Линклар

Шошилинч хабар
12 август 2020, Тошкент вақти: 14:10

Коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун аэропортларда тиббий текширув жорий қилинмоқда


Хитойда коронавируснинг янги тури тарқалишда давом этмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, вирусни юқтирганлар сони 571 га етди.

Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги вирус одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин.

Шу боис бир неча давлат вирус тарқалишини олди олиш учун чора кўрмоқда. Хусусан, Осиё давлатлари аэропортларида йўловчилар текширилмоқда.

Шунингдек Австралия, Бангладеш, Непал, Сингапур ва АҚШ аэропортларида ҳам назорат кучайтирилди. Вирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилгани хабар қилинди.

Олимлар тахминларига кўра, вирус Ухан шаҳридаги мол бозоридан бошланган. Эпидемияга коронавируснинг аввал кузатилмаган тури сабабчи эканлиги аниқланди.

Ухан мэри шаҳарнинг ўзида вирусни юқтирган олти нафар шахс вафот этганини билдирди.

Бугунга қадар Шанхай, Пекин ва Гуаньдун вилоятида ҳам вирусни юқтирганлар аниқланди Маълумотларга кўра, янги касаллик Хитой ташқарисига ҳам тарқалди: беморлар Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда ҳам аниқланди. Сешанба куни эса АҚШда ҳам вирусни юқтирган шахс аниқлангани хабар қилинди. Бу шахс АҚШга 15 январь куни айнан Ухан шаҳридан келган.

2003 йилда коронавируснинг бошқа бир тури оғир ўткир респиратор синдроми эпидемиясини келтириб чиқарган эди. Ўшанда ҳам вирус ҳайвонлардан одамларга юққан. 2002-2003 йилларда синдром 37 давлатда 8 мингдан ошиқ кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган.

Коронавируснинг турли хиллари одамлар ва ҳайвонлар ичида тарқалган бўлиб, айримлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади.

Чоршанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликни глобал фавқулодда вазият деб топишга қарор қилмади. Ташкилот мутахассисларининг жорий вазият бўйича 23 январь куни қайта йиғин ўтказиши кутилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимлари тарқалаётган вирусни глобал фавқулодда вазият деб эълон қилишдан олдин касаллик ҳақида тўлиқроқ маълумот тўплаш керак бўлишини айтишди. Улар якуний қарор чиқаришда бундай чора халқаро савдога кўрсатадиган таъсир ҳам эътиборга олинишини қўшимча қилишди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сўнгги марта 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада тарқалган Эбола вирусини глобал фавқулодда вазият деб белгилаган эди.

XS
SM
MD
LG