Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:52

АҚШ президентлик пойгаси: Демократлар орасида Байден ҳануз етакчи


Келаси йилги президентлик сайловида Доналд Трампга қарши курашиш учун демократ номзодлар фаол кампания олиб бормоқда.

Собиқ вице-президент Жо Байден номзодлар орасида етакчи, аммо икки сенатор - калифорниялик Камола Ҳаррис ва массачусетслик Элизабет Уоррен унга жиддий рақиблик қиляпти.

Миллиардер фаол Том Стеер пойгага қўшилган яна бир демократ.

"Агар ниманидир жуда муҳим деб ҳисобласангиз, шу нарсани қилишга бор кучингизни сафарбар этинг. Мен худди шундай қиляпман. Менинг исмим Том Стеер ва мен президент бўлмоқчиман", - деди у видеомурожаатида.

Стеер Президент Доналд Трампни импичмент қилишга чақириб келади. Бу масалада Конгрессдаги демократлар фикри бўлинган.

Стеер пойгага қўшилар экан, калифорниялик конгрессмен Эрик Суолуэл сайловдан номзодини қайтариб олган илк демократ бўлди.

"Иқтидорлар кўп бу пойгада ва биз учун шу қийинчиликлардан бири бўлди. Вазни оғир сиёсатчилар бор ва уларга қарши курашда паст-баландлар кўп бўлади. Бундан буёғига фуқаро сифатида баҳсларни кузатаман", - деди у.

Суолуэл демократларнинг илк телебаҳсида асосий номзод Жо Байденни нишонга олган эди.

"Жо Байден 32 йил олдин машъалани энди ёшлар қўлига бериш керак, деганда ҳақ эди. Бу гап бугун учун ҳам тўғри", - деди у.

“Вице-президент, ҳали ҳам шу фикрдамисиз?”, - дея сўради модератор Жо Байдендан.

“Шундай, ҳали ҳам машъала менинг қўлимда", - деб жавоб берди Байден.

Илк дебатдаги камчиликларга қарамай, Байден демократ номзодлар орасида ҳануз етакчи.

Собиқ вице-президент аёл сенаторлар - калифорниялик Камола Ҳаррис ва массачусетслик Элизабет Уорреннинг жиддий қаршилигига дуч келмоқда. Биринчи телебаҳс ортидан уларнинг рейтинги бироз кўтарилган.

Суолуэлнинг пойгани тарк этиши демократлар орасида сараланиш бошланганидан далолат, дейди таҳлилчи Жим Кеслер.

"Саккиз-ўнтача одамда умид бор бир паллага келдик. Бу баҳслар берадиган нарсалардан бири шуки, мунозараларда имконияти пастроқ номзодларни кўрасиз ва улар доим шундай бўлиб қолишини ва пойгани тарк этиши лозимлигини англайсиз", - дейди у.

Демократлар 2020 йил февралга борибгина партия номзодини танлаш жараёнини бошлайди.

Бу орада турли номзодлар бир-бирига қарши чиқиб, партия ичида бўлинишларга сабаб бўлади, дейди тадқиқотчи Ларри Сабато.

"20 дан ортиқ одам орасидан биттаси номзодликни қўлга киритса, бошқа номзодлар тарафдорлари унинг ортидан эргаша оладими? Исталган пайт партия учун энг катта синов шу. Ҳозир бунинг жавобини билиб бўлмайди", - дейди у.

Демократларнинг навбатдаги баҳси шу ой охирида Детройтда бўлади.

XS
SM
MD
LG