Линклар

Шошилинч хабар
19 феврал 2020, Тошкент вақти: 12:36

Ўзбекистон хабарлари

Шайх Абдулазиз Мансур Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари бўлди

Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари орасида катта нуфузга эга уламолардан биридир.

12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар қилди.

Расмий изоҳда Абдулазиз Мансурнинг “Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган илмий фаолиятни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида” Ислом цивилизацияси маркази директорига ўринбосар этиб тайинлангани айтилади.

Қуръон маъноларини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилган Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг энг нуфузли етакчиларидан бири ҳисобланади.

Шайх Абдулазиз Мансур матбуот¸ хусусан¸ Озодлик каби хориж оммавий ахборот воситалари саволларига мунтазам равишда жавоб бериб келаëтган кам сонли диний мутасаддилардан бири ҳамдир.

Кун янгиликлари

Ўзбек чегарачилари 13 нафар қирғизистонликни тутиб кетди

Қирғизистонлик чегарачи (иллюстратив сурат).

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида ўзбек чегарачилари 13 нафар қирғизистонликни қўлга олган. Қирғизистон Давлат чегара хизмати ходимлари мулоҳазасича, улар айириш белгилари бўлмагани учун чегарани билмасдан кесиб ўтганлар.

Қирғизистонликлар ўзбек чегарачилари томонидан тутиб кетилгани ҳақида Озодликнинг қирғиз хизматига маҳаллий турғунлар маълум қилган. Уларга кўра, ҳодиса 19 февраль куни эрталаб Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Чекелик қишлоғида содир бўлган.

Давлат чегара хизматининг ҳудудий бошқармаси вакилларига кўра, қўлга олинган қирғизистонликлар Қадамжой туманига Талас вилоятидан диний даъват учун келганлар. Улар хабари бўлмагани сабабли чегарани бузган бўлишлари мумкин.

Айни пайтда Давлат чегара хизмати қўлга олинганларнинг шахсини аниқлаяпти ва уларни қайтариш бўйича Ўзбекистон томони билан музокара олиб бораяпти.

Ўзбекистонга турист ташийдиган чартер рейслар учун 15 минг долларгача компенсация ваъда қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Сайёҳлар оқими паст бўлган мавсумда Ўзбекистонга хорижлик меҳмон олиб келадиган ҳар бир чартер рейси учун 15 минг долларгача компенсация тақдим этилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 19 февраль куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган UAALF-2020 халқаро авиация форумида билдирган.

“Ўзбекистон бугунги кунда чартер рейсларга энг катта субсидия тақдим этмоқда. Айтайлик, юқори туристик мавсумда 300 киши ташиладиган бўлса, давлат томонидан ҳар бир рейсга 6 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тақдим этилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир авиайўловчи учун 20 доллардан. 15 ноябрдан 15 февралга қадар давом этувчи, оқим паст бўладиган мавсумда 300 ўринга мўлжалланган самолёт Ўзбекистонга хорижий меҳмонларни олиб келса, бу миқдор 15 минг долларгача ошади. Ўйлайманки, бу кўплаб авиаташувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган субсидия миқдоридир”, дея иқтибос келтиради А. Абдуҳакимов сўзларидан Кун.уз нашри.

Бош вазир ўринбосари ўз сўзида расмийлар 2025 йилга бориб Ўзбекистонга ҳар йили 12 миллиондан зиёд турист ташриф буюришини кутаётганларини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Uzbekistan Airports АЖ ҳамда БААнинг Fair Exhibition Organizers компанияси томонидан ташкиллаштирилган UAALF-2020 анжуманига дунёдаги 130 га яқин халқаро ташкилот жалб қилингани айтилмоқда.

Uzbekistan Airways тўртта учоғини сотувга қўйди

Иллюстратив сурат.

Uzbekistan Airways авиаширкати Boeing русумидаги тўртта учоғини сотувга қўйди.

Авиаширкат сайтида берилган эълонда 2 та Boeing 757-200 ва 2 та Boeing 767-3 самолёти сотилиши айтилган.

Uzbekistan Airways Boeing 757 учоқларини тақрибан 12 млн доллардан, Boeing 767 учоқларини эса тақрибан 22 млн доллардан сотмоқчи.

Ширкат бу чора учоқ паркини янгилаш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини билдирган.

Мирзиёев Анқарага жўнаб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига биноан 19 февраль куни Туркия пойтахтига жўнаб кетган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Анқарада Эрдўғон ва Мирзиёев икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши тадбирларини ўтказиши кутилмоқда.

Президент Мирзиёев Туркияда етакчи тадбиркорлар учрашиши, Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида қатнашиши режаланган.

Ўзбекистон президентининг Туркияга сафари Анқара билан Москва ўртасидаги муносабатлар Суриядаги вазият туфайли таранглашган бир пайтга тўғри келди.

Туркманистон сунъий йўлдоши Ўзбекистон телеканаллари трансляциясини тўхтатди

Иллюстратив сурат.

Туркманистонга қарашли TurkmenÄlem 52E / MonacoSat сунъий йўлдоши 10 февралдан Ўзбекистоннинг ўнга яқин телеканали трансляциясини бас қилди. Бу ҳақда Turkmen.News нашри хабар қилади.

Трансляцияси тўхтатилган телеканаллар орасида “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “Кинотеатр”, “Тошкент”, “Болажон”, “Спорт” ва бошқалар бор.

Айрим тахминларга кўра, бу Ўзбекистондаги Sevimli TV хусусий телеканалининг 21 январь куни“Соядаги олтовлон” фильмини намойиш қилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мазкур фильм хаёлий мамлакат бўлган Тургистан, унинг қонхўр диктатори Ровач Алимовни йўқ қилишга мақсадида ўтказилган махсус амалиёт ҳақида ҳикоя қилади.

Фильмдаги тўқима реаллик билан туркман воқелиги ўртасидаги ўхшашлик ортидан фильм Туркманистонда тақиқланган.

Sevimli TV Туркманистон сунъий йўлдоши орқали трансляция қилинмаса-да, телетомошабинлар тахминича, туркман расмийлари эҳтиёт шарт Ўзбекистоннинг барча телеканалини ўчириб қўйишга қарор қилганлар. Бу борада расмий Ашхобод томонидан бирор-бир изоҳ берилган эмас. Сунъий йўлдош орқали трансляция қилинадиган бошқа телеканаллар, шу жумладан, Тожикистон каналлари аввалдагидек ишлаяпти.

Тошкент-Андижон поезди техник сабаб туфайли йўлда қарийб 1,5 соат тўхтаб қолди

Иллюстратив сурат.

Тошкентдан Андижонга кетаётган йўловчи поезди 18 февраль куни соат 18:34 да техник сабаб билан тўхтаб қолган.

Ҳодиса Ақча-Облиқ перегонида содир бўлганини маълум қилган “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖга кўра, “кўрилган чора-тадбирлар натижасида соат 19:55 дан бошлаб мазкур поезд ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттирган”.

Ширкат маъмурияти келтирилган ноқулайлик учун барча йўловчилардан узр сўраган.

34 000 000 киши. Ўзбекистон аҳолиси шунча бўлди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси январдан буён деярли 100 минг кишига кўпайиб, 18 февраль ҳолатига кўра 34 миллионни ташкил этди.

Бу ҳақда хабар қилган Давлат статистика қўмитасига кўра, 34 миллион кишилик аҳолининг 16,9 миллиони аёллардир.

Йил бошидан бери мамлакатда 127,3 минг киши туғилган, 29,1 минг киши вафот этган.

Ушбу даврда мамлакатга 23,6 минг киши келган, 24,7 минг киши чиқиб кетган.

Коронавирус карантини муддати тугаган 294 киши уйларига кузатилди

Хитойдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 294 фуқаро "Бўстон" санаториясида икки ҳафталик карантиндан сўнг уйларига кузатилди. Қолган фуқароларнинг карантин муддати чоршанба ва пайшанба кунлари якунига етади.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирликка кўра, вирусологик таҳлил натижалари фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус инфекцияси мавжуд эмаслигини кўрсатган.

4−6 февраль кунлари Хитойдан (Пекин ва Ухандан) Тошкентга тўртта рейс билан жами 584 ўзбекистонлик эвакуация қилинган эди. Уларнинг 125 нафари аёллардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, карантин муддати якунига етиши муносабати билан чоршанба ва пайшанба кунлари бошқа тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган фуқаролар ҳам уйларига кузатилади.

Хитойда тарқалган янги коронавирусдан ўлганлар сони, 16 февраль ҳолатига кўра, 1770 кишига етди.

Маҳалла ва оила вазири лавозимига номзод маъқулланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига Раҳмат Маматов номзодини маъқуллади.

Бу ҳақда хабар қилган "Халқ сўзи"га кўра, Раҳмат Маматов айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — "Маҳалла" хайрия жамоат фонди раисидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда "Нуроний" жамғармаси ташкилотлари тугатилиб¸ ўрнида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилажаги тўғрисида 12 февраль куни президент Шавкат Мирзиëев ўтказган видеоселектор йиғилишида эълон қилинган эди.

Туман ҳокими лавозимига аёл киши тайинланди

Дилфуза Уралова.

Сирдарё вилоят, Халқ депутатлари Боёвут туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дилфуза Ураловани Боёвут туман ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, Улмасжон Мамадаминов бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан Боёвут туман ҳокими лавозимидан озод этилган.

Туманнинг янги ҳокими Дилфуза Уралова 2012 йилда - “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосидир.

Дилфуза Уралова 1990 йили Гулистон давлат университетини битирган, 1990-2001 йиллар - Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, 2001-2010 йиллар - Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, директори бўлган.

2010-2015 йиллар мобайнида - Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

2015-2017 йиллар мобайнида - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

2017 йилдан шу кунга қадар Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Оилали, 4 нафар фарзанди бор.

Дилфуза Уралова, маълумотларга қараганда, туман ҳокими лавозимига тайинланган иккинчи аёлдир.

Шакаржон Хўжаниёзова 1992 йилдан 2000 йилгача Хоразм вилоят, Боғот туман ҳокими бўлиб ишлаган.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликларининг барчаси тугатилиши мумкин

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбек расмийлари мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тўхтатиш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланган кишилар билан учрашув чоғида билдирган.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, А. Арипов хусусий бандликларини тугатиш бўйича президентга таклиф киритилишини урғулаган. Бош вазир фикрича, ўзбекистонликларни хорижга ишга жўнатиш билан бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши мақсадга мувофиқдир.

Маълумотларга кўра, 17 февраль куни ўнлаб одам Тошкентдаги Мустақиллик майдонига йиғилиб, давлатдан лицензия олган агентликнинг ўзларига етказган зарарини тўлаб беришни талаб қилганлар. Даставвал норозилар билан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, кейинроқ эса бош вазир Абдулла Арипов учрашган.

Учрашув чоғида бош вазир президент топшириғи билан “Human” хусусий бандлик агентлигидан зарар кўрган 1086 нафар фуқарога маблағлари тўлаб берилишини маълум қилган.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган бир йил давомида 66 та агентликка фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.

“Чорсу” меҳмонхонаси араб ширкатига сотилди

"Чорсу" меҳмонхонаси (архивдан олинган сурат).

Тошкентдаги “Чорсу” меҳмонхонаси кимошди савдосида 16 миллиард 900 миллион 1 сўмга сотилди.Бу ҳақда Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази маълумот тарқатди.

Аввал ҳам аукционга қўйилиб сотилмай қолган “Чорсу” меҳмонхонасини 10 соатдан кўпроқ давом этган кимошдида қароргоҳи БААда бўлган Ittihad International Investment LLC инвестициявий ширкати сотиб олган. Лотнинг бошланғич нархи 1 сўм бўлган.

Аукцион шартларига кўра, “Чорсу”ни сотиб олган сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим.

2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.

Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.

Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.

"Чорсу" меҳмонхонаси 2019 нинг сентябрида ҳам 1 сўмга сотувга қўйилган эди.

UzAuto Motors ташқи бозорда Ravon брендидан воз кечмоқчи

Иллюстратив сурат.

UzAuto Motors жорий йилнинг март ойидан ташқи бозорда ўз автомобилларини Ravon бренди остида эмас, балки Chevrolet бренди остида тақдим этади. Ширкат маълумотига кўра, кейинги ойдан Россия, Қозоғистон ва Беларусда Chevrolet бренди остида тақдим этиладиган дастлабки моделлар Spark, Nexia ва Cobalt бўлади.

“Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи ширкатга автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири – “General Motors” компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди”, дейилади UzAuto Motors хабарномасида.

Ширкат вакиллари автомобилларни жаҳонга машҳур бренд остида тақдим этиш экспорт бозорларида сотиш самарадорлигини оширади, дея умид қилмоқдалар.

Россия ва МДҲ мамлакатларида Ravon бренди остида автомобиллар савдоси 2020 йил ўрталарига келиб тўхташи кутилмоқда.

Санъаткорлар даромад солиғи ҳам тўлайдиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган хонандалар лицензия учун давлат божидан ташқари бундан буён қатъий солиқ ёки ўз ихтиёрига кўра декларация асосида даромад солиғи тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 17 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров маълум қилди.

“Санъаткорлар илгари фақат лицензия олиш пайтида давлат божи тўлар эди. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгач, солиқ тўлашдан озод бўларди. Жорий йилдан бошлаб, улар тўлайдиган давлат божи тўрт баробаргача камайди ва солиқ тўлаш мажбурияти жорий қилинди. Эндиликда йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган хонандалар қатъий солиқ ёки ўз ихтиёрига кўра декларация асосида даромад солиғини тўлайди. Агар маблағи 100 миллион сўмдан зиёд бўлса, улар айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Даромад бир миллиард сўмдан ортса, фойда солиғи ва ҚҚС тўлаш талаб этилади”, дея иқтибос келтиради Ф. Умаров сўзларидан Дарё.уз нашри.

Солиқ қўмитаси мулозими ўз сўзида мазкур норманинг йўлга қўйилиши бўйича хонандалар томонидан эътироз бўлмаганини, айни пайтда “Ўзбекконцерт” билан биргаликда солиқ тўлаш механизмини ишлаб чиқилаётганини урғулаган.

Тадбирда таъкидланишича, 2019 йил якунига қадар концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи бир нафар ижрочи томонидан йилига ўртача 7 миллион сўм (ижрочиларнинг рейтинг гуруҳига қараб 5,6 миллион сўмдан 46,2 миллион сўмгача) давлат божи тўланган. Лицензия эса уч ойдан беш йилгача берилган. Жорий йилдан бошлаб лицензия муддати қатъий бир йил этиб белгиланган.

Хориждаги ўзбекистонликлар онлайн тарзда консуллик рўйхатидан ўта олади

Хорижда доимий ёки вақтинча яшаётган ўзбекистонликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар эндиликда электрон тарзда консуллик рўйхатидан ўта олиш имкониятига эга бўлди.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, чет элдаги ўзбекистонликлар бу ишни амалга ошириш учун Ташқи ишлар вазирлигининг consulate.mfa.uz веб-саҳифасидан фойдаланишлари мумкин.

Янги тартиб шу йил 10 февралидан жорий этилган.

Консуллик рўйхатидан ўтиш учун аризачи зарур ҳужжатларнинг “PDF” форматда сканер қилинган нусхаларини тизимга жойлаштириши лозим.

Ҳужжатлар тақдим этилган вақтнинг ўзида консуллик мансабдор шахси портал орқали рўйхатга олинган шахсларнинг электрон почта манзилига консуллик рўйхатига олинганлик тўғрисидаги тегишли хабарномани жўнатади.

Мазкур саҳифа орқали хорижий паспорт, Ўзбекистонга қайтиш учун сертификат, туғилганлик ёки ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, фуқароликдан чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича онлайн хизматлар ҳам кўрсатилади.

Мирзиёев Туркия сафарига отланди

Мирзиёев Эрдўғон билан сўнгги бор ўтган йилнинг 15 октябрида Озарбайжон пойтахти Бокуда учрашганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияга боради. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, сафар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, пойтахт Анқарада олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ўзаро музокаралар чоғида, хабарномада қайд этилишича, “сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилади ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилади”.

Ўзбек расмийлари “прописка” ўрнига “қайд этиш”ни жорий этмоқчилар

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда прописка сўзи амалдан чиқарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икромов Халқаро пресс-клубнинг галдаги сессиясида маълум қилган.

“Прописка - эскидан қолиб кетган тизим. 2011 йилдан ҳозирга қадар Тошкент вилоятида 76 мингдан зиёд фуқаро, Тошкент шаҳрида эса 200 минг фуқаро доимий пропискага ўтган. Эндиликда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” сўз бирикмаси ишлатилади”, деди Азизбек Икромов.

ИИВ мулозими сўзнинг алмаштирилиши иш моҳиятига нечоғли таъсир кўрсатишига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой парламентга йўллаган мурожаатида шу йил 1 апрелига қадар ҳукумат прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини урғулаганди.

Президентнинг бу баёнотидан кейин ўзбек амалдорлари ҳам прописка тизимининг зарарлари ҳақида очиқ гапира бошлаганлар.

Ҳуқуқ фаоллари Тошкентдаги прописка тизимининг мантиқсизлиги ҳақида айтиб келишади.

Ўзбек ошпазлар Москвада тарихдаги энг оғир лағмонни пиширди

2015 йилда Олмаота шаҳрида тайёрланган 687 килограммлик лағмон бундан олдинги рекорд натижа эди.

13-16 февралда Москвада бўлиб ўтган III халқаро маданиятлар фестивали доирасида ўзбекистонлик ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилигидаги ошпазлар гуруҳи дунёдаги энг оғир - 797 килограммлик лағмон пиширди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига таяниб, ЎзА хабар қилди. Хабарда лағмон хамирининг умумий узунлиги неча километрга чўзилгани айтилмаган.

Лағмон “Интеррекорд” халқаро рекордларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги томонидан қайд этилгани, ва бундан аввалги рекордни янгилагани хабар қилинди. 2015 йилда Олмаота шаҳрида тайёрланган 687 килограммлик лағмон бундан олдинги рекорд натижа эди.

II халқаро маданиятлар фестивалида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбайжон ва Доғистондан халқ амалий санъати усталари иштирок этди.

Солиқ имтиёзлари 1 апрелдан бекор қилинади

Солиқ кодексининг эски таҳририда назарда тутилган имтиёзлар 1 апрелдан бошлаб бекор қилинади. gazeta.uzнинг хабар қилишича, 17 февралда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров солиқ имтиёзлари ва уларни тайинлаш тартибига изоҳ берди.​

Умаровнинг айтишича, энг муҳим урғу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган (таълим, тиббиёт, маданият, маиший хизмат) солиқ имтиёзларига қаратилган ва улар сақланиб қолинди.

«Бундан ташқари, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилиши белгиланди. Эндиликда имтиёз фақат президент томонидан тақдим этилиши мумкин», — деди у.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ имтиёзлар беришнинг янги принципи ҳужжатнинг 75-моддасида баён этилган.

Жумладан, асосан айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари (ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) Ўзбекистон президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ҳамда кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкинлиги белгиланган.

«Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни ҳукумат томонидан қўллаб қувватлаш мақсадида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш бўйича меъёр киритилди», — дея қайд этди Умаров.

2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган Солиқ кодексида солиқ имтиёзларни назарда тутувчи меъёрлар 380тани ташкил қилган. Янги таҳрирдаги кодекс қабул қилиниши арафасида имтиёзларнинг барчаси инвентаризациядан ўтказилиб, ўзини оқламаган меъёрлар бекор қилинган. Янги кодексда доимий амал таъсирига эга 301та солиқ имтиёзи мавжуд.

Ўзбекистон жанубида бодом гуллади

Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти - Сурхондарёда бодом гуллагани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Сайт ўз хабарига гуллаётган бодом дарахтлари суратларини илова қилган.

Бу йил Ўзбекистонда қиш илиқ келди. Бироқ кейинги кунларда ҳаво бироз совигани айтилмоқда.

18 февралда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, туман тушиши мумкин. Шарқдан эсган шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

ИИБ назорати остидагиларга доир қарор қабул қилинди

Кишан

Ўзбекистон ҳукумати 14 февралда “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, юридик йўналишдаги ОТМлар таълим дастурларига назорат остидагиларнинг психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзулар киритилади ҳамда тегишли ОТМларда психология йўналишида таълим олаётган талабаларнинг пробация бўлинмаларида амалиёт ўташлари йўлга қўйилади.

Қарор билан 2020-2021 йилларда ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари режаси ҳамда ҳамкорликдаги фаолият механизми тасдиқланди.

Президентнинг тегишли қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш негизида вазирликнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилган.

Венгрия делегацияси Тошкентга келмоқда

Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто.

Жорий йилнинг 18 февраль куни Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Тошкент шаҳрига келади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф дастуридан Ўзбекистон Ташқи ишлар, Энергетика, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларида ва бошқа идораларда икки томонлама музокаралар ўтказиш ўрин олган.

Венгрия делегациясининг Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия 5-йиғилиши ва Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Туркия махсус саноат зонасининг филиали очилиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Туркиянинг "Гебзе" махсус саноат зонасининг филиали ташкил этилиши мумкин. Филиал ташкил этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари Туркия вице-президенти Фуат Ўктой билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг ўтган ҳафтада Анқарада бўлиб ўтган учрашувда муҳокама этилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, мулоқот чоғида транспорт ва юк ташиш соҳаларида тизимли ўзаро муносабатлар, Туркия ҳукумати томонидан техник кўмак бериш ва имтиёзли кредитлаш дастурлари доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувини имзолашга тайёргарликни жадаллаштириш ва мазкур битимга киритилиши таклиф этилаётган товарлар позицияларини кенгайтириш масалалари ўрганилди ҳамда уни амалда қўллаш тартиблари келишиб олинган.

“Мазкур чоралар Туркия ва Ўзбекистон республикаларининг ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш борасида икки мамлакат Президентлари томонидан берилган топшириқни амалга оширилишига катта кўмак бериши кутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарномасида.

“Beeline-Ўзбекистон” бир йилда 1 миллион мижозини йўқотди

Иллюстратив сурат.

“Beeline-Ўзбекистон” алоқа оператори мижозлари 2019 йил тўртинчи чорагида 8,1 миллион кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,7 фоизга камдир.

Мобиль оператор муассисларидан бири бўлган VEON ширкатининг ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботига кўра, 2018 йил тўртинчи чорагида 9,1 миллион мижозга эга бўлган. Ширкат бу қисқаришни доимий равишда маблағ сарфламайдиган мижозларнинг тармоқдан чиқиб кетгани билан боғлаган.

Ҳисоботга кўра, “Beeline-Ўзбекистон”нинг мамлакатдаги умумий даромади бир йилда 8,8 фоизга камайган. Бунга мобиль алоқа учун акциз солиқлар ставкасининг 15 дан 20 фоизга чиқарилгани асосий сабаб ўлароқ кўрсатилган.

Сирдарёдаги ёнғинда бир оиланинг 6 аъзоси ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг Сардоба шаҳарчасида чиққан тунги ёнғинда бир оиланинг олти аъзоси ҳаётдан кўз юмди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 17 февралга ўтар кечаси соат 02:40 ларда содир бўлган.

Сардобадаги “Кўркам диёр” маҳалла фуқаролар йиғини Робот кўчасидаги 3-уй 1-хонадонида келиб чиққан ёнғинда хонадон эгалари бўлган эр-хотин, уларнинг икки қизи, ўғли ва набираси қурбон бўлган.

ФВВ ҳодиса юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG