Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2020, Тошкент вақти: 13:53

Халқаро хабарлар

Бердимуҳаммедов Миллий хавфсизлик вазирини ишдан бўшатди

Генерал Яйлим Бердиев (ўнгда)нинг кейинги тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиевни лавозимидан бўшатди.

22 январь кунги Давлат хавфсизлик кенгаши йиғинида Бердимуҳаммедов Бердиев рутбасини генерал-полковникдан генерал-майор даражасига туширган ва уни Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан бўшатган эди.

Ўша мажлисда Бердиевга ишда йўл қўйган камчиликлар учун “сўнгги огоҳлантириш” берилган эди.

Ўтган йил ноябрь ойида туркманистонлик врач мамлакатдаги жинсий озчилик ҳаëти ҳақида Озодлик туркман хизматига берган интервьюси учун Миллий хавфсизлик вазирлиги томонидан қийноққа солинган эди.

Бу воқеа халқаро майдонда жиддий эътирозларга сабаб бўлгани ортидан Бердимуҳаммедов Миллий хавфсизлик вазирига огоҳлантириш берган эди.

Ҳозирча Бердиевнинг кейинги тақдирига оид расмий маълумот берилмади.

13 февраль куни Туркманистон давлат телеканаллари полковник Гурбанмурат Аннаевнинг янги Миллий хавфсизлик вазири этиб тайинланганини хабар қилди.

Кун янгиликлари

Facebook француз комигига ўз саҳифасидан ва Instagram тармоғидан фойдаланишни тақиқлади

Дьедонн миллий нафратга асосланган чиқишлари учун судланган.

Facebook француз комиги Дьедонн М'Бала М'Балани ўз саҳифасидан ва Instagram тармоғидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Ширкатнинг билдиришича, бунга комикнинг холокост қурбонлари устидан кулгани сабаб бўлган.

Дьедонн Франция ва Бельгия судлари томонидан миллий нафратга асосланган ва терроризмни оқловчи чиқишлари учун судланган, аммо шунга қарамай ўн йиллар давомида шахсий шоу ва кинолойиҳаларда иштирок этиб келаётганди.

Ғарбда Facebook ширкати миллий нафрат ва зўравонликларни тарғиб қилаётган фойдаланувчиларга қарши самарали кураш олиб бормаётганликда айбланиб, қаттиқ босимларга учрамоқда.

Ирқчилик ва антисемитизмга қарши кураш халқаро лигаси Facebook ширкати Дьедонн М'Бала М'Балани ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилганини “буюк ғалаба” деб баҳолади.

Дьедоннинг Facebookдаги саҳифасининг 1 миллион 300 минг обуначиси бор эди.

Июнда Google ҳам Дьедонни YouTubeга киришини тақиқлаб қўйган. Комик YouTubeда 400 минг обуначига эга эди.

Қозоғистонда ҳуқуқ фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди

Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди.

Олмаота судида 3 август куни бошланган жараён коронавирус туфайли видеоалоқа тарзида ўтказилмоқда.

36 ёшли Тулесова 6 июнда ўтган норозилик намойишида қатнашганидан икки кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Тулесова полиция ходимига нисбатан куч ишлатганликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ фаоли намойиш пайтида ўзини қўлга олмоқчи бўлган ва куч ишлатишга ҳаракат қилган полиция ходимининг бош кийимини уриб туширган эди.

Мазкур айблов ортидан Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.

Саудия қиролидан пора олишда айбланаётган Испания собиқ қироли мамлакатни тарк этди

Хуан Карлос 2014 йилнинг 18 июнида ўғли фойдасига тахтдан воз кечган эди.

Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос I коррупцияга аралашганлик айбловлари ортидан мамлакатни тарк этишга қарор қилганини билдирди.

Қирол саройи тарқатган маълумотда қайд этилишича, собиқ қирол бу ҳақда амалдаги қирол – ўғли Филипп VIни мактуб орқали огоҳлантирган.

Июнь ойида Испания Олий суди 82 ёшли Хуан Карлос Iга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган эди. Собиқ қирол Саудия Арабистонининг ҳозирда марҳум бўлган қиролидан темир йўл қурилиши шартномаси учун юз миллион доллар миқдорида пора олганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Швейцария газетасида эълон қилинган мақолада гап бўлган.

Бундан ташқари Испания матбуоти собиқ қиролни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда, пул ювишда ва молиявий товламачиликда ҳам айбламоқда.

Тахт вориси Филипп VI мазкур айбловлар ортидан отасини йиллик 194 минг евро миқдоридаги нафақадан маҳрум қилди ва унинг бойлигига меросхўр бўлиш ҳуқуқидан воз кечди.

“Немис тўлқини” радиосининг хабар беришича, Хуан Карлос бу нафақасиз ҳам яхшигина ҳаёт кечириши мумкин. Чунки Forbes журнали ҳисоб-китобича, собиқ қиролнинг бойлиги 2 миллиард доллардан кўпроқдир.

Хуан Карлос ўғлига ёзган мактубида “Мамлакат шаънини сақлаб қолиш истагида” Испанияни тарк этаётганини билдирган. Филипп VI отасига жавоб хатида “бу қарорни чин юракдан қўллаши”ни айтиб, бундай қарор учун “миннатдорчилик изҳор қилган”.

1975 йилнинг 22 ноябрида Испания қироли сифатида эълон қилинган Хуан Карлос 2014 йилнинг 18 июнида ўғли фойдасига тахтдан воз кечган эди.

Трамп АҚШ бизнесига TikTok тармоғини сотиб олишга 15 сентябргача муҳлат берди

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли.

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка шикратларига Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишга 15 сентябрга қадар муддат белгилаб берди.

Трамп 3 августда Твиттер саҳифасида АҚШ технологик гиганти Microsoft TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишига қарши эмаслигини ҳам ёзди.

АҚШ президенти Хитой ижтимоий тармоғи миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблайди. Трампга кўра, TikTok томонидан тўпланаётган маълумотлар Хитой разведкаси учун озуқа бўлиши эҳтимол. Шундан келиб чиқиб, Трамп ўтган ҳафтада АҚШда TikTok фаолиятини тақиқлаш ниятини билдирганди.

Кейинроқ президент Microsoft бош директори Сатя Наделла билан учрашиб, TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилган.

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли. 2 август куни Microsoft TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилиш юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.

Медведев: Россияда меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар кўпайди

ОМОН ўзбекистонлик муҳожирларни текширмоқда. Новосибирск, 23 июль 2020 йил.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев кенгашнинг 3 августда ўтган йиғилишида пандемия ортидан юзага келган оммавий ишсизлик оқибатида меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар сони кўпайганини айтди.

Медведевга кўра, бугунги кунда Россияга бошқа давлатлардан келган муҳожирларнинг 40 фоизи ишсиз қолган.

“Бу эса, албатта, жиноятчиликнинг кўпайишига омил яратмоқда”,-деди Медведев.

Россия Ички ишлар вазирлиги 25 июль куни мигрантларни “экстремизм”, “жиддий қонунбузарликлар”, жамоат тартибини бузиш ва рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларини ўтказишда айблаган эди.

27 июлда эса Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Москвада террор уюштирмоқчи бўлган тожикистонлик муҳожир” отиб ўлдирилганини эълон қилган.

Би-би-си: Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини озайтириб кўрсатган

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини бир неча маротабага камайтириб кўрсатган. Бу ҳақда Би-би-си ўз манбалари томонидан қўлга киритилган Эрон ҳукуматининг махфий ҳужжатларига таянган ҳолда хабар берди.

Махфий ҳужжатларда қайд этилишича, 20 июлгача бўлган ҳолатга кўра, Эронда коронавирусдан ўлганлар сони камида 42 минг кишини ташкил қилади. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Би-би-сининг 3 августда хабар беришича, манбалар қўлга киритган ва радиога тақдим этган махфий ҳужжатларда коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилганларнинг исмлари, ёши, жинси, касалхонага ётқизилган ва даволанган вақти, касаллик симптомлари қайд этилган.

Эрон пандемиядан энг кўп жабрланган давлатлардан бири ҳисобланади. Лекин Теҳрон бу борада эълон қилган маълумотлар сўнгги пайтларда мутахасисларнинг шубҳаланишига сабаб бўлганди.

Афғонистон қамоқхонасига қилинган ҳужумда камида 39 одам ҳалок бўлди

Аввалроқ ҳужум пайтида 24 киши яралангани хабар қилинган эди.

Афғонистон ҳукумати “Ислом давлати” гуруҳининг Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳридаги қамоқхонага қилган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сонини эълон қилди.

Расман билдирилишича, ҳужум оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари хавфсизлик кучлари 10 жанггарини ўлдирган.

“Ислом давлати” жангарилари 2 августда Жалолобод шаҳридаги қамоқхона эшиги олдида бомба ўрнатилган автомашинани портлатган ва хавфсизлик кучлари билан отишмага киришган. Жангарилар қамоқхонага ҳужумни яқин атрофдаги бозордан уюштирган. Хабарларда билдирилишича, жангарилар билан отишма 3 августда ҳам давом этган.

Ўшанда ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлгани ва 24 киши яралангани хабар қилинганди.

Расмийларга кўра, ҳужум пайтида қамоқхонадан 50дан 100 нафаргача маҳбус қочиб кетган. Улардан кўпчилиги ҳозирги вақтда қўлга олинди. Қамоқхонада Толибоннинг 1700 собиқ жангариси ва “Ислом давлати” гукруҳи аъзолари сақланган.

“Ислом давлати” ўзига қарашли Amaq ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

1 август куни Афғонистон разведка хизмати Афғонистон махсус кучлари Жалолободда “Исломий давлат” жангари гуруҳининг юқори лавозимли разведка етакчиси Ассадуллаҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилган эди.

ЖССТ раҳбари “узоққа чўзиладиган” пандемияга тайёр туришга чақирди

Мексиканинг Монтеррей шаҳридаги тиббий муассаса олдида ҳимоя кийимида турган тиббиёт ходими, 2020 йил 24 июли.

Коронавирус инфекцияси пандемиясининг “узоққа чўзилиб кетиши” эҳтимоли бор, унинг таъсири эса яқин ўн йиллар ичида сезилиб туриши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус билдирди.

ЖССТнинг фавқулодда қўмитаси Хитойда коронавирус инфекцияси ёйилиши соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилингани ортидан олти ой ўтгач, вазиятни баҳолаш учун 1 август куни йиғилган.

Бир қатор экспертлар ва сиёсатчилар (шу жумладан АҚШ президенти Дональд Трамп) “эпидемия ривожланишига реакцияси жуда секин бўлди” дея ЖССТни танқид қилганди. ЖССТ раҳбари шанба куни фавқулодда вазият Хитой хорижида ҳали бир нафар ҳам одам ўлмаган пайтда эълон қилинганини билдирди.

Ҳозирда қурбонлар сони, АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб 690 минг нафардан, коронавирус юқтириб олганлар сони эса 18 миллион нафардан ошган. Пандемия вирус Европада тез тарқала бошлаган март ойи бошида эълон қилинган.

Жаҳондаги кўплаб мамлакатларда март ойида киритилган карантин чоралари хасталикка чалиниш кўрсаткичи бироз пасая бошлагани ортидан май-июнь ойларида юмшатилган. Бироқ қатор мамлакатларда сўнгги пайтларда коронавирус қайтадан тезлик билан тарқала бошлади. Бунинг ортидан чеклов чоралари ҳам қайта киритилмоқда.

Австралиянинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳри бўлган Мельбурнда одамларга оқшомги соат 8 дан тонгги соат 5 гача уйдан узрли сабабсиз чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бу тартиб олти ҳафта давом этиши керак. Испания ва Буюк Британиянинг айрим ҳудудларида ҳам шу ҳафтадан қатор чекловлар қайта киритилган.

Трампнинг 2019 йилдаги даромади қарийб ярим миллиард долларни ташкил этди

Дональд Трамп.

Дональд Трамп ўзининг солиқ декларациясини эълон қилди. Унга мувофиқ, 2019 йилда АҚШ президенти камида 446 миллион доллар даромад топган. Ҳужжат АҚШ ҳукумати қошидаги Этика масалалари бюроси сайтида ёйинланган.

Трамп даромадларининг асосий манбаи ўтган йили унинг Мар-а-Лагодаги (Флорида штати) қароргоҳи, Майамидаги оромгоҳи ва Вашингтондаги Trump International меҳмонхонаси бўлган. Оқ уй раҳбари АҚШ киноактерлари гильдияси ҳамда ўзининг “Битим тузиш санъати” китоби сотилишидан ҳам даромад олади.

Июль ойи бошида АҚШ Олий суди Трампнинг тўққиз йиллик солиқ декларациясини Нью-Йоркдаги прокурорларга топшириш ҳақида қарор чиқарган. Оқ уй раҳбарининг даромадларига оид маълумотлар Конгрессга йўлланмайди.

Бундан ташқари, Конгресснинг уч қўмитаси Трампга қарши даъво аризаси берган. Улар президентдан молиявий маълумотларни очиқлашни талаб қилишган. Бироқ Олий суд қонун чиқарувчиларнинг бу талабини рад қилиб, қарор қабул қилиш ҳуқуқини қуйи инстанция судларига тақдим этган. Бу АҚШда шу йил ноябрида бўлиб ўтадиган президент сайловигача Конгресс Трампнинг декларацияси билан таниша олмаслигини англатади.

2015 йил июнида президентликка номзоди кўрсатилишидан аввал Трамп ўз бойлиги қарийб 8 миллиард 800 миллион долларни ташкил этишини билдирган. Бироқ Forbes журнали ўша пайтда Трампнинг сарвати бундан икки баравар кам эканини қайд этган.

2020 йил апрелида Forbes нашри президентнинг бойлигини 2 миллиард 1 миллион доллар, дея баҳолаган, бу эса 2019 йил октябрига қиёсан бир миллиард долларга камдир.

Россия, Қозоғистон, Туркия ва БАА Қирғизистон билан авиаалоқани тиклашга розилик бергани йўқ

Бишкек яқинидаги "Манас" халқаро аэропорти (архив сурати).

Қирғизистоннинг хорижий ўлкалар билан мунтазам авиаалоқаси август ойи охиригача тикланмаслиги мумкин. Ҳозирча чартер рейслар амалга ошириб турилади ва уларнинг сони ошади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Фуқаровий авиация агентлиги директори Қурманбек Акишев маълум қилган.

Унинг айтишича, Россия ҳозирча мунтазам рейсларни тиклашга рози бўлмаган, бироқ чартер рейслар сонини кўпайтиришга тайёр. Туркия билан ҳам чартер рейслар сони икки баравар ошади, уларни Turkish Airlines, Pegasus ва Avia Traffic авиаширкатлари амалга оширади. Бирлашган Араб Амирликларидан ҳафтасига икки марта Air Arabia ва Fly Dubai учоқлари билан чартер рейслар амалга оширилади. Қозоғистон чартер рейсларини зарурат туғилишига қараб амалга оширмоқчи.

Акишев бу тартиб август ойи охиригача сақланиб қолишини тахмин қилмоқда. Аввалроқ у Қирғизистон 1 августдан юқорида номлари зикр этилган тўрт мамлакат билан авиаалоқани тиклашни режалаётгани ҳақида билдирганди.

Қирғизистон халқаро йўналишдаги авиаалоқани коронавирус пандемияси қабатида март ойидан тўхтатган. Республика жами 9 та мамлакат билан бевосита авиақатновларни амалга ошириб келган.

Тожикистон ИИВ ярим йил ичида икки терактнинг олди олинганини иддао қилди

Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Шоди Ҳафиззода.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи ичида Тожикистонда иккита террор хуружининг олди олинган. Бу ҳақда 3 август куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Шоди Ҳафиззода маълум қилган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мулозимга кўра, террор хуружлари Тожикистонда тақиқланган “Ислом давлати” гуруҳи томонидан Шаҳринав ва Рашт туманларида режаланган.

“Террорчилар ҳадафи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бўлган. Бироқ жиноятчилар ўз режаларини амалга оширишга улгуролмаганлар, чунки куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қўлга олинганлар”, деган Шоди Ҳафиззода.

Бу маълумотни мустақил манбалар воситасида текширишнинг имкони бўлмаган.

Тожикистон ИИВ террорчилик ва экстремизм билан боғлиқ 875 та жиноят фош этилганини маълум қилган. Ҳафиззодага кўра, ярим йил ичида 200 чоғли террорчилик ва экстремистик ташкилотлар аъзолари қўлга олинган. Шунингдек, у террорчилик ва экстремизмда айбдор кўрилган 90 дан зиёд тожикистонлик мамлакатга қайтарилганини қўшимча қилган.

Халқаро ташкилотлар Тожикистонни экстремизм ва террорчиликка қарши кураш баҳонасида ўзгача фикрлиларни жазолаётганлиги учун танқид қилиб келади. Тожикистон расмийлар эса бу айбловларни рад этиб келади.

Нобель мукофоти лауреати Жон Хьюм вафот этди

Жон Хьюм (2016 йилдан олинган сурат).

Нобель тинчлик мукофоти совриндори Жон Хьюм 83 ёшида вафот этди. У мазкур мукофотга Шимолий Ирландиядаги зиддиятни бартараф қилишда қўшган улкан ҳиссаси учун 1998 йилда сазовор бўлганди.

Жон Хьюм 3 август куни Дерри шаҳрида узоқ давом этган хасталикдан сўнг жон таслим қилган.

У Ирландия миллий университетини тамомлаб, санъат магистри даражасини олган. Кейинроқ у Кредит уюшмасига асос солган. 1969 йили Хьюм Шимолий Ирландия парламентига сайланган ва орадан бир йил ўтгач, ҳаммаслаклари билан католик Социал-демократик ва либерал партиясини таъсис этган. 1979 йили Шимолий Ирландиянинг Европа парламентидаги вакили бўлган ва Социал-демократик ва либерал партиясига раҳбар этиб сайланган.

Жон Хьюм 1985 йилдаги Инглиз-ирланд шартномаси имзоланишида иштирок этган. Мазкур шартномага мувофиқ, Дублин Шимолий Ирландия билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда расмий консультант мақомини олган.

1998 йили Хьюм 30 йилча давом этган Шимолий Ирландия қонли тўқнашувини (унда 3600 киши қурбон бўлган) тинч йўл билан ҳал қилишга оид Белфаст шартномасини имзолашда қатнашган. 2004 йили Жон Хьюм сиёсатдан кетишга қарор қилган.

Нур-Султонда бир гуруҳ аёл педофилия учун ўлим жазосини жорий қилишга чақирди

Вазирликлар уйи олдидаги акция иштирокчиси педофилия учун ўлим жазосини киритиш чақириғи ёзилган варақа билан, Нур-Султон, 2020 йил 3 августи.

Қозоғистон пойтахтида 20 чоғли аёл 3 август куни Вазирликлар уйи олдида тўпланиб, расмийларни ёш болалар устидан жинсий зўравонлик қилганлар учун ўлим жазоси беришга чақиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, улар мамлакатда бу каби жиноятлар сони ўсиб бораётгани, ҳукумат бу масалага “бефарқ” муносабатда бўлаётгани, амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган жазо эса “етарли даражада қаттиқ эмас”лигини билдиришди.

Мен педофилларнинг ўлим жазосига ҳукм қилинишини талаб қиламан. Агар биз ҳимоясиз болаларни муҳофаза қилолмасак, бизга полиция ва қуролли кучлар нимага керак? Ўз мамлакатимизда болалар ҳаётини, руҳий ҳолатини ҳимоя қилолмасак, ҳукумат нимага керак?”, дея савол ташлаган беш боланинг онаси бўлган Мўлдир Сарсенбаева.

Кўп болали она Айгул Ниятбекова ўз ўғил-қизларининг келажагидан хавотирланаётганини таъкидлади.

Яқиндагина Сатпаевда, ундан кейин Бойқўнғирда шундай воқеа содир бўлди; бир неча кун аввал худди шунақа мудҳиш ҳодиса пойтахтда содир бўлгани ҳақида эшитдик. Жиноятчилик даражаси, ошган бўлса, ошдики, камайгани йўқ. Аёллар қаршилик кўрсатиш ва ўзини ҳимоя қилишга қодир. Аммо ёш болалар ўзини ҳимоя қилолмайди. Ҳукумат тепасида ўтирганлар кимёвий ахталаймиз, инъекция қиламиз, деяпти. Аммо бундан фойда бўлмаяпти”, деган А. Ниятбекова.

Аёллар Вазирликлар уйи олдида икки соатча туриб, ўз талабларини билдиришди. Акция ўтган жойда полиция ва махсус топшириқ бажарувчи отряд ходимлари бўлган, бироқ улар аралашмай, бир четда турганлар, ҳеч кимни тутиб кетмаганлар.

Воқеа жойига етиб келган Есиль туман ҳокимияти вакили йиғилганларга шаҳарда қатъий карантин чоралари амалда эканини айтиб, тарқалишни сўраган. У ҳокимиятга мазкур акция ўтказилиши ҳақида ҳеч қанақа “огоҳлантириш хати” тушмагани, 6 июндан кучга кирган тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонун эса шуни талаб қилишини ҳам қўшимча қилган.

Қонунчиликка мувофиқ, ёш болага нисбатан зўрлаш ёки жинсий характерга эга зўравонлик ҳаракатларини амалга оширганлик учун 20 йилга озодликдан маҳрум ёки умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Қозоғистонда ўлим жазосини амалга ошириш учун мораторий эълон қилинган. Жиноят кодексида ўлим жазоси ўта оғир ва террорчилик билан боғлиқ жиноятлар учун кўзда тутилган.

Педофилия учун жазога оид баҳс-мунозаралар жамиятда Қарағанда вилоятининг Сатпаев шаҳрида беш яшар қизалоқнинг ўғирланиши ва зўрланишига оид хабарлар ортидан яқинда рўй берган тўполонлардан кейин қайта авж олди. Расмийларга кўра, тўполонлардан кейин бу нисбатан осойишта шаҳарда 16 киши қўлга олинган, яна икки киши қидирувга берилган. Полиция муҳтамал бола ўғрисига нисбатан (шу жумладан ёш болани зўрлаганлик моддаси бўйича ҳам) тергов бошланганини маълум қилган.

Қозоғистонда 2018 йилдан кимёвий кастрация (ахталаш) тўғрисидаги қонун кучга кирган. Жазонинг бу тури жинсий зўравонликда айбланиб, қамалган маҳкумлар учун кўзда тутилган. Жиноят кодексига мувофиқ, кимёвий кастрация вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этган, жинояти судда исботланган, ёши 18 дан ошган шахсларга нисбатан қўлланилади. Бу меъёрга қарши бўлганлар суд томонидан хатога йўл қўйилиши мумкинлиги ҳамда кимёвий кастрация учун бюджетдан каттагина маблағ ажратилишига эътибор қаратадилар.

Польша расмийлари “Газпром”га 50 миллион евро жарима солди

RUSSIA -- The logo of the Nord Stream 2 gas pipeline project is seen on a large diameter pipe at Chelyabinsk Pipe Rolling Plant owned by ChelPipe Group in Chelyabinsk, February 26, 2020

Польшанинг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ҳақида маълумотлар тақдим этгани учун “Газпром”ни жаримага тортди. Польша аксилмонополия муассасасининг маълум қилишича, жарима суммаси 213 миллион злотий бўлиб, бу 50 миллион еврога тенг келади.

Жарима солинишига “Газпром”нинг Россия корпорацияси шўъба ширкати бўлган Nord Stream 2 томонидан газ қувури қурилишини молиялаштираётган Европа ширкатлари билан тузган шартномаларига оид маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани сабаб бўлган.

Польша аксилмонополия муассасаси “Газпром” дохил Европанинг олти ширкати хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув олиб бормоқда. Бу ширкатлар Польшадан керакли рухсатни олмай туриб, Балтика денгизи тубидан газ қувури қурилишини молиялаштираётган консорциум тузганликда айбланяпти. Аввалроқ бу иш бўйича сўралган ҳужжатларни тақдим этишдан “ўжарлик билан ва асоссиз бош тортгани” учун Франциянинг Engie ширкати жаримага тортилганди.

“Газпром” Польша муассасасининг қарори юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Расман “Шимолий оқим-2”ни консонциум эмас, “Газпром”га тўла бўйсунадиган ширкат қуряпти. У Европа ширкатлари маблағларини кредит сифатида жалб қилмоқда. Бироқ Варшава бу ерда гап барибир консорциум ҳақида кетяпти ва у аксилмонополия қонунчилигини бузяпти, деган фикрда қатъий турибди.

Европа Иттифоқининг бошқа қатор мамлакатлари каби Польша ҳам Россиянинг ЕИ ва Украинага сиёсий босим ўтказиш воситаси ўлароқ кўрилаётган “Шимолий оқим-2”нинг қурилишига қарши чиқиб келади.

Балтика денгизи туби бўйлаб қурилаётган газ қувури охирига етказилган эмас. Қувур қурилиши ўтган йил охирида АҚШ санкциялари туфайли тўхтаб қолган ва ҳозирча тиклангани йўқ.

Бишкекда Суриядаги қирғизистонлик аёлларнинг яқинлари акция ўтказди

Суриядаги қирғизистонлик аёллар яқинларининг акцияси, Бишкек, 2020 йил 3 августи.

Бишкекда Сурия ҳудудида бўлган қирғизистонлик аёлларнинг қариндошлари акция ўтказишди. Улар аёлларни ватанига қайтаришда ёрдам сўраб Қирғизистон президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилишди.

Тадбир иштирокчиларига кўра, Суриядаги “Ал-Ҳол” қочқинлар лагерида айни пайтда юздан зиёд қирғизистонлик аёл бўлиб, улардан ҳар бирининг бир неча фарзанди бор.

Суриядаги қирғизистонлик аёлларнинг яқинлари аввал ҳам бир неча марта мамлакат расмийларига мурожаат қилишган, бунга жавобан ҳукумат ўз фуқароларини қайтариш учун амалга оширилаётган уринишлар ҳақида билдирган.

Собиқ ИШИД жангарининг хотинлари сақланаётган Сурия шимолидаги “Ал-Ҳол” лагери айни пайтда курд отрядлари назорати остида бўлиб турибди. Ўн минглаб аёл ва бола сақланаётган мазкур лагерда Марказий Осиё мамлакатлари ватандошлари ҳам талайгина.

2019 йил октябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Сурия ҳудудига лагерь ва қамоқхоналарда 500 га яқин қирғизистонлик сақланаётгани ҳақида маълум қилган. Қўмита раҳбарининг ўринбосари Мирлан Турғунбаев Қирғизистон расмийлари ўз фуқароларини ватанга қайтариш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирган.

Аввалроқ Сурия ҳудудидаги қочқинлар лагерида бўлган қирғизистонликлар билан учрашиш учун халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг Туркиядаги элчихонаси ўртасида музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилинганди. Ҳукумат қошида қирғизистонликларни Сурия ва Ироқдан қайтариш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

2020 йил февралида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги вазиятнинг мураккаблиги ҳозирча у ердан қирғизистонликларни олиб келиш бўйича бирор-бир тадбирни амалга оширишга имкон бермаётгани ҳақида баёнот тарқатган.

Трамп Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевга яна қайта ўлим жазоси берилишига эришмоқчи

Жоҳар Царнаев Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган.

Президент Дональд Трамп 2013 йилги Бостон марафони пайтида террор хужумини уюштирганликда айбланиб қамалган этник чечен Жоҳар Царнаев ўлим жазосига лойиқ деб ҳисоблайди.

АҚШ федерал аппеляция судининг Бостондаги биринчи инстанцияси 31 июлда Жоҳар Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилган эди.

Трамп бу воқеага муносабат билдирар экан, Твиттер саҳифасида: “Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевдан кўра ўлим жазосига лойиқроқ бўлган инсон йўқ. Федерал ҳукумат ишни қайта кўриб чиқиш жараёнида унга нисбатан яна қайта ўлим жазоси қўлланилишига эришмоғи лозим”,-деб ёзди.

2015 йилда федерал суд маслаҳатчилари ҳайъати Царнаевни унга қўйилган барча 30 айблов бўйича айбдор деб топган, суд эса уни ўлим жазосига ҳукм қилган эди.

Царнаевнинг акаси Тамерлан портлашдан бир неча кун ўтиб қўлга олиш пайтида ҳалок бўлган.

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган этник чечен Царнаев акаси Тамерлан билан амалга оширган ҳужумда уч нафар одам ҳалок бўлган, 260 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси коинотдан ерга қайтди

Crew Dragon 31 май куни Халқаро фазо станциясига муваффақиятли равишда туташган эди.

SpaceX ширкати учирган Crew Dragon кемасининг ичида австронавтлар Даглас Хёрли ва Роберт Бенкен бўлган капсуласи 2 август куни Мексика қўлтиға келиб тушди.

Crew Dragon 31 май куни Халқаро фазо станциясига муваффақиятли равишда туташган эди. Бу парвоз АҚШ коинот агентлиги - NASA учун энг муҳим лойиҳалардан бири бўлди.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати коинотга бошқариладиган ракета учириб, АҚШга коинотга астронавтларни олиб чиқиш имкониятини яратиб берди.

Тарихда илк бор астровнавтлар бошқарувидаги хусусий компания коинот кемаси Халқаро фазо станциясига туташди. Америкалик астронавтлар станцияда тўрт ой қолиши кутилган эди.

Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир. Сўнгги тўққиз йил ичида ХФСга фазогирлар фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинарди, чунки NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Камерундаги қочқинлар лагерига қилинган ҳужум оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди

"Боко харам" гуруҳи жангарилари.

Камерундаги қочқинлар лагерига жангарилар томонидан отилган граната портлаши оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, бир неча киши яраланди. Ҳукумат ҳужумда “Боко харам”жанггари гуруҳини айбламоқда.

Reuters агентлигининг билдиришича, номаълум шахслар Камерун ва Нигерия чегарасидаги Мозого қочқинлар лагерида яшаётган одамларга граната отган.

“Боко харам” Африка ғарбида ислом халифалигини барпо этиш ғоясини олға суриб келади. Сўнгги ўн йил ичида гуруҳ Нигерияда кўплаб зўравонликларни амалга ошириб келмоқда. Ҳужумлар оқибатида Нигерияда 30 минг одам ҳалок бўлган.

“Боко харам” зўравонликлари ортидан Нигерия, Камерун, Чад ва Нигердан минглаб одамлар уйларини ташлаб, бошқа ҳудудларга қочишга мажбур бўлишмоқда.

“Боко харам” 2019 йил июнида Камеруннинг Чад кўлидаги ороллардан бирига уюштирган ҳужумда тинч аҳолидан 24 киши, хавфсизлик кучларининг 16 аскари ҳалок бўлганди.

2014 йилда мазкур гуруҳ мактаблардан биридан 276 ўқувчи қизни ўғирлаб кетганди. Шу кунгача бу қизлардан юз нафари топилмаган. Уларнинг кўпчилиги ўлдирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Ўзбекистонда туғилиб, Қирғизистонда танилган артист Маҳмуджон Рахматов вафот этди

Маҳмуджон Рахматов Ўш Ўзбек Академик театрида 51 йил ишлаган эди.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Рахматов 2 август куни Ўш шаҳрида юрак ҳуружидан вафот этди.

“Маҳмуджон Рахматовнинг вафоти ортидан қирғиз санъати оғир жудоликка учради”, - дейилади Маданият вазирлигининг таъзияномасида.

69 ёшли Маҳмуджон Рахматов Қирғизистонда ўзбек театрининг ривожланишига катта ҳисса қўшган санъаткорлардан бири эди.

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилиб ўсган Маҳмуджон Рахматов ўсмирлик йилларида СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосовга шогирд тушиб, ундан актёрлик сирларини ўрганган.

У 1969 йилда, яъни 18 ёшида Бобур номидаги Ўш Ўзбек Академик театрида актёр сифатида иш бошлаганди.

51 йил давомида Ўш Ўзбек Академик театрида ишлаб келган Маҳмуджон Рахматов саҳнада 130дан ортиқ ролларни ижро этди. Ўттиздан ортиқ кинофильм ва видеофильмда суратга тушди.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 18 миллиондан ошди

Айни пайтда АҚШда 4 миллион 660 минг одам коронавирусга чалинган.

Жаҳонда, 3 август ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 18 миллион кишидан ошиб кетди.

Оқ Уйнинг коронавирусга қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича мутасаддиси Дебора Биркс АҚШда эпидемия янги фазага ўтганини, коронавирус март ва апрель ойларига нисбатан кенгроқ тарқала бошлаганини билдирди. Унга кўра, вирус шаҳарлардан қишлоқларга ҳам етиб борган.

Айни пайтда АҚШда 4 миллион 660 минг одам коронавирусга чалинган. Улардан 155 минг нафари вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расман коронавирус пандемияси бошланганини эълон қилинганидан бери ўтган олти ой давомида жаҳонда коронавирусдан 687 минг одам ўлди.

“Ислом давлати” жангарилари Афғонистон қамоқхонасига ҳужум қилди

Ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлди.

“Ислом давлати” гуруҳи жангарилари 2 августда Афғонистоннинг Нангархор вилоятидаги қамоқхоналардан бирига ҳужум қилди.

Жангарилар вилоят маркази Жалолобод шаҳридаги қамоқхона эшиги олдида бомба ўрнатилган автомашинани портлатган ва хавфсизлик кучлари билан отишмага киришган. Жангарилар қамоқхонага ҳужумни яқин атрофдаги бозордан уюштирган.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлди, 24 киши яраланди. Бироқ бу аниқ рақам эмаслиги, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳужум пайтида қамоқхонадан 50дан 100 нафаргача маҳбус қочиб кетган. Улардан кўпчилиги ҳозирги вақтда қўлга олинди. Қамоқхонада Толибоннинг 1700 собиқ жангариси ва “Ислом давлати” гукруҳи аъзолари сақланган.

“Ислом давлати” ўзига қарашли Amaq ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

1 август куни Афғонистон разведка хизмати Афғонистон махсус кучлари Жалолободда “Исломий давлат” жангари гуруҳининг юқори лавозимли разведка етакчиси Ассадуллаҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилган эди.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари коррупцияда гумонланиб қамоққа олинди

37 ёшли Абишев вазир ўринбосари лавозимига 2018 йилда тайинланганди.

Қозоғистонда 2 август куни соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ўлжас Абишев қамоққа олинди. Бу ҳақда Молия вазирлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

“Молия вазирлигининг Молиявий мониторинг бўйича қўмитаси бюджет пулларини ўғирлаганликда гумонланиб соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ўлжас Абишев қўлга олинганини тасдиқлайди”, - дейилади маҳаллий нашрларда эълон қилинган расмий хабарда.

37 ёшли Абишев вазир ўринбосари лавозимига 2018 йилда тайинланганди. У вазирликнинг ахборот хавфсизлиги ва рақамлаштириш тармоғини бошқарган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши кураш хизмати икки нафар юқори лазозимли мансабдорга нисбатан жиноят ишлари очилганини билдирганди, бироқ уларнинг исмларини айтмаган эди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев 10 июлда ўтган йиғилишда коронавирус вазияти кескинлашгани ортидан “барча ҳокимлар ва қатор вазирлар”ни танқид қилган эди.

Илон Маск каби таниқли шахслар аккаунтларига ҳакерлик ҳужуми қилган ўсмир ушланди

АҚШда 17 ёшли ўсмир таниқли шахслар Twitter ҳисобларини бузишда айбланмоқда

АҚШнинг Флорида штатида полиция 17 ёшли Грем Кларкни таниқли шахсларнинг Twitter ҳисобларига қарши хакерлик ҳужумларини амалга оширишда айблаб, ҳибсга олди.

Ўсмирга 30 банд бўйича айблов қўйилди. The New York Times газетасининг хабар беришича, ёш хакер вояга етган шахс ўлароқ жавобгарликка тортилади.

Терговчиларга айтишича, Кларкка икки шахс кўмаклашган. Уларнинг бири АҚШда, иккинчиси эса Буюк Британиядадир.

Июль ойи ўртасида ўнлаб Twitter аккаунти, шу жумладан Microsft асосчиси Билль Гейтс, Tesla бош директори ва SpaceX асосчиси Илон Маск, репер Канье Уэст, Amazon асосчиси Жефф Безос, собиқ президент Барак Обама ҳисоблари бузилгани маълум бўлган эди.

Хакерлик ҳужуми қурбони бўлган Twitter ҳисобларида муайян электрон ҳамёнларга биткойнларни юбориш чақириғи ва бунинг эвазига икки баробарга кўпроқ пул ишлаб олиш ваъдаси пайдо бўлди. Мазкур твитлар тез орада ўчирилди, аммо кўп ўтмай яна пайдо бўлди.

Бу орада ҳисобларни бузган фирибгарлар 110 минг долларга тенг маблағни ишлаб олишга муваффақ бўлишди.

БААда араб давлатларидаги илк АЭС ишга тушди

БААдаги АЭСнинг тахминий қиймати 24 миллиард доллар эканлиги айтилмоқда.

1 август куни Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) араб давлатларида қурилган илк атом электр станцияси (АЭС) ишга тушди.

БАА бош вазири Муҳаммад Ал Макрум Абу-Дабидаги «Барака» станциясининг ишга тушгани жаҳонга «араблар илмда ўз йўлларини давом эттиришга ва бошқа буюк давлатлар билан рақобатлашишга қодир эканликларини кўрсатишини» таъкидлади.

Станция маҳаллий ENEC ва Жанубий Кореянинг KEPCO ширкатлари тузган консорциум томонидан қурилмоқда. Бу ҳақда Халқаро француз радиоси хабар қилди. Қурилишнинг тахминий қиймати 24 миллиард доллар эканлиги айтилмоқда.

Станциянинг тўрт реактори бўлиб, уларнинг барчаси ишга тушса, АЭС Бирлашган Араб Амирликларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг чорак қисмини қондира олади.

Путин истеъфоси талаб қилинган намойишларда ўнлаб норози қўлга олинди (ВИДЕО)

Путин истеъфоси талаб қилинган намойишларда ўнлаб норози қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

1 август кунни Россия бўйлаб мамлакатнинг Хабаровск ўлкасида губернатор Сергей Фургал қўлга олинганидан бери тинчимаётган норозилик намойишларида қатнашган ўнлаб одам қўлга олинди.

Хабаровскнинг ўзида ўтказилган намойиш иштирокчилари эса қўлга олинмаган.

«ОВД-Инфо» нашри маълумотларига қўша, 14 та шаҳар, жумладан, Санкт-Петербург, Москва, Владивосток, Комсомольск-Амур ва Южно-Сахалинск шаҳарларидаги акцияларда қатнашган 70 га яқин шахс қўлга олинган.

Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонди.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.
Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

Фургал қўлга олинганидан бери Хабаровск ўлкасида уни озодликка чиқариш ҳамда Путин истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG