Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:38

Қибрайдаги оилавий заҳарланиш тўғрисида уч идора уч хил баёнот берди


Иллюстратив сурат

Меҳмондорчилик учун хонадонга келган қариндошларнинг қўлбола консерва махсулотларини истеъмол қилиши натижасида 7 фуқаро жумладан, икки аёл ва 5 та бола озиқ-овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани аниқланди.

Бу баёнотни 2 декабрда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати эълон қилди.

«Ҳудудгазтаъминот» бу баёноти билан ИИВ Тергов департаментининг Тошкент вилоят, Қибрай туманида бир оиланинг 16 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб шифохонага ётқизилганига оид 1 декабрдаги хабарини инкор қлди.

Бош прокуратура эса, "Ҳудудгазтаъминот" хабарини рад этди

"Ҳудудгазтаъминот"нинг баёнотида 7 фуқаро "консерва маҳсулотларидан заҳарлангани" айтилади. Бироқ Тергов департаменти билдирган 16 кишининг қолган 8 нафари тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

"Ҳудудгазтаъминот"га кўра, "Мутахассислар томонидан хонадондаги барча газ жиҳозлари ва қувурлари қатъий назоратдан ўтказилганда, хонадонда газ сизиб чиқиши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларига олиб келувчи сабаблар мавжуд эмаслиги аниқланди. Фақат, хонадонга ўрнатилган иситиш мосламасининг жойлашуви тасдиқланган техник режага зид равишда, ўзбошимчалик билан ўзгартириб олингани аниқланиб, дарҳол газ таъминотидан узилди. Хонадон эгаси ўзи истиқомат қилувчи ҳудудда газ таъминотида узилишлар бўлмаганлиги ва газ таъминоти корхонасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди".

ИИВ Тергов департаментига кўра, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 16 аъзоси бўлган бир оила ис газидан заҳарланган..

Айтилишича, заҳарланганларга тезкор ёрдам кўрсатилган, ҳеч ким нобуд бўлмаган.

ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, ҳодиса 1 декабрь куни тонгги соат 5 яримда содир бўлган.

Қибрай туманининг Алишеробод маҳалласида яшайдиган оилада заҳарланганларнинг 11 нафари вояга етмаган.

Айтилишича, заҳарланганлар дархол маҳаллий тез ёрдам шохобчасига мурожаат қилган ва ҳодисада ҳеч ким нобуд бўлмаган.

Айни пайтда, хонадонда заҳарланиш сабаблари ўрганилаётгани, тез орада қўшимча маълумот берилиши айтилган.

2 декабрь куни Бош прокуратура матбуот хизмати "Қибрай туманидаги ис газидан заҳарланиш ҳолати юзасидан баёнот"ини эълон қилди.

Прокуратуранинг хабар қилишича, 1 декабрь куни Қибрай туман Тез тиббий ёрдам хизматидан Алишеробод МФЙ, Эрта тонг кўчаси, 16-уйда яшовчи фуқаро Ғ.Бердиевнинг оиласи ис газидан захарланганлигини ҳақида хабар келиб тушган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, Ғ.Бердиевнинг 7 нафар оила аъзоларида “ис газидан ўткир заҳарланишнинг енгил даражаси” ташхиси ва қонларидан 9-14 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланиб, уларга токсикология бўлими томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаро Ғ.Бердиевнинг қолган 9 нафар оила аъзоларининг қонидан 6-8 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланган бўлса-да, ўткир захарланиш ташхиси қўйилмаган.

Барча беморларга тегишли тез-тиббий ёрдам кўрсатилган ва яшаш манзилига амбулатор даволаниш учун қайтарилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG