Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Беларусда сайлов: мухолиф номзодлар қўйилмади, тарафдорлар норозиликка чиқди


Беларусда - 17 ноябрь кунги парламент сайловларида - бир неча мухолифат вакили номзодини кўрсатган бўлса-да, жорий президент Александр Лукашенкага содиқ сиёсатчилар ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Сайлов Беларусь ўзига хос қийинчиликларга дучор бўлган бир пайтга тўғри келди.

Москва мамлакатни иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга чорлар экан, Лукашенка Европа Иттифоқи, АҚШ ҳамда Хитой билан яқиндан алоқа ўрнатиш устида бош қотирмоқда.

25 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Лукашенка 2020 йилда президент сайловида яна беллашади.

Авторитар етакчининг яна қанча вақт ҳокимият тепасида қолиши номаълум.

Сайловда Беларус парламентнинг қуйи палатаси бўлмиш Миллий ассамблеядаги 110 ўрин учун 500 номзод курашмоқда.

Мухолифатга алоқадор 200 дан ошиқ номзод сайловдан четлатилди. Уларнинг аксари етарлича имзо тўплай олмагани учун рўйхатга олинмади.

Сайловда номзодини кўрсата олмаганлар орасида “Бирлашган фуқаровий партия” аъзоси Ҳанна Канапатская ҳамда мустақил номзод Алёна Анисимлар бор. Уларнинг иккиси ҳам 2016 йилда парламентга сайланган эди.

Бугунги сайлов ҳақида Лукашенка 5 август куни эълон қилди. Режа бўйича жорий парламентнинг мандати янаги йил тугаши керак эди.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўз кузатув миссияси дастлабки ҳисоботини 18 ноябрь куни эълон қилишини маълум қилди.

2016 йилги парламент сайловлари ортидан ташкилот кўплаб процедура қоидалари бузилгани ва сайлов жараёни етарлича шаффоф бўлмаганини хулоса қилган эди.

12-16 ноябрь кунлари ўтказилган эрта овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг чораги овоз бериб бўлди. Мухолифат вакиллари эрта овоз бериш жараёнида топширилган сайлов қоғозлари назорат қилинмаганини ҳамда кузатувчилар иштирокисиз саналганини айтмоқда.

13 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина эрта сайлов кунлари қонунбузарликларга йўл қўйилганини рад этди. Ермошина, шунингдек, талабаларга муайян номзодларга овоз беришга ундаб, босим ўтказилаётганини рад этди.

Мустақил кузатувчи Брест шаҳрида номаълум аёл сайлов қутисига бир неча сайлов қоғозини ташлашга уринаётганини видеога ёзиб олди. Ермошина бу ҳолатга жавобан ҳодисани ёзиб олган кузатувчи аккредитациясидан айрилиши кераклигини таъкидлади.

Сайлов арафасида 1000-1500 одам Минскнинг Мустақиллик майдонига намойишга чиқиб, демократик ўзгаришларни талаб қилди. Норозилик акцияси NEXTA номи билан машҳур бўлган влоггер Сцяпан Святлоў ташаббуси билан ўтказилди.

15 ноябрь куни эса 200 мухолифат тарафдори Минскда норозилик акциясига чиқди.

Айни дамда Лукашенка ҳукумати қалтис вазиятга тушиб қолган. Москва ҳарбий ва иқтисодий интеграцияни жадаллатишга ундамоқда, аммо Беларусь Россия билан музокараларда ўз манфаатларини яхшироқ ҳимоя қила олиши учун бошқа жойдан таянчиқ изламоқда.

2014 йилда Украинада бошланган бўҳрон Лукашенкани ташвишга солди, натижада у Россияга қарамликни озайтиришга кураша бошлади.

Минск Россиядан арзон нефть сотиб олади. Икки мамлакат 1999 йилда иттифоқ келишувини имзолаган. Келишувда ягона валюта, банк ва солиқ тизимини жорий қилиш назарда тутилган.

2016 йилда Лукашенко уч йил деганда Европа Иттифоқи давлати – Австрияга хизмат сафари билан борди. Беларусь ва АҚШ муносабатлари ҳам яхшиланмоқда. 17 сентябрь куни икки давлат 11 йиллик танаффусдан кейин бир-бирига элчи юбориши эълон қилинди.

Бу орада Хитой ҳам Беларусь билан алоқаларини мустаҳкамламоқда. Сентябрь ойида Хитой тараққиёт банки мамлакатга 500 миллион доллар қарз ажратди. Хитой, шунингдек, Беларусдаги энг йирик хорижий сармоя лойиҳаси бўлмиш “Буюк тош” саноат паркини қурмоқда.

XS
SM
MD
LG