Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:51

OzodDayjest: Блогер 40 долларли Чехия ширкатига Тошкентдаги ер бепул берилганини ёзди


Блогерга кўра, Чехия ширкатига Ўзбекистон фуқароси Исроил Юнусов эгалик қилади.
Блогерга кўра, Чехия ширкатига Ўзбекистон фуқароси Исроил Юнусов эгалик қилади.

Иқтисодчи Юлий Юсупов президентнинг ҳокимларни огоҳлантиришини “хитойча пўписа” деб атади. Тошкент ҳокимияти 1 млн долларлик ерни теппа-текинга бериб юборгани эътирозларга сабаб бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Иқтисодчи Юлий Юсупов: Бу аҳволда ҳуқуқий давлат орзуси сароб бўлиб қолаверади!

Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимларни огоҳлантирганини “хитойча пўписа” деб атади. Унинг фикрича, қонунбузарларга қарши жиддий чоралар кўрилмас экан, огоҳлантиришлар фойда бермайди.

Президент Ш.Мирзиёев 19 майдаги видеоселектор мажлисида: “Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради”, - деди.

“Тўғрисини айтганда, сўнгги уч йил ичида хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни тақиқлаш тўғрисида қанчадан-қанча фармон ва қарорлар имзолангани, президент томонидан неча марта дўқ-пўписалар қилиниб, хусусий мулк дахлсизлиги ҳимоя қилинганини аниқ эслолмайман, ҳисобда адашиб ҳам кетганман”, - дейди Ю. Юсупов.

Аммо амалиётда тадбиркорларга қарши зўравонлик ва қонунбузарликлар ҳали ҳам давом этмоқда.

“Сўнгги хабарга кўра, апелляция маҳкамаси “Совпластитал” акциядорининг зўравонларча тортиб олинган мулки учун товон тўлаш ҳақидаги суд қарорини бекор қилибди. Қарангки, 2017 йилда корхонага қарши қарор қабул қилган судья бу гал суд жараёнида прокурорлик қилган. Бу ҳодиса “адолат посбонларимиз” ҳақида керакли хулосалар чиқариб олишимиз учун кифоя қилади”, - дейди иқтисодчи.

Таъкидланишича, қонунга зид қарорлар қайта кўрилиб, айбдорлар қаттиқ жазоланмас экан, “хитойча пўписалар”нинг бари ҳавойи гаплар, ҳуқуқий давлат ҳақидаги орзулар эса сароб бўлиб қолаверади.

Блогер: Тошкентда бўш ер қолмаяпти; фуқароларга қулайлик ҳақида ҳам кимдир қайғурадими?

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев Тошкент шаҳрида фуқароларга қулайлик яратиш муаммосига эътибор қаратди (www.xabar.uz, 19 май).

“Тошкент шаҳри тобора зичлашиб, бўш ер деярли қолмаяпти. Балки мегаполислар учун шунақа ҳам бўлиши керакдир. Аммо шаҳарсозлик қоидалари, фуқароларга қулайликлар ҳақида ҳам кимдир қайғурадими? Виждонан айтинг-чи, сўнгги йилларда кўчаларда машина қўйиш учун бирор шароит яратилдими? Йўқ. Аксинча муаммо тобора катталашиб бормоқда”, - деб ёзди у.

Блогер, шунингдек, “Пойтахт” савдо маркази рўпарасидаги автотураргоҳ Тошкент шаҳри ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида Чехиянинг “IMP NEW PAY” компаниясига теппа-текинга, ҳеч қанақа тендерларсиз бериб юборилганини ҳам савол остига олди.

“Энг қизиғи, буни қарангки, қандайдир тасодиф билан Чехия компаниясининг 95 фоизлик улушига ўзимизнинг “Real House” қурилиш фирмаси раҳбари, Ўзбекистон фуқароси Исроил Юнусов эгалик қилар экан. Ва ундан ҳам қизиғи, пойтахтнинг қоқ марказида бозор қиймати тахминан 1 млн долларга тенг бўлган бу жой бериб юборилган Чехиянинг “IMP NEW PAY” компаниясининг уставида атиги 1000 крон (40 доллар) бор экан. Кимни алдаяпмиз? Қачонгача алдаймиз?” - дея масъулларни саволга тутди Х. Худойбердиев.

Актёр Матёқуб Матчонов: Санъаткорларнинг “запрет”га туширилиши – аҳмоқона иш

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов “Дарё” нашрига берган интервьюсида санъаткорларга нисбатан қўлланган тақиқларни аҳмоқона иш деб баҳолади (www.daryo.uz, 20 май).

Актёрга кўра, тақиқлар катта лавозимдаги мансабдорлар томонидан қўйилган. Бунда маълум маънода маҳаллийчилик, тарафкашлик ҳам роль ўйнаган.

“Запрет” сўзининг ўзи бир аҳмоқона сўз. Аллоҳга беҳисоб шукр, шу нарсаларни йўқ қилган президент бошимизга келди. Умрлари узоқ бўлсин, бу балони олиб ташлашди. Авваллари буни қарасанг “запрет”, уни қарасанг “запрет” нимага бундай бўлган экан, дея ҳайрон бўлардик. Ўзимиз ҳам бирор нимани гапириб қўйсак, “запрет”га тушиб қолмайлик, деб қўрқиб гапирар эдик”, - деган актёр М.Матчонов.

Cуҳбатда қайд этилишича, марҳум сўз устаси Обод Асомов ҳам мансабдорлардан бирининг тўйига бормагани ортидан норасмий қора рўйхатга тиркалган.

XS
SM
MD
LG