Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:21

Тошкентда 16 кишилик оила ис газидан заҳарланди, 11 нафари вояга етмаган


Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 16 аъзоси бўлган бир оила ис газидан заҳарланди.

Айтилишича, заҳарланганларга тезкор ёрдам кўрсатилган, ҳеч ким нобуд бўлмаган.

ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, ҳодиса 1 декабрь куни тонгги соат 5 яримда содир бўлган.

Қибрай туманининг Алишеробод маҳалласида яшайдиган оилада заҳарланганларнинг 11 нафари вояга етмаган.

Айтилишича, заҳарланганлар дархол маҳаллий тез ёрдам шохобчасига мурожаат қилган ва ҳодисада ҳеч ким нобуд бўлмаган.

Айни пайтда, хонадонда заҳарланиш сабаблари ўрганилаётгани, тез орада қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати совиши ортидан, сўнгги бир неча ҳафта ичида ис газидан заҳарланиш ҳоллари фавқулодда кўпайди. Озодлик кузатувича, сўнгги бир ой ичида заҳарланиб ўлганлар сони 20дан ортган.

19 ноябрь куни Озодлик Жиззахда ИИБ биносини таъмирлаётган 7 уста ис газидан ўлганини аниқланган эди.

17 ноябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Наманганнинг Уйчи туманида бир оиланинг 3 аъзоси ис газидан ўлганини билдирган.

15 ноябрь куни Бош прокуратура Жиззахнинг Дўстлик туманида ҳам бир оиланинг уч аъзоси – эр, хотин ва бир бола ис газидан заҳарланган, ота вафот этган, унинг турмуш ўртоғи ва фарзанди шифохонага ётқизилганини маълум қилган.

Бош прокуратурага кўра, 11 ноябрь куни Фарғона вилоят, Риштон тумани “Зарариқ” маҳалласида вояга етмаган икки қиз газдан заҳарланиб вафот этган.

Нукусда 10 ноябрь куни эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этган.

9 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида 8 киши ис газидан заҳарланиб касалхонага ётқизилган. Шунингдек, Соғликни сақлаш вазирлиги Қашқадарёда 25 ва 26 ноябрь кунлари 9 одам ис газидан заҳарланиб, касалхоналарга ётқизилганини, баъзиларнинг аҳволи оғирлигини билдирган эди.

28 октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида уч кишилик оила, 22 октябрда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида тўрт кишилик оила ис газидан заҳарланиб вафот этган.

"Ўзтрансгаз” 2018 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этгани, 54 одам эса жабрланганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG