Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:06

Прокуратурани матбуотга очиб берган Отабек Муродов ишдан олинди


Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов
Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг 20 июнда хабар беришича, Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов ўз вазифасидан озод этилди.

Президент имзоси билан чиққан фармонда Отабек Муродовнинг мамлакат Конституцияси 93-моддасининг 12-бандига мувофиқ лавозимидан озод этилгани айтилган.

Конституциянинг 93 моддаси 12 бандига мувофиқ, Ўзбекистон президенти Бош прокурорини тайинлайди ва уни лавозимидан озод қилади.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январида Ихтиёр Абдуллаев ўрнига бош прокурор бўлганди.

Отабек Муродов ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланган.​

"Юрасан сургунда"

Отабек Муродовнинг нима учун ишдан олингани ҳақида маълумот йўқ.

Аммо роппа роса олти ой муқаддам Отабек Муродов президент Шавкат Мирзиёевнинг кескин танқидига учраганди.

“Эй прокурор, эшит¸ агар жиноят камаймаса, Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда."

Бу гапни Президент Мирзиёв шу йилнинг 10 январида Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган селектор йиғилишида жиноятлар сони кўпайганидан норози бўлиб айтганди.

Президент огоҳи ортидан ижтимоий тармоқларда бош прокурор Отабек Муродов ишдан олингани, унинг ўрнига эса ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тайинлангани ҳақида турли хабарлар урчиди.

Аммо бу хабарлар Бош прокуратура томонидан расман инкор этилди.
Адлия вазири, сенатор

57 яшар Ниғматулла Йўлдошев Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У 1987 йилдан 2011 йилгача прокуратура тизимида турли лавозимларда ишлаган, хусусан, 2008-2011 йилларда Бош прокурор ўринбосари бўлган.

Ниғматулла Йўлдошев 2011 йилда Ўзбекистон Адлия вазири лавозимига тайинланган ва бу лавозимда 2015 йил январига қадар ишлаган.

У 2015 йил январида президент қарори билан сенатор этиб тайинланган, 2015 йилнинг 22 январида яширин овоз бериш йўли билан Сенат раиси лавозимини эгаллаганди.

XS
SM
MD
LG