Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Таҳлил: Намойишлар ва Қозоғистоннинг башорат қилинган келажаги


Қозоғистонда 9 июнь куни ўтказилган сайловлардан олдин “Уйғон, Қозоғистон!” ҳаракати юзага келди.

Аммо сайлов кампанияси шунчалик зерикарли бўлдики, уни кузатган ҳар қандай одамга ҳақиқатда уйғонишни тавсия қилиш мумкин бўлди.

Сайлов кампанияси давомида номзодлардан бири – Садибек Тугелнинг Нурсултон барларидан бирига бориб, мижозларга ароқ ўрнига қимиз ичишни тавсия қилгани эсда қоладиган саноқли ҳолатлардан бири бўлди. Бу номзод сайловда энг кам овоз тўплаб, охирги ўринни эгаллади.

Сайловда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ғолиб чиққани ҳеч кимни ҳайратлантирмади. 19 мартда мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган президент Нурсултон Назарбоев истеъфо бериб, Тоқаевни қўллашини маълум қилганидан кейин бўлажак сайловнинг натижаси ҳаммага аён бўлди.

Тоқаев рақиблари Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардаги номзодларга жуда ўхшаш бўлди.

Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам “альтернатив” номзодлар иштирокидаги сайловларни ўтказган. Қозоғистонда ҳам айнан шундай бўлди.

Аммо Қозоғистон қўшниларидан фарқли ўлароқ, мустақил номзодларга сайловда иштирок этиш имконини берди. Сайлов қоғозида номзод исми кўп бўлди, аммо уларнинг аксари қозоғистонликларга таниш эмас эди.

Сайловда мухолифат номидан Амиржан Қосанов номзод бўлди. Қосанов кейинги пайтда журналистика билан шуғулланиб келаётган бўлса-да, Қозоғистонда мухолиф партиялар рўйхатдан ўтиши мумкин бўлган пайтлардан бери мухолифатчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Қосанов 1 май куни сайловни бойкот қилишга чорлаб намойишчи тўпланганида ҳукумат Интернетни ўчириб қўйганини танқид қилди. Аммо бу ҳолат истисно бўлди – сайлов кампанияси давомида Қосановдан бошқа эшитмадик. Номзод сайловнинг расмий натижаларини дарров тан олди.

Қозоғистондаги сайловнинг ягона кутилмаган ўзгачалиги сайловга бўлган норозилик бўлди.

Сайловчиларга ҳақиқий танлаш имконини бермаган сайловга қарши намойишчиларни бирор номзод қўллаганида, уларнинг ҳаракатлари кўпроқ эътибор қозонган бўларди.

Номзодларнинг бирортаси сайловга қизиқиш уйғотиш учун бирор иш қилмагани ёки гап айтмагани учун кузатишга арзийдиган ягона ҳодиса айнан норозилик намойишлари бўлди. Норозилик намойишларида ёшу қари қатнашди.

Францияда яшаëтган собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтор Аблязов интернет орқали қозоғистонликларни норозилик намойишига чиқишга ва сайловларни бойкот қилишга чақирди. 2017 йилда қозоқ суди Аблязовни маблағларни ноқонуний ўзлаштирганликда ва жиноий гуруҳ ташкил этганликда айбдор деб топиб, сиртдан 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Шунингдек, қозоқ суди 2018 йилнинг мартида Аблязов қайта жонлантирган Қозоғистон демократик танлови партиясини ман этиб, уни экстремистик гуруҳ деб топди. Натижада Аблязовни ёки унинг партиясини қўллаш ҳамда унинг чақириғи билан норозилик намойишларида иштирок этиш хавфли бўлиб қолди. Аблязов партиясини қўллаган айрим қозоғистонликлар террорчиликда айбланиб судланган ҳолатлар кўп кузатилди.

Айрим қозоқ расмийлари жорий йилда уюштирилган намойишлар Аблязов партиясига алоқадор эканлигини иддао қилди. Бундан мақсад қозоғистонликларни намойишга чиқиш ва Аблязовга алоқадорлик оқибатлари ҳақида огоҳлантириш эди.

Аммо Қозоғистонда жорий йилда ўтказилган намойишлар 2011 йилнинг апрелида ғарбий Қозоғистонда ёки 2016 йилнинг апрель-майида мамлакат бўйлаб ўтказилган намойишларга кўпроқ ўхшади. Бошқача қилиб айтганда, намойишларга оддий қозоғистонликлар орасидаги ҳукумат сиёсатидан норозилик турки бўлди.

“Уйғон, Қозоғистон!” ҳаракати 5 июнь куни юзага келди.

Аммо ижтимоий тармоқларда фаоллар бундан бир неча ой олдин кураша бошлаган эди. Ҳаракат Қозоғистонда парламент тузумини ўрнатиш ҳамда ҳақиқатан бетараф бўлган суд тизимини яратишга чорламоқда. Ҳаракат ўзининг топқир кампаниялари туфайли кўплаб қозоғистонлик юрагидан ўрин олди.

Кейинги ойларда ўтказилган намойишларнинг аксари шарқий Қозоғистонда – энг йирик Олмаота ҳамда Нур-султон шаҳарларида ўтказилди. Ижтимоий тармоқларда ўзгаришларни талаб қилиб айтилган чақириқларнинг аксари ҳам айнан шарқий Қозоғистондан чиқди.

Қозоғистон аҳолисининг аксари мамлакат шарқида яшагани билан, унинг нефть ва газ каби бойликлари асосан ғарбда жойлашган. Бу эса умумий мухолифат тузишни мушкуллаштиради.

Қозоғистондаги норозилик акцияларида асосан 30 ёшга тўлмаган шахслар қатнашди.

Намойишларда ёши катталар ҳам иштирок этди, аммо уларни бирлаштиришда ёшлар ҳаракатлари муҳим ўрин тутди.

Бундай мухолифат анъанавий мухолифат эмас, ва бундай оппозиция қисқа муддатда расмийларга катта таъсир ўтказа олмаслиги мумкин. Ҳаракатнинг муайян етакчиси ёки етакчилари йўқ, муайян платформаси йўқ. Уни қўлловчилар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган эмас. Аммо бундай мухолифат ёшларнинг овозидан иборат бўлгани учун ўзгачадир.

Вақт, иштиёқ ва топқирлик бундай янги мухолифат авлодига қўл келишини кутиш мумкин. Қозоғистонда 12 июндан бери вазият сиртдан қараганда барқарорлашди, аммо норозилик овозлари ҳали бери йўқ бўлмайди.

XS
SM
MD
LG