Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Ўзбекистонда бир ой ичида ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони камида 15 нафарга етди


Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, Наманган вилоятининг Уйчи туманида бир оиланинг ис газидан заҳарланган уч аъзоси вафот этди.

Хабарда айтилишича, 17 ноябрь куни тунги соат учларда Уйчи тумани «Дўстлик» маҳалласидаги уйда тўрт кишининг газдан заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Уларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлган. Она ва икки фарзанд вафот этган, ота касалхонага ётқизилган.

“Ўтказилган текширувларда уй резина қувур орқали пропанли баллонга уланган қўлбола печ орқали иситилгани аниқланди. Оила аъзолари ухлаётган вақтда ис газидан заҳарланган”, дейилади расмий хабарда.

Бош прокуратура эса 15 ноябрь куни тахминан соат 14:30да Жиззахнинг Дўстлик тумани, Ғофур Ғуломов маҳалласида яшаган бир оиланинг уч аъзоси – эр, хотин ва фарзанд уйнинг ошхонасига ўрнатилган газ плитасидан чиққан ис газидан заҳарлангани ҳақида хабар берган.

Ҳодиса оқибатида ота вафот этган, унинг турмуш ўртоғи ва фарзанди шифохонага ётқизилган.

17 ва 15 ноябрь куни юз берган бу воқеалар сўнгги бир ой ичида ис газидан заҳарланиб ўлиш билан боғлиқ Озодликка маълум бўлган еттинчи ҳодисадир. Бу ҳодисаларда жами 15 одам вафот этган.

12 ноябрда Бош прокуратура 11 ноябрь куни Фарғона вилоят, Риштон тумани “Зарариқ” маҳалласида вояга етмаган икки қиз газдан заҳарланиб вафот этгани ҳақида маълум қилганди.

Бундан аввал Нукусда 10 ноябрь куни эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган эди.

9 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши тумани Боғдод маҳалласида яшовчи аёл, унинг 2 нафар фарзанди ҳамда меҳмонга келган 5 нафар қариндоши – жами 8 киши ис газидан заҳарланиб касалхонага ётқизилган.

28 октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида уч кишилик оила, 22 октябрда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида тўрт кишилик оила ис газидан заҳарланиб вафот этгани билдирилганди.

Ўзбекистонда ҳар йили куз ва қиш мавсумида ўнлаб одамларнинг ис газидан вафот этгани ёки заҳарлангани юзасидан хабарлар берилади.

"Ўзтрансгаз” 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этгани, 54 одам эса жабрланганини билдирган.

Расмий маълумотга кўра, 2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Ўзтрансгаз” ва бошқа мутасадди ташкилотлар ис газидан заҳарланиш хавфсизлик ҳамда истиш тизимларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юз бераётганини билдирган. Мазкур ташкилотлар мунтазам равишда бу борада аҳолини огоҳлантириб келаётганликларини айтадилар.

XS
SM
MD
LG