Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:31

OzodDayjest: Блогерлар давлат сиёсатини обрўсизлантиришга ҳаракат қилаётганликда айбланди


Бузғунчи ғояларни тарқатаётган блогерларни жазолаш таклиф этилди. ЎзХДП маблағи ўзлаштирилгани фош қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

ИИВ вакили айрим блогерларни радикал ғояларни тарқатишда айблади

"Facebook, Twitter ва Телеграм ижтимоий тармоқларида фаолият юритаётган “Fayzbog.uz” ва “Tanqidchi.uz” каналлари блогерлари давлат сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотлар тарқатмоқда", деб ёзади ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси етакчи мутахассиси, капитан Абдумалик Каримов (“Постда”, 22 май).

Қайд этилишича, бир неча минг аъзога эга ушбу икки каналда диний вазиятни мураккаблаштириш ва радикал ғояларни тарғиб этувчи материаллар берилмоқда.

ИИВ етакчи мутахассисига кўра, блогерлар норозилик кайфиятидаги шахслардан фойдаланган ҳолда давлат органларини обрўсизлантириш ва уларга нисбатан фуқароларда ишончсизлик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилмоқда.

Таъкидланишича, шу каби материалларга расмий шахслар муносабат ва раддиялар бериб бориши, бузғунчи фикрлар билдирган шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилиши лозим.

Хоразмда бемор ўлимига сабабчи бўлган шифокорлар жазодан озод этилди

Хоразм вилояти Урганч тумани тиббиёт бирлашмаси қабул бўлими мудири Қ.Рўзимов ва бўлим шифокори М.Ниязметовларнинг ўз вазифасига бепарволиги натижасида 1991 йилда туғилган бемор О.Умарова вафот этди (“Даракчи”, 23 май).

О.Умарова иккинчи фарзандини дунёга келтиргач, туғруқхонадан уйига жавоб берилган. Аммо бир неча кундан кейин бемор танасида кучли оғриқ билан шифокорларга мурожаат қилган.

Бўлим мудири беморга нотўғри ташхис қўйиб, уни юқумли касалликлар шифохонасига юборган. О.Умарова юқумли касалликлар шифохонасидан қайтиб келганидан кейин ҳам яна нотўғри ташхис қўйилган.

Оқибатда беморда асосий касаллик асорати сифатида оғир сепсис, септик шок, ДВС синдроми ва полиорган етишмовчилиги келиб чиққан ва у тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди раиси Мақсуд Қиличевга кўра, икки шифокор ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида айбдор деб топилган ва жабрланувчи томоннинг уларга даъвоси йўқлиги сабаб жазодан озод этилган.

Бухородаги эски кўприк қуласа юзлаб одам ҳалок бўлиши ҳақида бонг урилди

Бухоро вилояти Когон туманидаги катта темирйўл устидаги кўприк аллақачон таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолган (“Оила даврасида”, 23 май).

Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу автомобиль йўлининг 208 километридаги йўлўтказгич қулагудек бўлса, юзлаб одамнинг ҳаётига хавф солиши мумкин.

Қайд этилишича, ушбу кўприк 1967 йилда қурилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 148-сонли баённомасига кўра, йўл ўтказгични қайта қуриш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Кўприкқурилишинвест” корхонасига юкланган.

Аммо ҳозирга қадар объектда таъмирлаш олиб бориш учун буюртмачи ва пудратчи корхона ўртасида шартнома тузилмаган. Ҳолбуки, кўприкнинг қатнов қисми конструкциялари бутунлай яроқсиз ҳолга келган, унда кўндаланг ёриқлар ва ўйиқлар ҳосил бўлган.

Эски кўприкдан эса ҳар куни юзлаб машиналар, ўнлаб поездлар фуқаролар ҳаётини таҳликага қўйиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG