Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:03

Мирзиёев мева-сабзавот ва узумчилик кластерларини тузишни замҳокимларга топширди


Мева-сабзавотчилик кластерлари бўйича селектор, 14 февраль, 2020
Мева-сабзавотчилик кластерлари бўйича селектор, 14 февраль, 2020

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни мева-сабзавотчилик ва пахтачилик кластерлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда президент топшириғи билан жойларда тузилаётган мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластер тизими муҳокама қилинди.

Жойларда кластерларни ташкил этишга вилоят ва туман ҳокимлари биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича,​ "2025 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 100 миллиард доллар, йиллик экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган".

Марказий банк ва тижорат банклари раҳбар ўринбосарларидан бири эса мева-сабзавотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлашга масъул қилинди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясига ҳар бир кластер билан индивидуал ишлаб, қўшимча контрактлар тузишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда шунингдек, давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан қадамма-қадам воз кечиш масаласи муҳокама қилинди.

Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу маҳсулотларни давлат буюртмаси асосида етиштириш тизимидан воз кечилишини маълум қилган эди.

"Бу йил қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотларни бошлаяпмиз. Ҳокимлар бу масалани чуқур тушуниб, ичига киришлари шарт. Энди орқага йўл йўқ. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини эркинлаштирмасак, манфаатдорликни оширмасак, иқтисодий ўсиш ва самарадорликка эришиб бўлмайди", деди президент селектор йиғилишида.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги пахта кластерлари фермерлардан ўта катта миқдорларда қарздор бўлиб қолаётгани, бу тузилма ниҳоятда коррупциялашиб кетганидан Озодликка кўплаб шикоятлар келишда давом этмоқда.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

Олий Мажлисга мурожаатида президентнинг ўзи ҳам кластерларнинг 20 фоизи коррупциялашиб кетганини эътироф этди.

XS
SM
MD
LG