 20 августгача ўтказилади.

Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.

Мутахассислик фанларидан баллар эса қуйидагича белгиланади:

1-блок - 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин;

2-блок - 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади.

Таълим сифати паст бўлган 55 та мактаб аттестациядан ўтмади

Ўзбекистонда белгиланган таълим сифати талабларига жавоб бермаганлиги учун 55 та (6,5%) мактаб аттестациядан ўтмаган ва аккредитацияланмаган. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг маслаҳатчиси Феруза Мадраҳимова Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозиманинг ёзишича, жорий йилда 858 та мактаб аттестациядан ўтказилган,
аттестациядан ўтган мактабларнинг 803 таси (93,5%) аккредитацияланган.

Аттестациядан ўтмаган мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Халқ таълими вазирлигига 3 та тақдимнома киритилган. Мактаблар фаолиятида аниқланган 7657 та камчиликлар бартараф этилган.

Ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Андижон вилоятида 68 фоизни, Сирдарё вилоятида 67 фоизни, Наманган вилоятида 66 фоизни, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 65 фоизни ташкил этган. Қайд этилишича, булар Республика кўрсаткичидан пастдир.

Қозоғистондан Ўзбекистонга келганлардан 20 нафарида коронавирус аниқланди

Беморлардан 11 нафарининг аҳволи оғир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3874 нафарни ташкил этмоқда. Бу 3 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 31 кишига кўпдир.

Янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Қозоғистондан чегара пости орқали Ўзбекистонга келганидан сўнг карантин марказида сақланаётганлар орасида аниқланган.

Бундан ташқари беморларнинг 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасига хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари Тошкент вилояти турғуни, 1 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган билан мулоқотда бўлган фуқародир.

Тошкент шаҳрида 8 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 3 нафари аҳоли орасида, яна 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 2 нафари хориждан келган ва карантинга олинганлар орасида аниқланган.

Вазирликка кўра, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 3014 нафар фуқаро соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 844 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. 16 бемор ҳалок бўлди.

ЮНИСЕФ: Ўзбекистонда болаларнинг асосий қисми кам таъминланган оилаларда яшайди

Болалар учун нафақа олишга ҳақдор бўлган оилаларнинг 75 фоизи “бола пули” олмайди.

Ўзбекистонда болаларнинг асосий қисми кам таъминланган оилаларда яшайди. Айни пайтда болалар учун нафақа олишга ҳақдор бўлган оилаларнинг 75 фоизи “бола пули” олмайди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг “Ўзбекистонда болалар ва ёшлар манфаатларига мос ижтимоий ҳимоя тизимини қуриш” ҳисоботида таъкидланди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 33 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Шунга қарамай, давлат томонидан болалар ижтимоий ҳимоясини молиялаштириш даражаси етарли эмас.

“Маҳаллалар нафақага ажратилган пулларни кўп сонли оилаларга тақсимлашга мажбур. Кўплаб оилалар нафақа олишга ҳақли бўлса-да, маблағ етишмаслиги туфайли ёки нафақа ололмайди, ёки узоқ вақт навбат кутиб қолади”,- дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда айтилишича, кам таъминланганлар учун манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг яхши йўлга қўйилмагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.

Хориж автоларига акциз бекор қилинади. “Иномарка”лар камида $ 2400 арзонлаши мумкин

Акциз солиғи 1 августдан бекор қилинади.

Жорий йил 1 августдан бошлаб тракторлар,10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари, енгил автомобиллар ва юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситаларини Ўзбекистонга олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.

Адлия вазирлигининг 3 июнда билдиришича, бу борада “Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4739-сон, 03.06.2020 й.) қабул қилинди.

Автомобил бозорини ўрганишга ихтисослашган Autostrada сайтининг ёзишича, хориждан Ўзбекистонга олиб кириладиган енгил автомобиллар учун акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини камида 2400 долларга арзонлашишига сабаб бўлади.

"Яшил" ва "сариқ" ҳудудларда буюм бозорлари ва шаҳарлараро автобуслар ишлай бошлайди

Хивадаги бозорлардан бири.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда буюм бозорлари ва шаҳарлараро автобуслар қатновига рухсат берилди.

Фаолиятини бошлайдиган буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши лозим.

Бозор маъмуриятидан бозорга кираётган ҳар бир шахснинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

5 июндан бошлаб ҳудудлар ўртасидаги автобуслар қатновлари ҳам қайта тикланади. Автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш, транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш, ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш шарт бўлади.

Айни пайтда Республика махсус комиссияси барча ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаслигини билдирган.

5 ва 15 июндан рухсат берилган фаолият турлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

"Яшил" ҳудудларда масжидлар фаолиятига рухсат берилди. Аммо жума намози ўқилмайди

Карантинга ёпилган масжидлар 5 июнда очилади.

“Яшил” ҳудудларда 5 июндан бошлаб масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилади, аммо ҳозирча жума намозлари ўқилмайди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси маълум қилди.

Фаолияти бошланган масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар бинолари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш шарт бўлади.

Бундан ташқари ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши керак.

Намоз вақтида махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда намозхонлар ўртасидаги оралиқ масофани 1,5 метр этиб белгилаш мажбурийдир.

Масжидга кираётган ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчанади. Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган одам масжидга киритилмайди.

Айни пайтда жамоавий диний маросимлар, жумладан, жума намози ўқилишига ҳозирча рухсат берилмайди.

5 ва 15 июндан рухсат берилган фаолият турлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

"Яшил" ҳудудларда тўйларни фақат уйда ўтказиш мумкин

1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда тўйларни ўтказишга рухсат берилди.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақатгина уйларда ўтказиш ҳамда меҳмонлар сони 30 кишидан кўп бўлмаслиги мажбурийдир. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 3 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, 1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди.

“Белгиланган 30 кишилик таркибга биринчи навбатда, оилавий тантана ва тўй эгалари, маърака ва маросим ташкил этувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшниларнинг кам сонли вакиллари киритилади. Шунингдек, оилавий тантана ва тўй эгаларининг истакларига кўра, иштирокчилар сонидаги чеклов доирасида хонанда ва бошқа хизматларни бажарувчи ходим қатнашиши мумкин”,- деб айтган расмий.

Унга кўра, 30 кишидан кўп меҳмон чақирган шахслар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Тошкентда Covid-19 га чалинган 72 ёшли бемор оламдан ўтди, қурбонлар сони 16 нафарга етди

Тошкентда коронавирусга чалинган 72 ёшли М. исмли (эркак) бемор оламдан ўтди. Шу тариқа Ўзбекистонда Covid-19 инфекцияси юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмган кишилар сони 16 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, М. 2 июнь куни “Covid-19” аниқланиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. У узоқ йиллардан буён юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта юрак хуружини бошидан ўтказган.

ССВ қайдича, мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан жонлантириш бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этган.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 2020 йил 3 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, 3843 нафарга, соғайганлар сони эса 3014 нафарга етганини маълум қилган.

Истанбул ва Москвадан 1 ва 2 июнь кунлари 677 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Тошкент – Истанбул – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида амалга оширилган парвозлар орқали 677 нафар ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур парвозлар Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш мақсадида тасдиқланган чартер рейслар жадвалига мувофиқ равишда амалга оширилган.

Вазирлик 3 июнь куни Тошкент – Шаржа – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида чартер қатновлари амалга оширилиши белгиланганини, 4 июнь куни эса Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент йўналишида чартер рейси бажарилиши кутилаётганини билдирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда”, деб айтган, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётгани, бунга қўшимча яна 100 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётганини билдирганди.

Сенаторлар издош етиштириш мақсадида Ёшлар парламентини тузишга қарор қилишди

Ўзбекистон Сенати.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш бўйича Сенат Кенгаши қарори, Ёшлар парламенти низоми ва Ёшлар парламентини ташкил этиш ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур лойиҳага кўра, “Ёшлар парламенти аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга 18 – 30 ёш бўлган фуқаролар орасидан гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда жами 100 нафар этиб шакллантирилади”.

Қайд этилишича, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган ёшлар вакилларидан жами 84 нафар (ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда 6 нафардан) ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 нафар ҳамда Сенатнинг Ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан 6 нафар ёш йигит-қиз Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланади.

Ёшлар парламентининг раиси Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига кўра Ёшлар парламентининг ялпи мажлисида аъзолар томонидан сайланади.

Ёшлар парламенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тавсиявий характерга эга бўлиб, уларни тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш билан Ёшлар парламенти котиби шуғулланади. Ёшлар парламенти котиби Ёшлар парламенти раиси тавсиясига кўра Ёшлар парламенти аъзолари томонидан сайланади.

Ёшлар парламентида Илм-фан, маданият ва туризм масалалари комиссияси,Илм-фан, маданият ва туризм масалалари комиссияси,Спорт, соғлом турмуш, ижтимоий масалалар ва экология комиссияси, Компьютер технологиялари, инновацион ғоялар, стартаплар ва агрокластер масалалари комиссияси, Китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва қонунчилик масалалари комиссияси, Бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари комиссияси ва Гендер тенглик масалалари комиссияси кабилар фаолият олиб бориши айтилмоқда.

Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради.

“Ёшлар парламенти Олий Мажлис Сенати ҳузурида ташкил этиладиган юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамоатчилик асосида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади. Мамлакатимиздаги қонун чиқарувчи ва ижро органлари кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади”, дейилади Сенат ахборот хизмати хабарномасида.

Cирдарёга Қирғизистондан яна инсонпарварлик ёрдами етиб борди

Сирдарёга гуманитар юк етказиб берган Қирғизистон фуралари (Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати фотосурати),

Қирғизистон Сардоба тошқинида жабр кўрган сирдарёликлар учун яна гуманитар ёрдам йўллади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ёрдамни вилоятга Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси маслахатчиси Нурлан Джумалиев бошчилигидаги делегация олиб келган.

Қайд этилишича, қирғиз халқи томонидан йўлланган ёрдам юки 20 тонна макарон, 20 тонна гуруч, 10 тонна ўсимлик ёғи, 10 тонна шакар, 5 тонна сув ва 10 тонна картошкадан иборат.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан жабрланган ўзбекистонликларга Қирғизистон 11 май куни ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Ўшанда қўшнилар сирдарёликларга 1 000 тонна цемент, 100 тонна гуруч ва 10 тонна ўсимлик ёғи йўллаган.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган табиий офат натижасида минглаб уй сув остида қолган, 90 минг нафар аҳоли эвакуация қилинган эди.

Турк ширкати Тошкентда газ электр станцияси қуради

Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Aksa Energy Ўзбекистон пойтахтида 240 МВт қувватга эга бўлган газ электр станцияси қурилишига сармоя ётқизади. Лойиҳа, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан келишув асосида амалга оширилмоқда.

Электр станцияси қурилишини бир йил ичида битказиш режаланган. Ишларни жадаллаштириш учун ширкат бошқа мамлакатлардаги мутахассисларининг бир қисмини Ўзбекистонга ташлаши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида амалга ошириляпти. Aksa Energy электр станциясини қуриб, уни 25 йил давомида эксплуатация қилади, Ўзбекистон томони эса станцияни табиий газ билан таъминлаш ва корхона томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш кафолатини ўз зиммасига олган.

ФВВ зарарли чигирткалар тарқалишига қарши тадбирлар ҳақида ҳисобот берди

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб зарарли чигирткаларнинг 327,4 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 309,6 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан шу кунгача зарарли чигирткаларга қарши 397 минг гектар майдонда ишловларни ўтказишни таъминлайдиган кимёвий воситалар захираси яратилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу тадбирларга 500 дан ортиқ махсус техника ва 700 нафардан ортиқ ишчи жалб қилинган.

Вазирлик чигирткаларга қарши чоралар Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётганини урғулайди.

ФВВ жорий йилда зарарли чигирткаларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш учун жойларда 597,9 минг гектарда кимёвий ишлов ўтказилиши режалаштирилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистонга зарарли чигирткалар хавф солаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик бундан қарийб бир ой аввал хабар қилган эди. Шундан сўнг ўзбек расмийлари маҳаллий матбуот орқали қилган чиқишларида буни рад қилиб, мамлакатда чигиртка хуружига оид хатар кузатилмаётганини иддао қилганлар.

Ўзбекистон халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшиламоқчи

Президентнинг 2 июндаги фармони билан “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг ишга туширилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади. Бу тадбир президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармон асосида амалга оширилади.

Ҳужжат билан Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Кенгашнинг ишчи органлари этиб Молия ва Адлия вазирликлари тайинланган.

Фармонда Молия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрига қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг ишга туширилишини таъминлаш топширилган.

Тошкентда ОИВга чалинганинини била туриб мактабдоши билан жинсий алоқа қилган ўсмирга жиноят иши очилди

Маълум бўлишича, ўсмир 7 ёшидан бошлаб ОИТС диспансерида ҳисобда турган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг 2 июнда хабар беришича, 17 ёшли А.К., ОИВ-инфекцияси билан касалланганлигидан ва ОИТС диспансерида ҳисобда туришидан хабардор бўла туриб, таниши 16 ёшли Р.Б., билан ҳимояланмаган тарзда жинсий яқинлик қилган ва бу билан қизни ОИВ-инфекцияси юқтириш хавфи остига қўйган.

Бир оз вақт ўтгач, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган қиз шифокорга мурожаат қилиб, 5 ойлик хомиласи борлигидан хабардор бўлган. Йигитининг ташҳисини билган қиз ҳолатнинг жиддийлигини тушуниб, муаммоси ҳақида тиббиёт мутахассисларига ва яқинларига маълум қилган.

Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 113 - моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат бўйича тўпланган маълумотлар айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича судга кўриб чиқилиши учун йўналтирилди.

Хабарда таъкидланишича, терговолди текширувлари доирасида йигит ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Йигит 7 ёшидан бошлаб ОИТС диспансерида ҳисобда турган. Қиз ва йигит бир-бирини севган.

“Муносабатларни «катталар» даражасига ўтказишни йигит ва қиз режалаштирмаган эдилар, аммо бу ҳолат содир бўлганида уларда контрацептив (презерватив) бўлмаган. Йигит қизни жинсий алоқа хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган, аммо ўсмирлик севгиси уларнинг кўзини кўр қилиб қўйган эди. Кейинчалик ёшлар ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, биринчи ҳолат ҳеч қандай ёмон оқибатларга олиб келмаслигидан умидвор бўлишган”, - дейилади Тошкент ИИББ хабарида.

Коронавирусга чалинган 11 беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда касалхоналарда 846 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 3 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3769 нафарни ташкил этмоқда. Бу 2 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 9 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари Тошкент вилоятида (6 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари аҳоли орасидан аниқланган), 2 нафари Сирдарё вилоятида (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган) аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 2908 киши соғайган, 15 бемор вафот этган. Ҳозирда касалхоналарда 846 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 10 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бош вазир кўрсатмаси билан ҳукумат аъзолари Сўхга борди

Бош вазир Абдулла Арипов ҳам 1 июнь куни Сўхга борган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов кўрсатмаси билан ҳукумат аъзолари 2 июнь куни Сўх туманига бордилар. Бу ҳақда “Газета” уз хабар берди.

Хабарда айтилишича, Сўх туманига борган ҳукумат аъзолари маҳаллий аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганишлари керак.

Сўхга вертолётда етиб борган ҳукумат аъзолари орасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, бош вазирнинг аграр ва озиқ овқат соҳаси бўйича ўринбосари Ўктам Барноев, ижтимоий тараққиёт бўйича бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари Сардор Умрзақов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, қишлоқ хўжалик вазири Жамшид Хўжаев, спорт вазири Дилмурод Набиев ва бошқалар бор.

Айтилишича, ҳукумат Сўх туманидаги вазиятни барқарорлаштириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича дастурни ишлаб чиққан.

Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида “Чашма” булоғи устида жанжал чиқиб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилди.

Чегарадаги можаро ортидан 1 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов сўхликлар билан шахсан учрашган.

31 май кунги можаро оқибатида, қирғиз расмийлари маълумотига кўра, 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган.

Айни пайтда Сўх тумани ҳокимлиги 31 майдаги можаро ортидан туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилгани, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилганини расман маълум қилган.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, яраланганлардан 13 нафари ўқ еган, айримларининг жароҳати оғир.

2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов 3 киши ов милтиғидан яраланганини расман маълум қилди.

Сардоба тошқинида жабрланганларнинг 21,5 мингдан кўпроғи ҳали уйларига қайтмади

Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйлардан бири.

Сардоба тошқинида жабрланган 4 025 оилага президент кўрсатмасига асосан 40 миллион сўмдан моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари яна 1 818 та фуқарога ҳам мана шу миқдорда моддий ёрдам берилади. Айни пайтда уларнинг рўйхати тузилди. Бу ҳақда АОКАда 2 июнда ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

“Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан эвакуация қилинган жами 89 минг 450 нафар аҳолини 67 минг 901 нафари яшаш манзилига қайтарилди. 21 минг 549 нафар фуқаро эвакуация қилинган ҳудудларда қолмоқда”, деб айтган расмий.

Унга кўра, 11 минг 272 бош уй ҳайвони қидириб топилган ва ўз эгаларига қайтарилган. Нобуд бўлган 6 минг 112 бош уй ҳайвони дезинфекция қилинган ҳолда, махсус ажратилган 5 та ҳудудга кўмилди.

1746 нафар фуқаронинг паспорти топилиб, ўз эгаларига қайтарилди. 1917 нафар фуқарога янги биометрик паспорт расмийлаштириб берилди.

Зарар етган ҳудудларни ободонлаштириш, хавфсиз ҳудудга айлантириш ва фуқароларни доимий яшаш жойларига кўчириш ишларига ички ишлар органларининг 495 нафар ходими сафарбар қилинган.

“Korean and migration” хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига нисбатан суд жараёни бошланди

2019 йилнинг 17 сентябрида HUMAN хусусий бандлик агентлигига алданганлар Вазирлар Маҳкамасига норозилик билдириб борган.

“Korean and migration” хусусий бандлик агентлигининг 11 нафар ходимига нисбатан очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати 2 июнь куни хабар берди.

Маълумотда айтилишича, агентлик директори Қаҳрамон Отақулов, агентликнинг хорижий ҳамкори – Жанубий Корея фуқароси Канг Нам Кю, агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов, “Korean and migration” таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва яна 7 ходимга нисбатан жараён Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида бўлиб ўтмоқда.

“Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган”,- дейилади хабарда.

Ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд. Терговнинг билдиришича, уларга келтирилган зарар 24 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 13 миллиард 300 миллионини қоплаш чораси кўрилган.

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилган.

“Korean and migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йилнинг 10 ноябрида хабар берган эди.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

Қурилиш вазирлиги: Сардоба тошқинида 4 435та хонадон зарар кўрган

Сардоба тошқини ортидан айрим оилалар мана шундай қўлбола чайлаларда яшашмоқда.

Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатида юзага келган сув тошқини оқибатида 4 435та хонадон зарар кўрган. Шундан 2 390таси яроқсиз, 2 045таси таъмирталаб ҳолатда. Бу ҳақда 2 июнь куни АОКАда ўтган брифингда Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, айни пайтда 1 814та уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг 494таси Сардоба, 668таси Оқолтин ва 652таси Мирзаобод туманида.

Жамолиддин Қаландаров кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудини тиклаш ва ободонлаштириш учун жами 8 миллиард 400 миллион сўм ажратилди.

Айни пайтда Озодлик радиоси 28 май куни Сардоба тошқинида вайрон бўлган кадастр ҳужжатлари йўқ уйлар эгаларига ҳеч қандай кўмак берилмаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мутасаддилар Озодлик билан суҳбатда ноқонуний қурилган иморатлар учун иқтисодий ёрдам бериш кўзда тутилмаганини айтишди.

Президент фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.

Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони 3760 нафарга етди

Ўзбекистонда,2020 йил 2 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 3760 ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 7 таси Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида, 2 таси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, биттаси эса Карантин марказидаги (Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кириб келган) фуқаролар орасида аниқланган.

Бу орада вазирлик мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 2908 нафар фуқаро соғайиб кетганини, 837 нафар беморнинг муолажалари давом этаётганини билдирган. СВВ қайдича, тиббиёт муассасаларида даволанаётган 837 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Эпидемия бошланганидан бери COVID-19 инфекцияси юқтириб олган беморлардан 15 нафари оламдан ўтган.

Сўконғич бош врач ишдан олинди

Иллюстратив сурат.

Қўл остидаги ходимларни ўз кабинетида бўралатиб сўккан Тошкент вилояти Санитария -эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоев ўз вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда Б.Болтабоев ходимларини ўз кабинетида сўкаётганига оид видео тарқалганидан кейин ССВ ҳузуридаги Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилган ҳамда унинг қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати муҳокама қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилган.

“Бош врач Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, мазкур агентлик директори Баҳодир Юсупалиевнинг тегишли бўйруғи билан ўз вазифасидан озод этилди”, дейилади хабарномада.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади

Салом бераётган ўзбек келини.

Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг бунга оид қарори лойиҳаси 2 июнь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Лойиҳага мувофиқ, қуйидагилар мазкур марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
  • никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;
  • машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;
  • турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

Қарор билан “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида”ги низом тасдиқланиши кўзда тутилган.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлар хайриялари, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар тузилажак марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.

Қарор юзасидан муҳокама шу йил 17 июнигача давом этади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG