Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 22:38

Ўзбекистон ҳарбийлари 128 минг аскар қатнашадиган "Марказ-2019" машғулотларида иштирок этади


Ўзбекистон ҳарбийларининг Донгуз полигонида кутиб олиниши. Мудофаа вазирлиги фотоси.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг юз кишилик гуруҳи, Россия наздича, энг кенг кўламли бўлган “Марказ-2019” ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келди.

Ўзбек ҳарбийларини Донгуз полигонига Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли икки дона С-295 ҳарбий транспорт авиацияси самолётлари етказиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Москвада ўтган селектор йиғилишида 16 сентябрдан 21 сентябргача машғулотлар Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилишини, унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.

“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Хитой ва Россия бу машғулотлар ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаганини, машғулотлар террорчиликка қарши кураш салоҳиятини кучайтиршга қаратилганини билдирмоқда.

Россия мудофаа вазири ўринбосари, генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров эса “Марказ-2019” доирасида Афғонистондаги вазият туфайли дунёнинг энг таҳдидли нуқталаридан бири бўлиб қолаётган Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш юзасидан вазифалар амалда синалишини маълум қилди.

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, ўзбек ва тожик аскарлари 16-21 сентябрь кунлари Наманган вилоятидаги Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифаларни амалда бажаради. Ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади.

Хабарда айтилишича, Намангандаги машғулотлар “Марказ-2019”нинг биринчи босқичи бўлади. Иккинчи босқич Оренбургнинг Донгуз полигонида давом этади.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ушбу йирик масштабдаги ўқувларда иштироки жанговар тайёргарлик масалаларида тажриба алмашиш, Марказий Осиё ҳудудида вазиятнинг кескинлашишининг олдини олиш борасида бошқарув органлари иш механизмининг ягона алгоритмини ишлаб чиқиш ва ҳамкорликда операцияларни бажаришда бўлинмаларнинг ҳаракатланиш тартибини пухта режалаштиришга хизмат қилади”, дейилади Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмий маълумотида.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG