Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:25

Диний қўмита собиқ мулозими Н.Абулҳасан Террорга қарши кураш бошқармасига раҳбар бўлди


Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг собиқ ўрибосари Нуриймон Абулҳасан ИИВнинг террорга қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилиши хабар қилинмоқда.

Kun.uz Интернет нашрининг ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Нуриймон Абулҳасан Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармасига раҳбар қилиб тайинланган.

Н. Абулҳасан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари - Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори сифатида ишлаётганди.

Ундан аввал президент девонининг Миллатлараро ва дин масалалари бўйича хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган.

Куни кеча айни нашр қўмита раиси Жасур Акромов ва раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасанлар бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз лавозимидан озод этилганини хабар қилганди.

Ҳозирча қўмитадаги бу тайинлов ва лавозимдан олинишлар борасида расмий хабар берилгани йўқ.

Айни вақтда Дин ишлари қўмитасига ким янги раис этиб тайинлангани ҳам номаълум.

2018 йилнинг 18 апрель куни 2003 йилдан бери Дин ишлари бўйича қўмита раиси вазифасида фаолият юритиб келган Ортиқбек Юсупов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Жасур Акромов қўмита раиси этиб тайинланганди.

XS
SM
MD
LG