Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 19:56

Ўзбекистон

ОАВ жамоат фонди раиси фирибгарликда айбланиб қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни қўлга олинди.

Маҳаллий матбуотнинг 12 май куни Бош прокуратурага таяниб хабар беришича, Юсупов фирибгарликда айбланмоқда. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм «а» банди - катта миқдорда фирибгарлик қилиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура Юсупов бундан аввал ҳам фирибгарликда айланиб жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлаган.

Хабарда айтилишича, Юсупов одамларга ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорларда пул олгани аниқланган.

Кун янгиликлари

Давстатқўм: 7 ойда автобус ишлаб чиқариш 3,6 мартага ошди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, жорий йилнинг 7 ойида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 49,6 фоизга ошган. 2018 йилнинг шу даврида 98 700 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг 7 ойида бу кўрсаткич 147 650 тани ташкил қилган.

Юк автомобиллари ишлаб чиқариш эса 55,1 фоизга ортган. (2018 йилнинг январь - июлида 925 та, 2019 йилнинг шу даврида 2 985 та)

Автобуслар ишлаб чиқариш ҳажми эса, 3,6 мартага ошган.(2018 йилнинг 7 ойида 303 та, 2019 йилнинг шу даврида 1 095 та).

Автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш 62,4 фоизга ошган. (2018 йил 7 ойида 70 534 та, 2019 йилнинг шу даврида - 114 561 та)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан ҳашар ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов 16 августда имзолаган буйруқ билан 17-18 август кунлари умумхалқ ҳашарида қатнашиш буюрилди.

Буйруқ муқаддимаси мазмунига қараганда, ҳашар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар, “Мовароуннаҳр” нашриёти, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ўтказилган.

Идора буйруғига “2019 йил, 10 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 672- фармойиши ва Раҳбарият розилиги” асос бўлгани белгилаб ўтилган.

Бензин ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш жорий йилнинг 7 ойида ўтган йилнинг шу даврига қараганда камайган: 2018 йилнинг январь-июлида 657,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 595,1 минг тоннани ташкил қилган.

Дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш кузатилган: 2018 йилда 650,6 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 626,4 минг тонна ишлаб чиқарилган.

Ҳукумат қарори: Тошкентдаги мактабларни таъмирлаш учун йил охиригача 400 млрд сўм ажратилади

2019 йилда Тошкент шаҳри бўйича жами 10 та мактаб реконструкция қилиниб, 40 таси капитал таъмирланади.
Реконстукция ва капитал таъмирлаш ишлари учун 2019 йил якунига қадар қўшимча 400 млрд сўм ажратилади.

Бу чоралар Вазирлар Маҳкамаси 17 августда қабул қилган Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, қарорга биноан, шунингдек, 2020 йилдан бошлаб тажриба-синов тариқасида мактабларни хусусий сектор вакилларига қуриш-таъмирлаш, бошқариш, фойдаланиш учун бериш усуллари амалиётга жорий қилинади.

2019 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги мактабларни олий маълумотли кадрлар билан тўлдириш, олий тоифали ўқитувчилар сонини ошириш, бир нафар ўқитувчига тўғри келадиган ўртача ўқувчилар улушини босқичма-босқич халқаро стандартларга мослаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб юқори синф ўқувчилари учун “Ёш педагог синфлари” ташкил этилади.

"Lyubaya biznes xorosha" ишхонаси очилди

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзбекистонда «LYUBAYA BIZNES XOROSHA» (Любая бизнес хороша) номли МЧЖ рўйхатдан ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган kun.uz бу хусусда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни Давлат статистика қўмитаси сайти орқали текшириб, чиндан ҳам «Любая бизнес хороша» масъулияти чекланган жамияти 16 август куни давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинганини аниқлаган.

Нашрнинг хабарига кўра, «Любая бизнес хороша» МЧЖ ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо билан шуғулланади, унинг устав капитали уч миллиард сўмни ($322,5 минг) ташкил этади. Ширкатнинг асосчиси аёл киши бўлиб, МЧЖдаги 100% ҳиссаси унга қарашли.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев май ойида Alter Ego дастурига берган интервьюсида «Любая бизнес хороша» иборасини қўллаган ва бу ибора ижтимоий тармоқда оммалашиб кетган эди.

Қарши, Самарқанд ва Жиззахда якшанба куни зилзила бўлгани қайд этилди

Иллюстратив сурат.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигиниинг Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази зилзила 18 август куни Тошкент вақти билан 20:46 қайд этилганини маълум қилди.

Тошкентдан жануби-ғарбий йўналиш бўйича 314 километр узоқликда юз берган зилзила магнитудаси 4,2 балл бўлган. Зилзила Жиззах, Самарқанд ва Қаршида 2 балл кучланишда сезилган.

“Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ер силкиниши қайд этилмади. Талафотлар ва жабрланганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади”, дейилади расмий билдирувда.

Шахмат бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон шаънини жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери ҳимоя қилади

Нодирбек Абдусатторов 8 ёшида болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган эди.(Сурат 2012 йилда Ўзбекистон Шахмат Федерацияси сайтидан олинган).

Россиянинг Ханти-Манси мухториятининг Югра шаҳрида 9 сентябрдан 4 октябргача ўтадиган шахмат бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон шаънини Рустам Қосимжонов ва Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилади.

2004 йили жаҳон чемпиони бўлган халқаро тоифадаги гроссмейтер Рустам Қосимжонов дунёдаги бешта кучли шахматчининг бири бўлиб ҳисобланади.

14 ёшли Нодирбек Абдусатторов эса Жаҳон кубогининг энг ёш иштирокчиси ҳисобланади.

Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстер ҳисобланади. 6 ёшида Ўзбекистон чемпионига айланган Нодирбек 2017 йил охирида россиялик ва ҳиндистонлик 24-32 ёшли гроссмейстерлар устидан Санкт -Петербургда ўтган халқаро шахмат турнирида ғалаба қозониб, гроссмейстер мақомига эга бўлган.

Жаҳондаги энг ёш биринчи гроссмейстер мақомини бугунги кунда 28 ёшга тўлган россиялик Сергей Корякин 12 ёш 7 ойлигида қўлга киритган. Мазкур воқеа Гиннес рекордлар китобида қайд этилган.

Нодирбек Абдусатторов эса 13 ёш 1 ой 11 кунлигида жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери ҳисобланган иккинчи одам бўлди.

Жаҳон кубогида 47 давлатдан 128 нафар шахматчи иштирок этади.

Петербургда оммавий муштлашувда уч нафар ўзбекистонлик жароҳатланди

Россияда меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашувлар тез-тез содир этилади.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Фрунзе туманида юз берган муштлашув пайтида уч нафар ўзбекистонлик жароҳатланди. Бу ҳақда 18 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 16 август куни содир этилган оммавий муштлашув пайтида травматик тўппончадан ўқ узилган. Бунинг оқибатида жароҳатланган уч ўзбекистонликдан бир нафари касалхонага ётқизилди. Унинг аҳволи ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда.

"Мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари терговгача текширув ишларини олиб бормоқда. Бош консулхона бу ишни назорат қилиб турибди”, дейилади расмий хабарда.

17 август куни ТАСС ва «Фонтанка» нашри Петербургдаги бозорлардан бирида Озарбайжон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган саккиз киши савдо қилиш учун жой талашиб муштлашиб кетганини билдирган эди.

Хабарда бир неча одам травматик тўппончадан яраланиб, касалхонага олиб кетилгани айтилган.

Мустақиллик куни муносабати билан 4 кунгача дам олиш берилади

Мустақиллик кунидаги халқ сайлларидан бири пайтида олинган сурат.

Мустақиллик куни муносабати билан ўзбекистонликлар қўшимча тарзда бир неча кун дам олиш имкониятларига эга бўлдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг ноябрида имзолаган “2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида” фармонда мана шу нарса белгилаб берилган эди.

Фармонга асосан, 7 сентябрь - шанба кунги дам олиш 3 сентябрь - сешанба кунга кўчирилади.

Шундай қилиб, ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар 31 августдан 3 сентябргача, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар 1 сентябрдан 3 сентябргача дам оладилар.

Ҳожиларнинг илк гуруҳи зиёратдан қайтди, қолганлари 1 сентябргача келтирилади (ФОТО)

Ҳожиларни Тошкентда қарши олишмоқда, 18 август, 2019 йил

Бу йил Ҳажга борган ўзбекистонлик ҳожиларнинг илк гуруҳи 18 август куни Тошкентга қайтди.

Мусулмонлар идораси берган хабарга кўра, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг қолган гуруҳлари 1 сентябргача қайтарилади.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ҳажга борувчилар сони, йиллар давомида ўзгармай келган 5 ярим минглик рақамдан, 7 минг 200 кишига оширилди.

Бу йил шунча зиёратчига 35 кишилик ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор, 15 нафар ошпаз ҳамда 140 нафар гуруҳ раҳбари хизмат кўрсатди.

Айни пайтда, келгуси йилларда зиёратчилар сони мунтазам ошириб борилиши айтилган.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари ўз ишидан қониқмай, вазифасини тарк этди

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров 16 август куни вазифасини ўз ихтиёри билан тарк этган.

Kun.uz Интернет нашрининг хабар қилишича, котиб Олий суднинг тўлиқ таркибдаги йиғилишида ишдан кетишини билдирган.

Судлар фаолияти таҳлилига бағишланган бу йиғилишнинг жиддий танқидий руҳда ўтгани, унда Олий суд матбуот хизмати раҳбарининг маъруза қилгани хабар қилинди.

Хабар қилинишича, Олимжон Ўсаров журналистларнинг суд мажлисларида иштирок этишига асоссиз тўсиқлар бўлаётгани, матбуот хизмати ходимларининг "иш жойига тушга яқин келиши" каби муаммолар натижасида суд фаолиятидан норозилик кучайиб бораётганини айтган ва: "Турли норозиликларнинг кўпайиб бораётгани туфайли лавозимимни тарк этаман", деб баёнот берган.

Олимжон Ўсаров 28 йиллик иш фаолияти давомида унинг давлат ҳокимияти турли органлари ва оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда ишлаган. 2002-2005 йилларда ҳам Олий суд матбуот котиби бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳам бўлган.

Ҳоким ўринбосарининг Kun.uz мухбирига ҳужуми ва милиция ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда

Ўзбекистон Бош прокуратураси Kun.uz журналистларига Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан қилинган тажовузни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг ҳужуми ва уни кузатиб турган ички ишлар ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда, дейилади Бош прокуратура билдирувида

14 август, чоршанба куни Kun.uz ўз журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақидаги видеони эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Оққўрғон бозоридаги тартибсизликлар юзасидан баёнот берди

Uzbekistan - Screen from Oqqurgan

16 август куни Озодлик Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида норозилик билдирган аёлларга милиция куч қўллагани ҳақида хабар берган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати билдирувида шундай дейилади:

“Оққўрғон Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудига А.Навоий кўчаси томонидан кириш қисмида, туман ҳокимининг 1836-сонли “Оққўрғон шаҳри Бирлик МФЙ А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш” тўғрисидаги Қарори асосида қурилиш ишларини бошлаш учун усталар иш бошлаган.

Шу вақтда бозорга кириш йўлини девор билан беркитаётган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган аёллар қурилаётган девор ўзларининг савдосига халақит қилишини айтиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган".

Ҳокимлик баёнотида айтилишича, тушунтиришларга қарамай, 5 нафар савдогар аёл бақир-чақир қилиб, атрофдаги оломон эътиборини ўзларига қаратиб, қурувчи усталар ва бозор раҳбарини ҳам ҳақорат қилиб, кўплашиб қурилаётган деворни бузиб ташлаган.

Шундан сўнг воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими етиб келган.

"Ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли, тўпланган ҳужжатларни туман ИИБ Навбатчилик қисмидаги ШАКЛ-2 китобига 703-сон билан қайд қилиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган", - дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги билдирувида.

Kun.uz мухбири Олмазор тумани ҳокими муовинини тухмат қилганликда айбламоқда

Kun.uz Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими муовинининг ўз мухбирига нисбатан илгари сурган таъмагирлик ҳақидаги айбловлари юзасидан хизмат текшируви ўтказганини маълум қилди.

Текширув чоғида журналист ҳоким муовинининг гаплари тухмат эканини айтган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 17 август куни ҳоким Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервьюсини эълон қилган эди.

Ушбу интервьюда Ваҳобов Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурганди.

Мазкур даъво юзасидан Kun.uz ички суриштирувини ўтказган.

Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҳеч қачон кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилган.

Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллагани ҳақда Kun.uz маълум қилди.

Чоршанба куни Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олмазор ҳокими муовини ҳаракатларини қоралади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

ИИВ ўринбосари: Мустақиллик байрами кунлари Тошкент ёпилмайди

Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасида ҳам, байрам кунлари ҳам пойтахтга келувчиларга нисбатан ҳеч қандай чеклов бўлмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин Жўраев ЎзАга берган суҳбатида баёнот берди.

Вазир ўринбосари шу пайтгача эҳтиёт чоралари "ҳаддан зиёд кучайтириб келинган"ини тан олиб, бундай деган:

- Ҳақиқатан ҳам нафақат байрамларда, бошқа пайтларда ҳам эҳтиёт чораларини ҳаддан зиёд кучайтириб келинган. Бу бир қарашда қобиққа ўралиш, бошқача айтганда, коса тагига бекиниб олишга ҳам ўхшаган. Афсуски, бу амалиёт тўғри бўлмаганини эркинлаштириш сиёсати яққол кўрсатди. Яқин қўшнилар билан ҳамкорлик алоқаларининг кучайтирилгани, ёпиб ташланган чегара постларининг очилиб, фуқаролар, тадбиркорларнинг бемалол ўтиб-қайтиши йўлга қўйилгани нафақат туризмнинг, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим роль ўйнамоқда.

Вазир ўринбосарига кўра, қўшни давлатлар билан борди-келди йўлга қўйилгач, "четдан кириб келаётган шахслар ичида Ўзбекистонга бузғунчилик ниятида келган ёки террористик хавф туғдирувчи бирорта ҳам шахс қайд этилмаган".

Олмазор туман ҳокими муовини билан kun.uz мухбирлари ўртасидаги "нохуш ҳолат" ўрганилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 15 август куни ижтимоий тармоқларда kun.uz сайти мухбирлари билан Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўртасидаги инцидентни "нохуш ҳолат" деб атаб, "бу масала томонлар иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилганини" билдирди.

Хабар қилинишича, Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар учрашув тафсилотлари эълон қилинади.

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

Аҳолига қудуқ қазишга рухсат берилди

1 сентябрдан бошлаб суткасига кўпи билан 5 куб метр ҳажмда ер ости сувини шахсий эҳтиёжга якка тартибда олиш мақсадида чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқ қазиш учун жисмоний шахсларнинг рухсатнома олиши талаб қилинмайди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 14 августдаги қарорида белгилаб қўйилди.

Ҳукумат қарори билан Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентда сув учун қудуқ қазиш учун юридик шахсларга рухсатнома бериш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Тошкентда чақалоқли ёш аёл автобуснинг эшигини тепиб синдирди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Тошкентда қўлида чақалоғи бўлган йўловчи аёл шовқин-сурон кўтариб, автобуснинг эшигини уриб синдирди ва бу билан ўзининг ҳамда чақалоғининг ҳаётини хавф остига қўйди. Бу борадаги видеони 15 август куни “Тошшаҳартрансхизмат” расмий саҳифасида эълон қилди.

Хабарда айтилишича, 14 август куни 5-автобус саройи тасарруфидаги 99-йўналишда йўловчи аёл Қўйлиқ бозори яқинидаги Чирчиқ дарёсидан ўтган кўприк устида автобусни тўхтатишни талаб қилди.

Ҳайдовчи унга бу ерда тўхташ мумкин эмаслиги, ҳаёти учун хавфлилигини тушунтирганига қарамай, у даражада шовқин-сурон кўтариб, автобуснинг эшик ойнасини бир неча марта тепиб синдирган. Бунинг оқибатида аёлнинг ўзи ҳам ойна синиқларидан шикастланган.

“Ушбу ҳолатни батафсил ўрганиш ҳамда чора кўриш мақсадида тегишли органларга хабар берилди. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этамиз”, дейилади расмий маълумотда.

Янги рекорд: доллар нархи 9 минг сўмдан ошди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг қиймати 9 минг сўмдан ошиб, тарихий максимумни янгилади.

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 16 августдан кучга кирадиган янги қийматларини эълон қилди.

Унга асосан АҚШ доллари 179 сўмга қимматлаб, 9061 сўмни ташкил қилди. Евро нархи эса 163 сўм 84 тийинга ошиб, 10092 сўм14 тийинга етди.

Марказий банк 9 август куни тарқатган билдирувида мамлакатда июль ойидан бери доллар курси ошаётганини эътироф этган ҳолда, буни Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия, Қозоғистон ва Хитойда миллий валюталарнинг кучсизлангани билан изоҳлаган эди.

Марказий банкнинг билдиришича, мамлакат ичкарисида ширкатларининг хорижий валютага бўлган талаби ошаётгани ҳам доллар курсининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Расман: Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёлни зўрлаганларнинг барчаси қамоққа олинди

Деҳли манзараси.

Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёл зўрлангани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади.

Озодлик радиоси 15 август куни ижтимоий тармоқлар орқали хиндистонлик йигит билан танишгани ортидан Деҳлига​ келган 31 яшар ўзбекистонлик аëл оммавий зўрлаш қурбони бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Бироқ Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасидан бу воқеа юзасидан жавоб олишнинг иложи бўлмаган эди.

Ҳиндистондаги қатор нашрлар, хусусан етакчи телеканаллар ўзбек аëлининг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида 12 август куни маълум қилган.

India-TV мухбирининг воқеа юз берган жойдан туриб маълум қилишича¸ “ўзбек аëлни зўрлаган 3 кишидан 2 нафари душанба куни Деҳли ғарбидаги Vasant Kunj мавзеида қўлга олинган. "Аëлни зўрлаганлар сони 3 нафардан кўпроқ бўлиши мумкин" дейди телеканал мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай воқеа бўлганини тасдиқлаган ҳолда, 15 август куни Деҳлида зўрлангани айтилаётган аёлнинг ёши 32да эканини, бу ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини назоратга олганини билдирди.

“Полиция вакиллари билан муносабатлар ўрнатилди, улар аёлни зўрлашда гумонланаётган уч нафар шахс қўлга олинганини билдирдилар”, дейилади расмий маълумотда.

Чартер рейсларини уюштирувчиларга ҳар бир турист учун 20 доллардан 50 долларгача ҳақ тўланади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилувчи ширкатларга ҳар бир турист учун 20 доллардан 50 долларгача ҳақ тўланадиган бўлди. Бу меъёр президентнинг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгилаб берилди.

Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан сайёҳлик ширкатлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади.

Ширкатлар мазкур ҳақни хорижий турист мамлакат ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда олишга ҳақли бўладилар.

Фармонга мувофиқ хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар яратишдаги харажатларининг 20 фоизи, лекин 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади

Ангренда Марказий Осиёда ягона бўлган завод қурилиши бошлангани хабар қилинди

“Ангрен” эркин иқтисодий зонаси.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда ягона бўлган минерал юнг ишлаб чиқарувчи янги “ANGREN INSULATION” заводи қурилиши бошланди. Бу ҳақда ЎзА 15 август куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, Хитой билан ҳамкорликда қурилаётган мазкур заводни барпо этиш учун 40 миллион доллардан кўпроқ сармоя киритилади. 300 одамни иш билан таъминлаши айтилаётган заводни ишга тушириш 2020 йилга мўлжалланган. Завод 50 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган автоматлаштирилган линиялари билан жиҳозланади.

Маълум қилинишича, минерал юнг Марказий Осиёда муҳим ва муқобили йўқ энергия тежайдиган маҳсулот ҳисобланади.

“Қурилиш жараёнида минерал юнг изоляциясидан фойдаланиш энергия тежаш кўрсаткичларини сезиларли даражада оширади ва ҳар қандай бинонинг энергия самарадорлигини яхшилайди. Қурилиш компаниялари ва аҳоли томонидан минерал юнгдан фойдаланиш йилига камида 10 миллиард кубометр табиий газни тежаш имконини яратади. Тежалган ушбу миқдордаги табиий газ 1 миллиард доллар демакдир”, деб ёзди ЎзА.

Меҳнат вазирлиги: Заҳарланган 58 ўзбекистонлик бўйича консилиум ўтказишга Ўзбекистондан врачлар юборилади

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлардан бири.

Шу тобда масъул идоралар ватандошларимизга жойига бориб қўшимча ёрдам кўрсатиш чоралари устида, яъни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кўмагида ишчи гуруҳи тузиб, унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси врачлари жойига бориб консилиум ўтказиш устида иш олиб бормоқда.

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу баёнотни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида рус тилида эълон қилди.

Қарийб бир ой муқаддам заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолаётгани тўғрисида Озодлик куни кеча хабар қилган эди.

Самара вилоятининг Сизран туманида заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган 69 нафар ўзбекистонлик каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳардан жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Волга Ньюс нашри 14 август куниўзбекистонликлар даволанаётган Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинскийга таянган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ Леонид Разливинский Озодлик радиосига токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирган эди.

Шифокорнинг Волга Ньюс нашрига айтишича, ҳозирча ўзбекистонликлар нимадан заҳарланганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аниқ жавоб топиш учун эса бир неча ой изланишлар ўтказиш талаб қилинади.

Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 41 одам қолмоқда.

Озодлик радиосидаги маълумотларга қараганда, заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

ХТВ Самарқанд ва Наманганда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганига оид хабарларни ўрганмоқда

Иллюстратив сурат

Халқ таълими вазирлиги Самарқанд ва Наманган вилоятларида умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар қилди.

"Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларда келтириб ўтилган ҳолатларни ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ушбу ҳолатга йўл қўйганларга чора кўради" дейилган хабарда.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли қарорининг 16-бандига кўра халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш қатъиян таъқиқланганини эслатган.

Мазкур бандга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортишни таъминлаш топширилган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган. Тизимдаги ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.

Озодлик Наманганда таътилдаги ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олишга сафарбар этилгани тўғрисида 14 августда хабар қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG