Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:37

Ўзбекистон

Тошкентда Ғалаба боғини барпо этиш ишлари бошланди (ФОТО)

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғи лойиҳаси билан танишди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғи барпо этилади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев мазкур ҳудудда бўлиб, Ғалаба боғи юзасидан тегишли кўрсатмаларни берган.

– Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага мувофиқ, боққа киришда рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади.

Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилади.

Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди. Шунингдек, музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилади.

Кун янгиликлари

Тошкент суди Каратэ федерацияси собиқ раҳбарининг лавозимидан ғайриқонуний олинганини тасдиқлади

Ўзбекистон Каратэ федерацияси собиқ раҳбари Нурхон Нафасов

22 октябрда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Каратэ миллий федерациясининг шикояти апелляция тартибида кўриб чиқди​ ва федерациянинг собиқ раиси Нурхон Нафасов иши юзасидан дастлабки инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирди.

Маҳкамада ҳакам федерациянинг Нафасовни лавозимдан бўшатиш тўғрисидаги 2018 йил, 26 сентябрь кунги йиғилиш баённомаси ва 2018 йил 27 сентябрь кунги буйруғини ғайриқонуний деб топди.

Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарлигига 2018 йилнинг май ойида тайинланган ​Нафасов 2018 йил сентябрида вазифасидан четлатилгач "Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси"нинг тегишли йиғилиш қарори ва 2018 йил 27 сентябрдаги 1-сонли буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида" фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилганди.

Судда федерация манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Ҳусан Маҳбубов 23 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди қароридан норози экани, бу юзадан юқори инстанция судига апелляция тартибида шикоят қилишини билдирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:55 0:00
Бевосита линк


Айни пайтда Нурхон Нафасовга нисбатан Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясига тегишли 125 миллион сўм (қарийб 15 минг АҚШ доллари) миқдоридаги маблағларни ўзлаштирганлик билан боғлиқ айблов бўйича маҳкама давом этмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари - 167-модда ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш") ва 165-модда ("Товламачилик") бўйича очилган жиноят иши доирасида навбатдаги маҳкама эшитувлари жума куни бўлиши кутиляпти.

БП: Наманган вилоятидаги ҳибсхонада маҳкума тўсатдан вафот этди

Иллюстратив сурат

22 октябрь, тахминан соат 02:30 ларда Наманган вилояти ИИБ 6-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкума, 1976 йилда туғилган Шоҳиста М. ҳибсхона камерасида тўсатдан саломатлиги ёмонлашиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновга кўра, Шоҳиста М. суднинг ҳукмига биноан, ЖКнинг 168- (Фирибгарлик) ва бошқа моддалар билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция шикояти ёзган.

"Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида, маҳкума Шоҳиста М.нинг ўлими "юракнинг камқонлик касаллиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги натижасида келиб чиққанлиги, марҳумада тан жароҳатлари аниқланмаганлиги" кўрсатилган.Мазкур ҳолат юзасидан Наманган тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда" дейилган хабарда.

Президентнинг 5 ташаббуси ташкилотга айланди

Адлия вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси лойиҳа офиси” нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, мазкур ташкилотнинг асосий мақсади ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Юнусобод ҳокими муовини пора билан ушланганига оид хабарни Бош прокуратура тасдиқлади

Юнусобод тумани ҳокимлиги биносининг ташқи кўриниши.

Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Э.З. қўлга олингани тўғрисида Озодлик 22 октябрда хабар қилган эди.

23 октябрда Kun.uz’ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таяниб, Юнусобод туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Э.З. фуқаро Р.М.дан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига 5.000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланганини хабар қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Э.З.га нисбатан ЖК 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Э. З. шу йилнинг бошида Юнусобод туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

У узоқ йил "Ўзуйжойжамғармабанк" банки тизимида раҳбар лавозимларида ишлаган, "Makon Kapital Invest" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва молия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам бўлган.

2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олишда гумонланиб қўлга олинганди.

Абдусаматов шу йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топилиб, 5 йилга қамалган.

Янги таҳрирдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонун кучга кирди

22 октябрь куни Ўзбекистон президенти «Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунининг янги таҳририни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. Қонун 22 июлда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 11 октябрда Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонун Ўзбекистон президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини эркинлаштиришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Аввалги таҳрирдан фарқли ўлароқ, янги таҳрирдаги Қонун бир қатор меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилган бўлиб, унда валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилишнинг асосий тамойиллари белгиланди. Хусусан:

  • валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги;
  • валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги;
  • резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги асосий тамойиллар сифатида белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун даражасида белгиланди.

Шу билан бирга:

  • валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасидаги маблағларнинг эркин тасарруф этилиши;
  • валюта операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор рухсат бериш тартиботларининг бекор қилиниши;
  • ташқи савдо операциялари бўйича активларни Ўзбекистон Республикасига репатриация қилиш бўйича талаблар;
  • резидент жисмоний шахслар томонидан хорижда чекловларсиз ҳисобварақлар очишга рухсат берилиши;
  • жисмоний шахслар ўртасида носавдо валюта операциялари бўйича 100 млн. сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари амалга оширилиши мумкинлиги;
  • жисмоний шахслар томонидан 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган миқдордаги нақд пул маблағларини Ўзбекистондан эркин олиб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Қонуннинг янги таҳририда валюта операцияларининг амалиётдаги мавжуд турлари қамраб олинди ҳамда қонунчиликдаги ҳавола қилувчи нормалар максимал даражада қисқартирилди ва мазкур Қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади.

Қонун расман эълон қилинган сана — 23 октябрдан кучга кирди.

Самарқандда судьялар 1,5 тоннадан кўпроқ пахта терди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти, туман ва шаҳар маъмурий судларининг 65 нафар ходими Пастдарғом туманида 1630 килограмм пахта теришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўтган якшанбани (20 октябрь) суд ходимлари Пастдарғомдаги “Зафар” фермер хўжалиги далаларида пахта териш билан ўтказганлар.

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитасининг 235 нафар ходими Тошкент вилояти Чиноз туманида қарийб 9,5 тонна пахта тергани ҳақида маълум қилинганди.

А.Арипов Ўзбекистонда йил бошидан буён 8 млн киберҳужум қайд этилганини иддао қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбекистонда жорий йил бошидан бери қарийб 8 миллион киберҳужум аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Москвада ўтаётган “Очиқ инновациялар” халқаро форумида билдирди.

Ариповга кўра, шу важдан республикада рақамли маълумотлар хавфсизлиги ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс дастур қабул қилинган бўлиб, бу дастур доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасида 70 дан зиёд турли ҳужжатлар тасдиқланган.

Бош вазир кўрилаётган чоралар натижасида Ўзбекистон Халқаро электр алоқа иттифоқининг глобал киберхавфсизлик индексида 40 поғона юқорилаб, 175 давлат орасида 52-ўриндан жой олганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази томонидан 2017 йили давлат муассасалари сайтларига 600 дан зиёд ҳужум қайд этилгани, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 30 фоизга пасайгани хабар қилинганди.

Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга кетаётганларни ортиқча тамаки ва алкоголли маҳсулотлар олиб кетмасликка чақирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркияга кетаётган ўзбекистонликларни ортиқча тамаки ва алкоголли маҳсулотлар олиб кетмасликка чақирди.

Департамент Туркия ҳудудига белгиланган меъёрдан ортиқ тамаки ва алкоголли маҳсулотларни олиб кирган шахсларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг “Контрабанда” моддаси бўйича жиноят иши очилишини эслатади. Суд қарорига мувофиқ, мазкур шахслар жиноят иши содир этган, деб ҳисобланади ва уларга нисбатан олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки маъмурий жарима жазолари қўлланилади.

Суднинг якуний қарори чиққунга қадар Туркия ҳудудидан депорт қилинган ва суд ҳукмига кўра айбдор деб топилган шахслар Туркия ваколатли органларининг маълумотлар базасига қидирувдаги шахс ўлароқ киритилади ҳамда давлат чегарасини кесиб ўтиш чоғида қўлга олинади.

Шу муносабат билан ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон ватандошларини тамаки, алкоголь ва бошқа маҳсулотларни олиб кириш бўйича Туркиянинг божхона қоидаларига амал қилишга чақирган.

Қайд этилишича, Туркия ҳудудига шу кунда 18 ёшдан ошган ватандошлар томонидан 600 донагача сигарет, таркибида алкоголь 22 фоиздан юқори бўлган ичимликлардан 1 литр, таркибида алкоголь 22 фоиздан кам бўлган ичимликлардан 2 литр божхона тўловисиз олиб кирилиши мумкин.

Ҳижобга қарши чораларни кучайтирган Ўзбекистон муслима сайёҳлар учун қулай мамлакатлар ўнлигига киритилди

Иллюстратив сурат.

“Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторида саналди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнлигидан жой олган, аниқроғи, саккизинчи ўринга қўйилган.

“Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.

Айни пайтда ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда охирги пайтларда ҳижобга қарши авж олган кампанияни эътиборга олган-олмагани маълум эмас.

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг олдини олиш баҳонасида расмийлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани кузатилмоқда. Бу чора-тадбирлар орасида ҳунарманд ва фермерлар билан аъзолик шартномасига “кийиниш маданияти”, аниқроғи, беўхшов соқол қўймаслик ва ҳижоб киймасликка оид банд киритиш, диний рамзли кийим тикаëтганларни бошқа турдаги товар ишлаб чиқаришга йўналтириш, бундай товарларнинг хориждан олиб келинишини тўхтатиш кабилар бор.

Бу ишлар Ўзбекистон президентининг “Мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган 4437м-сонли махфий қарори (2019 й., 4 сентябрь) асосида амалга оширилмоқда.

Абдулла Арипов Москвада Дмитрий Медведев билан "Очиқ инновациялар" форумида учрашади

Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов, Москва, 2017, 28 март.

22 октябрда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан Москва областидаги Сколково инновация марказида бўлиб ўтадиган «Очиқ инновациялар - 2019» форуми доирасида учрашади.

ТАСС хабарига кўра, форумда Беларусь вазирлар маҳкамаси раҳбари Сергей Румас, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Тигран Саркисян, Bayer AG директорлар кенгаши раиси Вернер Бауманн Future of Humanity Institute (Инсоният келажаги институти) Ник Бостром, Google Play директори Пурнима Кочикар, Сколково фан ва технологиялар институти профессори Иван Оселедец қатнашади.

Kun.uzга кўра, Россия Федерацияси бош вазири ўтган йили август ойида Туркманистондаги Каспий иқтисодий форуми, ундан олдин - июлда Москвада ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашганди. Медведев Арипов билан сўнгги суҳбати чоғида икки мамлакат бош вазирларининг тез-тез учрашиб туриши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарор ривожланиши калити эканлигини таъкидлаб ўтган. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари икки томонлама ҳамкорлик янги даражага кўтарилгани ва Россия-Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилнинг дастлабки етти ойида 15 фоизга ўсгани ҳамда йил охирига келиб 6 миллиард долларга етишини айтган.

«Очиқ инновациялар» форуми 2012 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Тадбир энг янги технологияларни ривожлантириш ва тижоратлаштириш муаммоларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик учун янги воситаларни яратиш учун майдончадир.

Доллар бироз тушди, евро кўтарилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 22 октябрдан бошлаб хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

Бир ҳафта олдинги нархга нисбатан АҚШ долларининг расмий курси 6,71 сўмга пастлаб, 9448,53 сўмни ташкил қилди.

Евронинг расмий курси 114,48 сўмга қимматлади ва 10553,06 сўмни ташкил этди.

Нью-Йоркдан учган самолёт йўловчиси тўполон қилгани учун Тошкентда қўлга олинди

Uzbekistan Airways Миллий авиакомпаниясининг HY102 рейс билан Нью-Йорк-Тошкент йўналишида 21 октябрда парвоз қилган самолёти йўловчиси учоқ Тошкентга етиб келиши биланоқ ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари қўлига топширилди.

Бу ҳақда хабар қилган авиакомпания матбуот хизматига кўра, 51 ёшли эркакнинг маст ҳолда бўлгани тахмин қилинмоқда. Қайд этилишича, у ўз жойига ўтириш ҳақидаги кўрсатмаларга риоя қилмаган, бақирган ҳамда уни тинчлантирмоқчи бўлган борт хизматчилари ва ёнидаги йўловчиларни ҳақоратлаган.

Рейс йўловчилари экипажга ёрдам бериб, қоидабузарни тутиб, ўриндиққа боғлаб қўйишган ва самолёт Тошкент аэропортига етиб келиши билан тўполончи қўлга олинган.

Ўзбекистонда бензин ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш камайди

Иллюстратив сурат.

2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ўзбекистонда автомобиль бензини ишлаб чиқариш ҳажми 13,2 фоизга камайди.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига мувофиқ, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 758,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган, ваҳоланки 2018 йилнинг шу даври ичида бу кўрсаткич 873,2 минг тоннани ташкил қилганди.

Дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш ҳажмида ҳам 5,4 фоизлик пасайиш кузатилган. Қўмита маълумотига кўра, 2019 йилнинг 9 ойи давомида 763,4 минг тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 806,8 минг тоннага тенг эди.

Ҳисоботда Ўзбекистон 2019 йил январь-сентябрь ойларида нефть қазиб олишни 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 фоизга қисқартиргани ҳам қайд этилган.

Депутатлар суд мажлисларининг бевосита трансляция қилинишига қарши чиқишди

Иллюстратив сурат.

Ўзбек депутатлари суд мажлисларини радио, телевидение ва Интернет орқали бевосита трансляция қилинишига қарши чиқишди. Бу эътироз улар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрдаги ўтказилган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида билдирилган.

Таклиф этилаётган тузатишларда суд мажлисларини радио, телевидение ва Интернет орқали реал вақт режимида эркин кузатиш имкониятини бериш кўзда тутилганди.

Аммо лойиҳа парламент қуйи палатасига келиб тушган кунданоқ ўтказилган муҳокамалар, фракциялардаги мунозаралар чоғида кўплаб депутатларда эътироз уйғотган. Парламент аъзолари “суд жараёни тўғридан-тўғри оммага ҳавола қилинса, шаън, қадр-қиммат, дахлсизлик деган нарсалар, қолаверса, холислик қандай таъминланади?” деган саволни ўртага ташлаганлар.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида қонун лойиҳаси бир овоздан кун тартибидан чиқарилди. Шунингдек, бошқа фракцияларда ҳам бу борада жиддий савол ва эътирозлар бўлган.

Депутатларга кўра, Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасида инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади.

Шулардан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш” фракцияси депутатларни ушбу қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариш, уни масъул қўмитага қайтариш масаласини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирганлар. Натижада қонун лойиҳаси рад этилган.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида юзага келган тиқинга техник носозлик сабаб қилиб кўрсатилди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг “Тажен” чегара божхона пости ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Довуд ота” чегара божхона пости ўртасидаги йўлда техник носозлик туфайли транспорт воситаларининг тўпланиши ва тиқин юзага келган. Бу ҳақда “Дарё” нашри Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

ДХХ уч кун мобайнида юзага келган тиқин сабабли ҳайдовчилардан Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда бошқа йўналишни танлашни сўраган.

Ўзбекистон Чегара қўшинлари қозоғистонлик чегарачилар яқин вақт ичида ушбу техник носозликни бартараф этишига умид билдирган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг “Тажен” чегара божхона постидан Қорақалпоғистон Республикаси “Довуд ота” чегара божхона постига киришда 40 та юк машинаси тирбандлик сабабли навбатда тургани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Давстатқўм: Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга ошди, трактор ишлаб чиқариш ҳажми 58 фоизга пасайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 40,4 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг жорий йил январь-сентябрь ойларида саноат ишлаб чиқариши бўйича ёйинлаган ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга мувофиқ, ўтган 9 ой ичида Ўзбекистонда 186 432 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 658 донага кўпдир.

Юк автомобилларини ишлаб чиқариш эса 33,2 фоизга ошган. 2018 йилда 3 024 дона юк автомобили ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 4 028 донани ташкил қилган.

Айни пайтда 2019 йилнинг ўтган 9 ойида 1 099 дона трактор ишлаб чиқарилган, бу эса 2018 йилнинг шу даврига (2624 дона) нисбатан 58,1 фоизга кам.

Надежда Крупская: Бола ўзбекча фикрлаб, тафаккур қилиб, ўзбекча гапириши зарур

"Даракчи" газетаси саҳифаси

21 октябрда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Пайариқ туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Надежда Крупская бундай деди:

– Мен Пайариқ туманида туғилганман, миллатим – рус. Лекин ўттиз йилдан буён боғчада болаларга ўзбек ва рус тилларида сабоқ бераман. Ҳозир кўпчилик ота-оналар фарзандлари бир нечта тилни билишини истайди. Бу яхши албатта. Лекин бола энг аввало, ўзбек тилини, ўз она тилини яхши билиши керак. Ўзбекча фикрлаб, тафаккур қилиб, ўзбекча гапириши зарур.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Надежда Крупскаянинг ўзбек тилида дона-дона қилиб айтган бу сўзлари барчага манзур бўлган. Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 21 октябрь куни 30 йил тўлди. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистоннинг турли жойларида тантанали байрам тадбирлари ўтказилди.

Жорий ой бошида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинганди. Унга мувофиқ, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ва ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Матбуот хизматлари раҳбарлари рейтинги тузилади

Ахборот хизматлари раҳбарларининг фаолият самарадорлиги баҳоланади ва рейтинг тузилади.

Бу чора давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартибида белгилаб қўйилгани тўғрисида norma.uz хабар қилди.

Бунинг учун Агентлик директорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат таркибда махсус комиссия тузилади. Комиссия Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига тасдиқланган мезонлар бўйича тақдим этилган маълумотлар асосида қарор қабул қилади.

Ушбу қарорга асосан ҳар йили 20 январга ва 20 июлга қадар рейтинг тузилади ва 3 кун ичида расмий веб-сайтга жойлаштирилади. Рейтингда тўпланган балларга мувофиқ қуйидаги баҳолаш даражалари акс эттирилади:

55 баллгача – паст даражада;

56 баллдан 71 баллгача – қониқарли даражада;

72 баллдан 85 баллгача – ўрта даражада;

86 баллдан 100 баллгача – юқори даражада.

Комиссия қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 октябрдан кучга кирди.

АОКА сайтлар ва блогерларга қонунга зид шарҳларни ўчириш мажбуриятини юкловчи Низом лойиҳасини муҳокамага қўйди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот маконида шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юборишни тизимли равишда ташкил қилиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу ҳақда Бу ҳақда АОКА матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев ўз телеграм каналида хабар қилди.

АОКА матбуот котиби Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1-моддасига мувофиқ веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер уз веб-ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, шундай ҳолатлар содир бўлганда қонунга зид ахборотларни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган, деб эслатди.

Ҳикматилла Убайдуллаевга кўра, эндиликда, веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ва бошқа ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи шарҳлар жойлаштирилганда, уларни дарҳол ўчириб юбориш учун веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, Агентлик томонидан хабарнома юборилади.

Веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаси, блогер хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Агентликни хабардор қилиши лозим бўлади, деб таъкидлаб ўтган АОКА матбуот котиби.

Блогерлар Рустам Карим ва Тўлқин Астанов иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Рустам Каримов (чапда) ва Тўлқин Астанов.

18 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Рустамбек Каримов (Рустам Карим — 1975 й. т.) ва Тўлқин Астановга (1971) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда gazeta.uz Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидовга таяниб хабар қилди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қиличев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Рустам Карим Ўзбекистон Жиноят кодекси 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазой тайинлаш) 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2019 йил 16 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил колонияларда ўтаттириш белгиланди.

Тўлқин Астанов Жиноят кодекси 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланиши кўрсатилди.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Рустам Карим ва Тўлқин Астанов Facebook орқали жонли эфирга чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига борганини билдиради. «Шайх» Аблулазиз Мансур билан учрашдик! Янги йил бобо билан", деб изоҳ ёзар экан, улар «Ҳалол» сертификати, ҳижоб масаласи, Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси тўғрисидаги 666-сонли қарори бўйича суҳбат олиб борилганини маълум қилади. Шу куннинг ўзида уларнинг ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ҳукумат моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини тасдиқлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ҳукумати 18 октябрдаги 881-сонли қарори билан Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Низомга мувофиқ, балансида давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объекти бўлган юридик шахс ҳар йили 1 ноябрга қадар фойдаланиш таклиф этилаётган объект бўйича Маданий мерос департаментининг ҳудудий бошқармасига таклиф киритади.

Ҳудудий бошқарма ушбу объектни жойига чиқиб ўрганади ҳамда ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.

Доимий ва даврий равишда диний урф-одат ва маросимлар ўтказиб туриладиган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилади.

Объект савдо, эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмлари сотиш, компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматлари кўрсатиш, фото, видео ва экскурсия хизматлари кўрсатиш каби фаолият турлари учун бир йилгача фойдаланишга берилиши мумкин.

Шунингдек, объект 5 йилдан 30 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда Шарда университетининг филиали очилди

Иллюстратив сурат.

Андижон шаҳрида Ҳиндистоннинг Шарда университети филиали очилди. Ўқув даргоҳи, kun.uz хабарига кўра, 19 октябрь куни иш бошлаган “Очиқ Андижон” 1-инвестиция форуми доирасида очилган.

Бундан 10 йил муқаддам ташкил этилган Шарда университети Ҳиндистондаги хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, у мамлакат хусусий университетлари орасида хорижий талабалар сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Университет ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлайди.

Шарда университетининг Андижондаги филиали 2019 йилдан талабалар қабул қила бошлаган.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида яна бир автобус қатнови йўлга қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан Тожикистоннинг Шайдон шаҳрига 19 октябрдан бошлаб автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Мазкур қатновнинг йўналиш масофаси 84,5 километрга тенг бўлиб, Шайдон шаҳри томонидан “Рахш-РМ” ширкатига тегишли микроавтобуслар ҳамда Қўқон шаҳридан “Мансур Мирзоҳид” ширкатига қарашли Isuzu автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади. Чипта нархи 23 минг сўм қилиб белгиланган.

Бунгача Ўзбекистон билан Тожикистон шаҳарлари ўртасида бир неча автобус қатнови йўлга қўйилганди. “Тошкент-Хўжанд”, “Фарғона-Хўжанд”, “Термиз-Душанбе”, “Денов-Душанбе”, “Самарқанд- Панжикент” кабилар шулар жумласидандир.

Tashkent City ҳудудида 5 тоннадан юқори бўлган машиналар ҳаракатига вақтинча тақиқ қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахти марказидаги Tashkent City мажмуаси ҳудудида 21 октябрдан бошлаб юк ташиш ҳажми 5 тоннадан юқори бўлган транспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати чеклов "қурилиш ишлари муносабати билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” жорий этилганини билдирган.

Чеклов Ислом Каримов кўчасининг Олмазор ҳамда Фурқат кўчалари билан кесишган қисмлари оралиғида 6 ойга киритилган.

Ҳокимлик 21 октябрь куни Tashkent city ҳудудидаги боғда ҳам санитария ва профилактика ишлари олиб борилишини маълум қилган.

Самарқандда "крыша" бўлиш учун пора сўраган солиқ ходими ҳибсга олинди

Самарқандда солиқ инспекцияси ходими пора олганликда гумонланиб қўлга олинди.

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходими А.Б. хусусий тадбиркорга тамаки ва спиртли маҳсулотлар билан ноқонуний савдо қилишида "крыша", яъни раҳнамоликни таклиф этиб, эвазига 300 доллар сўраган.

Тадбиркор таклифга гўёки розилигини билдириб, бу ҳақда дарҳол тегишли органга мурожаат қилган.

18 октябрь куни солиқ ходими келишилган пулни олаётган пайтда қўлга олинган.

Солиқ ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG