Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:17

SNHR: Сурияда Россия қўлловидаги амалиётларда 2 ойда 544 нафар оддий фуқаро ўлди


Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғининг (Syrian Network for Human Rights, SNHR) хабар беришича, Россия кейинги икки ой ичида исёнчилар бошқарувида қолаётган сўнгги ҳудудда амалга ошириб келаётган ҳаво ҳужумларида камида 544 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлди, 2000дан ошиқ одам жароҳат олган.

SNHR гуруҳи Россия армиясини ҳамда унинг ҳамкори Сурия ҳукуматини 5 июль куни Идлиб вилоятида атайин оддий фуқароларга ҳужум қилишда айблади.

SNHR раиси Фадел Абдул Ғани:

- Россия ҳарбийлари ҳамда унинг Суриядаги ҳамкори атайин оддий фуқароларни нишонга олмоқда ва рекорд даражадаги тиббий иншоотлар бомбардимон қилинди, - деди.

Британияда рўйхатдан ўтган SNHR Сурияда тинч аҳоли орасидаги ўлимларни кузатиб келади. Ташкилот ўз маълумотларини Сурия ичида ва ташқарисида фаолият юритувчи 120 нафар аъзосидан олишини маълум қилган.

Апрель ойида Россия қирувчи учоқлари Сурия армиясининг Идлиб ҳамда Ҳама вилоятларида президент Башар ал-Ассадга қарши исёнчиларга қилган юришини қўллаган эди.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Human Rights Watch (HRW) ташкилоти эса Россия-Сурия қўшма ҳарбий амалиётлари давомида оддий фуқаролар истиқомат қиладиган ҳудудларда ҳаводан ташланадиган йирик қуроллар билан бир қаторда кластер бомбалар ҳамда ёқиб юборувчи снарядлардан фойдаланиб келинаётганини хабар қилди.

Идлибда фаолият юритаётган “Фуқаровий мудофаа” ташкилоти матбуот котиби Аҳма ал Шеихо ҳужум давомида “бутун бошли қишлоқ ва шаҳарлар бўшатилганини” айтди.

SNHR ҳамда гувоҳлар 5 июль куни Идлиб вилоятининг Мамбиул қишлоғида амалга оширилган ҳужумда 15 нафар одам, жумладан, ёш болалар ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужум давомида Сурия армияси оддий фуқаролар истиқомат қиладиган ҳудудга вертолётлардан бочка бомбаларини ташлаган.

Москва ва Дамашқдаги расмийлар эса оддий фуқаролар нишонга олинганини ҳамда кластер бомбалар ёки ёқиб юборувчи қуроллардан фойдаланилганини рад этди.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя барча ҳарбий ҳаракатлар “террорчилар провокацияларига жавобан” амалга оширилганини таъкидлади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўтган ойда Россия ва Туркияни Суриянинг Идлиб вилоятини барқарорлаштиришга чорлаган эди. Котиб вилоят “гуманитар ҳалокат” қаърида қолганини таъкидлади.

Суриянинг асосий ҳамкори бўлмиш Россия ҳамда ҳукуматга қарши кучларни қўллаб келаётган Туркия ўтган йилда Сурия шимоли-ғарбида тўқнашувларни озайтириш келишувини қўллаган эди.

Аммо келишувга амал қилинмай келинади. Натижада юз минглаб одам Идлибни тарк этишга мажбур бўлди. Вилоятда Сурия ҳукуматига қарши сўнгги исёнчи гуруҳлар мамлакат армиясига қарши курашмоқда.

XS
SM
MD
LG