Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2020, Тошкент вақти: 13:24

Ўзбекистон хабарлари

Хива турк дунёси маданий пойтахти мақомига эга бўлади

Хивадаги Ичан қалъа.

ТУРКСЎЙ доимий кенгаши шу йил 30 ноябрида ўтказилган 37-мажлисида 2020 йили Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов Хивани турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиш қарори кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилганини урғулади.

Йиғилишда ТУРКСЎЙ бош котиби Дюсен Касеинов, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова, Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Рафиг Байрамов, Қозоғистон маданият вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпарслон, Туркманистон маданият вазири ўринбосари Ғурбанмурад Мирадалиев ҳамда Шимолий Кипр турк жумҳурияти таълим ва маданият вазири Нозим Човушўғли иштирок этдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан Камола Оқилова кўҳна Хива тўлалигича ўз тарихий қиёфасини сақлаб қололган шаҳарлардан бири эканини қайд этди.

ТУРКСЎЙ ҳар йили туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бирини турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилади. 2019 йили бу мақом Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига берилган эди.

Кун янгиликлари

Коронавирусга чалинганлар сони 27 кишига кўпайди. Тўрт бемор оғир аҳволда

Шу кунгача 2668 нафар бемор бутунлай соғайган

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3396 нафарни ташкил этмоқда. Бу 27 май соат 23:30даги маълумотда келтирилган кўрсаткичдан 27 киишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 16 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 7 нафар аҳоли орасида, Самарқанд вилоятида 1 нафар аҳоли орасида, Тошкент вилоятида эса 1 нафар аҳоли орасида, 2 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус инфекцияси аниқланган”, дейилади хабарда.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан то шу кунгача 2668 нафар бемор бутунлай соғайганини ҳам маълум қилди.

Расман билдирилишича, ҳозирда коронавирусга чалинган 714 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.

Тошкент вилоятида "яшил", "қизил" ва "сариқ" ҳудудлар рўйхати янгиланди

Ҳудудлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб аниқланади.

Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда тоифалаштирилган туман(шаҳар)лар рўйхати янгиланди.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг 27 майда билдиришича, Бекобод, Янгийўл, Нурафшон шаҳарлари, Қибрай, Оққўрғон, Зангиота, Паркент, Тошкент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл туманлари "қизил" ҳудудларга кирди.

Aнгрен, Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Ўрта Чирчиқ туманлари "сариқ" ҳудудлар сифатида белгиланди.

"Яшил" ҳудудлар – Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Оҳангарон, Бўка, Бўстонлиқ, Пискент туманлари.

Уч ойлик чақалоқни уч хонали квартирага алиштираётганлар қўлга олинди

Уч хонали уйнинг нархи 250 миллион сўм бўлган.

Навоий вилоятида уч ойлик чақалоқни уч хонали уйга алмаштираётган аёл ва чақалоқнинг бобоси қўлга олинди. Бу ҳақда Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси 27 май куни хабар берди.

Расмий маълумотда айтилишича, чақалоқни уч хонали квартирага алмаштираётганлар 23 май куни Навоий вилояти ИИБ ва Кармана туман ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида қўлга олинган.

“1987 йил Навоий вилоятида туғилган, ҳозирда Навоий шаҳрида ижарада вақтинчалик яшаб келаётган фуқаро З.Ў. 2020 йилда туғилган фарзанди Б.Ў.ни тахминий баҳоси 250 миллион сўм бўлган уч хонали уй эвазига сотаётган вақтда қўлга олинган. Аниқланишича, З.Ў. ушбу жиноят ишини отаси — 1951 йил Навоий вилоятида туғилган А.Ў. билан шерикчилик асосида содир этган”, - дейилади хабарда.

25 май куни Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини 15 минг долларга сотаётган аёл қўлга олингани ҳақида маълум қилганди. Бир неча кун олдин эса Хоразмда 2 ёшли фарзандини 7700 долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинган.

Туризмга босқичма-босқич рухсат берилади

Президент туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида. Президент матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон коронавирус пандемияси ортидан 16 мартдан бошлаб ташқи ва ички туристлар учун ёпилгани оқибатида 1500дан ортиқ туроператор, 1 200 меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.

27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида бу ҳақда гапирган президент Шавкат Мирзиёев, туризмга босқичма-босқич фаолиятини тиклашга рухсат берилишини маълум қилди.

Президент биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

Президент матбуот хизатининг билдиришича, Ўзбекистонда ички ва ташқи туризм тўхтатилгани гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди.

Зангиотада 31 йил олдин содир этилган қотиллик фош этилди

Қотиллик 1989 йилда содир этилган.

Зангиота туманида бундан 31 йил аввал ўзи билан яшаб келган эркакни ўлдирган аёл аниқланди.

“Дарё” нашрининг Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб ёзишича, қотиллик содир этганини тан олган 83 ёшли аёлга нисбатан жиноят иши очилди. У Жиноят кодексининг 97-моддаси билан қасддан одам ўлдирганликда айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, 23 май куни Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Г. яшаш ҳовлисидаги эски омборхонани бузиб, ўрнига ҳожатхона қуриш учун чуқур қазиган вақтда тупроқ орасидан одам скелетига хос бўлган суяклар топилган.

Суриштирув давомида З.Г., уйни 1989 йилда Е.М., исмли аёлдан сотиб олганини айтган. 1937 йилда туғилган Е.М.,1989 йилда ўзи билан бирга яшаб келган Р.Ш.,ни (марҳум аёлдан 20 ёш кичик бўлган) қасддан ўлдириб, мурдани ҳовлига кўмиб юборганини тан олган ва ўз ишидан пушаймон эканини билдирган. Орадан кўп вақт ўтмай у ҳовлини сотган.

“Аёлга қандай жазо берилиши ҳозирча номаълум. Айни вақтда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 500дан кўпроқ бозор хусусийлаштирилади

Тошкентдаги "Олой" бозори.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 1 минг 400 га яқин корхонанинг давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштиришга кўрсатма берди.

27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида президент Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурини тасдиқлаш вазифасини берди.

Давлат активларини бошқариш агентлигига тармоқ раҳбарлари билан бирга самарасиз ишлаётган 711 та корхонани тугатиш, 262 та корхонани қайта ташкил этиш, шунингдек, 500 дан зиёд бозорни хусусийлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат ихтиёрида сақлаб қолинадиган корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича янги тизим жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Президент матбуот хизмати тарқатган расмий билдирувда айтилишича, айни пайтда Ўзбекистонда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

Хабарда айтилишича 2020 йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.

Бўкада ўқитувчиларни камситган ҳоким муовини 22 млн сўмдан кўпроқ жаримага тортилди

Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ва Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорликда Бўка тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Хонтўраевни халқ таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашуви, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, меҳнатга мажбурлаш, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилгани учун 22 миллион 300 минг сўмлик жаримага тортди.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, Бўка тумани ҳокимининг ўринбосари томонидан туманда жойлашган таълим муассасалари раҳбарларига ободонлаштириш ҳамда томорқа ишлари бўйича хатлов ўтказиш каби топшириқлар берилган.

Хусусан, А. Хонтўраев жорий йилнинг 19 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарорига зид равишда тумандаги 12-умумтаълим мактабида 53 нафар таълим муассасаси раҳбарлари ва маҳалла фаолларига йиғилиш ўтказиб, 12-мактаб директори М.Хакимованинг ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмаганлиги учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказиб, барчани олдида изза қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳуқуқларини поймол этиб ундан туман ҳокими номига тушунтириш хати ва жорий йилнинг 20 апрель кунидан ишдан бўшаш тўғрисида аризасини олган.

Бундан ташқари, 2020 йил 6-7 май кунлари ҳоким ўринбосари Хонтўраев туманда фаолият юритаётган 15-, 16-, 18-, 24-, 50-умумтаълим мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги “Ёшлар майдони”га директорлар ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини, яъни 25 кишини майдонда ўсган ўтларни ўриш каби мажбурий меҳнатга жалб қилган.

ХТВ бу борада тўпланган ҳужжатларни қонуний баҳо бериш учун 15 май куни Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасига юборган.

Бошқарма Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни ўрганиб чиққанидан сўнг Анвар Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 22,3 млн. сўм жарима жазоси қўлланилган.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Нуронийлар кенгаши тузилади

Ўтирғичда дам олаётган ўзбекистонлик оқсоқол.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари (Нуронийлар кенгаши) ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 25 майдан кучга кирган “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилади.

Қарорда қайд этилишича, кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш, нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчилик, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш, маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш ва шу кабилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Қарорга мувофиқ, Нуронийлар кенгаши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари қарори билан ташкил этилади.

Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

Ҳукумат қарори билан Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланган.

Нуронийлар кенгаши фаолияти моддий-техник жиҳатдан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмаси томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар томонидан таъминланади.

Ишсизлик даражаси бўйича Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари олдинда бормоқда

Карантин ҳукм сураётган Самарқанд кўчаларидан бири.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилиб, энг юқори ишсизлик даражаси 9,8 фоиз билан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида, 9,7 фоиз билан Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (7,8 фоиз) аниқланган. Бу маълумотлар молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан ҳисоботида акс этган.

Мазкур ҳисоботни вазир ўринбосари, Олий мажлис Қонунчилик палатаси сайти маълумотига кўра, 26 май куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларига тақдим этган.

Мулозимга кўра, ҳисобот даврида ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли (ишсизлар) сони 1 399,7 минг кишини ташкил этган.

Йиғилишда ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш учун, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 24 майдаги тегишли Фармонига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасини ташкил этиш муҳим қадам бўлгани қайд этилган.

Депутатлар аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартириш ҳозирги пандемия шароитида ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини айтишиб, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини ошириш мумкинлигини таъкидлаганлар.

Мақомчилар ва бахшилар учун алоҳида институт ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Ўзбек мақом санъати факультети” ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилади. Бу ҳақда, маҳаллий матбуот хабарига кўра, президент Ш. Мирзиёев томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилади.

Ҳужжатда давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши ҳамда Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилиши ҳам қайд этилган.

Шунингдек, президент фармонига мувофиқ, В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари мактаб-интернатлар учун белгиланган имтиёзларни татбиқ қилган ҳолда тегишлича В.Успенский ва Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилади.

Айни пайтда Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилади.

Андижон вилояти ҳокимлиги Избоскандаги юриш қатъий назорат остида ўтганини иддао қилди

Избосканда уюштирилган оммавий тадбирдан лавҳа, 2020 йил 25 майи.

Жорий йилнинг 25 май куни Избоскан туманида ўтказилган акция карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда, туман Давлат санитария эпидемиология осойишталик маркази мутахассисларининг махсус назорати остида ташкил этилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлигининг расмий муносабатида билдирилган.

Вилоят ҳокимлиги иддаосича, акция ўтказиладиган ҳудудда тадбир бошланишидан олдин зарарсизлантириш гуруҳи томонидан зарарсизлантириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, тадбир аввалида барча иштирокчилар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, антисептик воситалари билан дезинфекция қилинган ҳолда, акцияда иштирок этишига рухсат берилган.

Хабарномада 24 май куни Избоскан туманининг Жонобод МФЙ ҳудудида яшовчи фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани ва шу куннинг ўзида ушбу ҳудуд тезкорлик билан карантинга олингани эътироф этилади.

Айни пайтда ҳокимлик Жонобод МФЙ туман марказидан 4 километр, акция ўтказилган ҳудуд (Куйган ёр МФЙ)дан 10 километр узоқликда жойлашгани, ташкил этилган пиёда юриш акциясида ушбу ҳудуддан ҳеч ким иштирок этмаганлигини қўшимча қилади.

Аввалроқ Озодлик коронавирус инфекцияси аниқланган Избосканда туман ҳокимлиги “Соғлом хаёт учун 5000 қадам” оммавий пиёда юриш акциясини ташкил этгани ҳақида хабар қилган эди. Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Тошкент-Андижон йўналиши бўйлаб қўшимча поезд қатнай бошлади

Жорий йилнинг 26 майидан Тошкент–Андижон–Тошкент йўналиши бўйлаб 62/61-сонли йўловчи поезди ҳаракати қайта тикланди.

“Ўзтемирйўлйўловчи”АЖ маълумотига кўра, мазкур поезд қатнови Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартибига риоя қилган ҳолда амалга ошириляпти.

Қайд этилишича, йўловчилар чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилишлари мумкин, фақат поездга чиқишдан аввал улардан йўл варағини тўлдириш ва Вақтинчалик тартибга ҳамда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Коронавирусга чалинганлар сони бир суткада 43 кишига кўпайди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 2636 нафар бутунлай соғайган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 27 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3333 нафарни ташкил этмоқда. Бу 26 май соат 23:00даги ҳолатдан 43 кишига кўпдир.

“Янги аниқланган касалланиш ҳолатларининг 31 нафари Навоий вилоятидан, 6 нафари Тошкент вилоятидан, 4 нафари Тошкент шаҳридан ҳамда 2 нафари Наманган вилоятидан. Уларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани учун гумонланиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 2636 нафар бутунлай соғайган. Касалхоналарда 683 нафар бемор даволанмоқда, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 14 бемор вафот этди.

Япония қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга 3 миллион доллар беради

Лойиҳа доирасида 3500га яқин аёл касбий таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Япония ҳукумати Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш учун 3 миллион доллар маблағ ажратди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Лойиҳа доирасида Фарғона, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи 3500га яқин аёл касбий таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари 300 та кичик ва ўрта корхонага бизнес юритиш учун маблағ олишга ёрдам беради, шунингдек, 1500 та янги иш ўрнини яратади.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга тиббий ускуналарни беғараз ёрдам шаклида тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.

Япония элчихонасининг хабар беришича, лойиҳа учун ажратилган 3 миллион долларни ҳисобга олганда, ёрдамнинг умумий қиймати 10 миллион долларга етиши ёки ундан ошиши мумкин.

Россияда оғир аҳволда қолган 786 ўзбекистонликка молиявий ёрдам кўрсатилди

Ёрдам пулини олиш учун "Мехр.рф" сайти орқали мурожаат қилиш лозим.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси ва бошқа дипломатик ваколатхоналари таъсис этган “Меҳр” хайрия лойиҳаси Россияда оғир аҳволга тушиб қолган 786 нафар ўзбекистонликка 4 миллион 900 минг рубль миқдорида бир марталик молиявий ёрдам кўрсатилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 14 майдан 22 майгача молиявий ёрдам олганларнинг 493 нафари Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимида таълим олаётган талаба.

Ёрдам олганлар орасида 5 нафар ногирон, қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган 32 нафар аёл, COVID-19 инфекцияси тасдиқланган 13 киши ҳам бор.

Бундан ташқари Санкт-Петербургдаги консулхонаси 41 нафар ўзбекистонликнинг хостелда истиқомат қилиш ҳақини ҳам тўлаб берган.

18 майдан 23 майга қадар 202 та эҳтиёжманд оилага икки ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

“Келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлаш ва маблағларни тенг миқдорда тақсимлаш, шунингдек, «мехр.рф» портали барқарор ишлаши учун кунига 1000 (минг) та мурожаат қабул қилиш чеклови ўрнатилди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон элчихонаси Россияда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошларга 2020 йил 14 майдан моддий ёрдам берилишини эълон қилган эди.

“Меҳр” хайрия лойиҳаси доирасида кўрсатиладиган молиявий ёрдам бир марталик экани билдирилган.

“Мазкур ёрдам Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (12130 рубль) келиб чиққан ҳолда бир марталик пул маблағини фуқаронинг банк картасига ўтказиб бериш шаклида амалга оширилади”, дейилган баёнотда.

"Меҳр" хайрия акцияси қатор ҳомийлар ва ҳамкорлар кўмагида амалга оширилмоқда.

ОАВ: Нарпай ҳокими рўзадор ўқитувчиларга ҳожатхона тозалатди

Ўзбекистонда турли касб эгаларини тозалаш ишларига жалб қилиш анъанага айланган.

Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани ҳокими Ботир Жабборов рўза пайтида тумандаги мактаб ўқитувчиларини мактаб ҳожатхоналарини тозалашга жалб қилган. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

Нашр, шунингдек, ҳожатхона тозалаётган ва таъмирлаётган ўқитувчилар фотосуратларини ҳам эълон қилган.

“Таъкидланишича, ҳоким топшириғига кўра, мажбурий тарзда ҳожатхона таъмирлашга жалб қилинган ўқитувчилар вилоятда карантин бўлишига қарамасдан, ўз имкониятларидан келиб чиқиб мактабга қатнаган. Ҳожатхоналар таъмири қандай кетаётганини аниқлаш мақсадида ҳоким ўринбосари Асқар Рустамов бошчилигидаги ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев, туман касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Жумаевлардан иборат гуруҳ ҳар куни мактабларга бориб, ҳолатни ўрганган”, - дейилади хабарда.

Хабарда қайд этилиишча, 22 май куни тасвирга олинган видео ҳам таҳририятда мавжуд. Мазкур видеода 32-мактабда бўлганида ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев таъмирдан кўнгли тўлмай, мактаб директорини турткилаб ташлагани акс этган.

“Мактаб директори ўқитувчилар рўзадорлиги учун жисмоний меҳнатдан қийналаётганини айтган вақтда мудир ‘сен буюрилган ишни қил’ деб директорни туртган”, — деб иқтибос келтиради “Дарё” таҳририятга келган мурожаатдан.

Сўнгги 14 кунда 734 кишида коронавирус топилди, улардан 185 нафари хориждан келганлар

Шу кунгача 348 292 киши карантиндан чиқарилган.

Сўнгги 14 кунда Ўзбекистонда 734 кишида коронавирус аниқланди, 17та чартер рейс билан олиб келинган 4056 нафар, чегара ўтказиш постлари орқали кириб келган 11 216 нафар ҳамда мулоқотда бўлганлар билан биргаликда ҳисобланганда жами 20 035 нафаро фуқаро стационар карантинга олинди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳромжон Игамбердиев берган маълумотларни вазирлик матбуот хизмати эълон қилди.

Таҳлилларга кўра, хориждан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида энг кўп касалланганлар 14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган ўзбекистонликлар орасида аниқланиб, 86 нафарни ташкил этди.

Қозоғистоннинг “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида эса 99 нафари коронавирусга чалингани аниқланган.

Баҳромжон Игамбердиевнинг айтишича, айни пайтда давлат бюджетидан стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 минг 700 сўм сарфланмоқда.

Стационар ва уй карантинига олиш тадбирлари бошланган илк кунлардан айни пайтга қадар карантинга олинган жами 394 181 нафар фуқародан 348 292 нафари карантиндан чиқарилган. Шундан, уй карантинига олинган 305 044 нафар фуқародан 280 006 нафари чиқарилган. Стационар карантинга олинган 89 137 нафар фуқародан эса 68 286 нафари чиқарилган.

Хоразмда коронавирусга чалинган беморларнинг барчаси соғайди

26 май ҳолатига кўра, 29 нафар бемор тузалди.

Хоразмда 26 май куни коронавирусга чалинган сўнгги 3 киши тузалди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан вилоятда коронавирус инфекцияси қайд этилган жами 233 нафар беморнинг барчаси соғайди. Хоразм вилояти эса “яшил” ҳудудга айланди.

Бундан ташқари 26 май куни Наманган вилоятида 7 нафар ҳамда Самарқанд вилоятида 2 нафар, жами 12 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

“Наманганда шифо топганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Наманган шаҳри, Уйчи ва Наманган туманларидан 1 нафардан) бўлиб, 5 нафари эркак, 2 нафар аёл. Улар орасида ёши каттаси 75 ёшли онахон бўлса, ёши кичига 17 ёшда. Вилоятдан ани пайтга қадар 240 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда 247 нафарга етиб, даволанаётганлар 3 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу вилоят ҳам коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлишга яқин турибди”, дейилади расмий хабарда.

Самарқандда тузалганлар ҳам (30 ёшли ва 24 ёшли эркак) ушбу вилоятдан бўлиб, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан. Эндиликда вилоятда соғайганлар 249 нафарга етиб, даволанаётганлар 89 нафарни ташкил қилмоқда.

26 май ҳолатига кўра, 29 нафар бемор тузалиб, коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2636 нафарни ташкил этмоқда.

14-ўлим: Коронавирусга чалинган самарқандлик 63 ёшли бемор оламдан ўтди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани яшаб келган, коронавирусга чалинган 63 ёшли (эркак) бемор 26 май куни оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

ССВ хабарномасида самарқандлик И. шу йилнинг 19 май куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида оғир аҳволда ётқизилгани, ўтказилган таҳлиллар натижасида унда “Covid-19” инфекцияси тасдиқлангани айтилади.

Қайд этилишича, I-гуруҳ ногиронлиги бўлган бу бемор 3 йилдан буён сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган.

25 май куни беморнинг аҳволи ёмонлашган, бурундан ва ички қон кетиш белгилари пайдо бўлган ва реанимация бўлимига олинган.

Врачлар томонидан кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Пахтачилик бу бемор ва у яшаган Жона маҳалла фуқаролар йиғинида юзга келган вазият ҳақида Озодлик 21 май куни хабар қилганди.

Шу тариқа коронавирус инфекцияси юқтириб олгани ортидан оламдан ўтган ўзбекистонлик беморлар сони 14 нафарга етган.

ССВ, 2020 йил 26 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 3290 нафарга, соғайганлар сони эса 2636 нафарга етганини маълум қилган.

Мирзиёев пандемия борасида хотиржамликка берилишга ҳали эрта эканини таъкидлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келаётган давлатлар ҳамда қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инвестиция масалалари муҳокамасига бағишлаб 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони Ўзбекистонда ҳам кўпайгани қайд этилаётганига эътибор қаратган Ш. Мирзиёев аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилаётганини урғулади.

“Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган. Беморларнинг қарийб 50 фоизини ҳам хориждан келган фуқаролар ташкил этади”, деди президент.

Унга кўра, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутиляпти. Бунга қўшимча яна 100 минг нафардан ортиғи ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутмоқда.

Мирзиёевнинг қайд этишича, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

“Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин”, деди президент.

Йиғилишда Ш. Мирзиёев Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиши ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиши бўйича топшириқ берган.

Екатеринбургдан Тошкентга 278 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Тошкентга 25 май куни махсус рейс билан 278 киши олиб келинган. “Областная газета” онлайн нашри хабарига кўра, кеча юртига қайтган ўзбекистонликлар орасида 10 нафар бола ҳам бор.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консули Абдусалом Ҳотамов юртдошларини ватанига қайтаришда кўмаклашган россиялик дипломатлар ҳамда Кольцово аэропорти ходимларига миннатдорчилик изҳор қилган.

Маълумотларга кўра, Екатеринбургдаги ўзбекистонликлар “Uzbekistan Airways” авиаширкати учоғи билан қайтарилган.

Коронавирус инфекцияси аниқланган Избосканда туман ҳокимлиги оммавий юриш ташкил этди

Избоскан тумани ҳокимлиги томонидан уюштирилган пиёда юришдан лавҳа, 2020 йил 25 майи (туман ҳокимлиги фотоси).

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 25 май куни расмийлар томонидан “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида пиёда юриш ташкил этилган. Бу ҳақда Избоскан тумани ҳокимлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Ҳокимлик мазкур тадбир “Ўзбекистон президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида андижонлик фаоллар билан ўтказган йиғилишида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун “Андижон намунаси” асосида ҳар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича берган топшириқ ижросини таъминлаш, туман аҳолисини саломатлигини янада яхшилаш мақсадида” уюштирилганини билдирган.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи бир фуқарода 23 май куни коронавирус инфекцияси аниқланган, бу борада туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази маълум қилганди.

Қайд этилишича, избосканлик бемор билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга олинган.

Ўзбекистонда кунига 6 млн ниқоб ва 45 минг комбинезон ишлаб чиқарилмоқда

Ўзбекистонда 275 та корхона томонидан ҳар куни 6 миллиондан зиёд тиббий ниқоб ва 45 мингта ҳимоя комбинезони ишлаб чиқариляпти. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ниқоблар ишлаб чиқариш бўйича Наманган (36 та корхона), Андижон (28), Тошкент (26) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (29) етакчилик қилаётгани айтилган. Мазкур корхоналар улушига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 75 фоиздан кўпроғи тўғри келган.

Қайд этилишича, 1,7 миллион дона ниқоб ва 1,2 миллион дона комбинезон гуманитар ёрдам сифатида жўнатилган, 13,4 миллион дона ниқоб эса экспортга йўналтирилган.

Ўзбекистонда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага кирувчи ҳудудларда жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш ҳалигача мажбурий бўлиб, бунга амал қилмаган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Озодлик хабари ортидан Бухородаги 300 йиллик масжид сақлаб қолинди

Бухородаги "Файзихон" масжиди ва унга осилган лавҳа.

Бухоро вилоят Хонобод МФЙ Хонобод кишлоғида жойлашган 1717 йилда қурилган "Файзихон" масжиди сақлаб қолинди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Бухоро бошқармаси раҳбари Шерзод Маҳмудов билдирди.

Мулозимга кўра, эндиликда масжид тўлиқ Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Бухоро бошқармаси ҳисобида туради.

Бухоро туманида 300 йиллик тарихга эга жомеъ масжиди новвойхонага айлантирилгани ҳақида Озодлик 22 май куни хабар қилганди. Мақолада Маданий мерос департаментининг қадимий обидалар рўйхатига кирмагани, Мусулмонлар идорасида эса масжид сифатида рўйхатга олинмаган бу бино Хонобод МФЙ балансидаги кўчмас мулк сифатида қайд қилингани урғуланганди.

Маълум бўлишича, Озодлик хабари ортидан Маданий мерос департаменти вакиллари Хонобод қишлоғига бориб, масжиддаги новвойхона фаолиятини тугатиб, бино пештоқидаги “Хонобод МФЙ Хонобод 1 қишлоқ нонвойхонаси” деб ëзилган кўк рангдаги лавҳани олдириб келганлар.

Тошкентни Фарғона водийси билан боғловчи пуллик автомобиль йўли лойиҳасига тендер эълон қилинади

"Қамчиқ" довони йўли.

“Қамчиқ” довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича 25 май куни ўтказилган йиғилишда билдирилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ш.Мирзиёев ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этган. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидлаган.

Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошгани, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етгани урғуланган.

Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланган. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG