Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:35

Алишер Усмонов Британия бойлари рўйхатида 8-ўринни эгаллади


Асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россияда яшаётган олигарх Алишер Усмонов Буюк Британиянинг энг бадавлат 10 кишиси рўйхатига кирди.

Британиядаги энг бой 1000 кишининг рўйхатини The Times журнали эълон қилди.

Ўтган ой Bloomberg Усмоновни дунё бойлари рўйхатида 70-ўринга қўйганди.

The Times журнали Наманганда туғилиб, айни пайтда Россияда фаолият юритаётган тадбиркор Алишер Усмоновни Британия бойлари рўйхатида саккизинчи ўринга қўйган. Усмоновнинг бойлиги 11339 миллиард фунт-стерлингни ташкил қилиши ёзилган. Сайт маълумотига кўра, Усмонов бу бойликни тоғ ишлари ва инвестиция соҳасида қўлга киритган.

Алишер Усмонов Bloomberg 2 апрель куни эълон қилган жаҳондаги 500 нафар миллиардер рейтингида 70-ўринни эгаллаганди. ​Рейтингда айтилишича, унинг бойлиги бир йилда 2 миллиард долларга кўпайган.

2016 йилда Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бошлаб¸ Алишер Усмонов Ўзбекистонда турли лойиҳалар устида иш бошлагани расман хабар қилинган эди.

Жумладан, президент Мирзиёев сўнгги марта 1 март куни Алишер Усмонов Намангандаги "Обод қишлоқ" дастури учун 50 миллион доллар ажратганини йиғилишлардан бирида айтиб ўтган.

Бундан ташқари Усмонов Ўзбекистонга 7 миллиард доллар сармоя киритмоқчи экани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлган эди.

Айни пайтда Усмонов Америка Қўшма Штатлари Владимир Путин ҳукумати ва унинг яқинларига жорий қилган санкциялар рўйхатига ҳам киритилган.

The Times журнали рўйхатида Усмоновдан ташқари яна икки россиялик тадбиркор кирган.

Alfa Group ва LetterOne инвестиция компаниясининг асосчиларидан бири Михаил Фридман ҳар йили эълон қилинадиган рўйхатга биринчи марта кирди. The Times журналига кўра, у 10,9 миллиард фунт-стерлинг билан ўнинчи ўринда.

Рўйхатда Роман Абрамович тўққизинчи ўринни эгаллади. Журнал маълумотларига кўра, унинг бойлиги 11 миллиард фунтдан ортиқни ташкил қилади. Ўтган йилда Абрамович Британиянинг узоқ муддатли визасидан ажралди, аммо мамлакатга Исроил паспорти билан кириши мумкин.

Рўйхатда биринчи ўринни 22 миллиард фунт стерлинг билан ҳиндистонлик ака-ука Шри ва Гопи Хиндуя эгаллаган. Улар ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларига ва молиявий секторга сармоя ётқизиш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG