Линклар

Шошилинч хабар
07 апрел 2020, Тошкент вақти: 19:10

Халқаро хабарлар

АҚШ ва Украина президентлари 1 сентябрь куни Варшавада учрашади

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Киевда.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский яқин келажакда Варшавада учрашади.

Бу ҳақда 27 август куни Киевга келган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон баëнот берди.

Болтоннинг айтишича¸ Киев ва Вашингтон раҳбарлари Иккинчи жаҳон уруши бошланганининг 80-йиллигига бағишлаб Польша пойтахтида 1 сентябрь куни ўтказиладиган тадбирлар доирасида учрашади. Варшава тадбирларига Рсоссия президенти Путин таклиф қилинмаган.

Кутилаëтган Варшава учрашуви Зеленскийнинг Оқ уй раҳбари билан илк сўзлашуви бўлади.

Бундан олдин Трамп Зеленскийнинг АҚШга таклиф қилингани ва яқин ойлар ичида расмий сафар билан Вашингтонга келишини айтган эди.

Минтақа сафари доирасида Болтоннинг Киевдан сўнг Молдова ва Беларусга сафар қилиши кутилмоқда. Болтон¸ 21-асрда Минскка сафар қилаëтган энг юқори даражали Америка расмийси бўлади.


Кун янгиликлари

Туркияда аҳолига ниқоб сотиш тақиқланди

Президент ниқобларни аҳолига бепул тарқатишга кўрсатма берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ҳудудида тиббий ниқобларни сотишни тақиқлади.

Президент 6 апрелда ўтган матбуот анжуманида:

-Ниқобни пулга сотиш тақиқланади. Эпидемия якунлангунига қадар халқимизга етадиган ниқоблар бор. Уни халққа бекорга тарқатишга тайёрмиз, - деб айтди.

Эрдўғон баёнотидан сўнг Туркиянинг ҳар бир ҳудудида маҳаллий ҳокимият ҳар бир фуқарога ҳафтасига бештадан тиббий ниқобни бепул беришни бошлади.

5 апрелдан бошлаб Туркиядаги савдо шохобчалари ва бозорларга ниқобсиз кириш тақиқланган. Дўконга ниқобсиз кирган одамга савдо шохобчаси хўжайини бепул ниқоб беришга мажбур.

Туркияда коронавирус туфайли 16 мартдан бошлаб мактаблар, олий ўқув юртлари ва савдо марказлари ёпилган. Ҳукумат фуқароларни сабабсиз уйдан чиқмасликка, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормасликка чақирмоқда.

4 апрелдан бошлаб Туркияда 20 ёшгача ва 65 ёшдан катта бўлган шахсларга кўчага чиқиш тақиқланди.

6 апрелдаги маълумотларга қараганда Туркияда 649 киши коронавирусдан вафот этди. Беморлар сони 30 мингдан ошди, 1326 бемор соғайди.

Озарбайжонда коронавирус туфайли ёши 65 дан ошган маҳбуслар озодликка чиқарилади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалиши суръатини секинлатиш мақсадида ёши 65 дан катта маҳбуслар озод этилишини маълум қилди.

6 апрель куни президенти Илҳом Алиев имзолаган фармонга биноан, 176 нафар маҳбус, жумладан, бир нафар Россия фуқароси кейинги кунларда озод этилади.

Озодликка чиқариладиганлар орасида Миллий хавфсизлик вазирлигининг собиқ расмийси генерал Акиф Човдаров ҳам бор.

67 га чиққан Човдаров вазирликнинг Энергетика ва транспорт хавфсизилиги бошқармасига етакчилик қилган. Расмий 2015 йилда қўлга олиниб, 2017 йилда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва порахўрликда айбдор деб топилган эди.

6 апрель куни, шунингдек, Алиев ўтган ойда жорий қилинган карантин чораларини камида 20 апрелгача узайтирди.

Макрон Эронни ядровий келишув шартларини бажаришга чақирди

Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон бутун дунё эътибори коронавирусга қарши курашга қаратилган бир пайтда Эронни 2015 йилда ўзининг ядровий дастури бўйича дунёнинг қудратли давлатлари билан имзоланган келишув шартларига амал қилишга чақирди.

6 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан телефонда суҳбатлашган Макрон, шунингдек, коронавирусга қарши курашда халқаро ҳамжамият кучларни бириктириши кераклигини таъкидлаган.

Франция ҳукумати эълон қилган билдирувга кўра, Макрон Теҳрон келишув шартларини бажаришига ҳамда минтақадаги зиддиятга барҳам беришга кўмаклашишига умид изҳор қилган.

Руҳоний эса янги коронавирусга қарши барча давлатлар ҳамкорликда курашиши лозимлигини айтиб, ёрдам сўраган.

6 апрель куни Human Rights Watch ташкилоти АҚШни Эронга қарши санкцияларни енгиллатишга чақирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилда Теҳрон билан эришилган битимдан АҚШни чиқариб, Эронга нисбатан санкцияларни қайта жорий қила бошлаган эди.

Трамп коронавирус пандемиясидан азият чекаётган Эронга гуманитар ёрдам таклиф қилди, аммо мамлакат расмийлари АҚШ президенти таклифини рад этди.

Украина ҳукумати Чернобилдаги ёнғин туфайли радиация даражаси ошганини рад этди

Чернобиль АЭС атрофидаги 30 км радиусда аҳоли яшаши ман этилган.

Украина ҳукумати Чернобиль атом электр станциясининг (АЭС) ёпиқ зонасида юзага келган ёнғин туфайли ҳудудда радиация даражаси кўтарилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўт ўчирувчилар 1986 йилда портлаган Чернобиль реактори яқинида дам олиш кунлари бошланган ёнғин билан ҳануз курашмоқда.

Якшанба куни Украина Давлат экологик инспекцияси етакчиси Егор Фирсов Facebookда ёнғин марказида радиация даражаси нормадан юқори эканлиги ҳақида ёзган эди. Фирсов ўз постига
Гейгер асбоби радиация даражаси нормадан 16 маротаба юқори эканлигини кўрсатаётгани қайд этилган видеони тиркади.

Аммо Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати матбуот котиби Ольга Козак радиация даражаси ўзгармаганини таъкидлади.

Хизмат ёнғинга қарши курашиш учун ҳудудга самолёт, вертолёт ва 100 дан ошиқ ўт ўчирувчи юборган.

Чернобиль АЭСнинг ёпиқ зонаси учун масъул агентлик ҳам ёнғин ҳудудида радиация кўрсаткичи ўзгармагани тўғрисида баёнот берди.

Душанба куни кечроқ Фирсовнинг ўзи ҳам илк иддаосини қайтиб олди. Расмий ёнғин ҳудудида инсон фаолияти туфайли юзага келадиган радионуклидлар топилмаганини таъкидлади.

Украина полициясининг маълум қилишича, ёнғин маҳаллий шахс қуриган ўт-ўланга ўт қўйиши ортидан бошланган.

1986 йилнинг 26 апрелида юз берган Чернобиль АЭС авариясида ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.Мутахассислар фожиа атом энергетикаси тарихидаги энг йирик ҳалокат бўлганини таъкидлаб
келадилар. Бугунги кунда Чернобиль АЭС атрофидаги 30 км радиусда аҳоли яшаши ман этилган.

Толибон Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича музокараларни давом эттирмайди

Афғонистон. Кобулдаги Пули Чакри қамоқхонасида сақланаётган Толибон жангариси панжара ортидан қараб турибди. 2019, 14 декабрь.

Толибон жангари гуруҳи Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича муҳокамаларни тўхтатганини билдирди.

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин жангари гуруҳ вакиллари «самарасиз музокараларда» қатнашмаслигини маълум қилди.

Шаҳин Афғонистон президенти Ашраф Ғани маъмуриятини ҳар хил баҳоналар билан маҳбус алмашиш режасини кечиктиришда айблади.

Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жавед Файсал эса Толибонни «баҳона топиб, жараённи издан чиқармасликка» чақирди.

Музокараларнинг тўхтатилиши Афғонистонда зўравонлик қайта авж олишига олиб келиши мумкин.

Жорий йилнинг февралида Доҳада АҚШ ва Толибон тинчлик келишувини имзолаган эди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса ҳукуматнинг 1000 нафар ходимини озод этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.

Австралия Олий суди бачабозликда айбланиб қамалган Ватикан кардиналини оқлади

Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.

Австралия Олий суди 7 апрель куни балоғатга етмаган ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбланиб қамалган Ватиканнинг собиқ ғазначиси Жорж Пеллага чиқарилган ҳукмни бекор қилди. 78 ёшли кардинал Пелла суд залидан озод этилди.

Суд ҳукмида айтилишича, мазкур иш бўйича барча ҳужжатлар ва далил-исботлар ўрганилганидан сўнг “жиноят содир этилганига шубҳа туғдирувчи” гумонлар пайдо бўлган ва “кардиналнинг айбдор эканлиги шубҳа қолдирмайдиган даражада” исботланмаган.

Суд қоралов томони жараён пайтида гувоҳларнинг кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни тушунтириб бера олмагани ва бу қарама-қаршилик судланувчи фойдасига хизмат қилганини таъкидлади.

2019 йилнинг мартида Мельбрун суди Жорж Пеллани ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топиб, 6 йилллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.

Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.

Рим папаси Франциск раислигида 2019 йилнинг21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди.

Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 670 нафарга етди

Қозоғистонда вилоятлар кесимида коронавирус юқтирганлар бўйича маълумот.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони, 7 апрель 8.30 даги ҳолат бўйича, 670 кишига етганини билдирди. 7 апрель куни коронавирус юқтирган яна 8 одам аниқланган.

Беморларнинг 222 нафари Нур-Султонда, 119 нафари Олмаотада. Қолган вилоятларда 1 нафардан 54 нафаргача коронавирусга чалинган одамлар бор.

Расмий маълумотда айтилишича, 46 одам соғайди, 6 одам вафот этди.

Қозоғистон Бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова 6 апрель куни коронавирус юқтирганларнинг 120 нафари тиббиёт ходимлари эканини билдирди.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар 228 киши, улардан 16 нафари тиббиёт ходими

Қирғизистонда коронавирусдан 4 киши ўлди.

Ўтган 24 соат давомида Қирғизистонда яна 12 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Беморлар сони бу билан 228 кишига етди.

7 апрель куни аниқланган беморларнинг барчаси Ўш вилоятидан, уч нафари эркак, 9 нафари аёл.

Айни пайтда Ўш вилоятида коронавирус юқтирганлар 86 кишига етди. Бу республикадаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ўринда 80 бемор аниқланган Жалолобод вилояти бормоқда. Пойтахт Бишкекда 25, Ўш шаҳрида 20 бемор аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 7 апрель куни аниқланган беморларнинг 7 нафари тиббиёт ходимидир. Уларнинг тўрт нафари Новқат туман касалхонасида, уч нафари Ўшдаги юқумли касалликлар клиникасида ишлаган. Бундан аввал тўққиз шифокор коронавирусга чалингани айтилган эди. Бу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимлари сони 16 кишига етди.

Қирғизистонда коронавирусдан 4 киши ўлди, 23 киши соғайди.

АҚШ прокуратураси: Россия ва Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи учун пора берган

Қувайт амири ал Таний (чапда), ФИФА президенти Зепп Блаттер (ўртада) ва Россия Бош вазир ўринбосари Игорь Шувалов Россия ва Қатар жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг. 2010 йил, 2 декабрь.

АҚШ федерал прокуратураси 6 апрель куни биринчи марта ФИФА собиқ раҳбарларини футбол бўйича 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларини ўтказиш ҳуқуқи учун Россия ва Қатардан пора олганликда айблади.

Прокуратуранинг айблов хулосасида айтилишича, ФИФАнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер сохта компаниялар тармоғи орқали Россиядан 5 миллион доллар пора олган. Бу маблағнинг бир қисмини жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш жараёнида Россия манфаатларини тамсил қилган Америка фирмалари тўлаган.

ФИФА Ижроия қўмитасининг собиқ аъзоси, гватемалалик Рафаэль Сальгеро Россия фойдасига овоз бериш шарти билан бир миллион пора олганликда айбланмоқда. Аргентиналик Хулио Грондоне, прагвайлик Николас Леос ва бразилиялик Рикардо Тейшейрога эса Қатардан пора олганлик айблови билдирилмоқда.

Жаҳон чемпионатини ўтказиш юзасидан 2010 йилда ўтказилган овоз бериш жараёни ҳалигача катта жанжалга сабаб бўлиб келмоқда. Ўшанда Россия Британия, Нидерландия, Бельгия, Испания ва Португалияни енгиб, 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Қатар эса АҚШни енгиб ўтиб 2022 йилги чемпионатни ўтказиш ҳуқуқини олганди. Овоз бериш натижалари ўшандаёқ шубҳа туғдирган.

Шундан сўнг овоз бериш жараёнида иштирок этганларнинг асосий қисми, жумладан, ФИФА президенти Зепп Блаттер ҳам турли айбловларга нишон бўлди. Бу айбловлар ортидан Блаттер ФИФА президенти вазифасидан текширув якунлангунига қадар вақтинчалик четлатилган.

Коронавирусга чалинган Британия Бош вазири касалхонада реанимация бўлимига кўчирилди

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди.

Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг саломатлиги ёмонлашди. У интенсив даволаш бўлимига кўчирилди. Бу ҳақда Бош вазир маъмурияти 6 апрель куни маълум қилди.

-Бугун тушдан кейин Бош вазирнинг аҳволи оғирлашди. Уни даволаётган шифокорлар кенгашиб, Бош вазирни интенсив даволаш бўлимига ўтказишди,-дейилади расмий билдирувда.

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди. У 5 апрелгача ўз уйида “ўзини яккалаш” шароитида яшади, лекин ўша куни кечқурун Лондондаги касалхоналардан бирига ётқизилган.

Борис Жонсон 55 ёшда. У 2019 йилнинг 14 июлидан Британия Бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

Британия коронавирусдан энг кўп зиён кўраётган 10 давлатдан бири ҳисобланади. Бу мамлакатда 52 мингга яқин одам коронавирусга чалинган, уларнинг 10 фоиздан кўпроғи вафот этган. 135 бемор соғайган.

Коронавирус: Италияда 16 минг, Испанияда 13 минг, АҚШда 10 минг одам вафот этди

Калифорния штати, Венис шаҳри.

Reuters агентлигининг билдиришича, 6 апрель куни АҚШда коронавирусдан ўлим ҳолатлари 10 мингдан ошиб кетди.

Коронавирус статистикаси бўйича махсус бўлим очган Reuters агентлиги маълумотига қараганда, АҚШда шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони 362 мингга етди. Ўтган бир суткада бу вирусга яна 26 минг одам чалинди.

“Америка овози” радиосининг билдиришича, АҚШ коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича дунёда учинчи ўринга чиқди. Биринчи ўринда 16 минг одам ўлган Италия ва 13 минг одам ўлган Испания бормоқда.

Оқ Уй экспертлари АҚШда пандемия оқибатида 100-200 минг одам вафот этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Сўнгги 24 соат ичида дунёда коронавирусдан 4740 одам вафот этди. Бугунги кунга келиб вирусга чалинганлар сони 1 миллион 300 мингга етди. Жаҳон бўйича 74 минг бемор вафот этди, 276 минг одам соғайди.

АҚШ Рус империячилик ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилганини билдирди.

АҚШ Рус империячилик ҳаракатини хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди. Ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Рус империячилик ҳаракати сайти ва ташкилотнинг бир қанча нашрлари АҚШ Адлия вазирлиги томонидан экстремистик адабиётлар рўйхатига киритилди.

Қора рўйхатга киритилган ташкилотларга ва унинг аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг АҚШга кириши тақиқланади ҳамда молиявий активлари музлатилади.

Рус империячилик ҳаракати Санкт-Петербург шаҳрида фаолият юритади. Ташкилот раҳбарларидан бири Станислав Воробьёв аввалроқ Рус империячилик ҳаракати Украинанинг айирмачи ҳудуди бўлган Донбассга юзга яқин кўнгиллини россияпараст сепаратистларни қўллаб-қувватлаш учун юборганини билдирган.

Ғарб матбуоти Россия ҳукумати ташкилотни қўллаб-қувватламаслигини ва айни пайтда унинг фаолиятига ҳам тўсқинлик қилмаслигини ёзган.

Словакияда журналистнинг қотилларига ҳукм ўқилди. Ҳукумат унинг ўлими ортидан истеъфога кетишга мажбур бўлганди

Мирослав Марчек журналист Ян Куцьяк ва унинг қаллиғини ўлдирганликда айбдор деб топилди ва 23 йилга қамалди.

Словакия суди собиқ ҳарбий Мирослав Марчекни журналист Ян Куцьяк ва унинг қаллиғини ўлдирганликда айбдор деб топди ва 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм Мирослав Марчек иштирокисиз ўқилди. У судда ўз айбини тан олган.

Мазкур жиноят доирасида ўтган йилнинг декабрида суд қотилликка шерик сифатида Золтан Андрускони 15 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. У ўз айбини тан олган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

27 ёшли журналист Ян Куцьяк 2018 йилнинг 25 февраль куни ўз уйида қаллиғи Мартина Куснирова билан бирга номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Словакия сиёсатчиларининг итальян мафияси билан алоқаларини ўрганаётган журналистнинг ўлдирилиши мамлакатда 1989 йилдан бери биринчи марта энг йирик аксилҳукумат намойишларига сабаб бўлди.

Словакия бош вазири Роберт Фицо ва унинг ҳукумати журналист Ян Куцьякнинг ўлдирилиши ортидан юзага келган сиёсий инқироз оқибатида 2018 йилнинг 15 март куни истеъфога кетишга мажбур бўлган эди.

Британия Бош вазири матбуот котиби Россия ахборот агентлигини ёлғончиликда айблади

Лондон. Бош вазир Жонсон даволанаётган касалхона.

Британия Бош вазири Борис Жонсон матбуот хизмати Россиянинг «РИА Новости” агентлигининг Жонсон касалхонада ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига улангани тўғрисида тарқатган хабарини дезинформация деб атади.

Reuters агентлигининг билдиришича Жонсоннинг матбуот котиби “РИА Новости” коронавирус бўйича юзага келган вазият тўғрисида бундан аввал ҳам ёлғон маълумотлар тарқатганини таъкидлади.

Айни пайтда Жонсоннинг матбуот котиби Бош вазир бир муддат касалхонада қолишини билдирди. У Жонсоннинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот бермади, бироқ унда коронавирус аломатлари бўлган йўтал ва иситма давом этаётганини айтди.

"РИА Новости" 6 апрелга ўтар кечаси Британия Бош вазири Борис Жонсон ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига улангани ҳақида хабар тарқатган. Агентлик бу маълумотни Британия тиббиёт муассасаларидан биридаги манбасига таянган ҳолда тарқатаётганини билдирган.

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди. У 5 апрелгача ўз уйида “ўзини яккалаш” шароитида яшади, лекин кейин касалхонага ётқизилган эди.

Россия коронавирус пандемияси туфайли Калининград анклавига поезд қатновини тўхтатди

Калининград шаҳри. 2020, 1 апрель.

Россия икки йирик шаҳри билан Калининград анклави ўртасидаги йўловчи поезд қатновини вақтинча тўхтатди.

Россия давлат матбуотининг хабар беришича, COVID-19 инфекцияси тарқалишига қарши кураш доирасида 6 апрелдан бошлаб Москва ва Санкт-Петербургдан Калининград шаҳрига поезд қатнови тўхтатилади.

Москвадан Калининградга йўловчи поезд 26 соат, Санкт-Петербургдан эса 20 соат юради ва Беларусь ва Литва орқали ўтади.

Россия темир йўл хизмати қатнов қачон қайта йўлга қўйилишини очиқламади.

Калининград Болтиқ денгизи соҳилда, Польша ва Литва ўртасида жойлашган.
Бошқа кўплаб давлатлар каби Россия ҳам коронавирусга қарши кураш доирасида чекловларни жорий қилди. Хусусан, Россияга халқаро авиапарвозлар бекор қилинди.

Россияда 5 апрелга қадар 5389 киши янги коронавирусга чалинди. Уларнинг 45 нафари вирус келтириб чиқарадиган инфекция туфайли вафот этди.

Трамп: Саудия Арабистони ва Россия нефть қазишни озайтиришга келиша олмаса, импорт тарифларини жорий қиламиз

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони билан Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга ўзаро келиша олмаса, АҚШга импорт қилинадиган нефтга солиқ солишини айтди.

- Улар келиша олмаса, шундай қилган бўлардим. Жиддий тарифларни [жорий қилган бўлардим]. Шубҳасиз шундай қилган бўлардим, — деди Трамп.

Президент бундай чорани АҚШ нефть саноатини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади.

Саудия Арабистони ва Россия АҚШга нефть экспорт қилувчи энг йирик давлатлар қаторидадир.

Коронавирус пандемияси туфайли бир баррель нефть нархи 20 долларга арзонлаб, сўнгги 20 йил давомида қайд этилган энг паст даражага тушиб қолди.

Нефть нархининг арзонлаб кетгани ишлаб чиқариш харажатлари юқори бўлган АҚШ нефть ширкатлари фаолиятига таҳдид солади.

Ўтган ойда Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга келиша олмади. Вашингтон эса икки давлатни келишувга эришишга чақирмоқда.

Трамп: Инфекция тарқалиш суръати секинлай бошлаганига далиллар бор

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп COVID-19 пандемиясига қарши кураш кўп ўтмай ўз якунига етишига умид қилаётганини билдирди.

5 апрель куни президент кейинги икки ҳафта давомида Америкада касаллик туфайли жуда кўп одам ҳалок бўлишини кутиш мумкинлигини айтди, аммо бир вақтнинг ўзида инфекция тарқалиш суръати секинлай бошлаганини кўрсатувчи далиллар борлигини таъкидлади.

Президент «туннель охирида ёруғлик кўряпман», деди.

Оқ уйнинг коронавирусга қарши курашиш ишчи гуруҳи координатори доктор Дебора Биркс Испания ва Италияда вазият нисбатан яхшиланаётганини, АҚШ икки ҳафталик фарқ билан ушбу икки давлат траекториясидан кетаётганини айтди.

- Италия ва Испания бизнинг келажагимизга умид билан қарашга изн бермоқда, — деди Биркс.

Бу орада Буюк Британия ҳукумати бош вазир Борис Жонсон шифохонага ётқизилганини хабар қилди. Аввалроқ Жонсон коронавирусга чалингани хабар қилинган эди. Британия ҳукумати бош вазир шифокор маслаҳати билан эҳтиёт чора ўлароқ шифохонага ётқизилганини билдирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, вирусни юқтирганлар сони дунё бўйлаб 1 миллион 250 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 68 мингдан зиёд. 250 мингдан ошиқ киши эса соғайиб кетди.

Тожикистон ССВ Сўғд вилоятида 60 яшар беморнинг вафот этганига оид хабарни изоҳлади

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Сўғд вилояти Жаббор Расулов туман марказий шифхонасида 60 ёшли беморнинг вафот этгани тўғрисидаги Озоди радиоси хабарини тасдиқлади. Хабарларга кўра, бемор эркак 31 март куни пневмониядан вафот этган.

Жаббор Расулов туман марказий шифхонасини карантинга ёпилган. Сўғд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили 6 апрель куни тиббиёт ходимлари ва вафот этган эркакнинг қариндошлари Хўжанд шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида карантинда эканлигини тасдиқлади. Коронавирусга оид илк ташхислар манфий натижани кўрсатган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига қараганда, Жаббор Расулов туманида яшаган эркакнинг ўлими пневмония натижасида юз берган, у коронавирусни юқтирмаган. Вазирликнинг таъкидлашича, туман марказий шифохонаси ходимлари карантинга олинди – уларнинг тана ҳарорати юқори, аммо саломатлиги яхши.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Бибихонум Дарвешзоданинг 6 апрель куни маълум қилишича, Жаббор Расулов туманида вафот этган эркак аввалроқ коронавирусга тест топширган ва ташхис манфий натижани кўрсатган. У Жаббор Расулов туман марказий шифохонаси ходимлари карантинда эканлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, бош шифокор ўринбосари Алишер Абдукаримовнинг тана ҳарорати юқори бўлгани боис, у ҳамкарантинга юборилди. Бироқ, унинг айтишича, Абдукаримовнинг саломатлигини "таҳликали" деб бўлмайди.

Жаббор Расулов туманида яшовчи эркакнинг вафоти тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчилик ҳақиқий хабарни яширганликда хукуматни айбламоқда. Айримлар Тожикистондаги туман шифохоналарида коронавирус тести ўтказилаётганига шубҳа қилмоқда.

Бироқ, Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили, Жаббор Расулов тумани, шунингдек мамлакатнинг бошқа тиббиёт муассасаларида карантин жорий қилинганини маълум қилди. У мамлакатда коронавирус йўқлиги борасида хукумат берган баёнотга шубҳа қилмасликни сўради, ҳамда коронавирус гумонида бўлган 22 беморнинг тести Лондонга юборилганини сўзига қўшимча қилди. "Биз жавоб олдик: тестлар манфий натижани кўрсатди", дея таъкидлади Бибихонум Дарвешзода. Унинг хабарига кўра, карантиндаги беморларни даволаётган шифокорларнинг ўзи ҳам қоидага кўра икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.

Нью-Йорк ҳайвонот боғидаги йўлбарсда коронавирус аниқланди. Унга COVID-19 одамдан юққани тахмин қилинмоқда

Нью-Йорк ҳайвонот боғидаги 4 ёшли Малайзия йўлбарси Нади.

Нью-Йоркнинг Бронкс мавзесидаги ҳайвонот боғида 4 ёшли Малайзия йўлбарси Надида коронавирус аниқланди. Ундан олинган тест натижаларини Ветеринария миллий лабораторияси тасдиқлади.

Ҳайвонот боғи раҳбариятининг билдиришича, Нади, унинг Азул лақабли синглиси, икки амур йўлбарси ва учта африка арслонида қуруқ йўтал кузатилган. Қолган ҳайвонлардан анализ учун тест олинмаган. Чунки бунинг учун уларни оммавий тарзда анестезиядан ўтказиш шарт бўлган.

Ҳозирча, йўлбарсга коронавирус одамдан юққани тахмин қилиняпти. Ҳайвонот боғи раҳбариятининг билдиришича, ҳайвонларга қаровчи ходимлардан бирида коронавирус аниқланган эди.

Йўлбарсларда бу касаллик қандай кечиши ҳозирча номаълум. Бу COVID-19 одамдан ёввойи ҳайвонга юқиши бўйича биринчи ҳолатдир.

Бугунга қадар Америкада 312 мингдан ошиқ одам вирусга чалинди. Уларнинг ярмидан кўпроғи Нью-Йоркда яшовчилардир. АҚШда коронавирусдан ўлганларнинг ярмидан кўпи ҳам Нью-Йорк штатида.

Қирғизистонда короновирусдан ўлганлар сони 4 киши. Бир кунда 69 кишида COVID-19 аниқланди

Қирғизистонда беморлар сони 216 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов 6 апрель куни эрталаб коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этганини билдирди. Бу билан мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сони 4 кишини ташкил қилди.

2 апрель куни Новқат туманида COVID-19 аниқланган 61 ёшли фуқаро вафот этганди. 4 апрель куни айнан ушбу касалхонада 80 ёшли бемор ҳам вафот этган. Бир сутка мобайнида вафот этган беморлар тўғрисидаги маълумот ҳозирча эълон қилинган йўқ.

Вазирнинг билдиришича, 6 апрель куни 69 одамда коронавирус аниқланди. Беморлар сони бу билан 216 кишига етди. Янги беморларнинг барчаси обсервацияга олинганлар орасида аниқланган.

Вазир 6 апрель ҳолатига кўра, 10 бемор тузалганини, яна 23 бемор 6 апрель куни касалхонадан чиқарилишини айтди.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони вилоятлар кесимида:

Бишкек шаҳри – 25;

Ўш шаҳри – 14;

Ўш вилояти – 80;

Боткен вилояти – 4;

Жалолобод вилояти – 80;

Чуй вилояти – 5;

Иссиқкўл вилояти – 3;

Норин вилояти – 5;

Талас вилояти - 0.

Қозоғистонда COVID-19га чалинганлар сони 584 кишига етди

Беморларнинг 219 нафари Нур-Султондан.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, 6 апрелга ўтар кечаси Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 584 кишига етди.

Беморларнинг 219 нафари Нур-Султон, 116 нафари Олмаота турғунлари. Актўбе вилоятида 11, Қарағанда вилоятида 32, Атирау вилоятида 29, Қизилўрда вилоятида 37 бемор бор. Қолган вилоятларда беморлар сони озроқ.

Актўбе ва Жамбил вилояти марказларида карантин эълон қилинди. Аввалроқ Нур-Султон, Олмаота, Чимкент ва Актау ва Қарағандада ҳам карантин эълон қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 36 бемор тузалганини, 6 бемор ўлганини билдирди.

Россия ва Саудия муросага келмаса, АҚШ нефть импортига бож тўловлари жорий этади

Трамп Россия ва Саудия нефть ишлаб чиқаришни озайтириш юзасидан муросага келишини талаб қилмоқда.

Саудия Арабистони ва Россия яқин кунлар ичида нефть ишлаб чиқаришни камайтириш масаласида муросага кела олмаса, АҚШ ўз нефть ишлаб чиқарувчиларини жаҳон базоридаги нархлар кескин тушиб кетишидан ҳимоя қилиш мақсадида нефть импортига бож тўловларини жорий этади.

Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни коронавирус эпидемиясига қарши кураш масалаларига бағишланган брифингда маълум қилди.

Трамп 3 апрель куни нефть ишлаб чиқарувчи ширкатлар вакиллари билан учрашган эди. Улардан айримлари нархлар кескин тушиб кетиб таннархни оқлай олмаётгани учун ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлган эди.

Айни пайтда нефтни қайта ишлаш саноати вакиллари Трампдан нефть хом ашёсига бож тўловларини жорий этмасликни илтимос қилмоқда. Уларга кўра, бу АҚШда бензин нархининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлади. АҚШ Саудиядан ҳам, Россиядан ҳам нефть импорт қилади.

Нефть экспорт қилувчи давлатларнинг видеоконференцияси 6 апрель куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ Саудия ва Россия муросага кела олмаётганлари учун бу конференция 8-9 апрель кунларига қолдирилди. Саудия ва Россия нефть нархи кескин тушиб кетишида бир-бирларини айбламоқда. Мазкур конференцияни ўтказишни Трамп талаб қилган эди.

30 март куни Brent нефтининг 1 баррели сўнгги 18 йилда рекорд даражада арзонлаб, бир баррелига 20 долларни ташкил қилган. Россия ва Саудия нефть ишлаб чиқаришни камайтириш масаласида муросага келиши аниқ бўлиб қолгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан, Brent нефтининг 1 баррели 30 долларга кўтарилган.

Европа коимссияси раҳбари: Пандемия оқибатларини бартараф этиш учун "Маршалл плани" зарур

Урсула фон дер Ляйен ЕИ бюджетини радикал тарзда қайта кўриб чиқиш тарафдори.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш учун Европа Иттифоқига янги “Маршалл плани”зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Welt am Sonntag газетасидаги ўз муаллифлик колонкасида ёзди.

“Келажакда юз берадиган ҳалокатнинг олдини олиш учун бугун миллиардлаб евро сармоя ётқизиш зарур”, - деб ёзди Урсула фон дер Ляйен.

Унга кўра, Европа Иттифоқининг 2021–2027 йилларга мўлжалланган бюджетини радикал тарзда қайта кўриб чиқиш зарур бўлади.

АҚШ давлат котиби Жорж Маршалл Иккинчи жаҳон уришидан сўнг Европани қайта тиклаш режасини ишлаб чиққан эди. АҚШнинг Европага ёрдам кўламини назарда тутган мазкур режа “Маршалл плани” номини олган. Мазкур режани амалга ошириш орқали уруш оқибатида вайрон бўлган Ғарбий Европа иқтисоди қайта тикланган эди.

Урсула фон дер Ляйен мақоласида “Маршалл плани” деганда АҚШдан тўғридан-тўғри молиявий кўмак олишни назарда тутмаган. Мақолада бу ўхшатиш “катта миқдорда ва муайян соҳаларга йўналтирилган молиявий сармоялар” деган маънода қўлланилган.

Жаҳонда коронавирусга чалинганларнинг деярли тенг ярми, яъни 600 минг одам Европа Иттифоқи давлатлари фуқароларидир. Улардан 40 мингдан кўпроғи вафот этди.

Украина ҳукумати Чернобил АЭСнинг зарарланган ҳудуди яқинидаги ёнғин ўчирилганини билдирди

Одессада ёнғин ўчирилмоқда, 1 апрель, 2020

Украинанинг фавқулодда вазиятлар учун масъул идораларига кўра, Чернобил АЭСнинг бегоналаштирилган ва ҳеч ким яшамайдиган ҳудудида содир бўлган ёнғинни ўт ўчирувчилар тўлиқ ўчирган.

Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати 5 апрелда ёнғин юз берган ҳудуднинг фондаги радиация даражаси “нормал чекловлар чегараси”да эканини билдирган эди.

4 апрелда 130 дан ошиқ ўт ўчирувчи, 3 та учоқ ва 21 та автомобиль АЭС яқинида рўй берган ёнғинни ўчириш учун жалб қилинган.

Ушбу Совет атом электр станцияси 1986 йил 26 апрелида портлаши оқибатида ҳавога кўтарилган радиоактив моддалар Европа мамлакатларини заҳарлаган эди.

Ўт ўчириш ва қутқарув хизматлари ходимлари 4-5 апрель кунлари яккам-дуккам олов ёниб турган жойларни ўчириш учун кўздан кечириб чиқди.

Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати 5 апрель сот 07:00 ҳолатига кўра, очиқ ёнғин бўлмаганини, баъзи майда ёнғин ўчоқларигина қолганини хабар қилди.

Фавқулодда вазиятлар хизмати баъзи жойларда радиация даражаси баландлиги ёнғинни ўчиришни қийинлаштиргани, аммо аҳоли аҳоли яшаш пунктларига ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини маълум қилди.

Туркманистон озиқ-овқат етишмовчилигига қарши норозиликни ун тарқатиш билан бостирмоқда

Норозилар олтин билан безатилган ва халқ дардидан узилган Ашхободга элтувчи йўлни тўсишга урингани айтилмоқда

Туркманистон ҳокимият идоралари озиқ-овқат етишмовчилигидан ғазабланган кишилар намойишини уларга ун қопчаларини тарқатиш билан бостирди.

“Озодлик” радиосининг туркман тилидаги хизмати берган хабарга кўра, 3 апрелда Туркманистоннинг жануби-шарқидаги Марв вилоятида ҳукумат субсидия ажратадиган ун ва ўсимлик ёғи етишмовчилигига қарши 30 дан ошиқ аёл норозилик билдирган.

Намойишчилар Марв шаҳри ғарбида йиғилиб, пойтахт Ашхободга олиб борадиган трассани қисқа вақт тўсиб қўйган, кейинчалик вилоят маъмурияти биноси томон юриш қилган.

Бироқ норозилик маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳар бир аёлга 2 килограммлик копчаларда ун тарқатгандан сўнг ниҳоясига етган.

Туркманистон аҳолиси уч йилдан бери озиқ-овақт маҳсулотлари тақчиллигидан азият чекиб келади. Бироқ яқинда коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўриш мақсадида ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этилган чекловлар Туркманистонда озиқ-овқат таъминоти тармоғи ишини мушкул аҳволга солиб қўйди.

Чекловлар мамлакат ичидаги йўлларни ёпиш, чегарадаги ўтиш жойларини тўсиш ва қўшни мамлакатлардан озиқ-овқат импорти қилинишига чеклов жорий қилишдан иборат.

Туркманистоннинг минтақадаги энг кўп коронавирус тарқалган Эрон билан 1150 милометрлик умумий чегараси бор.

Лекин расмий Ашхобод мамлакатда бирор киши ҳам коронавирусни юқтирмаганини айтмоқда. Бу ҳол Ашхободнинг касаллик ҳақидаги маълумотлари ишончли эканига шубҳа уйғотмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG