Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:53

OzodDayjest: Алламжоновдан Озодлик сайти нега тўсиқдан чиқарилмагани юзасидан изоҳ сўралди


Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов.

Андижонда “ҳайвон қилмаган иш”га қўл урган жиноятчи 19 йилга қамалди. Озодлик сайти нега тўсиқдан чиқарилмагани юзасидан расмий изоҳ сўралди. 5 яшар қизчанинг ҳаётига зомин бўлган педофил 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкент вилоятида мудофаа ишлари расмийси пора билан қўлга олинди

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими расмийси пора билан ушланди (“Ҳуқуқ”, 16 май).

Ўртачирчиқлик йигит ҳарбий хизмат учун тиббий кўрик ва психологик тестдан ўтган, аммо бўлинма бошлиғи лавозимида хизмат қилган мудофаа расмийси “тўрт мучаси соғ, девдек” йигитдан 400 доллар пора талаб қилган.

“Тепадагилар”га озроқ узатилмаса, иш битмайди” деган у.

Қайд этилишича, ватан ҳимояси учун пора талаб қилган мансабдор далилий ашёлар билан ушланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Беш яшар қизчанинг ҳаётига зомин бўлган педофил 19 йилга озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди вояга етмаган қизчани зўрлаш ва ўлдиришда айбланган 31 ёшли шахсни 19 йилга озодликдан маҳрум этди.

Бу ҳақда судья Носиржон Расулов “Даракчи” нашри орқали хабар берган.

Қайд этилишича, мудҳиш жиноят жорий йил 27 январда рўй берган. 5 ёшли қизча тенгдоши – қўшнининг ўғли билан ўйнаш учун унинг уйига кирган. Аммо бу вақтда уй эгаси, 31 ёшли М.И.нинг хотини ва икки фарзанди отасиникига кетган бўлиб, унинг ўзи ёлғиз бўлган.

Нияти бузилган М.И. ҳимоясиз қизчани аввал зўрлаб, кейин шарф билан бўғиб ўлдирган ва унинг жасадини уйининг поли остига кўмган.Қизчанинг калишини эса ҳожатхонага ташлаб юборган.

Маълум бўлишича, мудҳиш жиноят ана шу калиш топилиши ортидан фош этилган. Судланувчи маҳкамада ҳайвон қилмаган ишни қилганини тан олиб, пушаймонлик билдирган.

Алламжоновдан Озодлик сайти нега тўсиқдан чиқарилмагани юзасидан изоҳ сўралди

Ўзбекистонда жорий йил 10 майдан Amerika ovozi, BBC Uzbek, Deutsche Welle, Amnesty International, Human Rights Watch, Fergana Agency каби бир қатор веб-ресурслар ҳамда сайтлар тўлиқ очила бошлади.

Бу ҳақда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов расман маълум қилган эди.

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир сўрови ортидан блокдан чиқарилган веб-ресурслар рўйхатида Озодлик радиоси сайти йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда ozodlik.org сайтига тўғридан-тўғри кириш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Телеграмдаги Davletovuz канали Озодлик сайтидан тўсиқнинг олинмагани турли гап-сўзларнинг урчишига олиб келаётганини қайд этган.

30 мингдан зиёд обуначига эга канал бу борада Комил Алламжонов изоҳ бериши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.

Hook.report нашри “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг айнан матбуот эркинлиги бўйича рейтинги ҳамон блокировкада эканига эътибор қаратган.

Мазкур электрон нашрга кўра, хорижий веб-ресурсларга қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг яқин фурсатда Ўзбекистонга ташрифига боғлиқдир.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG