Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:53

OzodDayjest: Замонавий пластик картани Амир Темур кашф этгани иддао қилинди


Тошкент ҳокимияти телеграм каналида чоп этилган бу мақолани Маънавият маркази масъул ходими ёзган.
Тошкент ҳокимияти телеграм каналида чоп этилган бу мақолани Маънавият маркази масъул ходими ёзган.

Нурафшон ҳокими ўринбосари мораторийга қарамай дарахт кестирди. Ўзбек тили олдида турган муаммо фақат пешлавҳаю ташқи рекламадан иборат эмаc Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Маънавият маркази масъул ходими: “Замонавий пластик картани Амир Темур кашф этган”

"Ҳозирда кундалик эҳтиёжимизга айланган, ҳар томонлама қулай замонавий пластик карталарни аслида Амир Темур бобомиз кашф қилган", деб ҳисоблайди Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Сайёра Файзиева.

Муаллифнинг ҳикоя қилишича, Амир Темурнинг Эронга юриши пайти Исфаҳон қамали чўзилиб кетади ва у рафиқаси Сароймулкхонимга “Қўшиннинг захираси тугади, хазинадан зар юборинг” деган мазмунда мактуб жўнатади. Бибихоним эса “Cиёсатингиз ҳам тугадими?” дея жавоб ёзади.

Сўнг Амир Темур турли суякларни кестириб, орқасига муҳр урдирган ва вақтинча пул чиқартирган. Аскарлар суяк-пулларга озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж учун зарур буюмлар сотиб олган. Исфаҳон таслим бўлгач, суяклар тилла тангага алмаштириб берилган.

“Ана шу суяк-пулларни инсоният тарихида пластик карталар ва нақдсиз пул айланмасининг илк кўриниши деса бўлади”, дейилади Тошкент вилоят ҳокимлиги Телеграм каналида эълон қилинган мақолада.

Сирдарё ва Нурафшон ҳоким ўринбосарлари ноқонуний равишда дарахт кестирди

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд Саидхўжаевнинг буйруғи билан “Бегалтепа” маҳаллаcи ҳудудида 9 туп арча ва 1 туп чинор дарахтлари кесиб ташланди (www.daryo.uz, 8 апрель).

Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича ёзма равишда тушунтириш сўраганда, ҳоким ўринбосари бундан бош тортган. Ушбу ҳолатда табиатга етказилган зарар миқдори қарийб 110 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун ҳужжат тайёрланмоқда.

Шунингдек, Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари Худойберди Нажмуллаев буйруғи билан “Шоликор” маҳалласида 1 туп арча ҳамда 1 туп қайрағоч кесилган. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси табиатга етказилган зарарни 11,7 миллион сўм деб баҳолаган ва тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган.

Олима: “Ўзбек тили олдида турган муаммо фақат пешлавҳаю ташқи рекламадан иборат эмаc”

Ўзбек тили чинакам маънода давлат тилига айланиши учун миллий характер етишмаяпти деб ҳисоблайди филолог олима ва блогер Шаҳноза Соатова (“Янги Ўзбекистон”, 2020 йил 48-сон).

“Европа халқлари бир иттифоқ таркибида, орасида чегараси йўқ, худди биз қўшни вилоятга боргандек бир-бирларининг мамлакатларига ўтиб-қайтиб юришади. Бундай шароитда кучли тиллар майдаларини еб юбормаётганининг, жадал иқтисодий, сиёсий интеграция манзарасида миллий хослик (ўзлик) сақланиб қолаётганининг асосий сабаби нима? Миллатнинг характери!

Қаранг, ҳеч ким қонунлар чиқармаяпти, мажлислар ўтказмаяпти, назорат қилмаяпти, махсус органлар тузмаяпти, бюджет пулини сарфламаяпти. Шунчаки, она тилида гаплашяпти! Бизга шундай характер етишмаяпти”, деб ёзади у.

Олимага кўра, ўзбек тили олдида турган муаммолар фақат номлар, пешлавҳа, ташқи рекламадангина иборат эмас.

“Асосий муаммолар чуқурроқда, албатта. Бу – давлат ташкилотларида иш юритишдан тортиб, қонун лойиҳаларини давлат тилида тайёрлашгача, атамашуносликнинг ривожланмаганидан тортиб давлат тилида сифатли контент камлигигача, ўзимиз ўзбекча ўйлаб туриб, фарзандларимизга дунёни бошқа тиллар орқали танитаётганимиздан тортиб ўзбек тили таълимининг йиғилиб қолган муаммоларигача... Хуллас, бу муаммоларни аниқлаш, тан олиш, тизимлаштириш ва эҳтиросларни йиғиштириб аниқ режа асосида улар устида иш бошлаш вақти келди”, дейди Ш.Соатова.

XS
SM
MD
LG