Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2019, Тошкент вақти: 22:38

Олийгоҳларга ҳужжат ва тест синови топшириш тартиби ўзгартирилди


Адлия вазирлигининг 13 майда хабар беришича, президентнинг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олийгоҳларга ҳужжат ва тест синови топшириш тартиби ўзгартирилди.

Олийгоҳларга ҳужжат ва тест синови топшириш тартиби ўзгартирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Қарорда белгиланишича, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентлардан олийгоҳларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

“Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида (101 минг 365 сўм) тўлов ундирилади”, дейилади Адлия вазирлигининг расмий билдирувида.

Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин. Бунинг учун тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлиши шарт.

Қарорга асосан 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олийгоҳларга кириш учун тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Давлат тест маркази абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни синов ўтказилган куннинг эртасига, абитуриентнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича натижани тест синовлари тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта ичида расмий веб-сайтида эълон қилиши шарт.

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади.

Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи киритилади.

Иккинчи бўлим абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанга оид саволлардан иборат бўлади.

Бундан аввалроқ қатор тоифаларга олийгоҳларга имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзи берилгани хабар қилинган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов 6 май куни имзолаган қарорга кўра, Мудофаа вазирлиги, ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси ходимлари фарзандлари олийгоҳларга имтиҳонсиз қабул қилинади.

Ҳукуматнинг 27 апрелдан бошлаб кучга кирган яна бир қарорида эса Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналиши бўйича қўшимча давлат грантлари асосида олийгоҳларга имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва қисм қўмондонлиги тавсияномасига асосан ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчилар ҳам олийгоҳларга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG