Линклар

Шошилинч хабар
01 июн 2020, Тошкент вақти: 13:35

Қозоғистонда кончилар муштлашувида ўнлаб одам жароҳатланди


Қозоғистон ғарбида жойлашган “Тенгиз” йирик нефть ва газ конида хорижлик ва маҳаллий ишчилар ўртасида келиб чиққан муштлашувда камида 30 нафар одам жароҳат олди.

Расмий маълумотларга кўра, улар шифохонага ётқизилган. Аммо уларнинг ҳаёти хавфи остида эмас ва муштлашувда ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Вилоят расмийларининг маълум қилишича, 29 июнь куни тушдан кейин “норозилик намойишига чиққан ишчилар” билан вилоят ҳокими ўринбосари Серик Шапкенов учрашиб, улар билан “маиший можаро авж олишига йўл қўйиб бўлмаслиги” ҳақида суҳбатлашган.

Ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларда “Тенгиз” нефть конида 29 июнь куни юзлаб ишчи тўпланганини кўриш мумкин. Ҳодиса жойида ёзиб олингани иддао қилинган видеоларнинг биридан CCEP ёзуви бор формадаги ишчилар оддий кийимдаги ишчиларни дўппослаётганини кўриш мумкин. Хабарларга кўра, норозилик намойишига айнан Сonsolidated Contracting Engineering and Procurement S.A.L Offshore (CCEP) ширкати ходимлари чиққан.

Ишчилардан бири Озодлик билан суҳбатда муштлашувга хорижлик ишчилар орасида улашилган ва маҳаллий ишчилар нафсониятига теккан сурат сабаб бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, суратни CCEP ишчиларидан бири, Ливия фуқароси WhatsApp мессенжерида улашган.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан суҳбатлашган ишчи “15 мингга яқин” кончи намойишга чиққанини, норозилик намойишлари заминида ночор иш шароитлари ётганини айтди. Хусусан, конда турли ишчилар оладиган маош ўртасидаги тафовут бир неча ойдан бери норозиликларга сабаб бўлиб келади.

Ушбу ҳолат юзасидан конни ўзлаштириш учун Chevron, ExxonMobil, KazMunayGas ҳамда LUKo ширкатлари тузган Tengizchevroil консорциуми эълон қилган баённомада ишчилар ўртасида муштлашув содир бўлгани, натижада бир неча ишчи жароҳат олгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳодисани ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокими ўринбосари етакчилигида махсус комиссия тузилади. Комиссияда CCEP ширкати вакиллари ҳамда “Тенгиз” конини ўзлаштириш билан шуғулланиб келаётган Tengizchevroil гуруҳи вакиллари ҳам қатнашади.

Бу орада Атирау ҳокимияти вазият барқарорлашганини маълум қилди.

“Тенгиз” конида ишчилар норозилик акцияси бошлагани ҳақидаги хабарлар 28 июнда тарқала бошлаган эди.

Маҳаллий полиция муштлашув содир бўлганини тасдиқлар экан, ҳодиса жойига вилоят полицияси ҳамда прокуратураси вакиллари етиб борганини маълум қилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги “Тенгиз” конида содир бўлган “безорилик” бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик ҳодиса иштирокчилари орасида “профилактика ишлари” ўтказилгани, можаро бутунлай бартараф қилинганини қўшимча қилди.

“Тенгиз” кони Атирау шаҳридан 340 км масофада жойлашган.

XS
SM
MD
LG