Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2020, Тошкент вақти: 13:10

Тунда ҳожатхонага чиқиб¸ кўчада қолган интернат ўқувчиси совуқ уриш ташхиси билан реанимацияга ëтқизилди


12 ёшли Собитжонинг оёқларини совуқ урган ва ўпкаси шамоллаган. У ҳозир касалхонада.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 63-сонли ëрдамчи мактаб-интернатнинг 12 ёшли тарбияланувчиси Собитжон Иброҳимов реанимацияга тушди.

Ақлий ривожланиши тенгдошларидан орқада бўлган болалар яшаб-ўқийдиган бу интернат ўқувчиси 23 январга ўтар кечаси кўчадаги ҳожатхонага чиқиши ортидан¸ эшиги қулфланган ëтоқхонага киролмай¸ туни билан кўчада қолиб кетган.

Мактаб раҳбарияти жамоатчиликдан сир тутишга уринган бу воқеа тафсилотлари Озодликка 30 январь куни етиб келди.

Шифокорларга кўра, Оқдарё туман шифохонасида даволанаëтган Собитжон Иброҳимовнинг икки оёғини совуқ урган, ўпкаси шамоллаган.

-4 градус совуқда кўчада қолиб кетган бола

Озодликка воқеа тафсилотларини махсус ўрганган самарқандлик фаолларнинг хабар беришича¸ Оқдарёдаги 63-сонли ихтисослашган мактаб-интернатнинг 5-синф ўқувчиси Собитжон Иброҳимов 22 январь куни кечқурун ҳожат учун ҳовлига чиққан.

Аммо у ҳожатхонадан қайтгунча¸ ётоқхона эшиги қулфланган ва бола қанча ҳаракат қилмасин, унга ҳеч ким эшикни очмаган.

Маълум бўлишича, ўша куни навбатчи бўлган тарбиячи ётоқда барча болалар бор-йўқлигини текширмай туриб, тунда ётоқхона эшигини қулфлаб, уйига кетиб қолган.

Оқибатда Собитжон Иброҳимов бино ташқарисидаги чайлада ухлашга мажбур бўлган. Об-ҳаво маълумотида айтилишича, 22 январь куни тунда Самарқандда ҳаво ҳарорати -4 даража совуқ бўлган.

Собитжонни эрталаб соат 7 да ишга келган тарбиячилардан бири топиб олган ва тез тиббий ёрдам чақирган. Боланинг оғир аҳволда эканини эътиборга олиб, уни Оқдарё туман Шошилинч тез тиббий ёрдам клиникасининг реанимация бўлимига ётқизишган.

Шифокор: "Боланинг аҳволи ўртача оғирликда"

Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддиси Озодлик билан 30 январь кунги суҳбатда ўсмирнинг аҳволи ҳозирда ўртача оғирликда эканини маълум қилди:

- 63 - интернат тарбияланувчиси Собитжон Иброҳимов 23 январь куни эрталабки соат 7:50да гипотермик ҳолат, тана ҳароратининг меъёрдагидан тушиб кетиши, совуқ қотиш ҳолатида касалхонага олиб келинган. Иккала оёғининг кифтларининг термик куйиши ташхиси ҳам қўйилган. Ҳозирда аҳволи ўртача оғир¸ деган шифокор бундан бошқа маълумот бера олмаслигини айтди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган бошқа бир шифокор эса:

- Боланиниг шол бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ, юриб кетади. Оёқлари музламаган, совуқ қотган¸ холос. Аммо ўпкаси шамоллаган. Реанимацияда бир кун ётганидан кейин оддий палатага чиқарилди¸ -деб айтди.

ХТБ расмийси: Тарбиячи ишдан бўшатилди, мактаб раҳбарияти огоҳлантириш билан қутилиб қолди

Оқдарё туман Халқ таълими бошқармасининг ўз исми очиқланмаслигини сўраган мутасаддисига кўра, бу воқеадан маҳаллий фаоллар хабар топиши ортидан мактаб-интернат раҳбариятига нисбатан интизомий чора қўллаган.

“Интернатнинг раҳбарларига огоҳлантириш берилди. Боланинг ташқарида қолиб, музлашига сабаб бўлган тарбиячи эса ишдан олинди. Очиғини айтганда, мактаб раҳбарияти ҳамма айбни тарбиячига ағдариб, ўзлари оқ бўлиб кўринишга ҳаракат қилаяпти. Интернатда тарбиячилар орасида масъулиятсизлик муҳити пайдо бўлишига, аслида, раҳбарлар сабабчи-ку”, - деди мутасадди.

Ўзбекистонда мактаб-интернатлар тарбиячиларига ноинсоний муносабат аввал ҳам кузатилган

Ўзбекистондаги мактаб-интернатларда тарбияланувчиларга тарбиячилар ва ўқитувчилар томонидан масъулиятсизларча¸ айрим ноинсоний тарзда муносабатда бўлиниши ҳақида Озодлик бундан аввал ҳам қатор мақолалар чоп қилган эди.

Хусусан, 2019 йилнинг 14 ноябрида Сурхондарё вилоят маркази Термиз шаҳридаги Ихтисослаштирилган олимпия резервлари мактаб-интернатининг самбо бўйича мураббийси ўқувчиларни ургани учун ишдан бўшатилган эди.

2019 йилнинг 18 апрелида Андижон вилоят, Жалақудуқ туманидаги 7- мактаб-интернат ўқитувчиси Нурбек Усмонов 6-синф ўқувчиси Бегзод Отабековни калтак билан аёвсиз ургани ҳақида боланинг Туркияда меҳнат муҳожирлигида бўлган онаси Озодликка шикоят қилган.

2018 йилнинг 25 октябрида эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернати ўқувчиларининг кўрпа-тўшаклари пахта тераётган ҳарбий хизматчиларга бериб юборилгани, сил касаллигига мойил болалар эса кечаси билан ухлолмай совқотиб чиқаётгани, шамоллаб касал бўлаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Бу воқеа ҳақида Озодлик хабар берганидан сўнг Бош прокуратура интернатга бошқа кўрпа-тўшаклар берилгани ва болаларнинг кўрпа-тўшак билан тўлиқ таъминланганини билдирган.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG