Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:45

Президент хотин-қизларни тазйиқлардан ҳимоялаш тўғрисидаги қонунни имзолади


Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни 2 сентябрда имзолади.

Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлашни назарда тутади.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга.

Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.

Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.

Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Қонунда белгиланишича тазйиқ ёки зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида шахснинг зўравонлик содир этган шахс хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.

2 сентябрь куни Ўзбекистон президенти хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунни ҳам имзолади.


Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланади, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмайди.

Бунда:

бола туғиш ва кўкрак сути билан озиқлантириш;

муддатли ҳарбий хизматга фақат эркакларни чақириш;

ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишида вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартибида фарқларни белгилаш кабилар жинси бўйича камситиш ҳисобланмайди.

Эндиликда қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилади.

Давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш учун бир жинсдаги ходимлар учун лавозимлар вақтинчалик квоталаниши мумкин. Бунда квоталаш хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблигига эришилганда бекор қилиниши мумкин.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

Қонунга кўра агар шахс ўзини жинси бўйича камситишга дучор этилган деб ҳисобласа судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинси бўйича камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

XS
SM
MD
LG