Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:13

Саида Мирзиёева Дубайдаги форумда Иванка Трамп билан танишди (ВИДЕО)


Саида Мирзиёева Иванка Трамп билан, 16 февраль, Дубай.
Саида Мирзиёева Иванка Трамп билан, 16 февраль, Дубай.

Бирлашган араб амирликлари (БАА) Дубай шаҳрида 16 февраль куни Бутунжаҳон аёллар форуми бошланди.

2 кунлик форумнинг биринчида кунида президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сифатида сўзга чиқди.

Telegram тармоғидаги саҳифасида Мирзиёева форум олдидан уни АҚШ президенти қизи Иванка Трамп билан таништиришганини ёзди.

Kun.uz нашри Дубайдаги Бутунжаҳон аёллар форумида Саида Мирзиёева қилган нутқ матнини чоп этди.

Мирзиёева форумдаги чиқишида, асосан, БААни инноватор аёлларга оид лойиҳалар учун энг муносиб давлат сифатида мақтади ва тажриба алмашиш учун муҳим мамлакат эканини урғулади.

Сўнгра ўтмишда "ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришгани, аммо сояда қолиб келиш"ганини таъкидлади.

"Ўзбекистоннинг узоқ тарихи – аёлларимизнинг ҳам ўтмишидир. Шоирлар, давлат расмийлари, дипломатлар, муҳандислар, ҳамширалар, рафиқа ва оналар. Бу нозик шарқона санъат бўладими, ёки қатъий ва аниқ фанларми – ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришди, аммо сояда қолиб келишди. Уларга бошларини баланд кўтариб, ўз қобилиятлари ва маҳоратларини қўрқмай, чекловларсиз кўрсата олиш имконини берадиган вақт келди", дейилади Kun.uz нашри Мирзиёевадан келтирган иқтибосда.

У ўз нутқида Ўзбекистонда гендер тенглик муаммоларига ҳам тўхталди:

"Бу жараёнларнинг барчасида аёллар энг олдинги қаторларда туришибди – қишлоқ жойларда ресурслар етишмовчилигидан азият чекишяпти. Шаҳарларда эса оиладаги аёллик мажбуриятларини касби билан қўшиб бажаришда қийинчиликка учрашяпти", деган Мирзиёева.

Шунингдек, у Telegram тармоғидаги саҳифасида форумнинг илк кунида АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп билан танишганини ёзди:

"Дубайда бўлиб ўтаётган Халқаро аёллар Форуми очилиши олдидан Жаҳон банки президенти Девид Малпасс билан суҳбатлашиб қолдик. У мени Иванка Трамп билан таништирди". "Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум Ҳазрати Олийлари ва Манал бинт Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум Зоти Олияларига таклиф учун миннатдорлик билдираман".

Ўзбек жамоатчилигига президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг муовини сифатида танилган Саида Мирзиëева 2020 йилнинг 29 январь куни бу лавозимдан кетганини эълон қилганди.

Глобал аëллар форуми расмий сайтида Саида Мирзиëева “Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси” сифатида тақдим этилди.

2019 йил 2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиëев “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Бу қонуннинг 10-моддасига кўра, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади”.

Президент тўнғич қизининг гендер тенглик бўйича давлат сиëсатини ижро қилувчи бу комиссияга аъзо этиб тайинлангани ҳақида ҳозиргача жамоатчиликка маълум қилинмаган.

Ўзбекистон жорий 1-оиласи Дубай амири билан оилавий борди-келдини йўлга қўйган.

Хусусан, 2019 йил ëзида Мирзиëевлар оиласининг эркаклари Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтум ўғилларининг тўйида қатнашган бўлса, ноябрь ойида Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактум Ўзбекистонда президент куëвларининг хос меҳмони бўлганди.

Яқинларгача президент администрациясида ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг муовини бўлган Саида Мирзиëева АОКА расмийси сифатида ўтган йил Дубай амирлиги Медиа офиси вакилларини Тошкентда меҳмон қилган, октябрь ойида эса, ўзи ҳам БААга сафар қилганди.

XS
SM
MD
LG