Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 09:23

"ГТА тўдаси"нинг умрбод қамалган ўзбекистонлик аъзоси ўзининг Умар Ҳасанов эмаслигини айтди


"ГТА тўдаси"нинг аъзолари Анвар Улуғмуродов,Зафаржон Ғуломов, Умар Ҳасанов ва Шерзоджон Қодиров.

Умар Ҳасанов ўзининг ҳақиқий исми Байдулла Отақулов эканини, буни тасдиқловчи ҳужжати борлигини айтди. Аммо Россия Олий суди бу баёнотни эътиборга олмади.

Тўда аъзолари 17 одамни ўлдирганликда айбдор деб топилган

Россия Олий суди Москва шаҳри ва вилояти ҳамда Калуга вилоятлари кўчаларида ҳайдовчиларни ўлдирган "ГТА тўдаси" номи билан танилган қуролли гуруҳнинг тўрт аъзоси - Ҳазратхон Додохонов, Анвар Улуғмуродов, Умар Ҳасанов, Шерзоджон Қодировга берилган бир умрлик, Зафаржон Ғуломовга берилган 20 йиллик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди.

ТАССнинг хабар беришича, ҳукм 9 сентябрь куни ўқилди. "Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилсин, апелляция аризалари қаноатлантирилмасин”,- деб қарор қилди судья.

"ГТА тўдаси" иши юзасидан жиноий жавобгарликка тортилганлар Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари экани маълум қилинган.

Москва вилоят суди 2018 йилнинг августида 2012-2014 йиллар оралиғида 17та қотиллик, 2 та қотилликка уриниш, қароқчилик, ўмарувчилик, қуролларни ноқонуний тайёрлаш ва сақлаш ҳамда ҳужжатларни ўғирлашда айбланган "ГТА тўдаси"нинг номлари айтиб ўтилган аъзоларига ҳукм ўқиган эди.

Судланганлар одам ўлдирганларини тан олмаяпти

Москва вилоят судида судланувчилар жиноятга шерик бўлганларини тан олганлар, аммо қотилликларда иштирок этганларини инкор қилганлар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, улар Олий суддан жиноят ишини қайта терговга жўнатишни, ўзларидан қотиллик айблови олиб ташланишини, берилган жазони енгиллатишни илтимос қилиб, апелляция киритган эдилар.

Судланувчиларга кўра, қотилликларни тўда бошлиғи ва 2017 йили суд биносидан қочишга ҳаракат қилганларида отиб ташланган шериклари амалга оширган.

Олий судда Ҳазратхон Додохонов тўдага қўққисдан қўшилиб қолганини ва жиноят содир этилган жойларга “ҳайдовчи сифатида боргани”ни айтди.

Умар Ҳасанов: "Мен Умар Ҳасанов эмасман, мени сохта паспорт билан судлашди"

Умар Ҳасанов эса сохта паспорт асосида судланганини, барча суд инстанциялари ҳужжатларида унинг исми-шарифини ўзгартириб ёзишларини ва унинг ҳақиқий исми-шарифини тасдиқлаш учун Ўзбекистонга сўров жўнатишларини илтимос қилди.

Умар Ҳасанов ўзининг ҳақиқий исми Байдулла Отақулов эканини, буни тасдиқловчи ҳужжати борлигини айтди.

Унга кўра, у Умар Ҳасанов номига Қирғизистондан сохта ҳужжатларни расмийлаштирган ва мана шу асосда 2008 йилда Россия фуқаролигини олган.

Бироқ суд судланувчиларнинг бу илтимосларини қаноатлантирмади.

Тўданинг тўрт аъзоси Москва судида отиб ташланган эди

"ГТА тўдаси" иши юзасидан Москва вилоят судида 2017 йилнинг августида бошланган жараёнга булардан ташқари яна 4 киши - Ҳолиқ Субҳонов, Фазлиддин Ҳасанов, Мирзомавлон Мирзошарипов, Абдумуқим Мамажонов ҳам олиб келинган эди. Бироқ улар суд биносида қочишга ҳаракат қилган пайтларида отиб ташланган. Россия Тергов қўмитасига кўра, айбланувчилар лифтда соқчиларга ташланиб, уларнинг қуролини тортиб олмоқчи бўлганларида соқчилар ўқ узган.

Тергов маълумотига кўра, тўданинг камида 15 нафар аъзоси бўлган

Ушбу гуруҳни, терговчиларга кўра, 2012 йилда қирғизистонлик Убайдулло Субҳонов ташкил қилган.

Субҳонов 2014 йилнинг ноябрида махсус амалиёт пайтида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган эди.

Терговчиларга кўра, жиноий гуруҳ аъзолари автомобил йўлга симтикан тортишган. Баллони тешилиб тўхтаган машинадаги йўловчиларни автомат билан отиб ўлдиришган ва уларнинг қимматбаҳо буюмларини олишган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG