Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:14

Самарқандда чақалоғи ўлган яна бир ота: Аросатда қолдик, қизимиз тирикмикин?!


Бу - иллюстратив сурат. Унинг Самарқанд туғруқхонасида ўлган чақалоқларга алоқаси йўқ.
Бу - иллюстратив сурат. Унинг Самарқанд туғруқхонасида ўлган чақалоқларга алоқаси йўқ.

Самарқанд вилоят Перинатал маркази​да бир кунда нобуд бўлган, бири эса алмашиб қолган 5 чақалоқдан яна бирининг ота-онаси терговга чақирилди.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи М.Мнинг айтишича, унинг қизи 25 февраль тунда - ўз муддатида соғлом туғилган, аммо 28 февраль куни "тўсатдан" нобуд бўлган.

Ота 19 июнь куни - Озодлик бу ҳодиса ҳақида мақола эълон қилганидан бир кун ўтиб - кутилмаганда ўтказилган сўроқ-саволдан сўнг ўлган чақалоқ бизникими-йўқми, дея аросатда қолгани, аммо эксгумацияга розилик бермаганини айтмоқда.

ИИБ чақирувидан кейинги ғулғула

18 июнь куни Озодлик Самарқанд шаҳридаги вилоят Перинатал маркази​да 2019 йил 28 февраль кунидан 1 мартга қадар 5 чақалоқ ўлганини хабар берганди​.

5 чақалоқдан бирининг онаси уларга берилган жасад қиз ўрнига ўғил бўлиб чиққани, эксгумациядан сўнг эса унинг бошқа ота-онага оидлиги аниқланганини билдирган.

Озодлик Самарқанддаги манбалар орқали топган яна бир оила - 25 февраль тунда туғилган қизалоқнинг отаси 19 июнда терговга чақирилгунга қадар ҳеч бир гапдан хабари бўлмаганини айтмоқда.

(Чақалоқнинг отаси Озодлик билан суҳбатининг ёзиб олинишига розилик берди, аммо аудиосуҳбат эълон қилинишини истамади, исмини ҳам тўлиқ ошкор этмасликни сўради.)

М.М.нинг айтишича, маҳалла нозири уларни шахсан Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармасига терговга олиб борган.

Терговда у ва рафиқасидан шаҳар Перинатал марказида нобуд бўлган чақалоғига оид тафсилотни сўраган.

М.М. ана шу суҳбатдан сўнг нобуд бўлган чақалоғи алмаштириб қўйилган ва ҳатто, тирик бўлиши мумкинлигидан "аросат"да қолганини айтмоқда.

"Мен ўша ўлган 5 чақалоқнинг ичидаги 1 та қизнинг отасиман. Кеча ГУВДда (Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси - таҳр.) "Қизим тирик бўлиши мумкинми, шунақаси бўлиши мумкинми?" деганимда, шундай бўлиши мумкин, терговда аниқланади, дегандай гапни қилишди. Кейин интернетда ўқиб кўрсам, шунақа гаплар экан. Ҳозир аросатда қолдик - ҳақиқатда ҳам ўлган бизнинг чақалоқмиди-йўқмиди?!" дейди М.М.

"Чақалоқнинг жинсини кўрсатишмаган"

М.М.нинг айтишича, хотини шу йилнинг 25 февралга ўтар кечаси шаҳардаги 4-сонли туғруқхона - вилоят Перинатал маркази​да кўзи ёриган.

"Бу учинчи фарзандим эди. 24 февраль куни кечқурун хотинимни дард тутишни бошлади. 4-роддом бизга яқин, икковимиз пиёда бордик. 26 февралга айтишган эди, 25 февралга ўтар кечаси туғилди. Йиғлади, соғлиги ҳаммаси яхши, дейишди. Ўзим ҳам кўриб чиқдим. Лекин қўлимга олмадим, фақат юзини кўрдим, жинсини кўрсатишмади. Кейин бирдан хотиним оғирлашиб қолди... У билан овора бўлиб қолдим, 28 февраль куни эса қизим йўқ бўлди (ўлди - таҳр.)", дейди М.М.

Унинг айтишича, қизининг ўлимидан 1 соат олдин хотини иккиси чақалоқнинг тепасида турган, шифокорлар эса чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақиятсиз ҳаракат қилганлар.

"Кўнглида ғулғула энди - ҳақиқатда ҳам ўлган чақалоқ бизникими? Чақалоқни энди бориб, кўмилган жойдан чиқариб экспертиза ўтказамиз, деяпти. Мен рози эмасман, мусулмончиликка тўғри келмайди, товба қилдим астағфуруллоҳ. Бошқа тарафдан ўйлайсиз, бизнинг қизимиз тирик бўлса-чи?! Шунақа икки хил ўйда қолдик. Лекин, эксгумацияга рухсат бермадик", дейди нобуд бўлган 2 кунлик қизалоқнинг отаси.

Бошқанинг фарзандини кўмган она

18 июнь куни ​Самарқанд вилояти Перинатал марказида ўлган чақалоқлардан бирининг онаси - 21 яшар Гулжаҳон Каримова унга аввалига қиз туғилди, деб кейин ўғил бола жасадини беришганини айтганди.

Оила талаби билан чақалоқ кўмилишидан олдин ўтказилган ДНК таҳлили натижасида чақалоқ бошқаники экани аниқланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка Каримовалар айтган маълумотлар тўғрилигини тасдиқлаган.

Матбуот хизматининг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 124-моддаси - Болани алмаштириб қўйиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.​

"Мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 06.06.2019 йилда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 124-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган", дейилади Бош прокуратураси билдирувида.

Бир кунда битта туғруқхонада бешта бола ўлди!

Бош прокуратура Матбуот хизматининг билдиришича, Самарқанд вилоят Перинатал Марказида жорий йилнинг 27 февраль соат 08:00 дан 2019 йил 1 март куни соат 08:00 га қадар бўлган вақт мобайнида 36 аëл туққан, 37 чақалоқ туғилган.

"Ушбу чақалоқлардан 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 5 нафар чақалоқлар турли ташхислар билан вафот этганлиги қайд этилган. Бундай ниҳоятда жиддий ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади. Бош прокуратура бу ҳолатни алоҳида назоратга олди", дейилди билдирувда.

Озодлик мазкур болалар ўлими ва чақалоқлар алмашиб кетгани юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқ маркази маъмурияти билан боғланди, аммо аниқ маълумот ололмади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг болалар ўлими бўйича сўнгги ҳисоботига кўра, 2017 йили Ўзбекистонда тирик туғилган ҳар 1000 чақалоқдан 20 таси нобуд бўлган.

Бу эса, Ўзбекистонда тирик туғилган ҳар 50 чақалоқнинг биттаси ўлаëтганини англатади. Самарқанд вилоят туғруқхонасида 37 чақалоқдан бештасининг бир кунда ўлгани, бу нисбатнинг ҳар етти боладан биттаси ўлганини кўрсатади. Бу эса, Ўзбекистондаги ўртача кўрсаткичдан қарийб беш бараварга кўпдир.

XS
SM
MD
LG