Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

"Қизил, сариқ, яшил" ҳудудлар белгиланди. Нималарга рухсат берилди ва нималар тақиқланди?


Қизил, сариқ ва яшил ҳудудларда карантин чоралари 8 майдан бошлаб юмшатиб борилади.
Қизил, сариқ ва яшил ҳудудларда карантин чоралари 8 майдан бошлаб юмшатиб борилади.

Республика махсус комиссияси карантин чекловлари даражаси бўйича ҳудудларни қизил, сариқ ва яшилга ажратди. 8 майдан бошлаб мазкур учта тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чоралари босқичма босқич бекор қилиб борилади.

Навоий вилояти, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари яшил ҳудуд деб ҳисобланади.

Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари сариқ ҳудуд қилиб белгиланди.

Республиканинг қолган барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси “қизил” ҳудуд деб эътироф этилди.

“Қизил” ҳудудларда нималарга рухсат берилади?

Сўнгги 14 кун ичида коронавирусга чалинганлар аниқланган Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари “қизил” ҳудуд ҳисобланади. Мазкур ҳудудларда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолинади ва вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади.

“Қизил” ҳудудларда қуйидаги фаолиятга рухсат берилади:

озиқ-овқат савдо дўконлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдо дўконлари, қурилиш материаллари бозорлари, тикувчилик ва бичувчилик цехлари, тижорат банкларининг объектлардаги шохобчалари (кассалари), кимёвий тозалаш, нотариал идоралар, адвокатура ва суғурта ташкилотлари, пойабзал таъмирлаш устахоналари, чорвачилик, терини қайта ишлаш корхоналари, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари (етказиб бериш ва олиб кетиш учун), тиббиёт муассасалари фаолияти;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, жойларга етказиш ва сотиш, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш, ҳунарманд ва усталар, улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш;

объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, якка тартибдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари, етказиб бериш хизмати;

кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани сақлаган ва ниқоб таққан ҳолда сайр қилиш.

“Сариқ” ҳудудларда гул сотишга ҳам рухсат берилди

Сўнгги 14 кун давомида коронавирусга чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ вирус юққан ва ундан даволанаётганлар мавжуд бўлган ҳудудлар. Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри “сариқ” ҳудуд қилиб белгиланган.

Мазкур ҳудудда “қизил” тоифадаги ҳудудларда рухсат берилган фаолиятга қўшимча тарзда яна қуйидагиларга рухсат берилади:

ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари, заргарлик ва гул сотиш дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари (махсус талаблар асосида) ҳамда меҳмонхоналар (хостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно) фаолияти;

автомашиналар ювиш шохобчалари фаолияти, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига техник хизмат (сервис) кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти;

ҳунармандчилик, маиший жиҳозлар ва электрон қурилмаларни таъмирлаш устахоналари фаолияти;

йўналишсиз таксида махсус талаблар асосида йўловчи ташиш, велосипед ва скутерда ҳаракатланиш.

“Яшил” ҳудудларда истироҳат боғлари ҳам ишлайди

Коронавирус аниқланмаган ёки коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ соғайган Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари “яшил” ҳудуд сифатида белгиланди.

“Яшил” ҳудудларда “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда рухсат берилган фаолиятдан ташқари яна қўшимча равишда парк ва истироҳат боғлари фаолиятига рухсат берилади. Лекин аттракцион ва кўнгилочар объектлар фаолияти тақиқланади.

Автотранспорт воситаларининг стикерсиз, шунингдек, мототранспорт ва велосипедларнинг ҳаракатланишига “яшил” ҳудудларда рухсат берилади. “Сариқ” ва “қизил” ҳудудларда автотранспорт воситалари стикерсиз ҳар куни 07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача ҳаракатланиши мумкин.

Барча ҳудудлар учун сақланиб қолинадиган талаблар

2 метр қилиб белгиланган ижтимоий масофани сақлаш, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиши;

таълим ташкилотлари, ўқув курслари, кўнгилочар объектлар, буюм бозорлари фаолияти ва жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўймаслик;

барча турдаги оммавий тадбирлар, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни (дафн маросимлари 10−15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик;

деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат савдо нуқталарини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 °C ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик;

барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;

қурилиш-таъмирлаш ишларида объектлар ҳудудини тўлиқ карантинга олиш ва уларда санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириб бориш.

XS
SM
MD
LG