Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:38

Мансабдорлар ҳақидаги постлари учун қамалган блогер ишига вилоят ҳокимияти ва Олий суд муносабат билдирди


Facebook'да Абдуфатто Нуритдинов Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келади.
Facebook'да Абдуфатто Нуритдинов Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келади.

Андижон вилоятида Facebook'да Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган блогер Абдуфатто Нуритдинов 30 декабрда вилоят маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор деб топилган. Бундан ташқари блогерга БҲМнинг 60 барабари миқдорида жарима ҳам солинган.

Вилоят ҳокимияти: Бу каби постлар Андижон вилояти имижига путр етказишдир

Андижон вилоят ҳокимлиги 2 январь куни Янги йил арафасида маҳаллий даражадаги тўрт нафар амалдорни ҳақорат қилганликда айбланиб 15 суткага қамалган блогер - Facebook'да Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган Абдуфатто Нуритдинов иши юзасидан муносабат билдирди.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 2 январь куни тарқатган баёнотида блогернинг мансабдор шахсларга нисбатан эълон қилган блоглари вилоят имиджига путр етказиш сифатида баҳоланди.

-Отабек Нуритдинов томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ўз исботини топгани сабабли унга қонуний чора кўрилган. Ижтимоий тармоқларда тақатилаётган асоссий ва тусмоний айбловлардан иборат постлар Андижон вилояти имижига путр етказишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаймиз. Барча оммавий ахборот воситалари журналистлари ва блогерлардан воқеани чуқур ўрганиб, ана шундан сўнг муносабат билдиришларига чақириб қоламиз, - деб билдирди Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Мирзоҳид Ботиров интернет орқали тарқатилган расмий видеобаёнотда.

Олий суд: Блогерни жазолашни Асака туман ҳокими талаб қилган

Олий суд ҳам 2 январь куни блогернинг қамалиши юзасидан баёнот тарқатди. Унда айтилишича, “Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, Асака туман ҳокимияти мутахассислари томонидан интернет орқали вилоятдаги ижтимоий–сиёсий вазият бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар кузатиб борилаётгани, Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август куни соат 14:57да «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси фуқароларда ҳокимият вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотувчи, уларни обрўсизлантириш, шунингдек вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”.

Олий суд баёнотидан маълум бўладики, Абдуфатто Нуритдинов судда ўзига билдирилган айбловларни тан олган эмас.

“Суд А.Нуритдиновнинг айбига иқрор бўлмасдан берган кўрсатувларини муқаррар жазодан қутулишга қаратилган ҳаракат деб танқидий баҳолади”, дейилади баёнотда.

31 декабрда расмийлар нима деган эди?

Асака туман прокуратурасининг билдиришича, Абдуфатто Нуритдинов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси, ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган.

“Андижон вилояти маъмурий судининг 30.12.2019 йилдаги қарорига асосан А.Нуриддиновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси, мазкур кодекснинг 41-моддаси билан 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси, 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, суднинг қарорига асосан А.Нуриддиновни қамоқда бўлган ҳар бир куни учун 33.450 сўм миқдорида, жами 501.750 сўм қамоқда сақлаш ҳаражатлари ундирилиши белгиланган”, дейилади прокуратура баёнотида.

Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси эса Э.Якубов, М.Исақова ва Ф.Бузрукова каби фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга “ариза билан мурожаат қилиб, «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгаси томонидан уни обрўсизлантирувчи, асоссиз ва туҳматдан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлигини, шу сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни” сўраб мурожаат қилганларини билдирган.

“Шунингдек, фуқаро А.Нуритдинов, жорий йилнинг 30 декабрь куни соат 10:30да жамоат жойи ҳисобланган Асака тумани Молия бўлимининг маъмурий биноси ёнида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳокимият ва давлат идораларининг вакилларига ноўрин талаблар қўйиб, фуқаро Б.Қоҳҳоровни хақоратли, уятли сўзлар билан сўкиб, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этган”, дейилади расмий баёнотда.

Блогерни қандай қамашди?

Ўзини таништиришни истамаган манбанинг айтишича: “Абдуфатто Нуритдинов асосан Андижон вилояти ва Асака тумани хокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-тарож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”.

Манбага кўра, Абдуфатто Нуритдинов 30 декабрь куни 10:30да Асака туман Молия бўлимига Асака туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан “алдов йўли билан олиб келинган”. Уни “бюджет пулларининг қандай сарфланаётганини муҳокама қиламиз”, деган асосда Молия бўлимига чақиришган.

“Отабек ака Молия бўлимига кириб кетганича, қайтиб чиқмаган. Оналари Мўътабар хола кечки соат 20:30ларгача ўғлини ҳеч қаердан топа олмаганлар. Соат 20:30ларда маҳалла участка нозири маҳалладаги ходимларга қўнғироқ қилиб, Отабек акани машинасини оила аъзолари Молия бўлимидан олиб кетишларини айтган”, деди манба.

Шундан сўнг блогернинг онаси туман Ички ишлар бўлими билан боғланиб, ўғли Андижон вилоят Маъмурий судига олиб кетилганини аниқлаган.

Жамоатчиликнинг муносабати қандай бўлмоқда?

Блогернинг қамоққа олинишига ижтимоий тармоқларда қизғин муносабат билдирилмоқда. Ўнлаб мулоҳазалар орасидан айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

“Билишимча, Отабек Нуриддинов ўз пулларини санаб қўймоқчи бўлганлиги учун шу куйга солинган. Яъни бюджет пулини. Бюджет эса - халқнинг пули. Бундан кейин ўзини ҳурмат қилган Оммавий Ахборот воситалари айнан ўша бюджет пулининг сарфланишини аниқлаш учун журналистик суриштирув ўтказиши керак, шарт ва зарур!” деб ёзди Телеграмдаги Fayzbog.uz канали ташкилотчиси Темур Малик.

“Андижонда блогер Отабек Нуриддинов қамалибди. Уни танимас эканман. ФБдаги саҳифасига кириб, у кўтарган мавзулар билан танишиб чиқдим. Ўта жиддий муаммоларни - яқинда бўлган сайловдаги катта сохтакорликларни, жамиятдаги ҳуқуқий бузулишларни кўтарган экан. Ҳар куни 2-3 талаб мавзу ва муаммоларни кўтарган экан. Энди бу блогерни ҳам, бошқалари каби, қамаб, уни фаоллигини сўндиришмоқчи бўлишяпти”, деб муносабат билдирди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Отабек Файзий исмли блогер эса Facebook'даОтабек Нуритдиновни ҳақиқий ҳақпарвар деб биламан! Ўғри муттаҳамларни пайтависига қурт тушириб қўйгани аниқ! "Адолат"апа қайдасиз”, деган пост қолдирган.

"Отабекнинг постларида қизишиш, эҳтирослар кўп экан, фалончи порахўр, ўқитувчилар ҳар ой унинг картасига пул ўтказишади, ўтказмалар тарихини текширса, бу исботланади, деган гап ҳали далил ҳам, факт ҳам эмас, тахмин. Шу асосда фалончи порахўр деб юборсангиз, тилингиздан илинасиз ва бу бутун дунёда шундай (АҚШда бир адвокатлик фирмаси "Сен жиноят қилдинг, аммо сен айбдор эмассан" деган мазмунда ўзини реклама қилган.Чунки жиноятчилиги аён бўлса-да, исботлаб берилмаса, озод қилиб юборишган ҳолатлари ҳам бор уларда).

Умуман, журналистик текширув қилиб, далилларни гапиртира олмасангиз, фош қилувчи эмас, мулоҳаза билдирувчи бўлинг. Текширув қилаётган бўлсангиз, охирига етмай туриб ҳидини чиқарманг.

Отабекка нопрофессионаллик ва шошмашошарлик панд берган кўринади. Адолат учун ҳислар эмас, ақл билан курашиш керак.(Янаям билмадим, бу мен ўқиган бир-икки постларидан чиқарган хулосам)",
деб ёзди Шахноза Соатова..

XS
SM
MD
LG