Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

Тургистан ҳақидаги фильм сабаб Туркманистонда АҚШга қарши ташвиқот кучайди


Туркманистон ҳукумати “Тургистан” диктатори ҳақидаги фильмдан норози, Голливудда ишланган бу жангари фильм намойишини тақиқлаб қўйган. Тақиқ ортидан мамлакатда “Туркманистон душмани бўлган Америка”га қарши ташвиқот кампаниясига зўр берилмоқда.

Режиссор Майкл Бей томонидан суратга олинган “6 Underground” фильми тўқима мамлакат бўлган Тургистан, унинг қонхўр диктатори Ровач Алимовни йўқ қилишга доир ўтказилган махсус амалиёт асосида қурилган.

Сценарийга кўра, диктаторни ағдариш, одамларни зулмдан халос қилиш амалиёти ортида маълум бир давлат эмас, миллиардер ва унинг бир гуруҳ кўнгилли шериклари туради. Фильмда Туркманистон сўзи ишлатилмаган, аммо ўхшаш саҳналар бор, титрда айрим воқеалар Ўзбекистон ғарбида кечаётганига доир эслатмалар ҳам мавжуд.

Ўтган декабр ойида экранга чиққан бу фильм Туркманистонда тезда оммалашган, ҳукумат фильмни расман тақиқлаши ортидан унинг яширинча намойиши авж олгани қайд этилади.

Туркман ҳукуматининг АҚШга қарши ташвиқот кампанияси тақиқларга қарамасдан мамлакатда фильм оммавийлашишидан сўнг бошланган.

Озодлик радиосининг Туркман хизмати хабар беришича, мамлакат вилоятларида ўтказилаётган ташвиқотларда “АҚШ Туркманистоннинг душмани эканлиги, мамлакатни парчалаш, аҳоли норозилигини қўзғаш учун барча воситалардан фойдаланаётганига” диққат қаратилмоқда.

Бу ташвиқотларга маҳаллий ҳокимият, бюджет ташкилотлари вакиллари, шунингдек, юқори синф ўқувчилари жалб қилинаётгани айтилади.

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси фильм муносабати билан бошланган аксил-америка кампанияси юзасидан Озодлик радиосига изоҳ ҳам берган.

“Мазкур фильм кўнгилочар хусусий компания томонидан суратга олинган бадиий фильм. АҚШ ҳам, АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси ҳам, Туркманистон билан мустаҳкам ва самарали муносабатлар тарафдори. Бу яқинда Вашингтонда ўтган икки томонлама сиёсий маслаҳатлар, C5+5 мулоқот гуруҳи доирасидаги ҳамкорлик, икки мамлакатлар ўртасида ўсиб бораётган савдо алоқалари, шунингдек, биз ҳамкорликда ишлаётган таълим ва маданий соҳадаги кўплаб лойиҳалар билан ҳам тасдиқланган”, - дейилади АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси томонидан билдирилган муносабатда.


Туркманистонда тақиқланган “Тургистан диктатори” ҳақидаги фильмга нисбатан расмий эътирозлар минтақанинг бошқа давлатларида ҳам қайд қилинмоқда.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри ҳокими Рашид Аюпов фильм ижодкорларига нисбатан эътирозлар билан чиққан.

“Бизнинг фикримизча, дунё бўйлаб бу фильмни кўрган миллионлаб томошабинлар тўқиб чиқарилган Тургистан мамлакати ҳақида ўйлаши ва бизнинг шаҳримиз ҳақида салбий фикрга келиши мумкин, чунки номлар жуда ўхшаш. Бундан ташқари, ҳозир кўпчилик бу фильм айнан Туркистон ҳақида ишланган деган фикрда”, - деб ёзади Аюпов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Туркистон ҳокимининг эътирози фильм моҳиятига эмас, асосан “Тургистан” номи ишлатилишига қаратилган.

Туркман ҳукумати эътирозларига нима сабаблиги номаълум. Аммо фильм сценарийси “Тургистан”ни диктатура зулмидан халос этишга қаратилгани, Туркманистондаги аксил-америка кампанияси эса “АҚШ мамлакатни парчалаш истагидаги асосий душман” эканлиги шиори остида ўтаётгани инобатга олинса, бунинг сабаблари анча жиддий, сиёсий эканлиги кўринади.

Марказий Осийода Туркманистон президенти минтақадаги бошқа етакчиларга қиёслаганда санъатга, адабиётга қизиқиши, турли кўнгилочар дастурлар уюштириб туриши билан ажраб туради.

Туркман президенти қўшиғи Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:29 0:00


Гурбангули Бердимуҳаммедов нафақат замонавий қўшиқлар ижрочиси сифатида, балки доривор гиёҳлар, тукрманлар тарихига доир қатор китоблар муаллифи сифатида ҳам танилган.

Бундан ташқари туркман телевидениесида, ижтимоий тармоқларда отлар ёки машиналар пойгасида ғолиб чиққан, ҳарбий машғулотларда қатнашиб, турли ўқотар қуроллардан “душманларни” бехато нишонга олаётган Бердимуҳаммедовга доир лавҳаларни кўплаб учратиш мумкин.

Тўқима воқеаларга асосланган “6 Underground” бадиий фильмининг мамлакатда бу қадар жиддий қабул қилинишига президент Бердимуҳаммедовнинг қизиқиш доираси ҳам таъсир ўтказган бўлиши мумкин деган фаразлар бор.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотларига, шунингдек, туркман мухолифати фаолларига ҳам таянилса, айни пайтда Туркманистон минтақадаги энг ёпиқ, қаттиқ режимдаги давлатга айланган.

Бердимуҳаммедов мамлакатни 2006 йилдан буён бошқариб келади. У Туркманистоннинг марҳум президенти, диктатор сифатида ном қозонган марҳум Сапармурод Ниёзов ўрнига ҳокимиятга келган эди.

Туркман мухолифати фаолларига кўра, ҳокимиятга келишининг дастлабки йилларида мамлакатда демократик ўзгаришлар қилишга ваъда берган Бедимуҳаммедов бу ваъдаларини тезда унутди, ўз ҳокимиятини, режимни мустаҳкамлашга киришди.

Бердимуҳаммедов 15 йилдирки, ҳокимиятда қолмоқда, бир неча бор президентликка қайта сайланди. Унинг бу сафар ҳам президентлик муддати тугаши ортидан қонуний тамойилларга мувофиқ ўз ваколатини топшириши кутилаётгани йўқ, ҳокимиятда қолишига ишонилади.

XS
SM
MD
LG