Линклар

Шошилинч хабар
02 июн 2020, Тошкент вақти: 11:07

Халқаро хабарлар

Роскомнадзор “Фергана” сайтига қўйилган тўсиқни бекор қилди

"Фергана" бош муҳаррири Мария Дубнова.

Роскомнадзор “Фергана” сайтига 1 октябрда қўйилган тўсиқни 8 октябрда олиб ташлади.

Сайт директори Даниил Кислов Роскомсвобода ҳаракати ва юристлар кўмагида Роскомнадзор “Фергана” сайтига нега тўсиқ қўйганини аниқлашга муваффақ бўлинганини айтди.

Билдирилишича, “Фергана”да қирғизистонлик пенсионер ўз жонига қасд қилгани тўғрисидаги мақола Россияда эълон қилиниши ман этилган контент сифатида топилган ва бунинг ортидан сайт блок қилинган.

Нашр бош муҳаррири Мария Дубнова тахририят мазкур мақолани сайтдан олиб ташлаганини ва бу ҳақда Роскомнадзорни огоҳлантирганини билдирди. Унга кўра, Роскомнадзор нашрни огоҳлантириш ўрнига, ҳеч қандай тушунтиришларсиз блоклаб қўйган.

Россияда рўйхатга олинган “Фергана” агентлиги Марказий Осиё давлатлари тўғрисидаги хабарларни тарқатади. Мазкур сайт ўз вақтида Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ҳам тақиқланган эди. Кейинроқ бу тақиқ бекор қилинган.

2019 йилнинг апрелида эса "Фергана" мухбири Андрей Кудряшов Тошкентда аккредитациядан ўтказилганди.

"Фергана" бугунги кунда Туркманистонда ҳам блок қилинган.

Кун янгиликлари

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 11,5 мингдан ошди

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди.

Қозоғистонда расмий маълумотларга қараганда, 1 июнь ҳолатига кўра, 263 одамда коронавирус аниқланди. Беморлар сонининг ўсиш кўрсаткичи 2,3 фоизни ташкил қилди.

Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари авваллари Қозоғистоннинг барча ҳудудларида кузатилган бўлса, 1 июнь куни Оқмўла, Шимолий Қозоғистон ва Қўстанай вилоятларида коронавирусга чалинган бирорта одам аниқланмади.

Сўнгги бир сутка ичида 183 бемор соғайди. Бу билан соғайганлар сони расман 5 587 киишга етди.

Қорзоғистонда коронавирус ҳолати илк бор аниқланган 13 мартдан бери 11 571 бемор аниқланди. Улардан 41 нафари вафот этди.

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди. Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Қирғизистонда коронавирусдан 17-бемор вафот этди

Вафот этган 79 ёшли аёлнинг коронавирус туфайли эски касалликлари кучайиб кетган.

Қирғизистонда 2 июнь ҳолатига кўра, яна 28 одамда коронавирус аниқланди. Бу билан бу мамлакатда коронавирус юққанлар сони 1845 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевнинг билдиришича, беморлардан бир нафари 1 июнь куни Норин шаҳрида вафот этди. Вафот этган 79 ёшли аёлнинг коронавирус туфайли эски касалликлари кучайиб кетган.

“Норин вилоят касалхонасида 13 майдан бери даволанаётган бемор вафот этди. Унинг аҳволи 1 июнда кескин ёмонлашган. Унинг диагнози пневмониянинг ўта оғир кўриниши. Бундан аввал бу одам ишемик инсульт, мия инфаркти, кант диабети билан оғриган экан”, -деди Нурбўлўт Усенбаев.

Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 17 кишига етди.

Қирғизистонда коронавирус илк марта аниқлнган 18 мартдан 2 июнгача 1219 бемор соғайди.

Трамп губернаторлар қатъий чоралар кўрмаса, намойишларни ҳарбий куч билан бостиришга ваъда берди

Вашингтондаги норозилик намойишлари ортидан пайдо бўлган манзара.

АҚШ президенти Дональд Трамп афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан ўлдирилиши оқибатида бошланиб кетган норозлик намойишларини барча федерал захираларни, ҳарбий ва фуқаролик кучларини ишга солган ҳолда бостиришга ваъда берди.

Трамп губернаторларга тезкорликда ўз штатларида Миллий Гвардия аскарлари сонини норозилардан устун келадиган даражада кўпайтиришни таклиф қилди. Трампга кўра, губернаторлар бу таклифга рози бўлмасалар, у ҳарбий кучни ишга солади.

АҚШ президенти Америкадаги фуқаролар уруши даврида қабул қилинган “Исёнлар тўғрисида”ги қонунга асосан айрим ҳолатларда ҳарбийлардан тартибни сақлаш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга.

АҚШда расмийлар томонидан фавқулодда вазиятлар чоғида ишга солинадиган Қуроллик кучларнинг махсус тури – Миллий гвардия 15 та штат ва пойтахт Вашингтонда тартибни сақлаш учун ҳозирда ўзининг беш минг чоғли жангчиси сафарбар қилинганини маълум қилди.

АҚШда намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Испанияда биринчи марта коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади

Испания коронавирусдан энг кўп жабрланган мамлакатлардан бири.

Испанияда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери биринчи марта сўнгги бир кунда COVID-19дан ўлим ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Фернандо Симон 1 июнда маълум қилди.

Испания Италия, Британия ва Франция каби коронавирусдан энг кўп жабрланган Европа мамлакатидир.

Испанияда коронавирусдан шу кунгача 27 мингдан кўпроқ одам вафот этган. Испанияда икки ой аввал COVID-19 авжига чиққан ва бир кунда ўлим ҳолатлари 960 кишига етган эди. Испанияда жами 240 минг киши коронавирусга чалинган.

Netflix, Nike ва Adidas АҚШда ирқчиликка қарши намойиш ўтказаётганларни қўллаб-қувватлади

АҚШда ирқчиликка қарши намойишлар 25 майда бошланган эди.

АҚШнинг технологиялар, банк, мода ва шоу-бизнес соҳасида ишловчи ширкатлари афроамерикаликларга нисбатан полициячиларнинг ноинсоний муносабатига қарши намойишга чиққанларни қўллаб-қувватловчи баёнотни эълон қилди.

Жумладан, Netflix твиттер саҳифасида ширкатда ишловчи афроамерикаликлар олдида муносабат билдиришга масъул эканини билдирган ҳолда, “Жим туришлик жиноятга шериклик билан баробар”, деб баёнот берди.

Google бош саҳифасида ирқий тенглик учун курашаётган барча одамлар қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги ёзув пайдо бўлди.

Twitter ўзининг расмий аккаунтида #BlackLivesMatter – "Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим” хештегини жорий этди.

Citibankнинг молиявий директори, афроамерикалик Марк Мэйсон ўз блогида “Ирқчилик бизнинг мамлакатимиздаги энг оғриқли ва хунук кўриниш бўлиб қолмоқда”, деб ёзди.

Nike твиттерда “Ирқичиликка эътиборсиз бўлманг. Бегуноҳ одамларнинг ҳаётига тажовуз қилинишига қараб турманг” деган видеороликни эълон қилди. Nike рақобатчиси бўлган Adidas эса бу твитни репост қилди.

АҚШда намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Британия, Италия ва Швейцария карантин чораларини юмшатмоқда

Лондондаги ижтимоий масофаланиш, 2020 йил майи.

Европадаги қатор мамлакатлар коронавирус пандемияси туфайли жорий йилинган карантин чораларини 1 июндан юмшатди.

Англияда 10 ҳафта муқаддам ёпилган бошланғич мактаблар қайта очилмоқда. Олти кишигача гуруҳ бўлиб йиғилишга рухсат берилди, кўча бозорлари ҳам иш бошлаяпти. “Хавф гуруҳи”га кирган кишиларга март ойи охирларидан бери илк бор уйдан чиқишга рухсат берилди.

Британия Европадаги бошқа кўплаб мамлакатлардан кейинроқ карантин жорий қилган, шу важдан ҳозирда уларга қараганда секинроқ карантиндан чиқмоқда, айни пайтда мутахассисларнинг кўпи чеклов чораларини юмшатиш учун инфекцияга чалиниш ва ўлим ҳолатлари билан боғлиқ рақамлар ҳали анча юқори, деган фикрдалар.

Ҳолландияда 1 июндан барлар ва ресторанлар очилди. Швейцарияда 6 июндан кинотеатрлар ва тунги клублар қайта ишга тушади.

Италияда 3 июндан ҳудудлараро сафарларга чекловлар бекор қилиниши ва Европа Иттифоқи ватандошлари учун чегараларнинг очилиши кутилмоқда. Италияга қўшни бошқа давлатлар эса, инфекциянинг тарқалиш даражаси ҳали мамлакатда юқори эканини айтиб, ҳозирча ўз чегараларини очишга шошилаётганлари йўқ.

Европа мамлакатларининг кўпида инфекция юқтириб олиш ва ўлим ҳолатлари аста-секинлик билан камайиб боряпти. Германия, Франция, Испания ва Италия каби мамлакатлар эпидемия чўққисидан ўтиб бўлган, деб ҳисобланмоқда.

Путин Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш санасини 1 июлга белгилади

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш санасини 1 июлга белгилашга қарор қилди. Бу ҳақда Путиннинг ўзгартишларни ҳозирлаш бўйича ишчи гуруҳи ҳамраислари билан 1 июнь куни ўтказган учрашувида эълон қилинди.

Овоз беришни 1 июлга белгилаш қарорини Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова ҳам дастаклади. Айни пайтда у овоз бериш участкаларда одам тўпланишининг олдини олиш учун расмий санадан 6 кун аввал бошланишини билдирди. Памфиловага кўра, 2-3 минтақада масофадан туриб электрон овоз бериш ташкил этилиши мумкин.

Путин Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича овоз беришни Ғалаба паради ўтказиладиган 24 июнгача белгилаш таклифлари бўлгани, бироқ у бу икки воқеани бир-бирига аралаштирмасликка қарор қилганини билдирди.

Ишчи гуруҳ ҳамраиси Павел Крашенинников овоз бериш 25 июнданоқ бошланиши ва 1 июлга бориб тугашини тасдиқлади.

Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова эпидемиянинг “юксалиши бўйича чўққидан ўтиб бўлингани”, хасталик юқтириб олаётганлар сони эса пасайиб бораётганини айтиб, овоз беришни 1 июль санасига белгиланиши фикрига қўшилди.

1 июль овоз бериш санаси ўлароқ белгиланиши мумкинлиги ҳақида турли оммавий ахборот воситаларининг манбалари аввал ҳам айтган. Бу санага муқобил сифатида 8 июль санаси қолаётганди.

Асосий қонундаги ўзгартишлардан бири амалдаги давлат раҳбарининг президентлик муддатини “нолга тушириш” бўлади.

Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш санаси даставвал 22 апрелга белгиланганди, бироқ коронавирус инфекцияси эпидемияси туфайли у номаълум муддатга қолдирилган. Сўнгги кунларда овоз беришга тайёргарлик қайта бошлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади.

Россия Марказий сайлов комиссияси 20 майдан Конституцияга ўзгартишлар бўйича овоз беришга ҳозирликни қайтадан бошлаган. МСК Роспотребнадзор билан биргаликда эпидемия шароитида овоз беришни ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиққан. Бу тавсияларга кўра, овоз бериш участкалари очиқ ҳавода ҳам ташкил этилиши мумкин.

Арманистон бош вазири коронавирус инфекциясини юқтириб олди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян коронавирусга чалинди. Бу ҳақда у Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Пашинянга кўра, коронавирус инфекцияси унинг оила аъзоларида ҳам аниқланган. Хасталик ташқи аломатларсиз ва юқори ҳароратсиз кечмоқда, бироқ бош вазир бошқа ҳамкасбларига инфекция юқтирмаслик учун маълум муддат уйидан туриб ишлашга қарор қилган.

Арманистонда шу пайтгача коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 9 минг 282 та ҳолат қайд этилган. Хасталик туфайли 131 бемор нобуд бўлган.

16 мартдан бу мамлакатда фавқулодда вазият тартиби жорий қилинган бўлиб, расмийларнинг сўнгги қарорига мувофиқ, у 13 июнгача чўзилган.

18 майдан Арманистонда жамоат транспорти ишга тушди, бироқ йўловчилардан ниқоб ва қўлқоп тақиш талаб қилинмоқда. Мамлакатда шу кунда савдо марказлари ва умумий овқатланиш жойлари тўла очилган.

Америкалик полициячилар норозиларга ҳамдардлик ўлароқ тиз чўкишди

АҚШда полициячилар ҳамкасбининг қилган айби учун халқдан тиз чўкиб узр сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:15 0:00

АҚШнинг Жанубий Флорида штатида турли муассасада ишлайдиган полициячилар Миннеаполисда қазо қилган афроамерикалик Жорж Флойд ўлимини қоралаган норозилар билан ҳамдард эканлари белгиси ўлароқ тиз чўкишди ва улар билан бирга дуо қилишди.

Бу ҳолат акс этган фотосуратни Майами-Дейд округининг полиция департаменти Фейсбукдаги ўз саҳифасига жойлади. “Биз буни тўғри йўл узра дуруст қадам, деб ҳисоблаймиз”, дейилади расмга илова қилинган ёзувда.

АҚШнинг кўп шаҳарларида ўтган ҳафта полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган Жорж Флойднинг ўлими ортидан норозилик намойишлари олти кундан бери давом этмоқда. Айрим жойларда норозилик чиқишлари зўравонлик касб этиб, полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган. Тартибсизликлар ортидан Лос-Анжелес, Майами, Детройт ва Филадельфия дохил тақрибан 40 шаҳарда оқшом тушганидан сўнг кўча намойишларини ўтказиш тақиқлаб қўйилган.

Азимжон Асқаров ўзига қарши айблов ёғдирганларга жавоб мурожаати билан чиқди

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров суд залида (архив сурати).

Бундан 10 йил муқаддам Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг қатор сиёсатчилари ва собиқ депутатларига очиқ мурожаат билан чиқди.

У қамоқхонада ноҳақ ўтирганини, милиционер Сулаймановнинг ўлимига ўз ҳамкасблари сабаб бўлганини айтиб, ноҳукумат ташкилотлари (НҲТ) тўғрисидаги лойиҳанинг парламентдаги муҳокамаси чоғида ўзига қарши билдирилган фикрларга жавоб берди.

Асқаровнинг мурожаатида: “Менга қарши ёлғон иддаолар юқори минбарлардан 10 йилдан бери бетўхтов айтиб келинмоқда. Бейшенбек Абдразақов ва Дуйшўн Абдилдаев менинг ишимга тўхталиб, тарафдорларимни “сотқин” деб аташди. Миллатчилик инсоннинг энг ёмон хусусияти. Июрь воқеалари тўғрисида етарли фактларни келтирганман, агар улар етмаса, ундан ҳам кўп маълумот бера оламан”, дейилган.

22 май куни парламент биносида НҲТ тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича муҳокама бўлиб ўтганди. Бу мажлисга бир қанча ташкилот вакили қатнашиб, уларнинг кўпи қонун лойиҳасини қўллаб, нутқ сўзлаган. Муҳокамага қатнаша олмай қолган 70 чоғли ташкилот мазкур қонунга қаршилигини билдириб, баёнот тарқатган.

Парламентдаги муҳокама иштирокчиси, собиқ депутат Бейшенбек Абдразақов ўз сўзида: “Июнь воқеаси чоғида 500 киши қазо қилган. Булар Азимжон Асқаровнинг, Қодиржон Ботировнинг ёнини олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача бориб юришибди. Нима учун қамоқда ётган бошқа фуқароларимизнинг, аёлларнинг, ҳомиладор аёлларнинг ёнини олмайди? Шунинг учун ҳам қонунни тез орада қабул қилиш керак”, деган.

Қирғизистондаги жамоатчилик жамғармаларидан бирининг раҳбари Дуйшўн Абдилдаев эса: “Жинояти тўла исботланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган кишиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, озод қилишни талаб қилишяпти. Азимжон Асқаров, Қодиржон Ботировгача”, деган.

Ёши 70 ни қоралаган жалолободлик Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Олий судгача бўлган барча инстанциялар илк инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирган.

2016 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқхонада қийноққа дучор этилгани, тиббий кўмак ва адолатли суд билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини қайд этган. Қирғизистон томони бу иддаони рад этган.

Шу йил 1 июнидан Бишкек шаҳар маъмурий суди Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикоятини кўриб чиқа бошлади. Жалолободлик ҳуқуқ фаолининг иши бўйича кейинги суд мажлиси 14 июнга белгиланган.

АҚШда намойишлар давом этмоқда, Трамп бир муддат бункерга яширинди

Оқ уй олдидаги намойишчилар, Вашингтон, 2020 йил 31 майи.

АҚШда ижтимоий тенгсизликка қарши намойишларнинг олтинчи туни бир неча шаҳар кўчаларида тартибсизлик ва зўравонлик қабатида кечди.

Норозилик чиқишларига Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида полициячилар томонидан тутилган афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган.

Тартибсизликлар туфайли тақрибан 40 шаҳарда комендантлик соати жорий этилганига қарамай, одамлар аксар ҳолларда чекловларга эътибор қилгани йўқ. Нью-Йорк, Чикаго, Филадельфия ва Лос-Анджелесда норозилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинмоқда. Оломонни тарқатиш учун полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солган. Бир неча шаҳарда талончилик ҳолатлари қайд этилган. Одамлар дўконларга бостириб кириб, талон қилганлар, полиция автомобилларини ёқиб юборганлар.

АҚШда расмийлар томонидан фавқулодда вазиятлар чоғида ишга солинадиган Қуроллик кучларнинг махсус тури – Миллий гвардия 15 та штат ва пойтахт Вашингтонда тартибни сақлаш учун ҳозирда ўзининг беш минг чоғли жангчиси сафарбар қилинганини маълум қилди. Вашингтонда оломон яна Оқ уй олдида йиғилган. Норозилар гулханлар ёққанлар, махсус бўлинма ходимлари томонга эса вақти-вақти билан тош отилиб турган.

Бунгача АҚШ президентининг қароргоҳи олдида ғала-ғовурли намойишлар жума ва шанба кунлари бўлиб ўтганди. АҚШ махфий хизмати олти киши ҳибсга олинганини маълум қилган. Норозиларнинг қўриқчилар билан тўқнашгани қайд этилган. Намойишчиларнинг айримлари тўсиқлари қўпориб ташлашга уринган, махфий хизмат ходимларига қарши ғишт, тош, шиша, петарда ва бошқа буюмларни отишган.

Жума куни президент Дональд Трамп рафиқаси ва ўғли билан бирга хавфсизлик важидан бир муддатга Оқ уй остидаги бункерга жойлаштирилгани маълум бўлди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда. Флойд сохта банкнотадан (пул) фойдаланганликда гумонланган. Полицейчи Дерек Шовин афроамерикаликни зарарсизлантиришга ҳаракат қилиб, тиззаси билан унинг бўйнини босган ва тутилган шахснинг ҳаво етишмаётганига оид шикоятларига эътибор бермаган. Ҳодиса акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган.

Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган тўрт полициячининг ҳаммаси хизмат текшируви тугагунига қадар ишдан четлатилган. Шовин ҳибсга олинган. У эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдирганликда айбланмоқда.

Аввалроқ президент Трамп Твиттер орқали аъзолари шу кундаги зўравонлик тўлқинига алоқадор бўлиши мумкин бўлган “Антифа” ультрасўл ҳаракатининг террорчи ташкилот ўлароқ тан олинишига эришиш ниятида эканини билдирган. Бундан ташқари, Трамп тартибсизликларни тийиб туришдаги ғайрати учун Миллий гвардияга миннатдорчилик билдирган. Шунингдек, АҚШ президенти оммавий ахборот воситаларига танқид ёғдирган. Унга кўра, ОАВ “нафрат ва анархияни авж олдириш учун қўлларидан келган барча ишни қилмоқдалар”.

Рейхстагни “ғилофлаган” рассом Христо Явашев оламдан ўтди

Христо Явашев.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида табиат ва меъморий объектларни “ғилофлаш” каби йирик лойиҳалари билан танилган рассом Христо Явашев 84 ёшида вафот этди. Унинг энг машҳур лойиҳаларидан бири Берлиндаги Рейхстаг биносини (1995) ғилофлаш бўлган.

Христон Явашев Болгариянинг Габрово шаҳрида 1935 йили дунёга келган. 1957 йилда унинг муҳожирлик ҳаёти бошланган. Даставвал у Прагага борган, ундан Вена, сўнгра Женевага ўтган. 1958 йили Парижга бориб, ўрнашган ва ўша ерда уйланган. 1964 йили рассом оиласи билан Нью-Йоркка кўчиб ўтган.

Бу ерда эр-хотин бирга ижод билан машғул бўлган ва ўз асарларига “Христо ва Жан-Клод” деб имзо қўйишган. Хотинининг ўлимидан (2009) кейин Явашев бир ўзи ишлашда давом этган.

Унинг режалари орасида Париждаги Зафар дарбозасини ғилофлаш бор эди ва бу лойиҳани амалга ошириш иши 2021 йил кузига белгиланганди.

2020 йил кузида Париждаги Помпиду марказида Христо Явашевнинг кўргазмаси бўлиб ўтиши керак эди.

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди

Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Олмаота ва Нур-Султон шаҳарларига кириш-чиқиш жойларига ўрнатилган блок постлар 1 июнга ўтар кечаси олиб ташланди. Кўп ҳудудларда шаҳарлараро автобуслар қатнови тикланди. Нур-Султон ҳокимияти шаҳар атрофига қатновчи барча маршрутлар қайта тикланганини билдирди.

Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида 50 нафардан ортиқ одам тўпланмаслигини, кафе ва ресторанларда столлар бир-биридан икки метр оралиқда ўрнатилишини ва дезинфекция ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Олмаотада шаҳар ташқарисидаги ва мактаблар қошидаги лагерлар ёзда ишламайди. Бироқ Чимкентда лагерлар болаларни қабул қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 31 май ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 11 308 нафарга етди. 5 404 бемор соғайди, 41 бемор вафот этди.

Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикояти юзасидан суд жараёни бошланди

Жараён Бишкек шаҳар маъмурий судида ўтмоқда.

Умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикояти Бишкек шаҳар маъмурий судида 1 июнь куни кўрила бошланди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, судда ҳукумат ва омбудсмен вакиллари қатнашмоқда.

Асқаровнинг шикояти 11 май куни Бишкек шаҳар туманлараро судида кўриб чиқиши кутилаётган эди. Бишкек туманлараро суди фаолиятининг тўхтатилгани сабаб, Асқаров шикоятини кўриб чиқиш бошқа кунга қолдирилганди.

Асқаров Қирғизистон ҳукуматини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларини бажармаётганликда айбламоқда. 2016 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқда қийноқларга солингани, у тиббий ёрдам ва адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум қилингани ортидан уни қамоқдан озод қилиш шартлиги тўғрисида қарор қабул қилганди.

69 ёшли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари пайтида оммавий тартибсизликларни уюштирган ва милиция ходимни ўлдирган деган айблов билан умрбод қамалган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлаган ҳолда, қирғиз ҳукуматидан ҳуқуқ фаолини зудликда қамоқдан чиқаришни талаб қилиб келади.

Трамп "Катта еттилик" саммитини бошқа муддатга қолдирмоқчи. Унга кўра G7 "Жуда эскирган" гуруҳ

АҚШ президенти Дональд Трамп июнда ўтказилиши режалаштирилган “Катта еттилик” (G7) саммитини бошқа муддатга қолдириш ниятида эканини билдирди. Трампга кўра, у бу саммитга бошқа мамлакатларни, жумладан, Россияни ҳам таклиф қилмоқчи.

Трам АҚШ, Канада, Германия, Британия, Япония, Италия ва Франциядан иборат “Катта еттилик”ни “Жуда эскирган давлатлар гуруҳи”, деб атади.

“Мен G7 жаҳонда нималар бўлаётганини етарли даражада тасаввур қила олмайдиган давлатлар бўлиб қолганини ҳис этяпман”,- деди Трамп журналистларга.

Трампга кўра, саммитни сентябрда ўтказиш ва унга Россия, Австралия, Ҳиндистон ҳамда Жанубий Кореяни таклиф қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Россияда коронавирусга чалинганлар сони расман 400 мингдан ошди

Россияда коронавирусга чалинганлар сони уч кундан бери мунтазам кўпайиб бормоқда.

Россияда коронавирусга чалинганлар сони 405 843 кишига етди. Бу ҳақда коронавирус бўйича Россия оператив штаби хабар берди. Сўнгги 24 соат ичида коронавирус яна 9268 кишига юққан. Россияда коронавирусга чалинганлар сони уч кундан бери мунтазам кўпайиб бормоқда.

Сўнгги бир кун ичида 138 одам коронавирусдан ўлган. Расмий статистиканинг билдиришича, бу билан COVID-19дан ўлганлар сони 4693 кишига етган. Расман билдирилишича, 171 минг бемор соғайди.

Айни пайтда жаҳон бўйлаб янги коронавирусга чалинганлар сони 6 миллиондан ошди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунга қадар жаҳон бўйлаб 367 мингдан ошиқ одам коронавирус инфекцияси туфайли нобуд бўлди. Аммо мутахассислар бу кўрсаткич аслида анча юқори эканини айтишмоқда.

Сабаби кўплаб давлатда анализ олиш кўлами чекланган. Қолаверса, айрим ҳукуматлар вирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сонини атайин озайтириб кўрсатаётгани айтилмоқда.

Саудия Арабистони ва Қуддусда масжидлар қайта очилди

Намозхонларга коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда масжидларда ибодат қилишга рухсат берилди.

Икки ойлик танаффусдан сўнг Саудия Арабистонида минглаб масжидлар ўз фаолиятини қайта бошлади. Намозхонларга коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда масжидларда ибодат қилишга рухсат берилди.

Бироқ мусулмонлар учун муқаддас бўлган Макка шаҳри зиёрат учун ёпиқ қолмоқда.

Мусулмонлар учун Макка ва Мадинадан сўнг учинчи муқаддас жой бўлган Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди ҳам ибодат учун қайта очилди. Бу масжид ҳам март ойида ёпилган эди.

Хабарда айтилишича, Саудияда жойнамозлар, таҳоратхоналар ва Қуръон нусхалари сақланадиган жавонлар дезинфекция қилингани ортидан 90 мингта масжид очилди.

SpaceX коинот кемаси Халқаро фазо станциясига муваффақиятли туташди (ВИДЕО)

SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси 30 май куни учирилган эди.

SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси 31 май куни Халқаро фазо станциясига муваффақиятли равишда туташди. Кемани австронавитлар Даглас Хёрли ва Роберт Бенкен бошқарди.

Crew Dragon кемасининг Халқаро фазо станцияга туташгани тўғрисидаги жонли эфир АҚШ коинот агентлиги – NASA томонидан олиб борилди.

Тарихда илк бор астровнавтлар бошқарувидаги хусусий компания коинот кемаси Халқаро фазо станциясига туташди. Америкалик астронавтлар станцияда тўрт ой қолиши кутилмоқда.

Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир. Сўнгги тўққиз йил ичида ХФСга фазогирлар фақат Россиянинг «Союз» ракеталари бортида чиқариб келинади, чунки NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати парвозини АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам кузатди. Президент бу ютуқ мураккаб кунларда америкаликлар руҳини кўтаришини айтди.

АҚШда афроамерикалик ўлдирилганига қарши намойишлар ортидан комендантлик соати жорий этилди (ВИДЕО)

Оқ Уй олдида ёқиб юборилган автомобиль. Вашингтон шаҳри, 30 май, 2020 йил.

Якшанба, 31 майга ўтар кечаси АҚШдаги норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетгани ортидан бир қатор шаҳрларда комендантлик соати жорий этилди.

Намойишлар Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Нью-Йорк, Вашингтон, Атланта, Чикаго ва Лос-Анжелесда энг йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Беш кун давом этган намойишлар ортидан 30 май куни АҚШнинг 20дан ортиқ йирик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилган эди. Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойни оқ танли полициячи Дерек Шовин қалбаки доллардан фойдаланганликда гумонлаб қўлга олган эди. Қўлга олиш жараёнида у Жорж Флойни ерга йиқитиб, қўлига кишан урган ва тиззаси билан унинг томоғини босиб турган.

Жорж Флой полициячига бир неча маротаба “Мен нафас ололмаяпман”, деб айтган. Бу воқеага гувоҳ бўлган 20дан ортиқ киши полициячини тартибга чақирмоқчи бўлган. Аммо уларга бошқа полициячилар тўсқинлик қилган.

Жорж Флойд Миннеаполис касалхонасида 25 май куни вафот этди. Полициячи Дерек Шовин “қасд қилмасдан одам ўлдиришлик” айблови билан ҳибсга олинди.

Сўнгги маълумотларда айтилишича, АҚШнинг 22 шаҳрида норозилик намойишларида тартибни бузган 1669 одам ҳибсга олинди.

АҚШ президенти Дональд Трамп норозилик намойишлари пайтида тартибсизликларни содир этганларга нисбатан жиддий жазо чоралари қўлланиши ҳақида аҳолини огоҳлантирди.

SpaceX капсуласи Халқаро фазо станциясига туташишга ҳозирлик кўрмоқда

Space X Falcon 9 ракетасининг учирилиши, 30 май, 2020

Тарихда илк бор хусусий компания кемаси бортида фазога парвоз қилган америкалик астронавтлар Даг Херли ва Роберт Бенкен Халқаро фазо станциясига (ХФС) туташишга ҳозирлик кўрмоқда.

30 май куни Флоридадаги Кеннеди фазо станциясидан SpaceX ширкати ракетаси билан парвоз қилган астронавтлар Тошкент вақти билан 19:30 да ХФСга ўтади. Уларни ХФС бортидаги уч фазогир кутиб олади. Америкалик астронавтлар станцияда тўрт ой қолиши кутилмоқда.

Херли ва Бенкен 2011 йилдан бери Америка тупроғидан фазога учган илк фазогирлардир. Сўнгги тўққиз йил ичида ХФСга фазогирлар фақат Россиянинг «Союз» ракеталари бортида чиқариб келинади, чунки NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати парвозини АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам кузатди. Президент бу ютуқ мураккаб кунларда америкаликлар руҳини кўтаришини айтди.

Айни дамда АҚШ коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Миннеаполисда эса ҳафта бошида оқ танли полиция ходимлари қора танли шахсни қўлга олаётиб ўлимига сабаб бўлиши ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди.

COVID-19: Вирусга чалинганлар 6 миллиондан ошди, аммо чекловларни бекор қилиш давом этмоқда

Самарқандда карантин ҳудудини қўриқлаётган ҳарбийлар, 28 май, 2020

Жаҳон бўйлаб коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловлар бирин-кетин бекор қилинмоқда.

Аммо вирус тарқалишда давом этяпти: 30 май куни жаҳон бўйлаб янги коронавирусга чалинганлар сони 6 миллиондан ошди.

Кейинги ҳафтада, вирусга чалиниш ҳамда ўлимлар сони озая бошлагани ортидан, АҚШ ва айрим Осиё ва Европа давлатларида мактаб ва ресторанлар очилади.

Аммо Лотин Америкасида вазият бошқача. Бразилия, Чили, Мексика каби давлатлар вирус тарқалишини чеклаш учун зўр бериб курашмоқда.

Бразилияда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳалок бўлганлар сони 29 мингга яқинлашди. Мамлакатда вирусга чалинганларнинг умумий сони эса 500 мингдан ошди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунга қадар жаҳон бўйлаб 367 мингдан ошиқ одам коронавирус инфекцияси туфайли нобуд бўлди. Аммо мутахассислар бу кўрсаткич аслида анча юқори эканини айтишмоқда.

Сабаби кўплаб давлатда анализ олиш кўлами чекланган. Қолаверса, айрим ҳукуматлар вирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сонини атайин озайтириб кўрсатаётгани айтилмоқда.

HRW Туркманистон хукуматини гейликда айбланиб қамалган актёрни озодликка чиқаришга чақирди

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Туркманистонда таниқли актёр ҳамда унинг ҳамкасблари гомосексуализмда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қоралади ва мамлакат расмийларини уларга қўйилган айбловларни зудлик билан бекор қилишга чақирди.

Ташкилотга кўра, шоумен 7 май куни айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Апрель ойида мустақил маҳаллий нашр таниқли актер ўнга яқин ҳамкасби билан қўлга олинганини хабар қилган эди.

Озодликнинг Ашхободдаги манбаси ўша пайтда актёр қўлга олинганини тасдиқлади, аммо расмийлар бу ҳолатни изоҳлашдан бош тортди.

Туркманистонда гомосексуализм учун 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ўтган йили ашхободлик ёш кардиолог Қасимберди Гараев гейлигини ошкор қилиб, Туркманистонда гомосексуал инсонлар дучор бўладиган муаммолар ҳақида Озодликка сўзлаб бергани учун тазйиққа учраган эди.

2017 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бир жинсли жуфтликларнинг ўз иштиёқи билан алоқа қилишини жазолаш асоссиз эканлигини айтиб, Туркманистон ҳукуматини гомосексуализмни жиноятлар қаторидан чиқаришга чорлаган эди.

Россияда журналист қамалиши ортидан намойишга чиққан ўнлаб одам ҳибсга олинди

Москва полицияси таниқли журналист Илья Азар ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишига чиққан 32 нафар намойишчи, жумладан, давлат думаси аъзоси, мэрия ишчилари ҳамда журналистларни қўлга олди.

«ОВД-Инфо» нашрининг маълум қилишича, Санкт-Петербургда ҳам фаоллар қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг аксари тез орада қўйиб юборилган.

26 май куни 35 ёшдаги Азар Россиянинг намойишга чиқиш бўйича қонунларини бузишда айбланиб, 15 кунга қамалди. У Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қонунбузарликларни фош қилган фаол қўлга олинганини қоралаб норозилик намойишига чиққан бўлган.

Азар ва унинг тарафдорлари коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларга биноан бир кишилик намойишга чиққан бўлган.

Фаоллар биргина одам чиққан намойишларни оммавий намойиш ўлароқ талқин қилиб бўлмаслигини айтишмоқда. Шу сабабдан улар Азар озодликка чиқишини талаб қилиб намойишга чиқишда давом этмоқчилар.

Бу орада Москва шаҳри полицияси карантин чекловлари боис Москвада «ҳар қандай оммавий тадбир” бекор қилинганини билдирди.

АҚШ генерали: Россия Ливияга ҳарбий учоқ юборгани шубҳасиз

АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM) Россиянинг Ливияга ҳарбий учоқ юбормагани ҳақидаги иддаосини рад этди.

29 май куни қўмондонлик директори ўринбосари генерал Грегори Хедфилд 14 та МиГ-29 қирувчиси ва Су-24 ҳужум учоғи Россиядан учиб кетиб, Ливиянинг Жуфра ҳаво базасига етиб борганини, АҚШ бу жараённи яқиндан кузатганини таъкидлади.

АҚШ Москвани генерал Халифа Ҳафтар қуролли гуруҳи томонида жанг қилаётган ёлланма аскарларни дастаклаш учун мамлакатга ҳарбий учоқ юборишда айбламоқда.

Россия хатти-ҳаракатлари Ливияда Ҳафтарнинг тан олинмаган Ливия миллий армияси ҳамда БМТ тан олган Миллий муроса ҳукумати ўртасидаги зиддиятни кучайтириб, қурбонлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ливияда айни пайтда давом этаётган фуқаролар урушида Ҳафтар қўшинларини бир неча давлат, жумладан, Россия, Франция, Миср, Иордания ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб келади. Триполидаги Миллий муроса ҳукуматини эса Туркия, Сурия, Қатар ва Италия қўлламоқда. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати назорат қилиб турибди.

Хедфилд Россия ўз ҳаракатлари ортидан нефтга бой Ливияда муҳим ҳаво базасига ҳарбий учоқларини етказиб олганини таъкидлади. Генерал Россия Европага жуда яқин жойлашган ҳаво базасидан фойдаланаётгани АҚШни ташвишлантиришини қўшимча қилди.

Россия АҚШ иддаоларини рад этиб келади. Федерация Кенгаши қўмитаси раиси Виктор Бондарев АҚШ иддаоларини «аҳмоқлик» дея таърифлади.

- Ливияда ҳарбий учоқлар бўлса, улар совет учоқлари, Россия учоқлари эмас, - деди Бондарев.

Майкл Флиннниг рус дипломати билан суҳбати транскрипти очиқланди

Флинн Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан ўз музокаралари мазмуни ҳақида АҚШ вице-президенти Майк Пенсга нотўғри маълумот берганидан кейин 2017 йил бошида ишдан бўшатилганди.

АҚШда республикачи сенаторлар Россиянинг 2016 йилги Америка сайловларига аралашуви бўйича тергов давомида тўпланган телефон суҳбатлари транскриптларини эълон қилди.

Уларнинг бирига кўра, президент Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн Россия элчисини собиқ президент Барак Обама Москвага қарши жорий қилган жазо чораларига «сипо ва сокин» жавоб қайтаришга чорлаган.

Транскриптдаги суҳбат 2016 йилнинг 29 декабрида – Обама 35 нафар Россия разведкаси жосусини бадарға қилиш қарорини қабул қилган кун содир бўлган.

Демократлар Флинн суҳбати тафсилотлари у Федерал разведка бюросига (ФРБ) берган интервьюси давомида ёлғон сўзлаганини таcдиқлашини айтиб, уни амалдаги президентга қарши иш юритишда айблашмоқда.

Аммо президент Трампнинг тарафдорлари ФРБда Флинни тергов қилишга сабаб бўлмаганини, транскриптда ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтишмоқда.

Флинн Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан ўз музокаралари мазмуни ҳақида АҚШ вице-президенти Майк Пенсга нотўғри маълумот берганидан кейин 2017 йил бошида ишдан бўшатилганди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG